Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:41

МУДОМ ДАВОМ ЭТАВЕРАДИГАН


Сарвар УСМОН Бундан 35 йил муқаддам Варшава Шартномасига аъзо бўлган беш мамлакат ҳарбийлари сиёсий ислоҳотлар ўтказишга қарор қилган коммунистик Чехословакияга бостириб кирган эди. Совет Иттифоқи етакчилигидаги 200 минг аскардан иборат қўшин 1968 йил, 20 августи кечқурун чегарадан ўтиб, Чехословакия тупроғига кириб борди. Мамлакат тарихига "Прага баҳори" номи билан кирган, коммунистик Чехословакия лидери Александр Дубчек бошлаб берган "сиёсий кўклам" мавсуми эрталабгачаёқ адоғига етди.

1968 йил, 20 - дан 21 - августга ўтар кечаси Варшава Шартномасига аъзо бўлган беш давлатнинг 200 минг нафар аскардан иборат қўшини Чехословакияга бостириб кирган, қўшинни, табиийки, Совет Армияси қўмондонлиги бошқарган эди. Бундай қудратли қўшин катта қаршиликка учрамади ва бу ҳам табиий эди. "Тартиб ўрнатувчилар" осонгина Прагани ҳам босиб олдилар.

Бу воқеа тўғрисида ўша пайтда Мюнхенда жойлашган Озод Европа радиосининг Чехословак хизмати 21 август куни мана бундай хабар берган эди:

- Кеча, 1968 йилнинг 20 августида маҳаллий вақт билан кечқурун соат 11 да Совет Иттифоқи, Полша, Шарқий Германия, Венгрия ва Болгария армиялари Чехословакия республикаси чегараларини бузиб, мамлакатга бостириб кирди. Бу ишни амалга ошириш учун на Чехословакия президенти, на парламент раиси, на бош вазир, на коммунистик партия марказий қўмитасининг биринчи котиби Александр Дубчекнинг ва на бошқа расмийларнинг розилиги олинган.

Чехословакия коммунистик партияси марказқўмининг биринчи котиби Александр Дубчек бошлаган ислоҳотлар марказида оммавий ахборот воситалари цензурасини юмшатиш дастури бўлиб,
у 68 йилнинг апрелида эълон қилинган эди.

Бу дастур маҳсули ўзини кўп куттирмади. Мамлакат матбуоти коммунистик қарашлардан ўзгача фикрлар акс этган мақолаларга тўлиб кетди. Улар орасида компартиянинг етакчилик роли шубҳа остига олинган машҳур "2000 сўз" мақоласи ҳам бор эди. Буларнинг бари эса, социалистик лагернинг бош назоратчиси Леонид Брежневнинг ғашини келтирмай қўймасди...

Совет Иттифоқи ҳамда Варшава Шартномасига кирувчи бошқа давлатлар ҳарбийлари Чехословакия чегарасига июл-август ойларида келтириб қўйилганди. Чехословакия раҳбарияти советларнинг ислоҳотларни тўхтатиш лозимлиги тўғрисидаги огоҳлантиришларига эътиборсиз қаради.
Ва натижада 17 август куни мамлакатга бостириб кириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Амалга оширилган ҳужумнинг кўлами ва шиддатини чехословакияликлар кутмагандилар. Эндигина уйқуга кетган прагаликлар кўчалардан ўтаётган танклар шовқинидан уйғониб кетдилар. Александр Дубчекнинг ўзи ҳам ўшанда бундай бўлишини кутмаганини ҳайрат билан айтган эди.

Совет аскарларининг Прагадаги асосий нишонларидан бири - Чехословакия радиоси,
мақсад - унинг овозини ўчириш эди. Охир-оқибат радио ишғол қилинди ҳам. Бироқ, чех журналистлари ўшанда ҳам материалларини ҳавога узатишнинг иложини топгандилар.

Журналист Слава Волни ўша куни ҳавога узатишга муваффақ бўлган хабарида ўзининг овози Вацлав майдонида юрган танклар овозига омихта бўлиб кетган эди.

Дубчек ва унинг ислоҳотлар тарафдорлари бўлган сафдошлари ўша куниёқ қўлга олиндилар ва сўроқ қилиш учун Москвага олиб кетилдилар. Дубчекнинг ўрнига Москва учун мўмин-қобил Густав Гусак қўйилди.

Орадан бир неча йил ўтгач, 68 йилги "Прага баҳори" "Бахмал инқилоби"га дўнди. Чехословакия деган сунъий бирликни ташкил қилган икки
миллат - чехлар ва словаклар уришмай-талашмай, айри-айри давлатларга - Чехия ва Словакияга ажралдилар. Ва орадан кўп ўтмай, бу мамлакатлар Европанинг ўзига тўқ мамлакатлари сафига қўшилдилар.

Вацлав майдонидаги хиёбоннинг бир четида ёши йигирмалардаги икки йигитнинг сурати туради. Озодлик радиоси Вацлав майдони ёнида бўлгани учун ўша суратлар турган жойдан ҳар куни ўтишимга тўғри келади. Оддийгина, эни ярим, буйи бир қаричли иккита сурат. Суратлар ёнида қишин- ёзин гул. Тез-тез шам ёқиб қўядилар. 20 август куни эса, ёқиладиган шамлар жуда кўп бўлади. Суратлари ёдгорлик бўлиб қолган икки йигит (иккаловининг ҳам исми Ян эди) 68 йил, 20 августда, Совет ҳарбийларининг Чехословакияга бостириб киришларидан норозилик тариқасида Вацлав майдонида ўзларига ўт қўйгандилар.
XS
SM
MD
LG