Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:11

Халқаро ҳамжамият Шимолий Кореядан АҚШнинг музокаралар ўтказиш ҳақидаги таклифига жавоб беришини кутмоқда.


Акрам Файзулло

Шу ҳафтада Қўшма Штатлар Шимолий Кореянинг ядровий дастурини кучдан чиқариш тўғрисида Пхенян билан музокаралар олиб боришни таклиф этди.

Чоршанба куни Оқ уй матбуот вакили Ари Флишер энди бўҳронни ҳал этиш Шимолий Кореяга боғлиқ бўлиб қолганини таъкидлади.

“Биз келишув тузмаслигимизни бир неча марта такрорладик, биз ҳақиқатан ҳам ҳеч қандай келишув тузмаймиз. Аммо биз Шимолий Кореянинг режалари ва мамлакат ўз зиммасига олган мажбуриятларни қандай амалга ошириши тўғрисида Шимолий Корея билан музокаралар олиб боришга тайëрмиз”, деди Оқ уй матбуот вакили Ари Флишер.

Аммо ҳозирча Шимолий Корея Вашингтоннинг музокаралар ўтказиш ҳақидаги таклифини, шунингдек Халқаро атом энергияси агентлигининг инспекторларни қайта қабул қилиш тўғрисидаги талабини жавобсиз қолдирмоқда. БМТ агентлиги Шимолий Кореяни агар душанба кунигача инспекторларни қабул қилмаса, бу масала БМТ Хавфсизлик кенгашида муҳокамага қўйилиши ҳақида огоҳлантирди.

Сешанба куни мазкур агентлик матбуот вакили Мелиша Флеминг хоним агентлик талабларини эслатиб ўтди.

“БМТ Хавфсизлик Кенгашига доимий ва вақтинчалик аъзо бўлган томонларнинг намоëндларидан ташкил топган кенгаш Шимолий Кореяга ҳам имконият берди ва ҳам уни такаббурлик қилмаслик тўғрисида огоҳлантирди. Агар Шимолий Корея ҳалқаро ҳамжамият талабларини амалда бажарса, мамлакатнинг айрим эҳтиëжлари қондирилади”, деди БМТ агентлигининг матбуот вакили Мелиша Флеминг хоним.

Чоршанба куни Европа Иттифоқи Шимолий Кореяга сал кам 10 миллион доллар қимматида инсонпарварлик ëрдами беришини эълон қилди.

Европа Иттифоқининг гуманитар ëрдам бўйича расмий вакили Пол Нелсоннинг қайд этишича, бу пулга Шимолий Корея учун 39 минг тонна буғдой сотиб олинади.

Ушбу ëрдам Шимолий Кореяда оғир аҳволда яшаëтган кўпчилиги болалардан иборат икки миллион юз минг киши учун берилади.

Пхеняннинг ядровий дастури масаласида чиққан келишмовчиликлар туфайли, яқинда Япония ва Қўшма Штатлар Шимолий Кореяга ëрдам беришни кескин даражада қисқартирди.

Чоршанба куни Шимолий Корея радиоси Пхеняннинг асосий талабларидан бирини яъни бўхронга чек қўйиш учун Вашингтон ҳужум қилмаслик борасида шартнома имзолаши кераклигини яна такрорлади.

Россия Ташқи ишлари вазири ўринбосари Александр Лосюковга кўра, Вашингтон таҳдид қилиш ўрнига, Пхенянни хавфсизлик кафолати билан таъминлаши керак.

Пайшанба куни расмий Сеулнинг маълум қилишига кўра, Шимолий Корея ўзининг ядровий дастури хусусида 21 январ куни Жанубий Корея билан музокаралар олиб боришга рози бўлган. Мазкур 4 кунлик музокаралар давомида Жанубий Корея Шимолий Кореяни ўзининг ядровий дастуридан воз кечишга чақириши кутилмоқда.

Хўш, нима сабабдан Шимолий Корея ўзининг ядровий реакторини қайта ишга солгани ва БМТ инспекторларини мамлакатдан чиқариб юборгани билан хавфли йўлни танлади?

Лондонда жойлашган “Economist Intelligence Unit” тадқиқот марказида Корея масаласи бўйича мутахассис Роберт Уардга кўра, бунга иккита омилни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

“Биринчидан, Шимолий Корея мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият туфайли, Қўшма Штатларни қўрқитиб, ундан ëрдам, пул ундириб олишга уринаëтган бўлиши мумкин. Бундай жангари хатти-ҳаракат ўтган 10 йил мобайнида яхши натижалар берди. Шимолий Корея Ғарбга таҳдид этиб, ундан анча ëрдам олишга муваффақ бўлди. Иккинчидан, Шимолий Корея Қўшма Штатлардан ўзига ҳужум қилмаслиги ҳақида хавфсизлик кафолатини олишга ҳаракат қилаëтган кўринади. Чунки АҚШ президенти Жорж Буш Ироқ ва Эрон қаторида Шимолий Кореяни ҳам “жаҳолат ўқи”, деб атагани туфайли, Пхенян навбатдаги нишон бўлиши эҳтимолидан хавотирланмоқда”, деди Корея масаласи бўйича мутахассис Роберт Уард.

Қўшма Штатлар маъмурияти Шимолий Кореяга ҳужум қилиш нияти йўқлигини ва бўҳрон музокаралар орқали ҳал этилишига тарафдор эканини билдириб келмоқда.
XS
SM
MD
LG