Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:37

Абхазия раҳбариятида ўзгаришлар юз бергани туфайли Грузия-Абхазия тинчлик жараëнини боши берк кўчага кириб қолди.


Акрам Файзулло

БМТ воситачилигида Грузия ва унинг сепаратчи Абхазия минтақаси орасида тинчлик музокараларини илгари суриш борасидаги ҳаракатлар боши берк кўчада қолар экан, Абхазия раҳбариятида юз берган ўзгаришлар вазиятни янада мураккаблаштирадиганга ўхшайди.
Душанба куни икки дипломат БМТ Хавфсизлик кенгашига Грузия ва Абхазия ўртасидаги вазият хусусида маълумот берди. Шундан кейин дипломатларнинг Озод Европа-Озодлик радиосига айтишларига кўра, тинчлик жараëнини олдга суриш борасида ҳозирча ҳеч қандай муросага эришилмаган.
Айрим дипломатларга кўра, яқинда Абхазия бош вазири Анри Юргения вазифасидан четлаштирилгани туфайли Тбилиси ва Сухуми орасида тинчлик музокараларини бошлаш янада қийинлашган. Уларнинг қайд этишича, бугун бу масалада Абхазиянинг ҳақиқий намоëндаси ким экани номаълумдир.
Шу кунларда БМТ қароргоҳида бир неча мамлакатлар намоëндаларидан ташкил топган “Дўстлар” гуруҳи, БМТнинг тинчлик ўрнатиш ишлари бўйича расмий вакили Жан-Мари Гайюно ва БМТнинг Грузия бўйича махсус вакили Хиди Талявени тинчлик жараëнини олдга суриш имкониятларини муҳокама қилмоқдалар.
Бир йил олдин БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинган ҳужжатда Абхазияга Грузия ҳудуди бўлиб қолиши эвазига кенг қамровли мухторият мақоми берилишига чақиради. Аммо Абхазия расмийлари ҳужжатни рад этдилар. Яқинда Абхазия бош вазири этиб тайинланган Геннадий Гагулия Абхазия Грузиядан мустақил бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганини яна такрорлади.
БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо бўлган айрим давлатлар Грузия ва Абхазия орасида ишонч яратиш учун қатор янги тадбирлар ишлаб чиқилишини таклиф этдилар.
Грузиянинг БМТдаги элчисининг ўринбосари Георгий Волскига кўра, бундай тадбирлар фойдали бўлиши мумкин, аммо шунинг билан бирга сиëсий музокаралар олиб бориш тўғрисида келишувга эришиш лозим.
“Грузия ҳукумати ишонч яратиш тадбирларига ва Абхазия иқтисодиëтини қайта тиклаш харакатларига қарши эмас, лекин расмий Тбилиси олдин сиëсий музокаралар борасида келишувга эришилишини хоҳлайди”, деди Георгий Волски.
Унга кўра, сиëсий жараëн БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳузуридаги “Дўстлар” гуруҳига аъзо бўлган АҚШ, Россия, Франция, Британия, Германия ва Болгария томонидан қўллаб-қувватланиши мумкин.
Чоршанба куни Тбилисида АҚШнинг БМТдаги дипломати Ричард Уильямсон Грузия ва Абхазия расмийлари билан ҳафта охирига қадар музокаралар олиб боришни бошлайди.
Россия, Абхазия Грузия худуди бўлиб қолишга чақирилган БМТ ҳужжатини расман қўллаб-қувватласада, БМТ муҳокамаларида Абхазия номидан ҳам иштирок этиб келмоқда. Дипломатларнинг айтишларича, Россия ва Грузия орасидаги ëмон муносабатлар тинчлик жараëнига ҳалақит бермоқда. Бир неча ой олдин Россия Грузияни чечен жангчиларига Панкиси дарасидан фойдаланишга рухсат берганликда айблаганидан кейин муносабатлар янада баттарлашган эди.
Аммо куни кеча Грузия расмийлари сургундаги ўнлаб чеченни ҳибсга олдилар. Улар, шунингдек, 1999 йилда Москвадаги турар-жой биноларини портлатганликда айбланган бир шахсни Россияга экстрадиция қилдилар.
Грузия президенти Эдуард Шеварднадзега кўра, мамлакатда барқарорликни бузишга уринган “террорчилар”га қарши хавфсизлик амалиëти ўтказилган. Душанба куни Россия президенти Владимир Путин Грузия ҳукумати томонидан кўрилган тадбирларни мамнуният билан қаршилаб, булар муносабатлар тузалаëтганидан дарак бераëтган бўлиши мумкинлигига ишора қилди.
“Грузия махсус кучлари қатор хавфсизлик чораларини кўрди ва аксарият террорчиларни, шу жумладан Москвадаги портлашларга жавобгар бўлган шахсларни тор-мор қилди. Бу шахслардан бири қўлга олинди ва ҳозир Москвадаги Лефортова қамоқҳонасида ушлаб турилмоқда. Мен Грузия ва Россия ўртасидаги мазкур ҳамкорлик нафақат бизга терроризмга қарши курашда ëрдам беришига, балки икки томонлама муносабатларимизни босқичма-босқич янги, юқори поғонага кўтаришга ҳам ëрдам беришига умид қиламан”, деди Путин.
Аммо бу яқин орада Абхазия муаммосига ечим топиладиганга ўхшамайди. Ўтган ойда Грузия ҳукумати БМТ Хавфсизлик кенгашидан Абхазия масаласини очиқ муҳокама қилишни сўради. Россия бунга нисбатан, ўша пайтда бош вазир бўлган Анри Юргения учрашувда чиқиш қилиши керак, деган Абхазия расмийларининг илтимосини халқаро ҳамжамиятга етказиш орқали жавоб берди. БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳузуридаги “Дўстлар” гуруҳига аъзо бўлган томонлар илтимосни рад этгани натижасида душанба кунги учрашув ëпиқ эшиклар ортида ўтказилди.
XS
SM
MD
LG