Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:13

БМТнинг Бағдоддаги қароргоҳида юз берган портлаш ким томонидан уюштирилгани ҳали ҳам аниқ эмас


Акрам Файзулло Америкалик мутахассислар сешанба куни БМТнинг Бағдоддаги қароргоҳида юз берган портлаш қандай амалга оширилганини текширмоқдалар. Аммо улар ҳужум ким томонидан уюштирилганини ҳали ҳам аниқ билмайдилар.

АҚШ Федерал қидирув бюроси ходими Томас Фуентеснинг айтишича¸ ҳужумни уюштирган шахслар бомба¸ снаряд¸ граната ва бошқа портловчи моддалар юкланган Камаз машинасидан фойдаланганлар.

Терговчига кўра¸ дастлабки маълумотлар ҳайдовчи мазкур машинани атайин портлатганини кўрсатмоқда.

“Ушбу машина собиқ меҳмонхона ва БМТ идорасини туташтирган девор ëнидан ҳайдаб ўтилган ва портлатилган. Бу ҳужумни худкуш шахс амалга оширганига ишонамиз¸ чунки портлаш юз берган жойда жасад парчаларини топдик. Биз уларни ҳужжатлаштирдик ва бу парчаларни текширмоқдамиз”¸ - деди Томас Фуентес. Унинг айтишича¸ тўпланган ашëвий далиллар Федерал қидирув бюросининг Вашингтондаги лабороториясига жўнатилади. Ушбу далиллар орқали ҳужум қай йўсинда амалга оширилганига кўпроқ аниқлик киритиш мумкин.

Бағдоддаги Америка расмийлари БМТ қароргоҳига қилинган ҳужум учун маълум бир гуруҳни айблашга ҳали вақт эрта эканини айтишмоқда. Аммо бу ҳақда матбуотда турли тахминий фикрлар билдирилмоқда.

“Ню-Йорк Таймс” газетасининг ëзишича¸ АҚШ расмийлари мазкур ҳужум собиқ режимга содиқ бўлган шахслар томонидан уюштирилганини тахмин қилишмоқда. Чунки портлашда қўлланган бомба¸ снарядлар илгари Саддам Ҳусайн ҳарбийларининг қўлида бўлган. Газетанинг номи ошкор бўлишни истамаган расмийга асосланиб қайд этишича¸ Ироқдаги келгинди араб жангарилар бундай кучли портлаш уюштириш имконига эга эмаслар.

Лондондаги Халқаро алоқалар институти таҳлилчиси Тим Гарден¸ худкушлик ҳужумини содир этиш – ўлишга тайëр бўлган шахсни топишни талаб қилиши¸ бундай шахс эса одатда кучли диндор бўлиб чиқишини айтади:

“Худкушлик вазифасининг муваффақиятли якунланиши - ҳужум худкуш шахс томонидан амалга оширилишини талаб қилади. Ва бу шахсда¸ одатда ҳарбийлар ўйлайдиган миллатга садоқатдан ҳам муҳимроқ қандайдир бошқа кучлироқ ғоя бўлиши керак”¸ - дейди Тим Гарден.

Кузатувчиларга кўра¸ Саддам Ҳусайнга содиқ бўлган шахслар¸ айниқса¸ Федойин ëки собиқ маҳсус кучлар аъзолари ҳам душманга қарши худкуш ҳужумлари уюштира олади.

Аммо сешанба куни БМТнинг Бағдоддаги қароргоҳига қарши қилинган ҳужум Саддам Ҳусайнга содиқ шахслар ëки Ироқдаги келгинди араб жангарилари томонидан уюштирилгани тўғрисида бир-бирини инкор этадиган фикрлар билдирилмоқда.

Лондондаги Халқаро стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Филип Мичел¸Ироқда ҳозирга қадар худкуш ҳужум уюштириш тажрибаси қўлланмаганини таъкидлайди:

“Ироқликларда бундай уруш тарихи бор¸ деб ўйламайман. Тўғри¸ Саддам Ҳусайнга содиқ шахслар машиналарни катта тезликда ҳайдаб¸ Америка ҳарбийларига қарши ашаддийроқ ҳаракатлар қилишмоқда. Аммо менимча¸ худкуш ҳужумлар кўпинча келгинди жангарилар ва ақидапарастларга хосдир”¸ - дейди Филип Мичел. Таҳлилчига кўра¸ Ироқдаги худкуш ҳужумлар ким томонидан уюштирилаëтгани аниқланмагунигача¸ коалиция кучлари бундай ҳужумларнинг олдини олишда жиддий қийинчиликларга учрайверадилар.
XS
SM
MD
LG