Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2018, Тошкент вақти: 02:01

Россияда пенсия ёшини оширишга доир референдум бўладими?


Россия мухолифати фаоллари 18 июль куни Москвада бўлиб ўтган намойишда пенсия ёшини ошириш тўғрисидаги таклифга норозилик рамзи сифатида президент Владимир Путиннинг суратини топтамоқда.

Россия ҳукумати бирор масала юзасидан ватандошларининг фикрини миллий референдум орқали сўнгги марта сўраб билганидан бери орадан чорак аср вақт ўтибди.

Ўтган ҳафтада пенсия ёшини оширишга оид “ёниб турган” масала бўйича таклиф этилаётган референдум ҳукуматнинг ниҳоят халқ фикрига қулоқ тутишга мажбур бўлганини кўрсатади. Марказий сайлов комиссияси ниҳоят ўртадаги энг йирик тўсиқни олиб ташлади ва овоз бериш учун учта саволдан иборат ҳужжатни маъқуллади.

‒ Бу оламшумул иш бўлди, ‒ деди Москва шаҳар мэрлигига “Адолатли Россия” партиясидан номзод ва учта референдум таклифидан биттаси ҳомийси Иля Свиридов. ‒ Энди барча юридик тўсиқлар олиб ташланди. Эндиги вазифа референдум бўлиб ўтиши учун кучларни бирлаштиришдан иборатдир.

Россия ҳукуматига қарашли Росстат агентлигига кўра, 2016 йилда эркакларнинг ўртача ёши 66, аёлларника эса 77 бўлган. Аммо бу рақамлар минтақага қараб фарқ қилади. Масалан, эркакларнинг ўртача ёши Чукоткада 60 бўлса, аёлларники Ингушетияда 84 га тенгдир.

Жорий йил ёзи бошида ҳокимиятдаги “Ягона Россия” партияси билан бош вазир Дмитрий Медведев ҳукумати Давлат Думасига пенсия ёшини ошириш тўғирсидаги қонун лойиҳасини киритди. Унга кўра, 2028 йилга бориб, эркаклар 65 ёшдан, 2014 йилга бориб эса, аёллар 63 ёшдан пенсияга чиқадиган бўлади.

Таклиф тарафдорлари уни зарур деб ҳисоблайди. Чунки Украинанинг Қрим ярим оролини босиб олиши оқибатида Россияга қарши халқаро санкцияларнинг жорий қилингани, энергия ресурслари экспортига сурункали қарамлик иқтисодиётни оғир аҳволга солиб қўйди. Бунга шу йил ёзида футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилингани, Путининг қайта сайланиш кампанияси даврида давлат хизматчилари маошини кўтарилгани сингари омма кўнглини олиш йўлидаги харажатлар ҳам киради.

Сўровлардан маълум бўлишича, аҳолининг тахминан 90 фоизи пенсия ёши оширилишига қарши. Давлат Думаси айни масала юзасидан июль ойида биринчи ўқишда қабул қилган таклиф бутун мамлакат бўйлаб одамларнинг қаҳру ғазабини қўзғатди.

Намойишчиларнинг талабларидан бири айни масала юзасидан референдум ўтказиш эди. Аммо шуни ҳам қайд этиш лозимки, Марказий сайлов комиссиясининг референдумга розилик бериши масала сайловчи фойдасига ҳал бўлишини англатмайди. Путиннинг бошқарув вертикали фақат арқонни узун ташлаб қўяяпти, холос. Гарчи Россия Конституциясида референдум ўтказиш ҳуқуқи белгилаб қўйилган бўлса-да, ҳукумат ушбу ҳуқуқдан фойдаланишни чеклаш учун маъмурий ғовлар қўйиб ташлаган.

Москвалик сиёсий шарҳловчи Екатерина Шулман ушбу “ўта нозик масала” бўйича референдум ўтказилишига ишонмайди. Унинг фикрича, референдумлар ҳақидаги қонунда уларни федерал даражада ўтказишга йўл қўймаслик белгилаб қўйилган.

1993 йили ўша вақтдаги президент Борис Ельцин ижроия ва қонун чиқарувчи ҳокимиятлар ўртасидаги зиддиятни бартараф қилишга қаратилган референдум ўтказган эди. 1992 йили эса Татаристон Республикаси минтақавий референдум ўтказди. Унда иштирокчиларнинг 62 фоизи “Татаристон суверен – эгамен давлатлиги... Россия Федерацияси билан муносабатларини... тенглик асосида ўрнатиши” учун овоз берган эди.

Айрим экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, пенсия ёшини ошириш масаласи жамоатчилик эътиборига ҳавола қилингандан бери ўтган икки ой мобайнида Россиянинг 281 шаҳар ва қўрғонида унга қарши 450 та намойиш бўлиб ўтди. Қизиғи шундаки, намойиш ўтказилган аксарият жойларда илгари ҳеч қачон сиёсатга қарши норозилик кузатилмаган эди.

XS
SM
MD
LG