Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:09

Кувайтликлар Ироқнинг эҳтимолий ҳужумини қайтаришга тайëрланмоқдалар.


Акрам Файзулло

АҚШ етакчилигида Ироққа қарши уруш бошланган тақдирда, Бағдод биринчи бўлиб Америка қўшинлари жойлаштирилган Кувайтга ҳужум қилиши мумкин. Буни яхши билган кувайтликлар Ироқнинг эҳтимолий ҳужумини қайтаришга тайëрланмоқдалар.

Хизмат сафари билан Кувайтга борган Озод Европа/Озодлик радиоси мухбири Рон Сэновитз (Ron Synovitz) мамлакатда ўтказилаëтган мудофаа машқларига гувоҳ бўлди.

Мудофаа машқларининг бирида, Ироқ Кувайтнинг Доха ҳудудидаги электр станцияси ва сув тозалаш иншоотига ракеталар отгани эълон қилинади. Ўт ўчириш, тез ëрдам ва бошқа қутқарув хизматлари воқеа рўй берган жойга етиб келадилар. Ушбу иншоот ва станциянинг тахминан 1 минг 400 нафар ишчилари, шошилинч равишда автобуслар билан хавфсиз жойларга кўчирилади.

Кувайт Фуқаро Мудофааси бошқармаси офицери Халид Ал-Мутаири қутқарув ишларини аниқроғи ўйинларини диққат билан кузатиб боради.

“Фуқаро Мудофааси бошқармаси кўрсатмаларига биноан ўтказилаëтган мазкур қутқарув машқларининг минтақадаги ҳозирги кескин вазиятга бевосита алоқаси бор”, - дейди Халид Ал-Мутаири Озодлик мухбирига.

Кувайт ҳукумати Дохадаги электр станцияси ва сув тозалаш иншооти стратегик аҳамиятга молик бўлгани туфайли, ҳужумга учрашидан хавотирланмоқда.

Бундан ташқари, Ироқ чегарасидан 110 километр масофада бўлган Доха ҳудудида АҚШнинг ҳарбий базаси ҳам жойлашган.
Кувайт Фуқаро Мудофааси бошқармаси офицери Халид Ал-Мутаири қутқарув машқларини муваффақиятли, деб баҳолади.
“Қутқарув машқларида барча ишчилар, шу жумладан ўт ўчирувчилар ва тиббий ëдам кўрсатувчи ходимлар ўз вазифаларини кўнгилдагидек бажармоқдалар”, - дейди Халид Ал-Мутаири.

Аммо қутқарув машқларини четдан кузатаëтган мухбирлар айрим жиддий хатоларга йўл қўйилаëтганига шоҳид бўлмоқдалар. Мисол учун, душанба кунги қутқарув машқи давомида ўт ўчирувчи яраланиб ëтган кишига ëрдам бермасдан, ўтиб кетган. Ундан; “Нега яраланган кишига ëрдам бермадингиз”, деб сўралганда, ўт учирувчи; “бу менинг ишим эмас, қолаверса бизга оддий тиббий ëрдам кўрсатиш усулини ўргатишмаган”, деб жавоб қилди. Орадан 15 дақиқа ўтгандан сўнг тез ëрдам машинаси етиб келди ва яраланган кишига тиббий ëрдам кўрсатилган.

Кувайт расмийлари қутқарув машқларида кузатилаëтган камчиликлар тез орада тузатилишига умид билдирдилар.

Айни пайтда, Қувайтдаги 100 мингдан ошиқ АҚШ ва Британия қўшинлари Ироққа ҳужум қилиш ҳақидаги буюруқни кутмоқдалар. Эҳтимолий урушдан хавотирланган кўплаб қувайтликлар ўтган ой мобайнида мамлакатни тарк этдилар. Кувайтдаги хорижий ишчиларга ҳам ўз давлатлари томонидан мамлакатдан чиқиб кетиш тавсия қилинди ëки буюрилди. Кувайт Ички ишлар вазирлиги ҳам хорижийларни уруш бошланган тақдирда ички хавфсизликни таъминлаш қийин бўлишидан огоҳлантирди.

Кувайт Фуқаро Мудофааси бошқармаси расмийларига кўра, шу ой охиригача мамлакатга 2 миллионта газниқоб келтирилади ва аҳолига тарқатилади. Мазкур бошқарма бошлиғи Мустафо Жумаа кувайтликлар ва чет элликларни Ироқнинг Қувайтга заҳарли газ билан ҳужум қилиши аниқ, деган хулосага келмаслик тўғрисида огоҳлантирди.

Расмий Бағдод, агар АҚШ етакчилигида Ироққа қарши ҳужум қилишда Кувайт ҳудудларидан фойдаланилса, Американинг Кувайтдаги ҳарбий базаларини нишонга олишини маълум қилди.
Кувайт Бош вазирининг ўринбосари Шайх Сабоҳ Ал-Аҳмад Ал-Сабоҳ жамоатчилик орасидаги хавотирланишларни юмшатишга уриниб, “Кувайт Форс кўрфазидаги энг хавфсиз мамлакатдир”, - деди. Аммо Шайх Сабоҳ Ироқнинг Кувайтга ҳужум қилиш таҳдиди жиддий эканини эътироф этди.
XS
SM
MD
LG