Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:44

АҚШ полицияси Вашингтон Д.С.да яшовчи АҚШ Федерал Банки раиси Алан Гринспэннинг уйига ўғриликка тушган шахсларни қидирмоқда.


Матбуот вакили Мишел Смит хоним: “17 январ куни раис яшайдиган уйга ўғри тушган. Шаҳар полицияси бу воқеа юзасидан текшириш олиб боряпти. Текшириш манфаатларини назарга олган ҳолда улар биздан воқеа тафсилотларини ошкор қилмасликни сўрашди”, деди.
Дунёдаги энг қудратли ҳисобланган АҚШ Марказий банки раиси Алан Гринспэн ўз уйида рафиқаси Андреа Митчел билан яшайди. Митчел НБС Ньюс телеканалининг хорижий хабарлар бўйича бош мухбири бўлиб ишлайди. Вашингтон Д.С полициясининг матбуот вакили Куинтин Петерсон ўғрилар кирган пайтда уйда ҳеч ким бўлмаганини, улар бир нечта буюмни олиб кетганларини айтиб, бошқа маълумот бермади. У фақат, сигнализацияга ишлаб кетганидан кейин полиция дарҳол жавоб берганини айтди.





* * *


Германия полицияси жума куни тарқатган маълумотга кўра, Германия полицияси АҚШ ва голландиялик ҳамкасблари ёрдамида наркотиклар савдоси билан шуғулланувчи халқаро жиноий гуруҳ аъзоларини қўлга олган. Полиция матбуот вакили, 100.000 дона маст қилувчи таблетка олиб келинган пайтда қўлга туширилганини ва бу контрабандачиларга берилган кучли зарба эканини айтди. Декабр ойи охирида қўлга олинган Германиянинг бир нафар ва Голландиянинг икки нафар фуқароси ҳозир Дюисбургда ҳибсда сақланмоқда. Шу иш юзасидан тергов олиб бораётган мутахассислар бу наркотикларни яширинча олиб келишга АҚШ, Австрия, Ҳиндистон, Голландия ва Германия фуқаролари аралашганини маълум қилдилар. Октябр ойи охирида Ҳиндистондан келган юк орасига беркитилган 565 кг қорадори топилганидан кейин АҚШнинг Адлия вазирлиги контрабандачилар гуруҳининг икки аъзосини қўлга олиш ҳақида ордер берган. Ушбу иш юзасидан олиб борилган текшириш натижасида Австрия ҳукумати декабр ойида икки нафар АҚШ фуқароси ва бир нафар Ҳиндистон фуқаросини қўлга олган.




* * *


17 январ куни Испания хукумати мунисипал ва вилоят сайловлари ўтказиладиган жорий йилда жиноятчиликка қарши ўтказиладиган кураш дастурини тасдиқлади. Бўлиб ўтган матбуот конференциясида Адлия вазири Хосе Мариа Михавила жиноят кодексини чуқур ислоҳ қилишдан асосий мақсад испанияликлар уяли телефонларини ўғирлатиб қўйишдан қўрқмай кўчада бемалол юришларини таъминлашдан иборат эканини айтди. Расмий маълумотларга кўра, 2002 йилда қамоқдаги маҳбуслар сони 12 фоизга ошган ва уларнинг 64 фоизи қайтадан жиноятга қўл урган шахсларни ташкил этади. Жума куни Испания полицияси ноқонуний пулларни қонунийлаштириш яъни пулларни ювиш билан шуғулланиб келган Европадаги энг йирик жиноий гуруҳни қўлга олганини маълум қилди. Ўтказилган операция давомида қўлга олинган 101 шахснинг асосий қисми Испания, Колумбия ва Доминика республикаси фуқаролари бўлган. Испания Ички ишлар вазири Ангел Асебес, “ОНА” шартли номи остида ўтказилган 11та махсус операция давомида 542 кг кокаин, 9.5 миллион евро қўлга туширилганини маълум қилди.







* * *


“Лидове новини” газетаси тарқатган хабарга кўра, Прага-Бревновдаги Исроил консулхонаси ходимларидан бири яшайдиган уйда юз берган воқеадан кейин Исроил ҳукумати Чехия Ташқи ишлар вазирлигидан хавфсизлик чорасини кучайтиришни сўраган. Газета маълумотига кўра, тўрт номаълум шахс жума куни исроиллик дипломат яшайдиган уй олдида машинадан тушиб суюқ модда солинган полиэтилен пакетни ҳовлига улоқтирган ва машинага ўтириб кетиб қолган. Полиция дарҳол хавфсизлик чораларини кучайтирган. Газетанинг Чех полицияси матбуот вакили Бланка Косикова айтганига асосланиб билдиришича, пакет ичида қора рангдаги ёнмайдиган суюқ модда бўлган.
XS
SM
MD
LG