Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:25

АҚШ расмийлари Ироқда таъқиқланган қуроллар топилиши ҳақида ишонч билдирмоқдалар.


Акрам Файзулло

Қўшма Штатлар раҳбарияти Саддам Ҳусайнни таъқиқланган кимëвий ва биологик қуролларга эга эканликда айблаб, Ироқ урушига айнан шу омилни асосий сабаб қилиб кўрсатган эди. Буш маъмурияти расмийлари ҳануз Ироқда бундай қуроллар борлиги исботланишини таъкидлаб келишмоқда.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Кондолизза Райсга кўра, Ироқдаги оммавий қирғин қуроллари тўғрисидаги минглаб ҳужжатлар ҳали тўлиқ кўриб чиқилмаган, Ироқда текширилиши керак бўлган жойлар ҳали ҳам бор ва Саддам Ҳусайннинг қуроллар яратиш дастурлари юзасидан кўплаб ироқликларни суроқ қилиш лозим. Кондолизза Райс шунингдек, Ироқ оммавий қирғин қуроллари тўғрисидаги хулосалар АҚШ Марказий разведка бошқармаси маълумотларига асослангани ва эртами-кечми Саддам Ҳусайн бундай қуролларга эга бўлгани исботланишини қайд этди.

Лондондаги Economist Intelligence Unit тадқиқот маркази таҳлилчиси Нил Патрик Озодлик радиосига берган интервюда, Ироқда ҳали яна кўплаб жойлар текширилиши керак, деган фикрга қўшилади.

“БМТ инспекторлари 1991 йилда Ироқда текширув ишлари олиб боришни бошлаганларида мамлакатда кимëвий ва биологик қуроллар яратиш жараëни мавжудлигига амин бўлишган эди. Агар бу рост бўлса, Ироқда оммавий қирғин қуролларини яратишда фойдаланилган айрим ерости иншоотлари бўлиши мумкин. Лекин ҳозирча бундай иншоотлар топилганича йўқ”, - деди Нил Патрик.

Аммо бошқа кўплаб таҳлилчилар Қўшма Штатлар раҳбариятининг асл мақсади Саддам Ҳусайнни хокимиятдан четлаштириш бўлгани туфайли, АҚШ расмийлари Ироқдаги қуроллар таҳдидини бўрттириб кўрсатишди, деган фикр билдиришмоқда.

Аммо якшанба куни АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл кузатувчиларнинг бундай қарашларини рад этиб, собиқ Ироқ армиясининг айрим қисмлари кимëвий қуроллар билан таъминлангани ҳақида разведка маълумотларига эгамиз, деди. Пауэлл Ироқда қуроллар ниҳоятда эҳтиëткорлик билан яширилгани сабабли, уларни топиш учун маълум вақт кераклигини ҳам таъкидлаб ўтди.

Лекин Ироқ уруши тамом бўлганига икки ойдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай, мамлакатда даъво қилинган кимëвий ëки биологик қуроллар ҳали ҳам топилгани йўқ. Таҳлилчи Нил Патрик бунинг сабаблари ҳақида шуларни айтади:

“Қўшма Штатларнинг Ироқдаги дастлабки мақсади оммавий қирғин қуролларини дарҳол қидириб топиш эмас, балки мамлакатда барқарорликни мустаҳкамлаш, хусусан хавфсизликни таъминлашдан иборат бўлди. Америка расмийлари маълум қилишганидек, 1998 йилдан то уруш бошлангунга қадар, Ироқда айрим оммавий қирғин қуроллари йўқ қилинган. Мана шу омиллар ҳам Ироқда бундай қуроллар топилмаганига қисман сабаб бўлаëтган бўлиши мумкин”, - дейди Нил Патрик.

Хўш, агар пировардда даъво қилинган қуроллар умуман топилмаса, Буш маъмурияти халқаро ҳамжамият олдида Ироқ урушини қандай оқлаши мумкин? Таҳлилчи Нил Патрик бу ҳақда шундай фикр билдирди.

“Менимча, Буш маъмурияти Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд олға сурган фикрдан фойдаланади. У хатто 1998 йилда Ироқда оммавий қирғин қуролларини йўқ қилиш жараëни бошлангани ҳақида далиллар ҳам келтириши мумкин. Аммо бундай тақдирда, нима учун Саддам Ҳусайн оммавий қирғин қуролларига эга эмаслигини исботлашни хоҳламади, деган савол пайдо бўлади”, дейди Лондондаги Economist Intelligence Unit тадқиқот маркази таҳлилчиси Нил Патрик. Унинг фикрича, агар Ироқда тахмин этилган оммавий қирғин қуроллари топилмаса, расмий Вашингтон урушни оқлаш учун, Саддам Ҳусайн ҳукуматини ҳамкорлик қилишдан бош тортганини сабаб сифатида кўрсатиши мумкин.
XS
SM
MD
LG