Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:37

Янги АСР ҚУРИЛИШИми?


Сарвар УСМОН. Бугун гап темир йўл ҳақида. Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли ҳақида. Ҳозирча бундай йўл йўқ. У қурилади. Қачон қурилади бу йўл? Ўзбекистон билан Қирғизистонга ундан қандай манфаат бор?

Қирғизистон республикаси Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги қошидаги Магистрал темир йўллар қурилиши давлат дирекцияси Бош директори Эркинбек Масадиқов яқинда журналистларга Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон биргаликда қуришни мўлжаллаётган темир йўлга оид базъи маълумотларни айтган эди.

Жаноб Масадиқовга кўра, шу кунда хитойлик лойиҳачилар темир йўлнинг Қирғизистон ҳудудидан ўтажак қисми лойиҳасини якунлаганлар. Бу лойиҳага боғлиқ барча тайёргарлик ишлари, лойиҳанинг уччала давлат ҳукуматлари ва парламентлари тасдиғидан ўтиши шу йилнинг охиригача якунланади, деб маълум қилган эди Қирғизистон Транспорт вазирлиги вакили.

Унинг маълумотларига қараганда, қурилиши режалаштиралётган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли Хитой ва Жануби-шарқий Осиёни Туркия, Яқин Шарқ ва Форс кўрфази ҳамда Европа мамлакатлари билан боғлайди.

Қурилажак темир йўл биринчи навбатда Хитой учун сув билан ҳаводек зарурлиги яққол кўриниб турибди. Бироқ, айни пайтда Ўзбекистон учун ҳам, Қирғизистон учун ҳам бесамар бўлмаслигини таъкидлаб ўтиришга ҳожат йўқ.

Шу кунда Хитойнинг Урумчи шаҳридан Қашқар шаҳригача темир йўл бор. Ўзбекистоннинг темир йўллари ҳам анчайин ривожланган бўлиб, Андижон ва Қорасувгача етиб келган. Лойиҳага қатнашадиган уч мамлакатдан бири - Қирғизистоннинг темир йўли деярли йўқ даражада.

Республиканинг шимолида Қозоғистондан кириб келган темир йўл Бишкекка келибоқ узилади.
Жанубда эса Ўзбекистондан кириб келган йўл Ўш ва Жалолободгача етган холос. Шундай қилиб, Қирғизистоннинг шимолини жанубига қўшадиган темир йўл йўқ.

Қурилажак йўл Қирғизистон учун ўша транзит йўл вазифасини бажаради. Ҳисоб-китобларга қараганда, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг Қирғизистондан ўтадиган қисми қарийб 250 километрга чўзилади ва уни қуриш учун камида 600-700 миллион доллар маблағ керак бўлади. Бунча пулни Қирғизистон топа оладими?

Қирғизистон республикаси Транспорт ва коммуникация вазири муовини Айзат Ажикеев
"Хитойнинг иқтисодияти бақувват, шунинг учун ҳаражатнинг катта қисмини Хитой кўтаради, деган фикрдаман", дейди.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг Қирғизистонда ётқизиладиган қисмини Хитой билан чегарадош икки нуқта - Тўрўғарт ва Эргаштомнинг қай биридан бошлаш керак, деган савол масалага алоқадор томонларни ўйлантириб келаётган эди.

Транспорт вазири ўринбосари Айзат Ажикеевга кўра, Қирғизистон томони мазкур масала бўйича бир қарорга келган:

- Хитойлик мутахассислар билан бу масалани ўрганиб кўрдик. Иқтисодий жиҳатдан ҳам, хавфсизлик жиҳатидан ҳам йўлнинг Тўруғартдан бошланиб, Арпа водийсидан ўтиб, Жалолободга етиши қулайроқ деган қарорга келдик, - дейди жаноб Ажикеев.

Хитойнинг Қирғизистондаги мухтор элчиси Хун Цзюинга кўра, ҳали уччала томон темир йўл Эргаштомдан бошланадими ё Тўруғартданми, деган масала юзасидан муштарак қарорга келган эмас. Элчининг билдиришича, Хитой томони Тўруғарт варианти тарафдори:

- Темир йўлнинг Тўруғартдан ўтиши Қирғизистон учун яхшироқдир. Хитой шу вариантга рози бўлган.

Хўш, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли битиб, ишга тушса, томонлар ундан қандай фойда кўриши мумкин?

Россиянинг "Новие Известия" газетасида ёритилган мақолада Қирғизистон мазкур йўлдан йилига 250 миллион доллар миқдорида фойда кўриши мумкин, дейилган. Бундан ташқари минглаб янги иш жойлари пайдо бўлади.

Лойиҳада қатнашиши тўғрисида гапирилаётган Ўзбекистон, агар бу йўл ишга тушса, қандай фойда кўради? Ўзбекистон учун темир йўл Қирғизистон ҳудудида Тўруғартдан бошлангани дурустми ё Эргаштомданми? Шу ва шунга ўхшаш бир неча саволимизга жавоб топиш мақсадида "Ўзбекистон Темир йўллари" ҳиссадорлик жамиятига, "Ўзавтойўл" концернига ва йўл қурилишига алоқаси бўлиши мумкин бўлган бошқа бир неча ташкилотга сим қоқиб кўрдик. Ҳамма идорадан олинган жавоб бир хил бўлди: "Биз билмаймиз, фалон идора билса керак, ўшаларга мурожаат қилинг", деган жавобни эшитдик.

Қизиқ?!
XS
SM
MD
LG