Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:42

Террорчиликда айбланган муҳожирларнинг аксари қўйиб юборилди


Москвада террорчиликда гумонланиб қўлга олинган 12 нафар меҳнат муҳожирининг аксари озодликка чиқарилди. 9 май арафасида Россия пойтахтида ҳибсга олинган 4 қирғизистонлик узбекка террорчилик моддаси асосида жиноий айблов эълон қилинди. Айни пайтда Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам “террорчиликда” гумонланаётган марказий осиёлик диндорларга қарши махсус амалиётлар ўтказилаётгани маълум бўлди.

“Террорчилар”нинг аксари қўйиб юборилди

Россияда кенг нишонланган Ғалаба байрами арафасида Россия пойтахтида террорчиликда гумонланиб ҳибсга олинган меҳнат муҳожирларининг 8 нафари озодликка чиқарилди. Уларнинг бир қисми миграция қонунчилигини бузгани учун мамлакатдан депортация қилиниши айтилмоқда.

Охирги бир неча йилдан буён “айбсизлик презумпцияси” қоидаларига риоя қилишни бас қилган Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, қўлга олинганлардан Ойбек Саидов 3 июлгача ҳибсда қоладиган бўлди: у полицияга қуролли қаршилик кўрсатганликда айбланмоқда.

Расмийлар асли қирғизистонлик, ҳозирда Тожикистон фуқароси бўлган 32 ёшли Ойбек Саидов нафақат Москвада, балки Душанбеда ҳам террорчилик ҳужумларини уюштиришга тайёргарлик кўрганини маълум қилди.

Шунингдек, Москванинг Мешчанский туман судида қирғизистонлик Фарҳоджон Муротов, Сирожиддин Эргашев ва Анваржон Тожболтаевларни тергов якунига қадар ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарилганини Озодликка билдиришди. Анваржон Тожболтаев ва Ойбек Саидовдан полиция иккита автомат ва иккита ўқдон мусодара қилгани маълум қилинди.

6 май куни Душанбе аэропортида 1994 йилда туғилган Достон Менглиқулов ҳам ушланди: маҳаллий ҳуқуқ-тартибот тузилмалари расмийлари уни мамлакатда портлаш уюштиришни режалаштирганликда айбламоқда. Достоннинг кўрсатмалари асосида Тожикистон ИИБси Қубодиёнда яна учта “исломий жангарини” қўлга олди.

Аввалроқ Москва нашрлари Россия кучишлатар тизимлари томонидан “террорчи” ва “Ислом давлат” гуруҳи жангарилари”, деб эълон қилинганларнинг 9 нафари Ўзбекистон, 2 нафари Россия ва 1 нафари Қирғизистон фуқаролари экани тўғрисида хабарлар тарқатган эди. Бу шахслар Москванинг турли туманларида асосан фаррошлик билан кун кечириб келгани маълум бўлди.

Кейинроқ Интерфакс агентлиги фаррош-мигрантлар Ғалаба куни “Барҳаёт полк” тадбирида “теракт уюштиришга ҳозирланганини” ўз манбасига таяниб хабар тарқатди.

Федерал хавфсизлик хизмати маълумотномасида таъкидланишича, “қўлга олинган шахслар Сурия ва Туркия ҳудудида фаолият юритаётган халқаро террор ташкилотлари раҳбарлари кўрсатмаси асосида ҳаракат қилган”.

Террорчилар ва “ИД”гуруҳи жанггарилари Россиянинг барча минтақаларида аниқланди

Бироқ Россия ФСБси ҳанузгача қўлга олинган хорижлик ишчиларга қўйилган жиддий айбловлар бўйича фақат Life каби ҳукуматга қарашли телеканаллар орқали тасдиқлаш мумкин бўлмаган маълумотларни сиздириб келмоқда. Жумладан, “Анаконда” деб ном берилган ФСБ махсус амалиёти олиб борилган кунлари, Life Москванинг ғарбидаги стадионда футбол ўйнаётган 49 нафар меҳнат муҳожири қўлга олингани тўғрисида хабар тарқатди.

“Улардан аксари май ойи байрамларида Москвада террорчилик ҳуружларини содир этишга тайёргарлик кўришга алоқадордир”, деб ёзди Россия пропагандаси илғорларидан бири Life.

Ҳозирча на ФСБ ва на бошқа ҳуқуқ-тартибот идораларида Кунцево ҳамда Можайский полиция бўлимларига автобусларда келтирилган бу “футболчи-террорчилар”га қўйилган айбловлар борасида бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади. Полиция бўлимларида Озодликка ўша куни келтирилган муҳожирлар ҳужжат ва бармоқ излари текширувидан кейин қўйиб юборилганини билдиришди.

Life эса “Ясенево ва Гольяновода бу жиноий гуруҳнинг янги вакиллари”га қарши амалиётлар олиб борилганини ёзишни давом этди.

“Коммерсант” нашри эса байрам арафасида қўлга олинган муҳожирларнинг барчаси “Ҳизб-ут Таҳрир” ташкилотида “фаолият юритгани”ни маълум қилди.

Москвада сўнгги бир неча ойда “Исломий экстремист ва террорчиларга” қарши олиб борилган амалиётлар давомида биргина март охирида “Ислом давлати” террорчи гуруҳига мансуб 20 нафар одам қўлга олингани айтилган. Бироқ, уларнинг аксари оддий маъмурий қонунбузарлик ва ҳужжат қалбакилаштиришда айблангани, қолганлари эса озодликка чиқарилгани борасида Россия оммавий ахборот воситалари ҳозирча лом-мим деганича йўқ.

Айни пайтда Россия ФСБси мамлакатнинг бошқа минтақаларида ҳам портлатишларни уюштирмоқчи бўлган мигрантларни аниқлагани борасида маълумотларни тарқатмоқда.

Хусусан, апрель ойи ўрталарида Волгоград вилоятининг Палласовка шаҳарчасида “Исломий гуруҳ” жанггарилари экани иддао қилинган 5 нафар диндор тергови давом этаётир. Улардан ҳам катта миқдорда қурол-аслаҳа, портловчи кимёвий моддалар мусодара қилингани айтилди. Бу шахслар “қуролланган тузилма тузишга тайёргарлик” ва “террорчилик фаолиятига кўмаклашиш” моддалари асосида айбланмоқда.

Куни кеча Федерал хавсизлик хизмати расмий сайтида “Красноярскда террор ҳужумларини уюштиришда айбланган марказий осиёлик фуқаролар” қўлга олингани тўғрисида хабар чиқди. Унда май байрамлари кунлари “халқаро террорчилик ташкилотлари билан боғлиқ бўлган” муҳожирлар Красноярск маҳаллий транспортида портлаш уюштиришга ҳозирлангани айтилди. Терговчилар талабига кўра, исми ошкор этилмаётган марказий осиёликлардан катта миқдорда “террорчилик фаолияти воситалари” мусодара қилингани хабар қилинди.

Россиянинг турли вилоят ва ўлкаларида “Сурияга урушга” одам ёллаганликда гумонланган ўнлаб турли мамлакат фуқаролари, жумладан, ўзбекистонликлар тергов қилинмоқда.

Аввалроқ Россиянинг Екатеринбург шаҳрида қатор террор ҳужумларини амалга оширишни режалаштирганликда гумон қилинган 7 қирғизистонлик ўзбекка “терроризм”, “ғайриқонуний қурол савдоси” ва “портловчи моддаларни ғайриқонуний сақлаш” моддалари бўйича айблов эълон қилингани тўғрисида Озодлик хабар берган эди. Ҳибсда қолаётган бизнесмен йигитлар яқинлари рус махфий хизматлари айбловлари мутлақо асоссиз эканини гапириб келмоқда.

XS
SM
MD
LG