Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:07

Озарбайжон президенти Ҳайдар Алиев Вашингтонда Америка раҳбарлари музокаралар олиб бормоқда.


Акрам Файзулло

Шу кунларда Вашингтонда Озарбайжон президенти Ҳайдар Алиев АҚШ президенти Жорж Буш ва бошқа расмийлар билан музокаралар олиб бормоқда.

2001 йил 11 сентябр фожиаларидан кейин президент Буш, Америка халқаро терроризмга қарши кампания бошлаганини эълон қилиб: “Сиз биз билан бирга бўласиз ëки сиз бизга қаршисиз”, деганида Марказий Осиë республикалари сингари, Озарбайжон ҳам иккиланмасдан: “Биз сиз билан биргамиз”, - деб жавоб қилди.

Мазкур фожианинг эртасига куни президент Ҳайдар Алиев АҚШнинг Бокудаги элчисини қабул қилиб, Вашингтон билан яқиндан ҳамкорлик қилишни таклиф этди.

Алиев дастлаб, Афғонистондаги аксил-террор кампания учун Америка ҳарбий учқичларига Озарбайжон ҳаво ҳудудларидан фойдаланишга рухсат берди. Алиев шунингдек, АҚШнинг НАТОдаги қўшинлари вақтинчалик Озарбайжон ҳудудларида жойлаштирилишини қабул қилди.

Бундан ташқари, Озарбайжон ҳукумати АҚШ Молия вазирлигининг ëрдами билан террорчи гуруҳлар ҳисобига пул ўтказилишни таъқиқловчи махсус банк механизми жорий қилди. Яқинда Озарбайжон расмийлари террорчи гуруҳларни молия билан таъминлаганликда шубҳа этилган (Benevolence International) мусулмон хайрия ташкилотининг банк ҳисобларини музлатиб қўйдилар.

Озарбайжоннинг Қўшма Штатлар билан бўлган яқин алоқалари фақат аксил-террор кампаниясидаги ҳамкорлик билан чекланиб қолмайди. Бокудан Тбилиси орқали Туркиянинг Жайҳон портигача нефт қувурлари ëтқизиш лойиҳаси бир неча йилдан бери Вашингтон томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Хўш, Озарбайжон президенти Ҳайдар Алиевнинг Вашингтон сафаридан кўзланган асосий мақсад нималардан иборат? Озод Европа ва Озодлик радиоси Озарий шўъбаси директори Мирза Хазар бунга қуйидагича жавоб беради:

“Мазкур сафар тафсилотлари ҳақида аниқ маълумотларга эга эмасмиз, аммо Озарбайжон матбуотида эълон қилинган хабарларга қараганда, президент Алиев президент Буш билан учрашганда Озарбажоннинг Ироқ бўҳронига нисбатан позициясини муҳокама қилади”, - дейди Мирза Хазар.

Кузатувчилар фикрича, Марказий Осиë мамлакатлари АҚШ етакчилигидаги аксил-террор кампаниясига қўшилганидан кейин, Америка минтақадаги демократия ва инсон ҳуқуқлари вазиятига етарли эътибор бермаяпти. Қўшма Штатлар шунингдек, Озарбайжондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига ҳам панжа орасидан қарамоқда. Мирза Хазар бу хусусда ўзгача фикр билдиради:

“Мен бу фикрга қўшилмайман. Чунки Марказий Осиë мамлакатлари ва Озарбайжондаги инсон ҳуқуқлари вазияти бир-биридан фарқ қилади. Мисол учун, бугун Озарбайжонда матбуот деярли эркин, 30дан ошиқ сиëсий партиялар фаолият кўрсатмоқда. Тўғри, Озарбайжонда сиëсий маҳбуслар бор ва расмийлар баъзи ҳолларда матбуот эркинлигини бўғишга уринишмоқда. Шунга қарамай, Озарбайжондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини Марказий Осиë мамлакатларидаги аҳволга қиëслаб бўлмайди”, - дейди Мирза Хазар.

Айрим таҳлилчиларга кўра, Американи Озарбайжондаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан кўра, у ердаги нефт ва газ заҳираларини кўпроқ қизитиради. Мирза Хазар бундай фикрга ҳам қўшилмаслигини айтади:

“Йўқ, мен бу гапларга ишонмайман. Ҳозирда Каспий ëки Озарбайжон нефти жаҳон бозорида ҳеч қандай рол ўйнамайди. Балки, 10-15 йилдан кейин Озарбайжон нефти муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Лекин айни пайтда, Америка Озарбайжон нефтига қарам эмас”, - дейди Мирза Хазар.

Биз Мирза Хазар билан ўтказган мулоқотимиз сўнггида: “Вашингтонда музокаралар олиб бораëтган Озарбайжон президенти Ҳайдар Алиев АҚШ расмийларидан Тоғли Қорабоғ масаласини ҳал қилишда ëрдам сўраши мумкинми”, деб сўраганимизда, ундан шундай жавоб олдик:

“Тоғли Қорабоғ можаросига ечим топиш масаласи АҚШ ҳукумати сиëсатига эмас, асосан Озарбайжон, Арманистон шунингдек Россия позицияларига боғлиқдир. Агар Озарбайжон ва Арманистон ўзаро муросага келмасалар, Қўшма Штатлар муаммони ҳал этишда ëрдам беролмаслиги мумкин”, - дейди бу хусусда Озодлик радиоси Озарий шўъбаси директори Мирза Хазар.
XS
SM
MD
LG