Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:45

Озодлик уйининг янги ҳисоботи


А. Аррал

Посткоммунистик мамлакатларга оид янги ҳисоботга кўра, Шарқий Европа мамлакатлари ҳамда Болтиқбўйи республикаларида демократия ва инсон ҳуқуқлари ривожланмоқда. Аммо, Россия, Марказий Осиë ва Кавказ минтақасида вазият ҳамон мураккаблигича қолмоқда.
Ўтган ҳафтада Америка Қўшма Штатларидаги "Freedom House" – Озодлик уйи ташкилоти "Ўтиш даври мамлакатлари"га бағишланган йиллик ҳисоботини эълон қилди. 2002 йилда посткоммунистик давлатлардаги демократик ўзгаришларга оид ушбу ҳисобот дунëдаги қатор мутахассислар ва олимлар томонидан ҳозирланган.
Озодлик уйи матбуот вакили Michael Goldfarb нинг радиомизга айтишича:
- Демократия ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бу йилги аксарият ўзгаришлар Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Болқон давлатларига хос бўлиб қолмоқда. Болтиқбўйи мамлакатларидан ташқари собиқ совет республикаларининг кўпчилигида бу соҳада орқага кетиш давом этмоқда.
Ҳисоботда айниқса, Россия танқид остига олинади ва АҚШ президенти Жорж Буш Россия президенти Владимир Путин билан мазкур масалани кўриб чиқиши лозимлиги таъкидланади.
Ҳисоботда шунингдек, Путин ҳокимиятни ўз атрофида марказлаштираëтганлиги, ва Россияда коррупциянинг кенг тарқалганлиги ҳамда сайловлар эркин ўтказилмаëтгани учун танқид қилинади.
Ҳисоботга кўра, Россияда фуқаровий жамият маҳдудлигича қолмоқда ва матбуотга қарши таҳдидлар давом этмоқда.

Озодлик уйи томонидан олиб борилган тадқиқотларда демократиялаштириш жараëни Грузия, Қозоғистон ва Қирғизистонда жиддий таназзулга учраëтгани кузатилади. Арманистон, Беларус, Болгария, Хорватия, Молдавия ва Полшада ҳам тақрибан шунга ўхшаш вазият ҳукм сураëтганлиги қайд этилади ҳисоботда.
Қирғизистон ва Қозоғистон президентлари - Асқар Ақаев ва Нурсултон Назарбоевларнинг ҳар иккаласи ҳам ҳисоботда танқид қилинадилар. Унда қайд этилишича, 2002 йилда Ақаев ўз мухолифларига тинчитиш учун бевосита ëхуд билвосита босим ўтказди.
Озодлик уйининг янги ҳисоботида Назарбоев давлат амалдорлари орасидаги коррупция ҳақида ахборот берган журналистларга тазйиқ ўтказганлиги учун айбланади.

Goldfarb нинг таъкидлашича, Афғонистон уруши туфайли 2001 йилнинг охирларида АҚШ кучларининг Марказий Осиëга кириб бориши минтақада инсон ҳуқуқларининг бир қадар яхшиланишига сабаб бўлди:
Кўпчилик кузатувчилар АҚШ ҳарбийларининг минтақада бўлиши ва ташқи ëрдамларнинг кўпайиши Марказий Осиë мамлакатларидаги демократик жараëнларга ижобий таъсир этиши мумкин, деб тахмин қиладилар. Бир қадар ўзгаришларга қарамай, жуда кўп соҳаларда вазият ҳамон мураккаблигича қолмоқда.
Ҳисоботга кўра, 2002 йил Кавказз минтақаси учун ҳам ëмон йил бўлди: - Грузияда маҳаллий сайловлар бузилди ва сайлов қонунлари инобатга олинмади. Мустақил журналистлар ҳар доим ҳужум остида. Бошқарув тизими кучсиз, коррупцияга қарши кураш кутилган натижани бермаяпти, - дейди Озодлик уйи матбуот вакили Michael Goldfarb.

Ҳисоботда айтилишича, фақатгина битта мамлакатда – у ҳам бўлса, Босния-Герзиговинада 2002 йилда демократик ўзгаришлар муваффақиятли бўлган.

Муҳтарам тингловчилар, Озодлик уйи тарқатган йиллик ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисми билан навбатдаги эшиттиришларимиз давомида таништиришга ҳаракат қиламиз.
XS
SM
MD
LG