Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:18

ЕХҲТ ташаббуси билан Тожикистонда Миллий Юристлар уюшмаси ташкил қилинмоқда.


Акрам Файзулло

Куни-кеча Тожикистоннинг Сўғд ва Хатлон вилоятларида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) ташаббуси билан минтақавий юристлар уюшмалари ташкил қилинди.

Бундай ташкилотлар жорий ой охиригача Душанбе шаҳрида Миллий Юристлар уюшмасини ташкил этиш учун имконият яратади. ЕХҲТнинг Тожикистондаги расмий вакили Марк Жилбеэр (Marc Gilbert) Миллий Юристлар уюшмаси ташкил этилишини Тожикистонда мустақил адлия тизимини яратиш сари қўйиладиган мухим қадам сифатида тилга олди. Унга кўра, мустақил адлия тизими, ўз навбатида, Тожикистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, шунингдек мамлакатга ташқи сармояни жалб этишга катта ҳисса қўшади.

Жилбеэр Миллий Юристлар уюшмаси, Тожикистон адлия тизимида кенг салоҳиятларга эга бўлган Давлат Прокуратурасига муқобил ташкилот сифатида фаолият кўрсатишини қайд этади:
“Ҳар қандай тизимда муқобил ташкилот бўлиши зарур. Тожикистон Конституциясига мувофиқ, адлия тизими мустақил бўлиши керак, лекин амалда бунга ҳеч қандай шароит яратилмаган. Тожикистон Давлат Прокуратураси идорасига катта салоҳиятлар берилган. Миллий Юристлар уюшмаси ташкил этилиши адлия тизимининг турли бўлимлари ўртасида мувозанат ўрнатишга ëрдам беради”, - деди Марк Жилбеэр.

Айтилишича, юристлар уюшмаси қонун устиворлиги учун курашади, адвокатлар малакасини оширади ва қонунчилик соҳаси бўйича жамоатчиликка хизмат кўрсатади.

Маҳаллий мутахассисларга кўра, бугун Тожикистон Адлия тизимида адвокатлар роли шунчаки рамзий бўлиб, худди совет давридаги каби адвокатура деярли кўзга кўринмайди.

Душанбелик адвокат Давлат Саркоров маҳкама жараëнларида
адвокатлар салоҳияти ниҳоятда чеклаб қўйилганини билдиради:
“Тожикистонда адвокатлар судга таъсир қила олмайдилар. Уларнинг роли рамзий, ҳеч қандай салоҳияти йўқ. Тўғри, маҳкама жараëнида адвокатлар фикри тингланади, лекин бирор бир натижа бўлмайди. Адвокатларга берилган салоҳият амалда эмас, фақат қоғоздагина мавжуд”, - деди Давлат Саркоров.

Тожикистон инсон ҳуқуқлари гуруҳи бошлиғи Ислом Ваққосов адвокатларнинг ўзлари ҳимояга эҳтиëж сезаëтганларини қайд этади:
“Тожикистонда ҳакам, прокурор ëки милиция ходимини ҳақорат қилиш жиноят ҳисобланади. Аммо адвокатни исталганча ҳақорат этиш мумкин. Бунга қарши бирор-бир қонун қабул қилинмаган”, - дейди Ислом Вақосов.

Кузатувчиларга кўра, Тожикистон Адлия тизимини мутлақо мустақил деб бўлмайди, бутун тизим ҳукумат томонидан бошқарилади. Тахминан 10 доллар ойлик олувчи ҳакамлар ҳам порахўрлик ботқоғига ботганлар.

Тожикистон Бош Прокурори ўринбосари Азизмат Имомов ўтган йили камида икки ҳакам пора олганлик айби билан жазога тортилганини маълум қилди:
“Тожикистон Олий суди Нав округининг собиқ ҳаками Додажон Абдиев ва Ғончи округининг собиқ ҳаками Луқмон Алиевларни порахўрликда айблаб, қисқа муддатда озодликдан маҳрум этди”, - деди Азизмат Имомов.

Хизмат сафари билан Душанбе шаҳрига борган Америка Юристлар уюшмасининг аъзоси, адвокат Дэвид Оконнор (David O’Connor) Миллий Юристлар уюшмаси Тожикистон адлия тизимидаги коррупцияга қарши курашга ҳисса қўшишига ишонишини билдиради:
“Агар Миллий Юристлар уюшмаси кучли ташкилот бўлса, Тожикистонда порахўрликни камайтириш мумкин. Мазкур уюшма Ҳакамлар Уюшмаси билан биргаликда ишлаш орқали, коррупцияга қарши самарали кураша олади”, - дейди америкалик адвокат Дэвид Оконнор.

Бироқ тожикистонлик адвокатлар янги юристлар уюшмалари мамлакатдаги вазиятни бу яқин орада яхшилай олишига унчалик ишонмайдилар.
XS
SM
MD
LG