Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2019, Тошкент вақти: 04:09

Анқара билан Москва Сурия-Туркия чегарасини биргаликда назорат қилишга келишиб олди


Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон (ч) ва Россия президенти Владимир Путин (ў), Сочи, 2019 йил 22 октябри.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Россия президенти Владимир Путин Сочида Анқара ва Москва Фирот дарёсининг шарқидаги Сурия-Туркия чегарасини биргаликда назорат қилишга келишиб олишди.

Келишувга мувофиқ, турк қўшинлари Сурия шимолидаги амалиёт натижасида қўлга киритган 30 километрга тенг ҳудудни назорат қилади. Чегара яқинидаги қолган 30 километрли ҳудудга Россия ҳарбий полицияси киритилади, курд қуролли отрядлари эса бу ҳудудни тарк этишлари лозим бўлади. Шундан сўнг Туркия билан Россия чегараолди ҳудудини биргаликда қўриқлай бошлайди.

Туркия президенти 22 октябрь куни Сочига ташриф буюриб, у ерда Россия президенти билан учрашди. Олти соат давом этган музокараларнинг асосий мавзуси Туркиянинг Сурия шимолидаги ҳарбий амалиёти бўлди.

Путинга кўра, томонлар Сурия шимолидаги вазиятни изга солиш бўйича қўшма ёндашувни ишлаб чиқишга муваффақ бўлганлар.

Эрдўғон Сурия билан Туркия чегараси яқинида барпо этилажак "хавфсизлик ҳудуди"га ўз мамлакати ҳудудида бўлган суриялик қочқинларнинг бир қисми жойлаштирилиши мумкинлигини қайд этди.

Икки ҳафта муқаддам Туркия Сурия шимолида курд қуролли отрядларига қарши ҳарбий амалиёт бошлаган. Эрдўғоннинг АҚШ вице-президенти Майк Пенс билан учрашувидан кейин курдларга ҳудудни тарк этиш учун 5 кун муҳлат берилганди ва бу муҳлат кеча оқшом ниҳоясига етди.

Сешанба куни суриялик курдларнинг раҳбарлари ўз отрядларини Туркия билан чегарада жойлашган 30 километрли ҳудуддан олиб чиқиб кетилганини маълум қилдилар. Бу амалиётни тўхтатиш учун Туркия томонидан қўйилган шартлардан бири эди.

Мазкур амалиёт бошланганидан кейин АҚШ қўшинлари Туркия чегарасига яқин ҳудудларни тарк этдилар, курд отрядлари назорат қилган ҳудуднинг бир қисмига эса Сурия президенти Башар Асадга содиқ кучлар кирдилар.

Шарҳларни кўринг

Алоқадор

XS
SM
MD
LG