Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:21

Аҳмад Чалабий Ироқ раҳбари бўла оладими?


Фарангис Саид

Иттифоқчи қўшинлар Ироқ жанубидаги Насирия шаҳрига кириб борганларидан кўп ўтмай у ерга Аҳмад Чалабий қайтиб борди. 58 ёшлик математик ва банкир учун бу профессионал ва шахсий ҳаётидаги энг муҳим ҳодисалардан бири бўлгани шубҳасиз. Лекин унинг оқибатлари қандай бўларкин?

Саддам Ҳусайнга мухолиф бўлган, қароргоҳи Лондонда жойлашган Ироқ миллий конгресси, деб номланган гуруҳ раҳбари Аҳмад Чалабий АҚШ етакчилиги ва назоратида ўрнатиладиган янги Ироқ ҳукуматини бошқариш ниятида. Айнан шу ният уни Насирияга қайтишга мажбур қилди. Бироқ ҳозирги кунга қадар Чалабийнинг янги ҳукуматдаги роли ноаниқлигича қолмоқда.

Баъзи маълумотларга кўра, Вашингтон Ироқда АҚШ армияси етакчилигидаги ҳукумат ўрнатиб, унинг таркибида 23 вазирлик тузмоқчи. Оқ уй режаларига кўра, вазирлар америкаликлар, улар маслаҳатчилари эса ироқликлар бўладилар. Чалабийга Молия вазирлигида иш таклиф қилиниши мумкин. Чалабийни билган ва таниганлар у иккинчи ролни ўйнашга рози бўлмайди, демоқдалар.

ОАВ бу маълумотларни тарқатар эканлар, Оқ уй ва Давлат департаменти уларни шаҳламасликка ҳаракат қилмоқдалар. Ироқ миллий конгресси вакиллари АҚШ Давлат департаментига Насирияда учрашиб, Ироқ келажагини муҳокама қилишни таклиф этдилар, бироқ таклиф жавобсиз қолди. Кузатувчилар тахминларига кўра, АҚШ Давлат департаменти расмийлари Чалабийга биринчиликни бериш ҳали эрта, деб ҳисобламоқдалар. Улар Ироқ мухолифати орасида бошқа лидерларни ҳам топишга ҳаракат қилаётган бўлишлари мумкин.

Бошқа маълумотларга кўра, Чалабийнинг АҚШ Давлат департаменти ва Марказий разведка бошқармаси билан алоқалари ниҳоятда тарангдир. Икки идора расмийлари Чалабийнинг шиялигидан хавотирда. Мутахассислар фикрича, шиялар Ироқ аҳолисининг аксарият қисмини ташкил этсалар-да, Вашингтон раҳбарликка сунна исломига мансуб бўлган шахсни танлашга ҳаракат қилади. Акс ҳолда АҚШнинг Яқин Шарқ минтақасидаги сунна мусулмон давлатлари билан алоқалари ёмонлашиши мумкин.

Вашингтонда жойлашган Жонс Хопкинс университети профессори, Яқин Шарқ минтақаси бўйича мутахассис Мариус Дид Чалабий тақдирини АҚШ давлат департаменти ёки Марказий разведка бошқармаси эмас, балки президент Жорж Буш ҳал қилишини айтади:

“Бу қарорни президент, вице-президент ва мудофаа котиби қабул қиладилар. Шу боис, ўйлашимча, агар Оқ уй муайян шахсни Ироқ янги раҳбари сифатида танласа ва Ироқни ҳозирда назорат қилаётган Пентагон бу номзодни қўллаб-қувватласа, демак у, масалан Чалабий, реал номзод ҳисобланади”.

Чалабий тарафдорлари орасида америкалик олимлар ҳам бор. Озод Европа-Озодлик радиоси мухбири Жан Кристоф Пёх бундайлардан бири – Принстон университети профессори, Яқин Шарқ бўйича мутахассис Бернард Люис билан суҳбатлашди. Профессор Люис Чалабий ҳақда мана бундай фикрда:

“Менимча, Чалабий виждонли, софдил, довюрак одам. Мен уни 12 йилдан бери биламан. Қанча кўп билсам, шунча кўп ҳурмат қиламан. У енгил ва фаровон ҳаётни танлаши мумкин эди. Аммо Аҳмад Чалабий Саддам Ҳусайн режимига қарши чиқишга қарор қилиб, бу билан ватанпарварлигини намойиш қилди”.

Бағдоднинг бадавлат оиласи фарзанди Аҳмад Чалабий 1958 йилда Британия ҳомийлигидаги Хошимийлар сулоласи ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг АҚШга жўнаб кетди. У Чикаго университети қошидаги Массачусетс Технология институтини битирди. Сўнг Чалабий Байрутдаги Америка университетида математикадан дарс берди. Ливанда фуқаролар уруши бошланди ва Чалабий яна бир бошқа мамлакатга кўчишга мажбур бўлди. Бу сафар у Иордания пойтахти Амманда бошпана топди ва Петра банкида ишлай бошлади. 1989 йилда банк банкрот бўлди. Чалабий Лондонга кўчиб кетди ва Британия фуқаролигини олди. Уч йилдан сўнг Иордания суди уни банк маблағларини ўғирлаганлик ва фирибгарликда айблаб, сиртдан суд қилди ва 22 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақда ҳукм чиқарди. Чалабий айбловларни инкор этди.

Айни вақтда газеталар Чалабий жуда бадавлат одам эканини ёзишда давом этардилар. Масалан, ўтган январ ойида АҚШнинг “Ню-Йорк Таймс” газетаси мухбири Чалабийнинг Теҳрондаги уйига борган ва Чалабийдан ҳашаматли хонадон учун маблағ қаердан топилганини сўраган. Бунга жавобан Аҳмад Чалабий унинг барча харажатлари АҚШ давлат бюджетидан қопланаётганини очиқ эътироф этган.

Чалабийнинг сиёсатчи сифатида кўтарилиши 1991 йилдаги Форс кўрфази урушидан сўнг Ироқ миллий конгресси Саддам Ҳусайн мухолифи сифатида АҚШ томонидан тан олинганидан сўнг бошланди. АҚШ президенти этиб Жорж Бушнинг сайланиши Чалабийга қўл келди, чунки унинг Билл Клинтон билан муносабатлари унча яхши эмас эди.

1998 йилда Чалабий воситачилиги натижасида АҚШ Конгресси “Ироқ ҳалоскорлиги акти”ни қабул қилди ва бу билан ўзининг мақсади сифатида Саддам Ҳусайн режимини ағдаришни белгилади. Чалабий бошчилигидаги Ироқ миллий конгресси эса АҚШдан ўнлаб миллион доллар ёрдам олди.

Ироқ миллий конгресси фаолиятини самарасиз, деб баҳолаган АҚШ Давлат департаменти Ироқ мухолифатидаги яна бир гуруҳ – асосан сунна мусулмонларидан ташкил топган Ироқ миллий жумбушини қўллаб-қувватлай бошлади.

Ҳозирги кунда ҳам АҚШ Давлат департаменти ҳамда Марказий разведка бошқармаси вакиллари кўплаб йиллар давомида муҳожиратда яшаган Чалабий Ироқ раҳбари лавозимига мос эмас, деб ҳисобламоқдалар. Улар фикрича, ироқликлар Чалабийни Вашингтон “қўғирчоғи”, деб қабул қиладилар. Бундай гапда жон йўқ эмас.

Баъзи мутахассислар эса Ироқнинг ичида мамлакатни бошқаришга қодир бўлган шахсни топиш қийинлиги, Саддам Ҳусайн кучли рақибларининг барини йўқ қилиб бўлганини айтиб, шу боис Чалабийнинг янги раҳбар этиб сайланиши эҳтимоли катта, демоқдалар. Бу гапда ҳам жон бор. Хуллас, бугунги кунда Чалабийнинг Ироқ янги лидери бўла олиши ёки бўла олмаслигини аниқ айтиш қийин.
XS
SM
MD
LG