Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:34

Ироқлик кўнгиллиларнинг Веҳгриядаги машқлари


А. Аррал

Венгрия ҳукуматининг билдиришича, тахминан 3 минг кишидан иборат ироқлик кўнгиллиларнинг биринчи гуруҳи шу ойнинг охирларида Тасзар ҳаво базасига етиб борадилар. Улар, Будапештдан тақрибан 195 километр узоқликда жанубда жойлашган мазкур ҳаво базасида америкалик мутахассислар томонидан тарбияланадилар. Венгрия маъмурларининг айтишларича, бу ерда ироқлик кўнгиллиларга ҳарбий машқлар берилмайди.

АҚШ ва Венгриянинг Будапештдаги расмийларининг таъкидлашларича, агарда Ироққа қарши ҳарбий амалиëтлар бошланадиган бўлса, кўнгиллилар АҚШ кучларига ҳимоячилар сифатида ëрдам беришлари мумкин бўлади.

Мудофаа вазирлиги матбуот вакили Петер Матйучнинг сўзига кўра, мазкур кўнгиллиларнинг айримлари Ироқда тартиб-интизомни сақлаб туришга кўмаклашсалар, бошқалари муваққат маъмуриятни ташкил этиш ишларига ëрдамлашадилар. Шунингдек, улардан баъзилари таржимон сифатида ҳам ишлайдилар.

АҚШ маъмурлари, сафарбар қилинаëтган кўнгилли ироқликлар ҳақида маълумот беришга унчалик мойиллик кўрсатмаëтган бир пайтда, Венгрия манбалари биринчи кўнгиллиларнинг 26 январдан кейин Тасзар ҳаво базасига етиб келишлари тахмин этилаëтганини маълум қилди. Аммо, хавфсизлик сабабларига кўра улар қаердан келишларини ошкор қилмади.

Мухбиримиз хабарига кўра, 5 январда Американинг техник ходимлари, 12 январда эса тақрибан 150 кишидан иборат АҚШ ҳарбий полицияси Тасзар ҳаво базасига етиб келишган. Мазкур база 1995 ва 1996 йилларда АҚШ тинчликни сақловчи кучлари учун Босния-Герсеговинага ўтишда муҳим минтақа ҳисобланган. Ўшанда АҚШнинг тахминан 25 минг аскари Тасзар орқали ўтишган ва улар 1999 йилда Югославияга қарши НАТО нинг ҳаво ҳужумларида ишлатилган.

Тасзар шаҳрининг муваққат раиси Тибор Мертзнинг айтишича, маҳаллий аҳолидан тақрибан 2 минг нафари ироқликларнинг бу ерда бўлишларидан хавотирланишмоқда. Улар шаҳар террорчиларининг нишони остига тушиб қолиши мумкинлигидан ташвишланмоқда. Шу боис, шаҳарда хафсизликни таъминлаш учун молиявий ëрдам кераклигига ишора қилади, шаҳар раиси.

Маҳалий аҳолидан бири Юдит Неметнинг айтишича, халқ ироқликларга машқлар пайтида базадан чиқмасликларини ва маҳаллий аҳоли билан алоқа ўрнатмасликларини тавсия этган. "Айрим кишилар анча ташвишда. Улар Ироқнинг машқлар жойига ҳужум қилиши мумкинлигидан қўрқувга тушиб қолган. Бу эса шаҳарни хавф остида қолдириши мумкин", дейди Юдит Немет.

Яқинда Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали маъмури мавжуд ташвишларни бартараф этиш мақсадида маҳаллий расмийлар учун анжуман ўтказди. Шу мавзу атрофида сўз юритган Мудофаа вазири ҳам Тасзарда ҳеч қандай ҳарбий машқлар олиб борилмайди, деб баëн этди. Унга кўра, бу билан Венгрия ҳукумати халқаро терроризмга қарши курашга фаол ҳисса қўшган бўлади.

Ироқнинг Будапештдаги элчиси Мўхлиф Ëсин Ал-Саммарийнинг таъкидлашича, ушбу машқлар дастури Венгрия билан Ироқ ўртасидаги муносабатларга рахна солиши мумкин.
XS
SM
MD
LG