Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:15

Эронлик экология фаоллари қаллобликда айбланиб, турли муддатларга қамалди


Эроннинг экология фаоллари (юқорида чапдан соат мили бўйлаб) Нилуфар Баёний, Ҳуман Жўкор, Амирҳусайн Холиқий, Тоҳир Қодирён, Мурода Таҳбоз ва Сепида Кошоний 6-10 йилга кесилди.
Эроннинг экология фаоллари (юқорида чапдан соат мили бўйлаб) Нилуфар Баёний, Ҳуман Жўкор, Амирҳусайн Холиқий, Тоҳир Қодирён, Мурода Таҳбоз ва Сепида Кошоний 6-10 йилга кесилди.

Эрон суди маҳаллий экологлар гуруҳининг 6 аъзосини халқаро ҳамжамият танқид қилган "жосуслик иши" бўйича 6 йилдан 10 йилгача кесди. Бу ҳақда уларнинг қариндошлари хабар берди. Улар иши бўйича ҳукм ёнилғи баҳосининг кескин кўтарилиши ортидан юз берган норозилик намойишлари шафқатсизларча бостирилган бир пайтда ўқилди.

Улар “душман АҚШ давлати билан мулоқот қилгани” учун 22 ойга яқин тергов изоляторида ушлаб турилган, дейилади Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Эрондаги инсон ҳуқуқи масалалари бўйича марказ (CHRI) 21 ноябрда тарқатган баёнотда.

CHRI ижрочи директори Ҳоди Ғоимий бу ўринда экологларни эмас, уларни ноқонуний ҳибсга олганлар, узоқ муддат бир кишилик камераларида ушлаб турилган пайт уларга нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлганлар, одил судлов ўтказмаганлар ва ҳк. ғайриқонуний хатти-ҳаракат содир этганларни жиноятчилар деб ҳисоблашини айтди.

Суд ҳокимияти матбуот котиби Ғуломҳусайн Исмоилий Теҳрон инқилобий суди чиқарган қарор устидан апелляция шикояти берилиши мумкинлигини айтган.

Судланганларнинг барчаси “Форс ёввойи ҳаёт мероси” жамғармаси аъзоларидир. Ташкилот йўқолиб кетиш хавфи бўлган жониворларни ҳимоя қилиш ва атроф-муҳит борасида жамоатчилик хабардорлигини ошириш билан шуғулланади.

Қариндошлари Мурод Таҳбоз билан, Нилуфар Баёний 10 йилга, Тоҳир Қодирён билан Ҳуман Жўкар 8 йилга, Амирҳусайн Холиқий билан Сепида Кошоний 6 йилга кесилганини билдирди.

Таҳбоз Эрон, АҚШ ва Британия ватандошидир. 2018 йил январидан бери ҳибсда ушлаб турилган яна икки нафар экологга ҳали суд ҳукми ўқилмади.

Ҳокимият идоралари гуруҳни атроф-муҳит ва илмий лойиҳалар билан шуғулланиш баҳонасида Эроннинг стратегик ҳудудларига оид махфий маълумотларни йиққанликда айбламоқда. Аммо олимлар айбловларни рад этди. Халқаро инсон ҳуқуқи ҳимоячилари уларни озод этишни талаб қилмоқда.

Human Rights Watch ташктилоти айбловларни “кулгили” деб атади, Amnesty International эса экологлар айбловларни бўйнига олиш учун қийноққа солинганини айтмоқда.

“Форс ёввойи ҳаёт мероси” жамғармаси бошқарувчи директори, 63 яшар Кавус Имомий ҳам ҳибсга олинган, аммо қамоқда вафот этган эди. Суд ҳокимияти Эрон ва Канаданинг социология профессори ўз жонига қасд қилганини айтди, аммо қариндошлари ва танишлари ушбу иддаони рад этмоқда.

Экологларнинг кесилгани ҳақидаги хабар Эрон инқилоб сипоҳилари корпуси (ЭИСК) мамлакат қуролли кучларини ўз вақтида ҳаракат қилиб, ёнилғи баҳолари кескин ошгани ортидан юз берган намойишларни бостиргани учун мақтаган пайтга тўғри келмоқда.

Эрон намойишларни шафқатсизлик билан бостиргани учун халқаро ҳамжамиятниннг танқидига учрамоқда. Amnesty International намойишлар чоғида камида 106 киши ўлдирилганини айтди.

Эрон ҳукумати вакиллари гарчи одамлар ўлганини тан олса-да, Amnesty International келтирган рақамни “шубҳали ва ишончсиз” деб атади. Боз устига, расмий Теҳрон намойишлар душманлари: Саудия Арабистони, Исроил ва АҚШнинг фитнаси эканини иддао қилмоқда.

Ҳокимият 16 ноябрда Интернетни деярли тўлиқ узиб қўйди.

Европа Иттифоқи 21 ноябрда Эрон ҳукумати алоқани тиклаши, намойишлар вақтида максимал даражада тийилиб туриши, эркин сўз ва йиғилишлар ўтказиш эркинлигини “кафолатлаши” кераклигини айтди.

XS
SM
MD
LG