Линклар

Шошилинч хабар
27 октябр 2020, Тошкент вақти: 04:04

Россия Олимпиада ўйинларидан яна четлатилиши мумкин


Жаҳон допингга қарши кураш агентлиги етакчи қўмитасининг тавсияси Россия спортчиларининг олимпиада ўйинларида қатнашишига яна бир тақиқ бўлиши мумкин.

Россиянинг Допингга қарши кураш агентлиги (РУСАДА) раҳбари жаҳон спорти бошқарув идораси тартиб-қоидаларга риоя этилишини баҳоловчи экспертлар тавсияларига рози бўлишини кутаётганини айтди.

Унинг фикрича, ўша ташкилот РУСАДАни тартиб-қоидаларга риоя этувчи ташкилот мақомидан маҳрум қилади ҳамда бу Россияни Олимпиада ўйинларида қатнашишдан яна бир марта маҳрум қилиши мумкин.

РУСАДА бош директори Юрий Ганус 23 ноябрда Жаҳон допингга қарши кураш агентлиги (ВАДА) етакчи қўмитаси бир кун олдин РУСАДАни тартиб-қоидаларга риоя қилмайдиган ташкилот деб эълон қилишни тавсия этганидан ажабланмаганини маълум қилди.

ВАДА 22 ноябрда ўзининг Тартиб-қоидаларга риоя этилишини кўриб чиқувчи қўмитаси РУСАДАнинг фаолиятини яна бир марта тўхтатиб туриш тўғрисида тавсия юборганини билдирди.

Ушбу масала бутун жаҳон бўйлаб допингга қарши курашни назорат қилувчи ижро қўмитасининг 9 декабрда Парижда бўлиб ўтадиган мажлисида муҳокама қилинади.

Агар ижро қўмитаси РУСАДАни тартиб-қоидаларга риоя қилмайдиган ташкилот деб қарор чиқарса, Россия келаси йили Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларидан четлаштирилиши ва унга нисбатан бошқа санкциялар ҳам қўлланиши мумкин.

2014 йилда Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларига доғ бўлиб тушган допинг жанжалидан сўнг қабул қилинган қоидаларга асосан, россияликлар ҳар қандай жазо устидан Спорт бўйича арбитраж судига шикоят қилиши мумкин.

Ганус ТАСС ахборот агентлигига РУСАДА ВАДА талабларини “сифатли” бажара олмаганини тан олишини билдирди.

‒ Ҳуқуқ мантиғига кўра, ҳамма нарса шундай бўлиши керак, ‒ деди Ганус.

Ҳалқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ВАДА ёки суд қарорларини бажариши шарт. Бироқ ХОҚ президенти Томас Бах жорий ҳафтада тўлиқ тақиқни ёқламаслигини айтган эди.

2018 йилда Жанубий Кореянинг Пхенчхан шаҳрида бўли ўтган қишки Олимпиада ўйинларидан Россия четлатилган, аммо ХОҚ 170 га яқин россияликка мустақил спортчи сифатида қатнашишга рухсат берган эди. Келаси йил 24 июлда бошланадиган Токио Олимпиадасида ҳам шундай йўл тутилиши эҳтимолдан холи эмас.

Қўшма Штатларнинг Допингга қарши кураш агентлиги РУСАДАни кескин танқид қилиб келади ва ВАДА қўмитаси баёнотидан сўнг унга қарши узоқроқ тақиқ қўлланишига даъват этмоқда.

ВАДА сентябрда ўзига январда берилган кўплаб тест маълумотларида тартиб-қоидаларга риоя этилмагани аниқлангани ортидан қайта текширув ўтказмоқчи эканини хабар қилган эди.

22 ноябрда Умумжаҳон енгил атлетика кенгаши (WAC) Россия енгил атлетика федерациясининг (РУСАФ) бир неча юқори лавозимли амалдори эгаллаб турган лавозимидан четлатилгандан сўнг уни аъзоликка тиклаш масаласини кўриб чиқишни тўхтатиб туришини билдирди.

2015 йилда давлат ҳомийлик қилган допинг жанжали юзага чиққач, РУСАФнинг халқаро мусобақаларда қатнашиши тақиқланган эди.

Умумжаҳон енгил атлетика кенгаши президенти Себастиан Коу Россияни ушбу ташкилотга аъзоликдан маҳрум қилиш масаласи кўриб чиқилаётганини айтди ва “биз бунақа қоидаларга риоя қилмайдиган ташкилотларни шундай қўймаслигимиз керак”, дея қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG