Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2019, Тошкент вақти: 13:28

Тожикистонлик бизнесмен ва собиқ аскар ИД террор ҳужумига алоқадорликда гумон қилинмоқда


Фожиа рўй берган кунда тарқатилган расмий маълумотларга кўра, отишма чоғида 15 жангари ва икки нафар хавфсизлик хизмат ходими ўлдирилган, 5 киши ҳибсга олинган.

Терговга яқин манбаларнинг маълум қилишича, ўтган ҳафтада Тожикистон чегара пунктига ҳужум қилганлардан бири ўша ерда аскар бўлиб хизмат қилган. Ҳужумни Ислом давлати (ИД) уюштиргани айтилмоқда.

Гумон этилаётган шахс ҳужум қилинган бинони ва унинг атрофини беш қўлидай билган, шунинг учун ҳам жангарилар айнан мана шу чегара пунктига ҳужум уюштирган, деди Тожикистон хавфсизлик хизмати 11 ноябрда “Озодлик” радиосига.

Исми Анвар экани айтилаётган гумонланувчининг ёши 30 дан ошгани хабар қилинди.

Гумонланувчи ҳужумчилар Тожикистоннинг Рудакий туманидаги чекка Султонобод ҳудудида қурол-яроғни қўлга киритиб, бошқа жойлардаги каттароқ жойларга ҳужум қилишни режалаштиргани айтилмоқда.

Тожикистон ҳокимият идораларига кўра, 6 ноябрь эрта тонгда 20 нафар қуролланган жангари, жумладан, 3 нафар аёл Ўзбекистон билан Тожикистон чегарасидаги постга ҳужум қилган.

Фожиа рўй берган кунда тарқатилган расмий маълумотларга кўра, отишма чоғида 15 жангари ва икки нафар хавфсизлик хизмат ходими ўлдирилган, 5 киши ҳибсга олинган. Бошқа манбаларда тожик хавфсизлик ходимларидан 7 нафари ўлдирилгани хабар қилинди.

Ҳукумат ҳужум ҳақида на бошқа брифинг ўтказди ва на баёнот берди. У мамлакатдаги ахборот воситаларини қаттиқ назорат қилади. Расмий шахслар, одатдагидай, ахборот воситалари саволларига жавоб беришдан бош тортмоқда.

Душанбедаги манбалар амалдорлар қўлга олинган ва сўроқ қилинаётган 5 жангаридан муҳим маълумотлар олганини айтмоқда.

Жангарилар 3 аёл: Раҳбар Боқиева, Малоҳат Ҳайдарова ва Зулхумор Жумаевани ҳужумда иштирок этиши учун ёллаган, чунки улар камроқ шубҳа уйғотиши сабабли ҳужум олдидан аскарларни чалғитиш учун керак бўлган, деб хабар бермоқда манбалар.

Ҳужумдан бир оз олдин Боқиева чегара постига бориб, постда турган чегарачига йўлдан адашиб қолганини айтган ва ундан йўл кўрсатиб юборишни илтимос қилган.

Ҳеч нарсадан шубҳаланмаган кузатув минорасидаги чегарачи унинг олдига тушиб келган, Боқиева уни пичоқ билан яралаган.

Ҳужумчилар ҳужум бошланишидан олдин бир неча соат Лайликуя ва Қизилнишон қишлоқларида пайт пойлаб турган, кейин тўртта уловда чегара постларига етиб келган.

Уловларни ҳужум қилган жангариларнинг бири – оти Искандар экани айтилаётган тадбиркор сотиб олган экан. Айтилишича, Искандар бир неча ҳафта олдин бизнесини 13 минг долларга сотиб, ўша пулга 4 та автомобиль харид қилган.

Тожикистон ҳукумати дастлабки баёнотларида барчаси тожик миллатига мансублиги айтилаётган жиноятчилар тожик-афғон чегарасини ИД филиали бўлмиш “ИД-Хуросон” раҳбариятининг буйруғи билан кесиб ўтганини айтган эди.

Бироқ ҳибсда ушлаб турилган кишилардан олинган маълумотларга кўра, жангариларнинг фақат 6 нафари Афғонистондан келган, қолганлари Тожикистонда яшаётган кишилар бўлган.

ИД ҳужум учун масъулиятни зиммасига олишини иддао қилди, бироқ бу баёнот шубҳа уйғотмоқда.

Гумонланувчилар билан ИД ўртасида алоқа бўлгани исботлангани йўқ, ИД ўз иддаоси учун исбот кўрсата олмади.

ИД Тожикистонда 2018 йил июлида 4 нафар ғарблик велосипедчини ўлдирганини ҳамда 2018 ноябри ва 2019 йил майида қамоқхоналарда кўп одамлар ўлимига сабаб бўлган исённи уюштирганини ҳам иддао қилган эди.

Лондондаги Қироллик бирлашган хизматлар институти катта илмий ходими Раффэлло Пантуччининг фикрича, бу ишга ИД кўрсатма бергани ёки воқеа унинг иғвоси билан рўй берганини исботлайдиган ҳеч нарса йўқ.

Тожикистонлик эксперт Неъматуллоҳ Мирсаидовга кўра, ИДнинг Тоджикистонга иккита тахмин қилинган ҳужуми ташкилотнинг Марказий Осиёга кампанияга ўхшаш бир нарса бошлаганини англатишини айтишга ҳали эрта.

9 миллионга яқин аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган Тожикистон ҳокимият идоралари диний экстремистик ташкилотлар хавфидан огоҳлантириб келади.

Жорий йил июлида БМТ Хавфсизлик кенгаши хабарида 31 яшар тожик миллатига мансуб Сайвали Шафиев “ИД-Хуросон” бўлинма раҳбари бўлгани ва Марказий Осиё мамлакатларидан келган 200 жангарига етакчилик қилаётгани айтилган эди.

Расмий Душанбега кўра, тожик хавфсизлик хизматлари Шафиевни 2018 йили бир неча йирик террорчилик ҳужуми уюштириш мақсадида фитнага қўл урганликда айблаб чиққан, аммо фитна фош бўлганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG