Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:50

ЕХҲТнинг ҚИРҒИЗИСТОН МИЛИЦИЯСИГА ЁРДАМИ


Сарвар УСМОН 7 август куни Бишкекда Қирғизистон республикаси Ҳукумати раиси Николай Танаев ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг бу ердаги маркази раҳбари Айдин Идиллар ЕХҲТнинг республика ички ишлар органларига кўмак кўрсатиш дастури бўйича ўзаро ҳамжиҳатлик тўғрисида меморандум имзоладилар. Хўш, нима учун нуфузли халқаро ташкилот Қирғизистон милициясига ёрдам кўрсатишга қарор қилди? Бу ёрдам нимадан иборат бўлади?

Ҳужжат Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг полиция фаолияти масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Ричард Монкнинг Бишкекка сафари доирасида имзоланди.

Қирғизистон ҳукумати ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ўртасидаги меморандумни имзолаш маросимида ЕХҲТнинг Бишкекдаги маркази етакчиси Айдин Идил ҳужжатнинг имзоланишини "республика ички ишлар органлари ва ЕХҲТ ўртасида ўрнатилажак тиғиз ва ошкора алоқалар йўлидаги биринчи қадамдир", деб баҳолади.

Бироқ, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг бир қатор фаоллари меморандум имзоланишидан анча олдин Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг мамлакат милициясига моддий ва ташкилий кўмак беришига қарши эканликларини билдириб келаётгандилар. Берилажак кўмак грант сифатида бўлиб, унинг миқдори 3 миллион 600 минг евродир.

"Фуқаролар жамияти коррупцияга қарши", деб аталувчи нодавлат ташкилотининг етакчиси Тўлакан Исмоилова "ЕХҲТ берадиган ёрдамдан Қирғизистон милицияси мамлакатда эндигина пайдо бўлаётган фуқаролар жамиятининг норозилик акцияларини бостириш учун фойдаланади", деган фикрни билдирган эди.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари бундай дер эканлар, улар ўз сўзларига далил сифатида келтиришлари мумкин бўлган ҳодисалар республиканинг энг янги тарихида юз бергани дарҳол эсга тушади.

2002 йилнинг баҳоридаги Ахси фожиасини республика жамоатчилиги ҳали унутгани йўқ.
Ўшанда маҳаллий милиция ўқидан беш нафар ахсилик нобуд бўлган эди. Қирғизистоннинг 2002 йилдаги сиёсий-ижтимоий ҳаёти айтиш мумкинки, ўша фожиа атрофига қурилди.

Албатта, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларнинг ташвишларидан бехабар қолиши мумкин эмас. Шунинг учун бўлса керак, Бишкекда қилган чиқиши чоғида ЕХҲТнинг полиция фаолияти бўйича катта маслаҳатчиси Ричард Монк ташкилотнинг ёрдами республика милициясини резина ўқлар ва резина таёқлар билан қуроллантиришга сарфланади, деган гаплар асоссиздир, деган фикрни билдирди:

- Кўрсатаётган ёрдамимиз - оммавий тартибсизликларни бостириш учун қўлланиладиган резина ўқлари ёки газ каби замонавий воситалар олиб келиб берамиз, дегани эмас, - деди ЕХҲТ маслаҳатчиси Ричард Монк.

- Бироқ, - деди у фикрини давом эттирар экан, ҳар қандай давлатда полиция кучлари мамлакатда тартиб сақлаш учун масъулдир. Полиция кучлари баъзи фуқаролар томонидан амалга оширилаётган зўравонликни минимал воситалар билан бостиришга ҳаракат қилади. Мен шуни алоҳида таъкидлаб ўтгим келади. Оммавий тартибсизликларни бостириш учун полиция минимал даражада куч ишлатиши керак.

Олинган маълумотларга қараганда, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Қирғизистон милициясига кўмак кўрсатиш дастури доирасида республика Ички ишлар академиясини мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, наркотик моддалар савдосига қарши кураш воситаларини кучайтириш, телефон орқали милиция чақириш хизматини замон талабларига мослаш, жиноят қидирув органларини радиоалоқа воситалари билан таъминлаш каби тадбирлар амалга оширилади.
XS
SM
MD
LG