Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:26

Туркманистон парламент сайловларини муддатдан олдин ўтказишга қарор қилди


Фарангис Саид

Давлатга қарашли “Нейтральний Туркменистан” газетаси ўтган ҳафта ҳажми 30 сўздан ҳам ошмайдиган кичик бир мақола чиқарди. Унда 50 ўринлик парламентга келаси сайловлар 6 апрел куни бўлиб ўтиши маълум қилинади. Режага кўра, сайловлар 2004 йил декабр ойида ўтказилиши керак эди.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган “Экономист Интеллиженс Юнит” таҳлилчилар гуруҳининг Россия ва МО бўйича мутахассиси Дафне Тер-Сакарян бунинг сабаби ноябр ойида президент Сапармурот Ниёзов ҳаётига қилинган суиқасдда бўлиши керак, деб фикр билдиради.

“Президент ҳаётига суиқасд каби шубҳали ҳодисадан сўнг ҳозирги кунда Туркманистонда оммавий “тозалаш”лар кузатилмоқда. Менимча, саҳна ортида лавозимларни қайта тақсимлаш рўй беряпти. Ниёзов бу билан ўз позициясини янада мустаҳкамламоқчи. Балки у бугунги кунга қадар киритилган ўзгартиришларни ҳамда лавозимларни тақсимлашларни кам, деб ҳисоблаб, кўпроқ ўзгартиришлар киритмоқчидир”, - дейди лондонлик мутахассис.

Туркманистон раҳбари ўз ҳаётига суиқасд қилишга уринишда мухолифат вакилларини айблади. Собиқ бош вазир, мухолифат лидери Борис Шихмуродов устидан маҳкама бўлиб ўтди ва суд ҳукми билан у умрбод озодликдан маҳрум этилди. Ҳозирги парламент Шихмуродов ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаётган вақтда сайланган эди. Демак, Шихмуродовнинг ҳозирги парламент депутатлари орасида танишлари ва ҳатто дўстлари бўлиши мумкин. “Ниёзов айнан шундан хавотирда, парламент депутатларини ўзгартириш ортида ҳам айнан шу сабаб бор”, деб фикр билдиришмоқда кузатувчилар.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган “Юрэйжа Груп” таҳлилчилар ва маслаҳатчилар гуруҳининг директори Александр Заславский 25 ноябрга қадар Туркманистон мухолифатининг мухожиратда яшаётган вакиллари Туркманистонга сафар қилиш имконига эга бўлганлар, улар парламент депутатлари орасида ҳам тарғибот ишларини олиб борган ва муваффақиятга эришган бўлишлари мумкин, дейди.

“Туркманистон парламенти ва аҳолиси орасида мухолифат тарафдорлари кўп бўлиши мумкин”, - дейди Заславский.

Хўш, Сапармурот Ниёзов депутатлардан кимларни мухолифатга хайрихоҳликда гумон қилиши мумкин? Туркманистонда одатга айланиб қолган амалиётга кўра, юқори мартабали расмийлар ишларини яхши бажара олмаганлари учун лавозимларидан озод этиладилар ва сўнг уларга жиноят содир этганлик айблари қўйилади. Ниёзов депутатларни бирма-бир депутатликдан маҳрум этиб, суд қила бошласа, бу жаҳон ҳамжамияти эътиборини ўзига тортиши ва Ниёзов аҳволини янада оғирлаштириши мумкин. Шу сабабдан Ниёзов биринчи навбатда парламентни ўзгартириб, сўнг собиқ депутатларни уларга у ёки бу айбларни қўйиб, сиёсий ёки жисмоний жиҳатдан йўқ қилиши мумкин.

Заславскийнинг фикрича, шу билан бирга Ниёзов янги парламент сайлаб, оммавий таянч ва обрўга эгалигини яна бир бор намойиш қилмоқчи.

“Президент Ниёзов ўз позициясини легитимлаштирмоқчилиги аниқ. Бунга эҳтиёж унинг ҳаётига суиқасд қилинишидан сўнг айниқса ошди. Ўйлашимча, асл мақсад - парламент сайловларини ўтказиш орқали президентнинг халқ орасида обрўга эгалигини намойиш қилишдир. Сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга аҳолининг деярли 100 фоизи иштирок этганлиги ҳақида хабарлар мени ҳайрон қолдирмайди”, - дейди Александр Заславский.

Мутахассислар, шунингдек, парламент сайловларини ўтказиш орқали Ниёзов юқори мартабали сиёсатчиларга ўзининг мамлакатдаги вазиятдан норозилигини намойиш қилмоқчи бўлиши ҳам мумкин, дейишмоқда. Бундан ташқари Ниёзов давлат мулозимларига улар лавозимларини осонликча йўқотишлари мумкинлигини эслатиб, президентга садоқат намойиш қилиш зарурлигини кўрсатмоқчи.

Туркманистон қонунларига кўра, фуқаронинг овоз бериш ҳуқуқи унинг келиб чиқиши, миллати, жинси, тили, маълумоти, дини, сиёсий қарашлари ва партияга аъзолиги билан белгиланмайди. Бироқ, Ниёзов бир неча йил олдин қабул қилган қарорга кўра, ҳукуматнинг ҳар бир мутасаддиси ўзининг келиб чиқишини яхши билиши, бунинг учун камида уч авлодини аниқлаши лозим. Бу эса ҳукуматга “тўғри келмайдиган” авлод ёки оила аъзоси давлат идорасида ишлай олмаслигини англатади. Бундан ташқари, Туркманистонда фақат сунна ислом ва православ христиан динларига рухсат этилган. Сиёсий партияларни оладиган бўлсак, фақат Сапармурот Ниёзов раҳбарлик қилаётган Туркманистон демократик партияси фаолият олиб бора олади.

Мана шу омиллар мустақил кузатувчиларни янги сайланган парламент ўзининг президент Ниёзовга содиқлиги ва у билан рақобат қилмаслиги билан эскисидан фарқ қилмайди, деган хулосага келишга мажбур қилаётир.
XS
SM
MD
LG