Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:32

BBC Путиннинг "хуфя бойлиги" ҳақида ҳужжатли фильм намойиш қилди


Путин минг рубллик пулни санамоқда, 2004 йил.
Путин минг рубллик пулни санамоқда, 2004 йил.

Ҳужжатли фильмда ​Ғарб махсус хизматларининг ​Россия Президенти Путинга оид кўрилган "хуфя бойлик" ҳақидаги маълумотлари ошкор қилинди. Хусусан, АҚШ Молия вазирлиги расмийси Адам Шубин Вашингтон Путинни “коррупцияга чалинган”, деб ҳисоблашини айтди. Кремл раҳбарияти буни "расмий айблов билан тенг", деб қораламоқда.

Би-Би-Си ҳавога узатган "Путиннинг хуфя бойлиги" номли ярим соатлик кўрсатувда йиллар давомда Россия раҳбарлигини қўлдан бермай келаётган президент Владимир Путиннинг коррупцион йўллар билан тўплаган яширинча бойлиги ҳақида ҳикоя қилинган.

Фильм мустақил тадқиқотчилар ва ғарб махсус хизматлари йиллар давомида тўплаган ва матбуотга ошкор қилинмаган маълумотларга таянган.

Хусусан, АҚШ Молия вазирлиги расмийси Адам Шубин Вашингтон раҳбарияти йиллардан буён Россия Президенти Владимир Путинни коррупционер раҳбар, деб билишини таъкидлайди.

“Биз унинг ўз дўстлари ва яқинларини бойитиш билан шуғулланаётганини кузатиб турибмиз... Россия табиий бойликлари ва давлат буюртмаларини тасарруф этиш масаласига келсак, буларни у ўзига хизмат қилган одамларга тақдим қилади ва ишончига сазовор бўлмаганларни булардан мосуво қилади. Менимча, бу коррупция таърифига мувофиқ ишдир”, деди Адам Шубин.

Аммо, у Путиннинг хуфя бойлиги қанча бўлиши мумкинлиги ҳақида аниқ рақам айтмади. Хусусан, Россия раҳбариянинг 40 миллиард долларга яқин яширин бойлиги борлиги ҳақидаги МРБнинг 2007 йилги маълумотларига ҳам муносабат билдирмади.

Кремл раҳбарияти эса бу айбловларни рад этмоқда.

Путин матбуот котиби Дмитрий Песков Би-Би-Си билан суҳбатда: “(Коррупция ҳақидаги) саволларнинг биронтаси жавоб беришга арзимайди, чунки улар “қип-қизил уйдирма”, деди.

Президент Путиннинг ўзи эса хуфя бойлиги борлиги, ҳатто, "планетанинг энг бой одами экани" ҳақида матбуотда берилаётган хабарларни кузатиши, аммо буларнинг ҳаммасини қуруқ гап, деб билишини айтган.

Қўшма Штатлар 2014 йилда Путин атрофидаги қатор шахсларга қарши санкциялар жорий қилган, бироқ ҳозиргача Россия президентини коррупцияда бевосита айбламаган.

Бунга қадар Путин ҳақида ҳозирланган яна бир ҳужжатли фильм - "Хуизмистерпутин" номли ҳужжатли фильм ҳам катта баҳсларга сабаб бўлган. У фильмда 60дан ортиқ ҳужжатли фильми билан танилган режиссёр Валерий Балаян Россия Президенти Владимир Путин ва у билан бирга махсус хизматларнинг кириминал гуруҳлар билан яқин алоқада бўлган бир тўда амалдорининг ҳокимиятга келишини ҳикоя қилган.

Фильм ўша кезларда Санкт-Петербурш мэриясида Озиқ-овқат таъминотига масъул бўлган ва кейинчалик Путин томонидан ишдан олинган собиқ мулозим Марина Салье раҳбарлигидаги комиссиянинг Владимир Путин ва унинг атрофидаги шубҳали амалдорлар фаолияти бўйича олиб борган мустақил тадқиқотларини намойиш қилади.

Фильм давомида Петербург мэриясининг Владимир Путинни яқиндан таниган собиқ ходимлари, Петербургдаги коррупцияни тергов қилган терговчи, 90-йиллар бошида махсус хизматлар ва криминал гуруҳлар ўртасидаги алоқаларни суриштирган эксперт ва журналистлар билан суҳбатлар ҳам берилган.

XS
SM
MD
LG