Линклар

Шошилинч хабар
04 август 2021, Тошкент вақти: 10:37

Қозоғистон: Жамоатчилик жосуслик дастури орқали эҳтимолий кузатув ҳолатларини текширишга чақирмоқда


Телефон рақамлари NSO Group ширкати яратган “Pegasus” дастури ёрдамида бузиб кирилган.

“Адил сўз” халқаро сўз эркинлигини ҳимоя қилиш фонди ҳамда Қозоғистон журналистлари уюшмаси қўшма баёнот эълон қилиб, унда қозоғистонликларнинг телефонлари “Pegasus” кибержосуслик дастури ёрдамида кузатилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар бўйича очиқ суриштирув ўтказишга чақирди.

Ташкилотлар, шунингдек, телефонлари зараркунанда дастурий таъминот нишони бўлгани айтилаётган қозоғистонликларнинг исмларини очиқлашни талаб қилганлар, токи ушбу фуқаролар “ўз конституциявий ҳуқуқларини муҳофаза қилишни сўраб мурожаат қилиш имконига эга бўлишсин”.

Бундан ташқари, ҳуқуқбонлар шахсий маълумотларни ошкор қилганлик учун жазо чораларини кучайтириш фурсати етганини таъкидлашмоқда.

“Адил сўз” сўз эркинлигини ҳимоя қилиш фонди ва Қозоғистон журналистлари уюшмаси медиа соҳаси вакиллари фаолияти ва шахсий ҳаётининг кузатилиши ва уларнинг телефон сўзлашувлари эшитилганини ножоиз ва номақбул, деб ҳисоблайди. Бу Қозоғистон Республикаси Конституциясининг 18-моддаси ҳамда Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактнинг 17-моддасини тўғридан-тўғри бузиш билан бирга, сўз эркинлигини назорат қилиш ва чеклашга уриниш ҳамдир”, дейилади, жумладан, ташкилотлар баёнотида.

Бир неча кун олдин бутун дунё бўйлаб ўнлаб журналистлар, фаол ҳуқуқбонлар ҳамда медиа ташкилотларини бирлаштирган “Pegasus Project” лойиҳаси бўйича янги маълумотлар эълон қилинган эди. Гуруҳ Исроилнинг NSO Group ширкати яратган “Pegasus” дастури ёрдамида бузиб кирилган телефон рақамларини ўрганади. Мазкур дастурий таъминот смартфонга киргач, ундаги маълумотларни ўғирлайди, камера ва микрофонларни назорат қилади.

Суриштирувда маълум бўлишича, рўйхатда Қоғозистон президенти, бош вазири, Олмаота шаҳри акими (ҳокими), икки нафар журналист ва ҳуқуқбон аёлнинг телефон рақамлари бор. Ҳозирча Қозоғистонга оид саккиз кишининг исмлари очиқланган, аммо мамлакат миқёсида кузатув объектига айланган телефон рақамлари икки мингтага бориши мумкинлиги тахмин қилинади.

“Pegasus Project” аъзоларига кўра, кузатиладиган шахсларни танлаб олган NSO Group мижози бу “Қозоғистон давлати”дир.

Суриштирувчилар рўйхатда турли мамлакатларнинг 50 минг нафар фуқароси, жумладан, президентлар, бош вазирлар, халқаро ташкилотлар раҳбарларига оид рақамлар мавжудлигини айтишмоқда. Бунда 50 га яқин мамлакат буюртмачи бўлиши мумкин.

Ишланмалари журналист ва ҳуқуқбонларга қарши қўлланаётгани ҳақидаги айбловлар туфайли илгари бир неча марта жамоатчилик диққат марказига тушган NSO Group ширкати ушбу маълумотларни инкор этиб, уларни “сафсата ва бўҳтон” деб атаган.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси суриштирув юзасидан расмий жавоб тайёрламаслигини эълон қилди. Бошқа идораларнинг вакиллари ҳам батафсил изоҳ бергани йўқ.

XS
SM
MD
LG