Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:49

8 сентябр Халқаро Саводхонлик куни.


Акрам Файзулло БМТнинг Маориф, Фан ва Маданият масалалари бўйича ташкилоти ЮНЕСКО ташаббуси билан ҳар йили 8 сентябр Халқаро Саводхонлик куни сифатида нишонламоқда.

1966 йилдан бери ўтказилаëтган мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад, жаҳон бўйлаб саводсизликни тугатишга қаратилган ишларга диққат-эътиборни жалб этишдир.

ЮНЕСКО маълумотларига қараганда, ҳозир жаҳон бўйлаб 860 миллион одам саводсиз. 100 миллиондан ортиқ болалар ўқиш ëки ëзишни ўрганиш имкониятидан маҳрумдир.

Хатто собиқ Совет Иттифоқи муҳолифлари ҳам СССР эришган катта мувоффақиятлардан бири, яъни мамлакатдаги барча болаларни саводли қилиш имконияти билан таъминлаганини тан оладилар. Маълумки, собиқ Совет Иттифоқи бир пайтлар саводсизликни тугатиш борасида жаҳонда етакчи ўринни эгаллаган эди.

Аммо ўтган йиллар давомида айрим собиқ Совет республикаларида иқтисодий қийинчиликлар бошқа соҳалар қаторида маориф тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатди.

Марказий Осиë бунга яққол мисол бўлиши мумкин. АҚШ Халқаро Ривожланиш Агентлиги ва Очиқ Жамият Институтининг Алматидаги вакили Ивета Силова мустақиллик йилларида иқтисодий бўҳрон бошланганидан бери Марказий Осиë мамлакатларида маориф соҳаси учун жуда кам маблағ ажратилаëтганини гапиради:

“1989 йилда Қозоғистонда ялпи ишлаб чиқаришдан олинган даромаднинг 6 фойизи маориф соҳаси учун ажратилган бўлса, 2000 йилда бу кўрсаткич фақат 3 фойиз бўлди. Ҳозир мазкур кўрсаткич Тажикистонда 2,3 фойиз, Қирғизистонда эса 3,7 фойизни ташкил қилмоқда”, - дейди Ивета Силова. Унинг айтишича, Марказий Осиë мамлакатларида маориф соҳаси учун жуда кам маблағ ажратилаëтгани оқибатида кўплаб минтақаларда бир пайтлар саводхонликни ривожлантириш учун муҳим ҳисобланган дастурлар деярли бутунлай йўқ бўлиш хавфи остида қолган.

“Ҳозир Марказий Осиë минтақасида болаларнинг фақат 14 фойизи бошланғич мактабга қатнаш имкониятига эга. Ваҳоланки, Марказий Европада ушбу кўрсаткич 75 фойизни ташкил қилади”, - дейди Ивета Силова.

Иқтисодий қийинчиликларга қарамай, саводсизликни тугатиш учун баъзи ижобий ишлар ҳам қилинмоқда. Мисол учун, Марказий Осиëнинг айрим мамлакатларида давлат кам таъминланган оилаларнинг 1 синфга қатнайдиган фарзандларини бепул ўқув қуроллари билан таъминламоқда. Бундан мақсад, бошланғич мактабга қатновчи болалар сонини оширишдан иборат.

Душанбедаги нодавлат ташкилот, Ахборот ва Моариф маркази бошлиғи Алишер Раҳмонбердевнинг айтишича, сўнгги йилларда Тожикистоннинг турли ҳудудларида ҳусусий мактаблар очилган. У ушбу мактабларда болалар ўқиш ва ëзишни қониқарли равишда ўрганишаëтгани ва тўловлар ҳам арзон эканини айтади:

“Ўтган йили еттита вилоятда тадқиқот ўтказиб, маҳаллий ахолидан, тўловлар давлат мактабларидаги тўловлардан қимматроқ бўлса ҳам, болангизни хусусий мактабга қўярмидингиз, деб сўрадик. Ҳар уч оиладан бири фарзандларини бўндай мактабларга юборишга тайëр экани маълум бўлди. Қишлоқ жойларида хусусий мактабларнинг ойлик тўлови 2-2 ярим доллар ва кўплаб оилаларнинг бунга қурби етади”, - дейди Алишер Раҳмонбердев.

Аммо ҳозирда Тожикистон ва Марказий Осиëнинг бошқа мамлакатларида кўзатилаëтган иқтисодий қийинчиликлар аҳоли орасида саводхонликни ошириш ишларини бир қанча чекламоқда. Мутахассисларга кўра, бу мамлакатларда моариф соҳасини қайта тиклаш учун кўп ишлар қилиниши керак.
XS
SM
MD
LG