Линклар

Шошилинч хабар
12 май 2021, Тошкент вақти: 20:25

Россия Жамоатчилик назорати комиссияси Навальний билан қамоқхонада учрашди


Алексей Навальний Москвадаги маҳкамада - 2 февраль, 2021

Россиянинг Владимир вилоятидаги Жамоатчилик назорати комиссияси аъзолари қамоқдаги мухолифат етакчиси Алексей Навальнийнинг 2‑Ахлоқ тузатиш колониясида соғлиги ёмонлашгани, тиббий ёрдам қониқарли эмаслиги ҳақидаги шикоятидан сўнг у билан кўришди.

Комиссия раиси Вячеслав Куликовнинг 28 март кунги баёнотида айтишича, гуруҳ “колонияга бориб, Алексей Навальний билан унинг соғлиги ва даволаш шароитини ўрганиш мақсадида" учрашган.

“Учрашув чоғида Навальний оёқ оғриғидан шикоят қилди ва буни даволаш учун укол олишга ёрдам беришни сўради”, дейди Куликов.

Унинг сўзларига кўра, Навальний ўрнидан туриб юра олади ва шундан бошқа шикоят қилмаган.


“Биз шифокорлардан бунга эътибор қаратиш ва керак бўлса қўшимча тиббий текширув ўтказишни сўрадик”, дейди Куликов.

Навальнийнинг қаттиқ бел оғриғидан азият чекаётгани ва қамоқхона маъмурлари ёрдам учун “ҳеч нарса” қилмаётгани ҳақидаги шикояти ортидан АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияни зудлик билан мухолифат етакчисини озод этишга чақирди.

2‑Ахлоқ тузатиш колонияси Москвадан 100 км масофада жойлашган бўлиб, жуда қаттиқ режимли жазо муассасаси сифатида танилган.

Навальнийнинг жамоаси 24 март куни унинг соғлиғи ёмонлашгани ва бу борада қамоқхона расмийлари аҳволни ўрганиши кераклиги ҳақида маълум қилгандан сўнг бу масала кун тартибига чиққан эди.

25 март куни Навальнийнинг рафиқаси Кремлга мурожаат қилиб, эрини “у ўзи ишонган” шифокорлар даволаши учун озод қилишни сўради ва унинг қамалишини Россия президенти Владимир Путиннинг “шахсий қасоси” деб атади.

Ўша куннинг ўзида Навальний адвокатлари у билан учрашгач, мухолифат етакчисининг шароити “ўта қониқарсиз” экани, бел оғриғидан азоб чекаётгани, ўнг оёғи яхши ишламаётганини маълум қилган эди.

Путиннинг сўзчиси бундай мурожаатлар кўриб чиқилмаслиги, чунки Кремл “бундай масалаларга аралашмаслигини” айтди.

Ижтимоий тармоқ саҳифаларидаги баёнотида Навальний ўзини қасддан ухлашга қўймай қийнаётганликларини билдирган. Ўтган йил августида заҳарланган Навальний шу йил январида Берлиндан даволаниб қайтгач, Москва аэропортида қўлга олинган эди.

Москва суди аввал чиқарилган шартли жазо тартибини бузгани ҳақидаги маҳкама даъвоси юзасидан уни 2 йилу 8 ойлик қамоқ жазосига маҳкум этган. Навальний ва тарафдорлари суд ҳукми ортида сиёсий сабаблар турганини айтишади. Мухолифат етакчиси ўзининг заҳарланишида шахсан президент Путинни айблаган. Кремль бу даъволарни рад этади. АҚШ, Европа Иттифоқи ва Британия Навальнийнинг қамоққа ташланиши сабаб Москвага қарши жазо чораларини киритган.

XS
SM
MD
LG