Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:49

Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти йиллик ҳисоботини эълон қилди.


Акрам Файзулло

28 май куни Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзининг йиллик ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмида ëзилишича, 2002 йил давомида мамлакатда бир неча ижобий ўзгаришлар юз берган. Мисол учун, мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилоти рўйхатга олинган, маҳбусларни қийноққа солган икки нафар милиция ходими суд қилинган, БМТнинг қийноқлар бўйича махсус вакили Ўзбекистонга таклиф этилган ва матбуотда давлат сирларини сақлаш инспекцияси расман йўқ қилинди.

Аммо Халқаро Амнистия ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда бир неча минг сиëсий маҳбуслар ҳали ҳам қамоқда сақланмоқда, шунингдек, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мустақил сиëсий ва диний фаолларга қарши тазйиқлар ҳануз давом этмоқда. Халқаро Амнистия ташкилоти вакили Жуди Аренас Озодлик радиосига бу ҳақда шуларни баëн қилди.

- Айрим Ғарб давлатлари Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатдаги вазиятни яхшилашга чақираëтганига қарамай, инсон ҳуқуқлари аҳволи ëмонлигича қолмоқда. Биздаги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда суд жараëнлари адолатли равишда олиб борилмаяпти, маҳбуслар қийноққа солинмоқда, - деди Жуди Аренас.

Халқаро Амнистия ҳисоботида қайд этилишича, 2002 йил май ойида Юлдош Расулов рўйхатдан ўтмаган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятида ишлаган, деган айб билан 7 йилга озодликдан маҳрум этилган. Лариса Вдовина ва Елена Урлаева инсон ҳуқуқлари ҳимояси фаолиятларидан воз кечишга мажбур қилиш учун рухий касалликлар шифохонасида бир неча ой ушлаб турилдилар.

Мазкур ҳисоботга кўра, Ўзбекистон расмийлари сиëсий маҳбусларнинг яқинларига нисбатан ҳам тазйиқ ва таъқибларни давом эттиришмоқда. Ноябр ва декабр ойларда Ўзбекистонда бўлиб қайтган БМТнинг қийноқлар бўйича махсус вакили Тео Ван Бовен мамлакат қамоқхоналарида маҳбуслар систематик равишда қийноққа солинмоқда, деган хулосага келди. БМТ вакили Ўзбекистонда кўплаб маҳбуслар қийноқлар орқали қўйилган айбларга иқрор этилганларини қайд этган эди.

Маълумки, яқинда Европа Тикланиш ва Тараққиëт банки учрашуви давомида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мамлакат қамоқхоналарида маҳбуслар қийноққа солинаëтганини эътироф этишдан бош тортди. Халқаро Амнестия ташкилоти вакили Жуди Аренас бу ҳақда афсусланиш билдирди.

- Менимча, президент Каримов Европа банки учрашуви давомида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини очиқ ва самимий шаклда муҳокама қилмагани ачинарли ҳолдир. Халқаро Амнистия маълумотларига қараганда, Ўзбекистон хибсхоналарида айрим маҳбуслар қийноққа бардош беролмай нобуд бўлишмоқда, - деди Жуди Аренас.

Халқаро Амнестия ташкилотининг ҳисоботида қайд этилишича, 2002 йилда Ўзбекистон қамоқхоналарида камида беш одам қийноқдан қурбон бўлишган.

Халқаро Амнестия ташкилотининг чоршанба куни эълон қилган йиллик ҳисоботида ëзилишича, Ўзбекистонда Хизб-ут-Таҳрир ташкилоти аъзоларини ҳибсга олиш ҳам давом эттирилмоқда. Муслима аëллар сиëсий ва диний сабабларга кўра қамалган яқинларига ëмон муносабат қилинаëтганига қарши тез-тез норозилик намойишлари уюштиришмоқда.

- Ўзбекистонда сиëсий маҳбусларнинг яқинларига қарши тазйиқлар ўтказиш мунтазам равишда давом эттирилмоқда, - деди Жуди Аренас.

Амнистия ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда олий жазо кенг қўлланмоқда. 2002 йил давомида мамлакатда суд ҳукмига биноан камида 22 одам қатл этилган. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати ўлим жазосига нисбатан давлат сири сифатида қарайди.
XS
SM
MD
LG