Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:41

Чоршанба куни Арманистонда президентлик сайловлари ўтказилади.


Акрам Файзулло

Чоршанба куни Арманистон фуқаролари президентлик сайловларида овоз берадилар. Аксарият кузатувчилар ҳозирги президент Роберт Кочарян бошқа 8 номзодни доғда қолдириб, қайта сайланишини башорат қилишмоқда.

Озод Европа Озодлик радиоси Арман шўъбасининг ходими Армен Дулян ҳам бу фикрга қўшилади. Унинг қайд этишича, Кочарян қайта президент этиб сайланишини аввал-бошданоқ айтган.

“Менимча, Роберт Кочарян қайта президент этиб сайланади. Чунки Кочарян қайта сайланишини ва сайловнинг иккинчи давраси ўтказилмаслигини даъво қилди. Агар Арманистонга ўхшаган мамлакатда иқтидордаги президент қайта сайланишини овоз бериш бошланмасдан бурун айтса, у қайта сайланиши аниқдир”, - деди Армен Дулян.

Арманистон собиқ совет републикалари орасида қашшоқ мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ўртача ойлик тахминан 50 долларни ташкил қилади. Мамлакатда ишсизлик кенг тарқалган, кўплаб завод-фабрикалар ëпилган.

Кочарян сайлов-олди кампаниясида фуқароларга мурожаат қилиб, “агар менга овоз берсанглар, мамлакатда бошланган ривожланишни давом эттириш учун яна ҳам яхшироқ ишлайман”, деб ваъда берди.

Озод Европа Озодлик радиоси Арман шўъбасининг ходими Армен Дулян фикрича, Арманистон фуқароларининг аксарияти Кочарян берган ваъдаси устидан чиқишига ишонадилар.

“Арманистон иқтисодиëтида озми-кўпи ривожланиш бўлаяпти. Шунинг учун ҳам фуқаролар агар Кочарян қайта президент этиб сайланса, мазкур ривожланишлар давом эттирилишига ишонадилар. Янги иш жойлари яратилмоқда. Кочарян йилига 40 минг иш жойини яратиш ҳақида ваъда берди. Кочарян илгари берган ваъдаларини бажаргани туфайли, фуқароларининг аксарияти унга ишонадилар”, - деди Армен Дулян.

Кочарян сайловлар эркин ва адолатли бўлиши кераклигини таъкидлаб, халқаро ташкилотларнинг 6 мингдан ошиқ вакиллари сайловни кузатишларини маълум қилди. Арманистон мухолифат лидерлари Кочарян ҳокимиятда қолиш учун овозларни соҳталаштириши мумкинлиги ҳақида хавотирланиш билдирмоқдалар. Аммо Армен Дулянга кўра, агар овозлар соҳталаштирилгани халқаро кузатувчилар томонидан тасдиқланса, Арманистон жиддий муаммоларга дуч келиши мумкин.

“Менимча, Роберт Кочарян ҳақиқатан ҳам сайловлар эркин ва адолатли бўлишини истайди. Акс ҳолда, халқаро ҳамжамият Арманистонга босим қилади ва бу мамлакатга катта зарар етказиши мумкин. Муаммолар етарли. Озарбайжон билан бўлган Тоғли Қорабоғ мажороси ҳали ҳам ҳал этилгани йўқ”, - дейди Армен Дулян.

Арманистон мухолифат лидерлари овозлар соҳталаштирилган тақдирда, сайлов натижаларини тан олмасликларини, ҳамда оммавий намойишлар уюштиришлари тўғрисида огоҳлантирдилар.

Кочарян сайлов-олди кампаниясида Тоғли Қорабоғ мажоросига ечим топилиши ҳақида ҳам умид билдирди. Армен Дуляннинг қайд этишича, муаммони фақат муроса қилиш орқалигина ҳал қилиш мумкин.

“Арманистон президентлик сайловларида ким ғолиб чиқишидан қатъий назар, Тоғли Қорабоғ можаросига ечим топиш устида жиддий ишлашига тўғри келади. Кочарян айни масала юзасидан ўтган 3-4 йил мобайнида Озарбайжон президенти Ҳайдар Алиев билан тахминан 20 марта учрашди. Аммо томонлар муросасисиз муаммони ҳал этиш имконсиздир”, деди Армен Дулян.

Жорий йил охирларида Озарбайжонда ҳам президентлик сайловлари ўтказилади. Кузатувчиларга кўра, мазкур сайловлардан кейингина Тоғли Қорабоғ масаласида қандайдир натижага эришиш мумкин бўлади. Арман журналисти Армен Дулян ҳам шундай фикрда.

“Жорий йилда Тоғли Қорабоғ можаросига ечим топилиши кутилмайди. Чунки агар сайловлардан олдин Кочарян ҳам, Алиев ҳам муроса қилишларини очиқ айтсалар, ҳокимиятда туришлари жиддий шубҳа остида қолишини яхши биладилар”, - дедиОзод Европа Озодлик радиоси Арман шўъбасининг ходими Армен Дулян.
XS
SM
MD
LG