Линклар

Шошилинч хабар
17 январ 2021, Тошкент вақти: 05:58

Халқаро хабарлар

Бугун Тожикистон олий суди қонунсиз қуролли гуруҳнинг икки нафар аъзосига ўлим жазоси бериш хусусида ҳукм чиқарди.

Номлари айтилмаган икки киши Рахмон Сангиновнинг гуруҳига аъзодир. Гуруҳ аъзолари қотиллик, одам ўғирлаш ва бошқа жиноятлар содир этганликда айбланган.
Тожикистон олий суд раисининг ўринбосари Маҳмадулло Ватановнинг айтишига кўра, шу гуруҳга аъзо бўлган бошқа 17 киши узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган. У бу хақда бошқа маълумот бермади.
Тожикистонда ўлим жазосининг ижро этилишига мораторий жорий этилмаган ва шу йилда 10дан ортиқ киши ўлим жазосига ҳукм этилди.

Кун янгиликлари

АҚШ Эроннинг IRISL линияси билан ҳамкорлик қилган ширкатларга санкция жорий қилди

Америка Қўшма Штатлари Эрон, Хитой ва Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган ширкатлар Эроннинг IRISL флоти билан пўлат савдосини амалга оширгани учун уларга қарши санкция жорий қилди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг таъкидлашича, Эронга пўлат олиб кириш ёки олиб чиқиш бўйича АҚШ санкциялари шартларини бузган етти ташкилот ва икки шахсга қарши санкция жорий қилинган.

20 январь куни қасамёдга келтириладиган АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден Эрон билан дипломатик мулоқотни қайта тиклашини айтиб келади.

Жорий президент Дональд Трамп 2018 йилда Теҳрон ва қудратли давлатлар ўртасида тузилган халқаро ядровий битимдан Вашингтонни чиқариб олиб, Эронга қарши санкция жорий қила бошлаганидан бери икки давлат ўртасидаги муносабатлар танг бўлиб қолмоқда.

Бунга жавобан Теҳрон ядровий битимнинг айрим шартларини буза бошлаган.

Россия "Очиқ осмон"битимидан чиқишини билдирди

Россия қуролларни назорат қилиш ва текшириш бўйича 18 йил олдин имзоланган «Очиқ осмон» шартномасидан чиқишга ҳозирлик кўраётганини билдирди. Москванинг бу қарорига ўтган йилда Америка Қўшма Штатлари келишувдан чиқиб кетганини туртки бўлди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги 15 январь куни қилган баёнотда АҚШ «шартномани имзолаган давлатлар манфаатлари мувозанатини сезиларли даражада бузгани» ҳамда Вашингтоннинг иттифоқчилари Россиянинг келишувни сақлаб қолиш бўйича таклифларини менсимагани айтилади.

Москвани келишув шартларини бузишда бир неча бор айблаб келаётган Вашингтон 22 ноябрь куни ундан расман чиқиб кетган эди.

АҚШнинг саноқли кунларда лавозимини тарк этадиган президенти Доналд Трамп қурол назорати бўйича имзоланган келишувларни танқид қилиб келади.

«Очиқ осмон» шартномаси 1992 йилда имзоланган ва 2002 йилда кучга кирган эди.

Уни имзолаган 34 давлат ҳарбий кучлар ва ҳаракатлар тўғрисида маълумот тўплаш учун бир-бирининг ҳудудида қуролсиз кузатув парвозларини амалга ошириши мумкин. Шартнома асосида бугунга қадар 1500 дан ортиқ мана шунақа кузатув парвози амалга оширилган.

Германия ўз ҳудудида Nord Stream-2 газ қувурининг қолган қисмини қуришга рухсат берди

15 январь куни Федерал Денгизчилик ва гидрография агентлиги АҚШ санкциялари ва экологик гуруҳларнинг қаршиликларига қарамай Nord Stream-2 («Шимолий оқим-2») қувурини якунлаш учун қурилиш ишларини бошлашга рухсат берди.

Линия Россия газини Европага элтишни кўзлайди. Лойиҳа Россия Германияга экспорт қиладиган газ кўламини икки баробарга ошириши кутилмоқда.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи Environmental Action Germany гуруҳи Nord Stream-2 иқлимга ва кўчиб юрувчи қушларнинг Болтиқ денгизи соҳилидаги муҳим яшаш жойларига таҳдид солишини айтиб, агентлик қарори устидан судга шикоят қилишини билдирди.

АҚШ узоқ йиллардан бери Nord Stream-2 қурилишига қарши чиқиб келади. Вашингтонга кўра, лойиҳа Германияни Россия газига қарам қилиб, Европа хавфсизлигига таҳдид солади.

2019 йилнинг декабрида Вашингтон Болтиқ денгизи тубида лойиҳа қувурларини ётқизишга кўмаклашадиган ҳар қандай ширкатга қарши санкция жорий қилган.

«Газпром» маълумотларига кўра, қувурнинг 94 фоизи ётқизилган.

Покистонда жангарилар билан тўқнашув чоғида уч аскар нобуд бўлди

Афғонистонга қўшни бўлган Шимолий Вазиристон харитаси

Покистоннинг Афғонистон чегарасига яқин жойлашган Шимолий Вазиристон вилоятида 14 январь куни содир бўлган отишмада уч нафар покистонлик аскар ҳалок бўлди.

Мамлакат армияси маълумотига кўра, айни вилоятда амалга оширилган алоҳида амалиётлар давомида уч жангари йўқ қилинган.

Армия баёнотида “Отишма вақтида уч аскар шаҳид бўлди, иккита террорчи ва бомба ясаш бўйича мутахассис ўлдирилган”и қайд этилган.

Маҳаллий хавфсизлик ходимларининг Озодликка маълум қилишларича, жангарилар билан тўқнашув Шимолий Вазиристоннинг Даттахел ҳудудида содир бўлган.

Шимолий Вазиристоннинг Спинвам ҳудудида 12 январь куни ҳарбий постга қилинган ҳужум ортидан икки аскар ҳалок бўлган, уч аскар жароҳат олган эди.

ФҚБ: АҚШда Байден инаугурацияси арафасида қуролли акциялар уюштиришга оид онлайн “суҳбатлар” кузатилмоқда

Федерал қидирув бюроси логоси

Федерал қидирув бюроси раҳбари Кристофер Рэй АҚШнинг сайланган президенти Жо Байденнинг 20 январга белгиланган инаугурацияси арафасида намойиш ва митинглар бўлиб бўлиши, акциялар чоғида зўравонликлар содир этилиши мумкинлиги юзасидан хавотир изҳор қилди.

14 январь куни Рэй бюро қуролли норозилик намойишларига доир онлайн мулоқотларни кузатаётганини айтди. Унга кўра, 6 январь куни содир бўлган ҳодисаларни қайталашни режалаётган 200 дан зиёд шахс аниқланган.

Жорий йилнинг 6 январь куни президент Дональд Трамп тарафдорлари Капитолийга бостириб кирганди. Бунга Трамп 3 ноябрдаги президентлик сайлови пайтида ўзига берилган овозлар ўғирлангани ва натижалар сохталаштирилганига оид далил-исботсиз иддаоларини қайта такрорлагани туртки бўлган. Ҳужум пайтида 5 киши ҳалок бўлган.

13 январь куни АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатаси президент Трамп импичменти бўйича иккинчи резолюцияни тасдиқлаган. Энди Намояндалар палатаси қарорини Сенат тасдиқлаши лозим. Аммо Сенат 19 январгача таътилда бўлгани учун инаугурация маросимигача бу иш амалга ошмай қолиши мумкин.

AI Тоғли Қорабоғ можароси чоғида тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлганига оид суриштирув ўтказишга чақирди

Келбажар туманидаги йўл бўйлаб зирҳли техникада кетаётган озарбайжонлик ҳарбийлар, 2020 йил 25 ноябри

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Арманистон ва Озарбайжонни Тоғли Қорабоғ минтақасида содир бўлган жанглар давомида аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда “ноаниқ ва палапартиш қурол” қўлланилгани юзасидан зудлик билан суриштирув ўтказишга чақирди. AI бу ҳолат халқаро қонунларга зид эканини айтмоқда.

Ташкилотнинг 13 январь куни эълон қилинган ҳисоботида қайд этилишича, рад этиб бўлмайдиган далиллар борлигига қарамай, Арманистон ва Озарбайжон уруш давомида тинч аҳоли вакиллари нишонга олинганини рад этиб келмоқда.

Amnesty International ҳисоботига кўра, тўқнашувлар чоғида Арманистон ва Озарбайжон халқаро миқёсда тақиқланган кассетали ўқ-дори ва бошқа портловчи қуроллардан фойдаланган.

Ташкилот бу икки давлат кучларининг тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлган 18 та зарбасини ўрганиб чиққан. AI вакилларига кўра, ушбу зарбалар ортидан 146 нафар тинч аҳоли вакили, шу жумладан, болалар ва қариялар нобуд бўлган.

Ўтган йилнинг 27 сентябридан 10 ноябригача давом этган тўқнашувлар умумий ҳисобда 6000 дан зиёд киши умрига зомин бўлган.

Францияда COVID-19 важидан бутун мамлакат бўйлаб комендантлик соати жорий этилади

Париж марказида юрган хавфсизлик кучлари вакиллари

Францияда коронавирусга қарши кураш доирасида 16 январдан бошлаб кечки соат 18.00 дан тонгги соат 6.00 гача бутун мамлакат бўйлаб комендантлик соати жорий қилинади. Бу ҳақда Франция бош вазири Жан Кастекс маълум қилган. Аввалроқ 25 та департаментда комендантлик соати жорий этилганди.

Чеклов чоралари камида 15 кун давом этади. Мазкур чоралар Британияда коронавируснинг янги штамми пайдо бўлгани ва хасталик тез тарқалаётгани билан боғлиқ равишда киритилмоқда.

Шу йил 18 январидан Шенген ҳудудига кирмаган мамлакатлардан Францияга келаётганларнинг ҳаммасидан COVID-19 га топширилган тест манфий чиққани ҳақида ҳужжат талаб қилинади, бундай ҳужжат тақдим этганлар бир ҳафта карантинга йўлланиб, кейин улардан қайта тест олинади.

Францияда фуқароларни Pfizer/BioNTech ва Moderna вакциналари билан эмлаш жараёни бошланган. Бироқ декабрь ойи охиридан бери 140 минг нафар одамгина эмловдан ўтган.

Пандемия бошидан бери Францияда COVID-19 га чалинганлар сони 3 миллион нафарга яқинлашиб қолган, қурбонлар сони эса қарийб 70 минг нафарга етган.

“Ералаш” киножурнали бадиий раҳбари Борис Грачевский коронавирусдан вафот этди

Борис Грачевский

Россия пойтахти Москвада “Ералаш” болалар юмористик киножурнали бадиий раҳбари Борис Грачевский 71 ёшида вафот этди. Унинг ўлимига коронавирус инфекцияси сабаб бўлган.

Граческийнинг COVID-19 га чалингани ўтган йилнинг 21 декабрида тасдиқланган. Ташхис қўйилганидан олти кун ўтиб у касалхонага ётқизилган, яна икки кун ўтгач эса реанимация бўлими кўчирилган. 7 январь куни режиссёр комага тушган ва ўпкага сунъий нафас бериш аппаратига уланган.

Коронавирусдан ташқари Граческий жиддий онкологик хасталикка чалингани айтилмоқда.

Борис Грачевский 1949 йилнинг 18 мартида туғилган. У Бутунроссия давлат кинематография институтини тамомлаб, “кино ишлаб чиқариш ташкилотчиси” мутахассислигига эга бўлган.

1974 йилда Грачевский дарматург Александр Хмелик билан биргаликда “Ералаш” киножурналига асос солган ва умрининг охиригача бу иш билан машғул бўлган. Грачевский киножурнал учун сценарийлар ёзган, бир неча бўлимга режиссёрлик қилган, ҳатто ўзи ҳам “Ералаш”нинг айрим бўлимларда актёр сифатида ўйнаган.

Борис Грачевский 1995 йили Горький номидаги киностудия базасида “Ералаш-Лэнд” киностудиясини ташкил қилган. 2009 ва 2015 йилларда у иккита тўлиқ метражли фильмни ҳам суратга олганди.

Рим папаси Франциск ва унинг салафи коронавирусга қарши эмланди

Рим папаси Франциск

Рим папаси Франциск ва унинг салафи Бенедикт COVID-19 га қарши эмловдан ўтди.

Франциск эмланиш ниятида экани ҳақида 10 январь куни билдирган. Рим папаси бошқаларни ҳам эмланишга чақириб, COVID-19 га эмланувни ахлоқий ҳаракат, деб атаган. Франциск ҳозир 84 ёшда, аввалги папа Бенедикт эса 93 ёшга кирган.

Ватикан ўз аҳолиси, ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун Pfizer/BioNTech вакцинасидан 10 минг доза буюртма берган.

Ватиканда бир неча юз одам истиқомат қилади. Пандемия бошидан бери у ерда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 30 га яқин ҳолат қайд этилган. Шаҳарда COVID-19 билан боғлиқ ўлим ҳолати қайд этилган эмас.

АҚШ ҳукумати Шинжондан пахта ва помидор импортини тақиқлади

Шинжонда пахта тераётган аёл, 2018 йил октябри

АҚШ ҳукумати уйғурлар ва бошқа миллий озчилик вакилларига қарши кампания юритаётган Хитой Коммунистик партиясига босим ўтказишнинг галдаги уриниши ўлароқ Шинжондан помидор, пахта ва пахтадан тайёрланган маҳсулотларга тақиқ жорий этилганини эълон қилди.

АҚШ Божхона ва чегара назорати хизмати (CBP) 13 январь кунги ўз баёнотида расмийлар Қўшма Штатларга кириш масканларининг барчасида мазкур маҳсулотларни тўхтатиб қолиши айтилган.

CBP тақиқ “маҳкумлар ва маҳбуслар меҳнатидан ҳамда мажбурий меҳнатдан фойдаланганликка оид исботли” маълумотга асосланганини билдирган. Хусусан, хизмат томонидан ўтказилган суриштирувда қарз ботқоғига ботириш, ҳаракат эркинлигини чеклаш, қўрқитиш ва таҳдид, иш ҳақини ушлаб қолиш ҳамда оғир турмуш ва меҳнат шароити дохил мажбурий меҳнат аломатларини аниқланган.

Мазкур чора Хитойнинг миллий озчиликларга қарши кампаниясини тўхтатишга эришиш мақсадида АҚШ маъмурияти томонидан қабул қилинган чораларнинг энг кўламлисидир. Дональд Трамп маъмурияти ўтган йили Шинжонда мажбурий меҳнатдан фойдаланишга алоқадор айрим корхоналар маҳсулоти импортига тақиқ жорий қилган ҳамда бу кампаниядаги муҳтамал иштироки учун Хитой Коммунистик партиясининг амалдаги ва собиқ мансабдорларидан бир қанчасига нисбатан санкциялар киритган эди.

АҚШ Давлат департаменти аввалроқ асосан Ислом динига эътиқод қилувчи камида икки миллион нафар уйғур, қозоқ ва Шинжоннинг бошқа туб аҳоли вакиллари Хитойдаги лагерларга йўлланганини билдирган. Хитой ўз дастури уйғурларга мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги фабрикаларга бориб ишлаш учун имконият яратиши, ишчилар эса ихтиёрий равишда шартномалар тузиб, иш ҳақи олаётганларини иддао қилган.

АҚШ таҳлилий маркази томонидан ўтган ойда тақдим этилган ҳисоботда Шинжонда пахта етиштиришда юз минглаб миллий озчилик вакилларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланилаётган бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

Telegram асосчиси ўз платформасида Мирзиёев дохил давлат раҳбарлари канал очаётгани билан мақтанди

Павел Дуров

Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров сўнгги пайтларда ўз тармоғи кундан-кунга янги фойдаланувчилар ҳисобига кенгаяётгани, янги канал очганлар сафига Бразилия ва Туркия президентлари ҳам қўшилгани ҳақида билдирган.

Шу тобда инсоният тарихидаги энг йирик рақамли миграциялардан бирига гувоҳ бўлаётган бўлишимиз мумкин”, деб ёзган П. Дуров ўз постида.

Telegram асосчисига кўра, мессенжерда аввалроқ Мексика, Франция, Украина, Ўзбекистон, Тайвань президентлари, Сингапур, Эфиопия, Исроил бош вазирлари канал очган.

Павел Дуров сиёсий лидерлар ва кўплаб жамоат ташкилотлари ўз жамиятидаги муҳим муаммолар ҳақида ахборот тарқатиш ҳамда дезинформацияга қарши кураш учун Telegram’дан фойдаланаётгани мессенжер вакиллари учун улкан шараф эканини қўшимча қилган.

Куни кеча Дуров январь ойи бошида Telegram тармоғи фойдаланувчилари сони 500 миллион нафарга етгани ҳақида маълум қилганди.

Telegram’да фойдаланувчилар сони кескин орта бошлагани дунёдаги энг оммабоп мессенжер бўлган WhatsApp’нинг хизмат кўрсатиш шартлари ва махфийлик сиёсатини янгилагани билан боғланмоқда. Бу ўзгаришлар кўплаб фойдаланувчиларда норозилик уйғотган ва улар бошқа мессенжерларга кўча бошлашган.

Европа суди Украинанинг Қримда инсон ҳақлари бузилаётганига оид Россияга қарши аризасини кўриб чиқади

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг Страсбургдаги биноси

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Украинанинг аннексия қилинган Қримда инсон ҳақлари бузилаётгани бўйича Россия устидан берган шикоят аризасини кўриб чиқиш учун қабул қилди. Бу ҳақда 14 январь куни маълумот тарқатган Страсбургдаги суд иш мазмуни бўйича қарор кейинроқ қабул қилинишини билдирган.

Қарор Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди сайти орқали ёйинланган. Суд шикоят аризасини “қисман мақбул” деб топган, бироқ ҳужжатлардан келиб чиқилса, маҳкама Украина шикоятида акс этган кўплаб масалани кўриб чиқишга розилик берган.

Бошқа масалалар билан бир қаторда суд Қримдаги қотиллик ҳолатлари Россия томонидан етарлича тергов қилинмагани, қонунга зид равишда қамашлар ва одамларга нолойиқ муносабатда бўлиш, русийзабон бўлмаган оммавий ахборот воситаларининг таъқиб қилиниши ва бошқа тиллардаги таълимнинг чекланиши, Россия фуқаролигининг автоматик тарзда берилиши, мол-мулк экспроприацияси (тортиб олиниши), қрим татарларига нисбатан юритилаётган қатағон сиёсати бўйича айбловлар кўриб чиқилади. Суд Қримда тинч аҳоли вакилларини ўлдириш ва чет эллик журналистларга қарши репрессиялар бўйича Россияга қарши айбловларни кўриб чиқишдан бош тортган, чунки, маҳкама вакилларига кўра, бу ўринда Россия маъмурияти томонидан жорий этилган умумий амалиёт ҳақида гапириш учун асос йўқ.

Суд қарорида бошқа ҳолатлар билан бир қаторда Россия Қримни расман 2014 йил мартида аннексия қилган бўлса-да, яриморол ҳудудида россиялик ҳарбийлар томонидан қатор маъмурий бинолар эгаллаб олинган 27 февралдан эътиборан “феълан назорат”ни амалга ошира бошлагани қайд этилган. Суд Қримда 2014 йил 27 февралидан 2015 йил 26 августигача бўлган даврдаги муҳтамал инсон ҳуқуқлари бузилишларини кўриб чиқади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди маҳкамада Қримнинг Россия таркибига қўшиб олинишининг нақадар қонуний бўлганига оид масала кўриб чиқилмаслигини алоҳида урғулаган.

Украина Қримда Россия томонидан инсон ҳақлари бузилаётгани юзасидан Страсбург судига шикоят аризасини ҳали яриморол аннексияси ҳақида эълон қилинмай туриб 2014 йил 13 мартида топширган. Кейинчалик шикоят бандлари тўлдирилиб борган. 2018 йилда уларнинг барчаси битта ишга жамланган. Эндиликда бу иш Страсбург судининг Катта палатаси томонидан кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Конгресснинг Намояндалар палатаси Трамп импичменти бўйича иккинчи қарорни қабул қилди

Президент Дональд Трамп президентлик сайлови натижаларини тан олишни истамаяпти.

АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатаси президент Трамп импичменти бўйича иккинчи резолюцияни тасдиқлади. Импичмент қарорини 233 конгрессмен қўллади, 197 конгрессмен қарши овоз берди. Импичментни қўллаганлар орасида 10 нафар республикачи ҳам бор.

Трамп АҚШ тарихида Намояндалар палатаси томонидан икки марта импичмент эълон қилинган ягона президент бўлиб қолди. Энди Намояндалар палатаси қарорини Сенат тасдиқлаши лозим.

Сенаторлар 19 январгача таътилдалар. Сенатдаги кўпчилик лидери республикачи Митч Макконнелл палатанинг шошилинч йиғилишини чақиришдан бош тортди.

20 январь куни эса Вашингтонда сайланган президент Жо Байденнинг инаугурация маросими ўтказилади.

Алексей Навальний Россияда федерал қидирувга берилди

Алексей Навальний Европа парламентида онлайн чиқиш қилмоқда. 27 ноябрь 2020 йил.

Россия Жазони ўташ федерал хизмати Кремль танқидчиси бўлган мухолифатчи Алексей Навальнийни федерал қидирувга берди. Федерал хизматнинг билдиришича, Навальний шартли равишда қамоққа ҳукм қилинган шахс сифатида назорат тартибида қайддан ўтмай келмоқда.

Навальний 20154 йилнинг декабрида товламачиликда айбланиб 3,5 йилга шартли равишда қамалган эди. Мухолифатчи ўзига билдирилган айбловни тан олган эмас. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди бу ишни ўрганиб, Навальний Россияда адолатли судлов ҳуқуқидан маҳрум этилгани тўғрисида қарор чиқарган.

Ўтган йилнинг 30 декабрида Навальнийнинг жазо муддати якунланиши лозим эди. Шу муносабат билан Жазони ўташ федерал хизмати 28 декабрда уни назорат қайдидан ўтиш учун чақирган. Январь ойида эса хизмат суддан Навальнийнинг шартли қамоқ жазосини реал қамоқ жазосига алмаштиришни илтимос қилди. Суд бу аризани қаноатлантирса, Навальний 35 йилга қамалиши мумкин.

Айни пайтда Германияда даволанган Алексей Навальний Россияга қайтаётганини ва 17 январга Москва рейсига чипта сотиб олганини маълум қилди.

Навальний ўтган йилнинг август ойида заҳарланиш аломатлари билан Омскда касалхонага ётқизилганидан кейин тиббиёт учоғи билан Берлинга етказилган. Бир неча лаборатория унинг Россияда ишлаб чиқилган “Новичок” гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини тасдиқлаган. Берлиндаги шифохонадан чиққанидан кейин у Германияда реабилитациядан ўтган.

Сурияда ҳаво ҳужумидан Ассадга содиқ 40 жангари ҳалок бўлди

Суриядаги бомбардимон. 2018 йилнинг 9 майида олинган сурат.

Сурияда президент Башар Ассадга содиқ кучлар ва унинг иттифоқчилари бўлган гуруҳларнинг камида 40 аскари Исроил томонидан берилгани таҳмин қилинаётган ҳаво зарбасидан ҳалок бўлди.

Reuters агентлигининг ёзишича, Исроил томони Эрондан Сурияга жангарилар ва қурол олиб ўтиладиган ҳудудни бомбардимон қилган.

Associated Press агентлиги эса АҚШ разведкасидаги манбасига таянган ҳолда ҳаво зарбалари Қўшма Штатлар тақдим этган разведка маълумотлари асосида амалга оширилганини, бундан мақсад Эрондан олиб келинган қуроллар сақланувчи омборни йўқ қилиш бўлганини билдирди.

Хабарларда айтилишича, Исроил ҳарбий учоқлари Эрон чегараси яқинидаги Дайр аз Зор туманига йигирмага яқин ҳаво зарбаси берган.

Сурия ҳукуматига қарашли SANA агентлиги ҳам ҳужум Исроил томонидан уюштирилгани тўғрисида хабар берди.

Исроил бу хабарларга ҳозирча муносабат билдирмади.

Жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 91,5 миллиондан ошди

Жаҳоннинг айрим давлатларида коронавирусга қарши эмлаш ишлари олиб борилмоқда.

Коронавирус бўйича жаҳон статистикасини олиб бораётган АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг билдиришича, дунёда COVID-19га чалинганлар сони 91,5 миллион кишидан ошди. Беморлардан 2 миллионга яқини вафот этди.

Коронавирусга чалинганлар сони бўйича жаҳонда АҚШ биринчиликни эгалламоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича, АҚШда 22 миллион 229 мингдан ортиқ кишига коронавирус юққан.

Коронавирусга чалинганлар сони бўйича иккинчи ўринда Ҳиндистон (10,479 миллиондан ортиқ), учинчи ўринда Бразилия (8,105 миллиондан ортиқ), тўртинчи ўринда Россия (3,448 миллиондан ортиқ), бешинчи ўринда эса Буюк Британия (3,118 миллиондан ортиқ) бормоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бир сутка давомида АҚШда 220 528, Ҳиндистонда 12 584, Бразилияда 29 792, Россияда 22 934, Буюк Британияда эса 46 169 нафар янги касалланиш ҳолати аниқланган.

Қирғизистон: Президентликка номзод сайлов натижалари бўйича судга мурожаат қилмоқчи

Клара Сўўрўнқулова

Қирғизистон Конституциявий палатасининг собиқ судьяси, президентликка номзод Клара Сўўрўнқулова 13 январь куни Озодликнинг қирғиз хизмати эфирида якшанба куни бўлиб ўтган президент сайлови натижаларини маънавий нуқтаи назардан тан олмаслигини билдирди.

“Сайловга Жапаровни дастаклаган одамлар келди, деб айтиш мумкин, бироқ улар озчилик эди. Ҳокимият тепасидагиларга ишонмаганлар эса сайловга келмади, улар кўпчилик эди. Мен маънавий нуқтаи назардан сайлов натижаларини тан олмаслигимни айтган бўлсам-да, ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳам қонунбузарлик жуда кўп бўлди ва Марказий сайлов комиссияси буларга кўз юмди. Сайлов натижалари расман эълон қилинганидан кейин биз судга мурожаат қиламиз”, деди Сўўрўнқулова.

Қирғизистонда шу йилнинг 10 январида бўлиб ўтган президент сайловида 17 номзод орасида собиқ президент в.б. Садир Жапаров пешқадамлик қилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, унга участкаларга келган сайловчиларнинг 79 фоизи овоз берган.

МСК маълумотларига мувофиқ, якшанба кунги сайловда сайловчилар давомати 39 фоизни ташкил этган.

Қирғизистонда президент сайловининг расмий натижалари ҳали эълон қилинмай туриб кўплаб мамлакат лидерлари, шу жумладан Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев С. Жапаровни сайловдаги ғалабаси билан табриклашга улгурди.

Путин россияликларни ёппасига эмлашни буюрди

Россия президенти Владимир Путин кейинги ҳафтадан мамлакат аҳолисини коронавирусга қарши ёппасига эмлашни бошлаш ҳақида топшириқ берди.

Бу ҳақда Путин 13 январь куни ҳукумат аъзолари билан видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мажлисда билдирди.

“Биз кўламли эмловдан ёппа эмловга ўтишимиз лозим”, деган Россия президенти бунинг учун тегишли инфратузилмани тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.

“Худога шукур, бизнинг вакцинамиз ташишда – 50, – 70 градусда сақлаш каби қанақадир фавқулодда шароит яратилишини талаб қилмайди. Бизда ҳаммаси анча жўн ва самаралироқ ишлайди”, дея қайд этган Путин.

Бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова ҳукумат президентнинг топшириғини бажариш учун ҳозирлигини ва ёппасига эмлов Россияда 18 январдан бошланишини урғулади.

Ўзбек муҳожирлари кўп бўлган Россия COVID-19 га чалиниш статистикаси бўйича шу кунда жаҳонда тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Гарчи одамлар вужудига киритилаётган “Спутник V” вакцинаси клиник синовларининг учинчи босқичидан ҳали ўтиб бўлмаган бўлса-да, мамлакатда ўтган ойдан кўламли эмловга киришилган.

Россия бевосита инвестициялар жамғармаси маълумотига кўра, шу пайтгача “Спутник V” вакцинаси билан бир ярим миллион россиялик эмланган.

Коррупция можароси ортидан Эстония бош вазири истеъфога чиқди

Эстония бош вазири Юри Ратас

Эстония бош вазири ва Марказчи партия лидери Юри Ратас коррупцияга оид можаро қабатида истеъфога чиқишини эълон қилди.

Бугун прокуратура томонидан очиқланган гумонловлар кимнингдир муҳаққақ айбдор эканини англатмайди, бироқ улар бу ишга дахлдор барчага албатта жиддий соя солади. Бунақа вазиятда энг тўғри йўл истеъфога кетиш орқали барча ҳолатларнинг ойдинлашуви ва очиқликка эришилиши учун имконият беришдир”, деб ёзган Ратас Facebook тармоғидаги ўз саҳифасида.

Шу йилнинг 12 январь куни Эстония хавфсизлик полицияси Марказчи партия бош котиби Михаил Корб, молия вазирининг маслаҳатчиси Керсти Крахт, тадбиркор Хиллар Тедер ва исми ошкор қилинмаётган яна икки кишига нисбатан жиноят содир этганликда гумонлов билдирган.

Полиция тахминига кўра, Тедер ва Корб тадбиркорнинг Марказчи партияга миллион еврогача иона қилиши ҳақида келишиб олган. Бунинг эвазига Корб Тедерга алоқадор Porto Franco фирмасига Таллинда йўл қуришга имтиёзли имконият яратиб берилиши учун гўё пойтахт мэрига таъсир ўтказиши керак бўлган.

Молия вазири маслаҳатчиси Керсти Крахт эса Porto Franco талабномаси бўйича ижобий қарор чиқарилиши учун вазирликдаги ўз нуфузидан фойдаланиш ҳақида Тедер билан келишганликда гумонланмоқда. Ўз хизмати учун Крахт Тедердан пора олиши керак бўлган, бироқ пул тадбиркор ва мулозима аёл қўлга олиниши ортидан берилмай қолган.

Юри Ратас Эстония бош вазири лавозимини беш йил муқаддам эгаллаганди. У 2005 йилдан 2007 йилгача Таллин мэри бўлиб ишлаган.

Пенс Конгресснинг Трампни ҳокимиятдан четлаштириш чақириғини рад этди

АҚШ вице-президенти Майк Пенс

АҚШ вице-президенти Майк Пенс мамлакат конституциясига киритилган 25-тузатиш билан ўзига берилган ваколатлар асосида президент Дональд Трампни ҳокимиятдан четлаштириш жараёнини бошлаш нияти йўқлигини очиқлади.

Мен бу каби хатти-ҳаракатлар мамлакатимиз манфаатига мос ва конституцияга мувофиқ келиб, деб ўйламайман”, дейилган вице-президент Пенснинг Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелоси номига йўллаган мактубида. Пенсга кўра, бундай қадам “даҳшатли прецедент” бўлади. У Трампни президентлик ваколатлари муддати тугашига саккиз кун қолганида ҳокимиятдан четлатишга чақиришни сиёсий ўйин, деб атаган. Майк Пенс қонун чиқарувчиларни “жамиятни янада кўпроқ бўлиб, эҳтиросларни оловлантириб юборадиган акциялардан тийилиш”га чақирган.

Пенснинг мактуби Намояндалар палатасида вице-президент ва ҳукумат аъзоларини 25-тузатишдан фойдаланган ҳолда президент Трампни минглаб тарафдори йиғилган митингда қилган чиқиши учун ҳокимиятдан четлаштиришга чақирувчи резолюция бўйича овоз бериш бошланишидан бир неча соат аввал ёйинланган. Мазкур митингдан кейин бир неча юз митингчи Капитолий биносига бостириб кирганди.

Бу орада Конгресс аъзолари чоршанба куни исёнга чақирганликда айбланаётган президент Трамп импичментига оид ягона модда бўйича овоз беришлари керак бўлади. Дастлабки маълумотларга кўра, Намояндалар палатаси аъзоси бўлган барча демократлар импичмент қарорини дастаклайди, шунингдек ўндан зиёд республикачи уларга қўшилишга тайёр эканини билдирган, бу эса палата томонидан импичмент маъқулланишини кафолатлайди. Бу масала бўйича якуний қарор Сенат томонидан қабул қилинади. Юқори палатанинг эса 20 январь куни бўлиб ўтадиган Жо Байден инаугурациясигача импичментга оид ишни кўриб чиқишга киришиши эҳтимоли кам.

Куни кеча Трамп демократларнинг ўзига нисбатан импичмент эълон қилиш режасига биринчи марта изоҳ бера туриб, бу ишни “ажина ови”га қиёслаган. Трамп бу режалар кўп одамнинг “ғазаб”ини қўзғатаётганини қўшимча қилган.

Алексей Навальний тез орада Россияга қайтажагини билдирди

Алексей Навальний

Мухолифатчи Алексей Навальний Россияга қайтаётганини маълум қилди. Навальнийнинг айтишича, у 17 январга Москва рейсига чипта сотиб олган.

“Қайтиш керакми ёки қайтмасликми?” деган масала менинг олдимда ҳеч қачон турган эмас. Чунки мен ҳеч қаерга кетганим йўқ. Мен реанимация қутисида келтирилганим учун Германияга келиб қолдим, бунинг сабаб битта: мени ўлдиришга ҳаракат қилдилар”, деб ёзди сиёсатчи ижтимоий тармоқларда.

Навальний ўтган йилнинг август ойидан бери Германияда бўлиб турибди. У Омскда касалхонага ётқизилганидан кейин тиббиёт учоғи билан Берлинга етказилган. Бир неча лаборатория унинг Россияда ишлаб чиқилган “Новичок” гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини тасдиқлаган. Берлиндаги шифохонадан чиққанидан кейин у Германияда реабилитациядан ўтган.

Россия расмийлари сиёсатчига суиқасд уюштирилганига эътибор қаратаётганлари йўқ. Заҳарланиш ҳодисаси юзасидан тергов иши юритилмаяпти. Халқаро журналистлар гуруҳи Навальнийга қарши уюштирилган суиқасдга ФСБ (Россия Федерал хавфсизлик хизмати) ходимлари алоқадор бўлиши мумкинлигини аниқлашга муваффақ бўлишган. Расмий Москва мазкур ҳодисага алоқаси борлигига оид иддаоларни рад этиб келмоқда.

Россияда Навальнийга нисбатан Иккинчи жаҳон уруши фахрийсига туҳмат қилганлик бўйича жиноят иши очилган. Бу модда бўйича у жаримага тортилиши ва 240 соатлик мажбурий ишга жалб қилиниши мумкин. Жазони ўташ федерал хизмати (ЖЎФХ) суддан 2014 йилдаги жиноят иши бўйича сиёсатчини 3,5 йилга колонияга йўллашни талаб қилди. Мазкур иш бўйича Навальнийга шартли қамоқ жазоси берилган эди. ЖЎФХ мухолифатчининг Германияга кетиши унга нисбатан тайин этилган шартли жазо шартларини бузишини билдирган.

Бундан ташқари, декабрь ойи охирида Тергов қўмитаси Навальнийга қарши Коррупцияга қарши кураш жамғармаси маблағларини растрата қилганлик айблови билан янги жиноят иши қўзғатган. Мазкур модда бўйича у 10 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Мени ўлдиришга буйруқ берган Путин бункерини бошига кўтариб чинқириб, ўз хизматкорларига менинг қайтмаслигим учун қўлларидан келган барча ишни қилишни амр қиляпти. Хизматкорлар одатдагидек иш тутишяпти: менга қарши янги жиноят ишларини уйдиришяпти. Аммо уларнинг у ёқда нима қилаётгани менга қизиқ эмас. Россия менинг мамлакатим, Москва менинг шаҳрим, мен уларни соғиндим”, деб ёзган Алексей Навальний.

Қирғизистонда “В пи#ду звезду” шоуси бошловчиси ва иштирокчилари давлат фахрий унвонларидан маҳрум қилинади

Шоу бошловчиси Қурал Чўқаев.

Қирғизистон Маданият, ахборот ва туризм вазирлиги таниқли қўшиқчи Қурол Чўқаевга 2011 йилда берилган “Маданият аълочиси” унвонини бекор қилди.

Шунингдек, вазирлик машҳур қўшиқчи Қайрат Примбердиевни 2017 йилда берилган “Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист” унвонидан маҳрум қилиш тўғрисида президент маъмуриятига таклиф киритди.

Бу ҳақда Озодлик радиоси қирғиз хизматига 13 январь куни маданият, ахборот ва туризм вазири Нуржигит Кадырбеков маълум қилди.

“Бу бизнинг қатъий позициямиз. Сўз эркинлиги аввало масъулиятни таклиф қилади. Ҳар ким ўз фикрни айтишга ҳақли. Бироқ маданият соҳасидаги сиёсатга жавобгар бўлганимиз учун шундай қарор қабул қилдик”,-деди вазир.

Вазирлик мазкур қарорни “YouTube” порталига юкланган “В пи#ду звезду” шоуси жамоатчилик орасида турли баҳсларга сабаб бўлгани ортидан қабул қилди. Қурол Чўқаев ва бошқа бошловчилар олиб борган шоуда уятли сўзлар айтилган.

Шоунинг бир сонида Қайрат Қирғиз исмли қўшиқчи, иккинчисида хизмат кўрсатган артист Қайрат Примбердиев қатнашган эди.

Қайрат Примбердиев мазкур шоуни танқид қилганларга жавоб қайтарар экан, “коррупционерларга, жиноятчиларни оқлаган судларга, ноқонуний ҳаракатларни хаспўшлаш ва яширишга ҳаракат қилган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ҳам мана шундай таҳдид қилиш”ни тавсия қилган.

Ижтимоий тармоқнинг қирғиз контентида айримлар вазирлик қарорини қўллаб-қувватламоқда, айримлар эса танқид қилмоқда.

Ўшда тўрт ўзбекистонлик "қароқчилик"да айбланмоқда

Расман билдирилишича, ўзбекистонликлар телефон дўконидан 6 минг долларлик маҳсулотни ўғирлашган.

Ўш шаҳридаги мобил телефон сотувчи дўконни ўғирлаганликда гумонланиб Ўзбекистоннинг тўрт ватандоши қўлга олинди. Қўлга олинганлар милиция ҳибсхонасида сақланмоқда.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасининг хабар беришича, 8 январь куни дўкондан умумий қиймати 500 минг қирғиз сўми, яъни деярли 6 минг долларлик мобил телефонлар ўғирланган.

“Ўзбекистон фуқаролар тинтилганида улардан дўкондан ўғирланган телефонлар, буклама пичоқ, ПМ русумидаги рақами ўчирилган тўппонча топилди”,- деб билдирди Озодлик радиоси қирғиз хизматига шаҳар милицияси расмий вакили Абсаттар Тавакалов.

Қўлга олинган ўзбекистонликларга нисбатан Жиноят Кодексининг 2020-моддаси (қароқчилик) асосида жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирча қўлга олинганларнинг вакиллари бу воқеага муносаб билдиришмади.

Германия даркнетдаги энг йирик ноқонуний бозорни йўқ қилди

Нидерландиядаги Европол бош қароргоҳи.

Германия ҳукумати даркнетга қарши халқаро амалиёт доирасида жаҳондаги энг йирик ноқонуний онлайн бозорни йўқ қилди.

DarkMarket ва унинг Украина ҳамда Молдовадаги 20дан ортиқ сервери ноқонуний платформадан фойдаланувчиларни аниқлаш жараёнида ўчириб қўйилди, деб билдирди 12 январь куни Европол.

“Сақлаб олинган маълумотлар модераторлар, сотувчилар ва харидорларни аниқлашга хизмат қилади”,-дейилади Европол баёнотида.

DarkMarket оператори бўлган Австралия фуқароси ўтган дам олиш кунлари Германия-Дания чегараси яқинида қўлга олинган.

Ярим миллионга яқин харидор ва икки мингдан ортиқ сотувчи DarkMarketдан наркотиклар, қалбаки пуллар, ўғирланган ёки сохта кредит карталари, аноним SIM-карталар ва зарарли дастурларни сотишда фойдаланган.

Сайт орқали криптовалютада умумий миқдори 170 миллион долларлик бўлган 320 мингта харид амалга оширилган.

Мазкур амалиёт Германия, Австралия, Дания, Молдова, Украина, Британия, АҚШ ва Европол ҳамкорлигида амалга оширилган.

Хитойнинг БМТдаги элчиси уйғурлар масаласини кўтарган Британияга норозилик билдирди

Қашқар яқинидаги Ўпал шаҳри четида жойлашган қабристон ёнида ўрнатилган туркий халқлар мутафаккири Маҳмуд Кошғарий ҳайкалини Хитой ҳукумати олиб ташлаган.

Хитойнинг БМТдаги элчиси Британия ҳукуматини танқид қилди ва уни мамлакат ички ишларига аралашаётганликда айблади.

12 январь куни Британия давлат вазири Жеймс Клеверли БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида айрим пайтларда давлатлар террорчиликка қарши кураш учун “фавқулодда чоралар” кўришга мажбур бўлишини таъкидлаган ҳолда, Хитойнинг уйғурларга нисбатан сиёсатини танқид қилган эди.

Клеверли ўз сўзи давомида: “Кўпинча террорга қарши кураш инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузилиши ва истибдодни оқлаш воситаси бўлиб қолди. Шинжонда уйғурларга нисбатан сиёсат бунинг яққол намунасидир”,-деб айтди.

Хитой вакили Чжан Юнг Британия вазирининг нутқини “сиёсий ҳужум” сифатида баҳолади ва Лондонни Хитой ички ишларига аралашаётганликда айблади.

АҚШ ва қатор ғарб давлатлари Хитойда 1 миллиондан ортиқ мусулмон 2017 йилдан бери экстремизмга қарши кураш баҳонасида “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётганини танқид қилиб келади.

Аммо Хитой бу лагерлар “экстремист ва террорчиларни қайта тарбиялаш” мақсадида ташкил этилганини билдирган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG