Линклар

Шошилинч хабар
02 март 2021, Тошкент вақти: 23:53

Халқаро хабарлар

Хитой чегарачилари кеча кечқурун Россия армиясининг оддий аскари Евгений Москаленкони қўлга олдилар.

Аскар 12 сентябр куни Приморье ўлкаси, Хасан туманида жойлашган чегара заставасидаги постини ташлаб қочган эди.
Оддий аскар Москаленко Россияга топширилди. Ёнида Калашников автомати бўлган аскар дезертир сифатида изланаётган эди.

Кун янгиликлари

СССРнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёв 90 ёшга тўлди

Михаил Горбачёв СССРни 1985-1991 йилларда бошқарган.

1985 йилдан 1991 йилгача ҳозирда мавжуд бўлмаган давлат – СССРни бошқарган Михаил Горбачёв 2 март куни 90 ёшини нишонлади.

Михаил Горбачёв 1985 йилда Коммунистик партия бош котиби сифатида ҳокимият тепасига келди. У мамлакатни демократия йўлига олиб чиққан қайта қуриш ташаббускори бўлди. 1990 йилдан СССР тарқалиб кетгунича, яъни 1991 йилнинг якунигача СССРнинг биринчи ва охирги президенти лавозимини эгаллаган.

Михаил Горбачёв раҳбарлик қилган йилларда дунёда “совуқ уруш” якунланди. Совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилди, биринчи марта эркин сайловлар ўтказилди, Коммунистик партиянинг “раҳбарлик ва йўлбошчилик қилиши” принципидан воз кечилди. Марказий ва Шарқий Европа социалистик системадан бош тортди. Иккига бўлиб юборилган Германия яна қайта бирлашди.

1990 йилда Горбачёв Нобель Тинчлик мукофотига сазовор бўлди.

Собиқ СССР ҳудудида Михаил Горбачёвни “улкан давлатни йўқ қилиш”да айбловчилар ҳам бор. Горбачёвнинг ўзи ҳам қатор хатоликларга йўл қўйганини тан олган.

Ғарбда Горбачёв олиб борган сиёсат қўллаб-қувватланади. Горбачёни 90 йиллиги билан Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер, АҚШ президенти Жо Байден, Британия Бош вазири Борис Жонсон ва бошқалар табриклади.

Россия президенти Владимир Путин Горбачёга юборган табрикномасида уни “мамлакат ва дунё тарихини ўзгартирган буюк сиёсий арбоб” деб атади.

Тинчлик бўйча Нобель мукофотига 300 дан ошиқ номзод кўрсатилди

Нобель Тинчлик мукофотига Беларусь мухолифати лидери Светлана Тихановская ва Россия мухолифати лидери Алексей Навальний ҳам кўрсатилди.

Норвегия Нобель қўмитаси 2021 йилги Тинчлик бўйича Нобель мукофотига 329 номзод кўрсатилганини маълум қилди.

2016 йилда мукофотга рекорд 376 номзод кўрсатилган эди. Бу йилги номзодлар орасида 234 шахс ва 95 ташкилот бор.

«Бу Нобель тинчлик мукофотига халқаро миқёсда катта қизиқиш борлигини кўрсатади», - деди Норвегия Нобель қўмитаси котиби Олав Ньёльстад.

«Эҳтимол, бу дунёда ҳал қилинмаган қатор можаро, уруш ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини акс эттиради», - дея қўшимча қилди котиб.

Қўмита номзодларни ошкор қилмайди. Аммо мукофотга номзод кўрсатганлар – давлат раҳбарлари ёки юқори лавозимли сиёсатчилар, университет профессорлари, ташқи сиёсат институтлари директорлари, ўтмишда Нобель мукофотига сазовор бўлганлар ва Норвегия Нобель қўмитаси аъзолари – кимни соврин учун номзод ўлароқ тақдим этганларини маълум қилишлари мумкин.

2021 йилги номзодлар орасида Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний, қувғиндаги Беларусь мухолифати раҳбари Светлана Тихановская, швед иқлим фаоли Грета Тунберг ва АҚШ ҳуқуқ ҳимоячиси Стейси Абрамслар бор.

Покистон суди куфрда айбланиб қамалган насронийни гаров эвазига озодликка чиқарди

Иллюстратив сурат. Қамоқхона тиконли симлари.

Покистон суди ўспиринлик чоғида куфрда айбланиб, қамалган насроний Набил Масиҳни гаров эвазига озодликка чиқарди.

1 март куни Масиҳни судда ҳимоя қилиб келаётган Британия–Покистон насронийлар уюшмаси Лоҳур суди 20 ёшга тўлган Масиҳ «жиноят содир этганини кўрсатувчи ҳеч қандай далил йўқлигини» айтиб, гаров эвазига озод қилишни буюрганини билдирди.

Тўрт йил қамоқда ўтирган Масиҳ уч кун ичида озодликка чиқарилиши кутилмоқда.

2016 йилда ўша пайтда 16 да бўлган Масиҳни оломон Facebookда Маккадаги Каъба расми билан таҳқирловчи пост ёзишда айблаган эди. Натижада 2018 йилда суд уни 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Британия–Покистон насронийлар уюшмаси Масиҳ тўлиқ оқланишига эришиш учун курашишда давом этишни режалаштирмоқда.

Арманистон Бош вазири муддатидан олдин сайлов ўтказишга тайёр эканини билдирди

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян.

1 март кун Арманистон бош вазири Никол Пашинян мухолифат муайян шартларга рози бўлса, навбатдан ташқари парламент сайловларини ўтказишга тайёр эканини айтди.

Арманистонда сиёсий вазият кескин бўлиб қолмоқда. Пойтахт Ереванда Пашинян тарафдорлари ва мухолифат мунтазам равишда оммавий митингларни ўтказмоқда.

Ўтган ҳафтада Арманистон Қуролли кучлари Пашинян ва у бошқараётган ҳукумат истеъфосини талаб қилди. Бош вазирнинг ўзи эса бу талабни давлат тўнтариши уринишига тенглаштирди.

Ереванда ўз тарафдорлари олдида нутқ сўзлаган Пашинян:
«Агар парламентдаги мухолифат муддатидан олдин сайловларга рози бўлса, биз ҳам бунга рози бўламиз», - деди.

Бош вазир, шунингдек, келажакда сиёсий инқироз юзага келиши олдини олиш учун октябрь ойида президент ваколатларини кенгайтириш масаласида референдум ўтказишни таклиф қилди.

Ўтган йилнинг 27 сентябрида бошланиб, 9 ноябрда Озарбайжон ғалабаси билан якунланган Тоғли Қорабоғ уруши ортидан Арманистонда Пашинян истеъфоси талаб қилинган намойишлар тинчимаяпти. Бунга Пашинян Россия воситачилигида Озарбайжон билан сулҳ битимини имзолагани сабаб бўлган.

Коронавирусга қарши эмлаш жараёни узоқ давом этиши кутилмоқда

COVAX дастури асосида эмлаш Ганадан бошланди.

Гана президенти Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг камбағал давлатларга коронавирусга қарши эмлашда ёрдам кўрсатиш - COVAX дастури доирасида эмланган илк шахс бўлди.

Хитой расмийси эса мамлакатдаги 1 миллиард 400 миллион аҳолининг 40 фоизи июнь ойигача эмланишини маълум қилди.

Бугунга қадар хитойликларнинг атиги 3,56 фоизи эмланган.
COVAX дастури доирасида жорий йил якунига қадар камида икки миллиард доза вакцина ҳозирлаш режалаштирилган.

Ўтган ҳафта COVAX вакциналари Гана ва Кот-д'Ивуарга етиб борди.

АҚШда эса 50 миллиондан ортиқ одам, ёки мамлакат аҳолисининг 15 фоизи камида бир доза COVID-19 вакцинасини олган.

Уларнинг деярли тенг ярми иккинчи дозани ҳам олган.
Коронавирус пандемиясига қарши курашдаги ижобий ўзгаришларга қарамай, ЖССТнинг фавқулодда вазиятлар бўйича директори Майкл Райан йил охиригача вирусдан бутунлай қутулиш эҳтимоли оз экани ҳақида огоҳлантирди.

БМТ экспертлари Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан халқаро тергов ўтказишга чақирди

Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича икки эксперти Кремль танқидчиси Алексей Навальнийнинг заҳарланиши бўйича халқаро тергов ўтказишга чақирди.

1 март куни БМТнинг судсиз ва ўзбошимчалик билан қатл этиш бўйича бош мутахассиси Агнес Калламар, фикр ва сўз эркинлиги бўйича эксперт Айрин Хан қўшма баёнот эълон қилиб, Россияни Навальнийни «зудлик билан озодликка чиқаришга» чорладилар.

«Маҳаллий ҳокимият идоралари етарлича чора кўрмагани, тақиқланган кимёвий қуроллардан фойдаланилгани ва қасддан ўлдириш уринишларини ҳисобга олган ҳолда, биз фактларни аниқлаш ва жаноб Навальнийнинг заҳарланишига ойдинлик киритиш мақсадида шошилинч равишда халқаро тергов ўтказиш керак, деб ҳисоблаймиз», - дейилади билдирувда.

Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди. 2 февраль куни Россия суди мухолифатчига нисбатан аввалроқ чиқарилган шартли жазони ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштирди ва уни 2,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Хабарларга кўра, 1 март куни Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Навальний ҳибсга олинишида иштирок этган адлия ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари амалдорларига қарши санкция жорий қилишга келишиб олган.

Дипломатик манбалар санкция йўлиққан Россия расмийлари Федерал жазони ижро этиш хизмати директори Александр Калашников, Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин, бош прокурор Игорь Краснов ва Миллий гвардия директори Виктор Золотов экани ҳақидаги аввалги хабарларни тасдиқлаган.

АҚШ Украинага 125 миллион долларлик ҳарбий ёрдам ажратди

АҚШда ишлаб чиқарилган Mark VI қўриқчилик катери

АҚШ Мудофаа вазирлиги 1 март куни Украинага қиймати 125 миллион долларга тенг ҳарбий ёрдам пакети ажратилиши ҳақида эълон қилди.

Кўмак доирасида Украинага сув ҳавзаларида қўриқчилик ишларини амалга оширишга мўлжалланган иккита Mark VI катерлари ҳамда бошқа замонавий ҳарбий ва тиббий жиҳозлар берилади.

Бу Украинага Жо Байден маъмурияти томонидан маъқулланган илк ҳарбий ёрдам пакетидир. Украинага АҚШ ҳарбий катерлари тақдим этилиши ҳақида ўтган йил ёзидаёқ эълон қилинган. Ўша пайтда Давлат департаменти бундай кемалар билан Киев дарё ва соҳилларда самарали қўриқчилик ташкил этиши мумкинлигини билдирганди. Украина ҳозирда бундай катерлардан олтитасига эга.

АҚШ Конгресси бу йил Украинага қиймати 150 миллион долларга тенг бўлган қўшимча ҳарбий ёрдам ажратишни маъқуллаган. Бироқ Киев бу маблағни фақат АҚШ Давлат департаменти ва Пентагон мамлакат ҳарбий ислоҳот ўтказишда “етарли даражада олға силжишга эришди” деган хулосага келганидан кейингина олиши мумкин.

АҚШ Мудофаа вазирлиги “Украинани ҳарбий кучлар устидан фуқаровий назоратни кучайтирувчи ислоҳотларни кенгайтиришга, мудофаа саноатидаги шаффофлик ва ҳисобдорлик даражасини оширишга ҳамда мудофаа секторини НАТО стандартлари ва тамойилларига мувофиқ равишда модернизация қилишга чақирган”.

Франция: Коррупцияда айбланган собиқ президент Саркози уч йилга кесилди

Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози

Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози коррупцияга оид айбловлар ортидан уч йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд ҳукмига кўра, Саркози жазо муддатининг камида бир йилини қамоқхонада ўтказиши лозим бўлади. Жазонинг яна икки йили у шартли равишда ўтайди.

Суд Саркозини кассация суди ходимини сотиб олишга уринганликда айбдор, деб топган. Собиқ президент мазкур мулозимдан ўз президентлик кампанияси ноқонуний молиялаштирилганига оид суриштирув ҳақида маълумот олишга уринган.

Жиноят ишида Саркозидан ташқари яна икки фигурант – собиқ президентнинг адвокати ва дўсти Тьерри Эрцог ҳамда Кассация суди қошидаги собиқ прокурор Жильбер Азибер бор. Бу уч кишига қарши айблов 2014 йил июлида эълон қилинган. Маҳкама жараёни эса ўтган йилнинг ноябрь ойида бошланган.

Замонавий Франция тарихида бу собиқ давлат раҳбарининг шахсан судланишига оид илк ҳодисадир.

Саркозига қарши яна бир жиноят иши очилган. Собиқ президент Ливиянинг марҳум президенти Муаммар Қаддафийдан ноқонуний равишда маблағ олганликда гумонланмоқда.

Бундан ташқари, Франциянинг Миллий молия прокуратураси Саркозига нисбатан унинг “Ресо-Гарантия” (Россия) суғурта ширкати билан уч миллион еврога тузилган битим бўйича дастлабки суриштирув ишларини олиб бормоқда. Бу иш бўйича собиқ президент “нуфузини пуллаш” ва пул ювишда гумонланмоқда.

66 ёшли Николя Саркози 2007-2012 йиллар мобайнида Франция президенти лавозимини эгаллаб келган.

АҚШ Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ равишда Россияга қарши санкция киритмоқчи

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ равишда шу ҳафта ичида Россияга қарши санкция жорий қилишга ҳозирланмоқда. CNN телеканалининг Байден маъмуриятидаги манбалари сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, санкциялар Европа Иттифоқи билан мувофиқлаштирилган ҳолда киритилади.

Мазкур санкциялар АҚШнинг янги маъмурияти томонидан киритилаётган илк санкциялар бўлади ва CNN телеканалига кўра, Вашингтоннинг Москва билан кейинги алоқалари оҳангини белгилаб беради. Бу Оқ уй Трамп маъмурияти ёндашувидан воз кечаётганининг очиқ ишораси бўлади. Байденнинг салафи Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ равишда Москвага босим ўтказишни истамаган ва Россия билан очиқ ихтилофга бормай келаётган эди, дея қайд этади CNN.

Байден маъмурияти Россиядаги инсон ҳақлари билан боғлиқ вазият юзасидан Москвага “кучли мужда” бермоқчи. Вашингтон Россияда инсон ҳақлари бузилиши бўйича санкциялар жорий этиш масаласи иттифоқчилари билан мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилиши лозим, деган фикрда.

Аввалроқ Европа Иттифоқи мамлакатлари вакиллари Навальнийнинг жиноий таъқиб этилиши ва қамоқхонага йўлланиши учун масъул бўлган россиялик расмийларга қарши санкцияларни мувофиқлаштиришган эди. Мазкур рўйхат ҳар ҳафтада янгиланиши кутилмоқда. Рўйхатга қатор куч ишлатар тузилмалар раҳбарлари кириши мумкин.

Қирғизистонда Ўзбекистон ва Қозоғистондан электр энергияси импорт қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда

Қирғизистон президенти Садир Жапаров

Қирғизистон расмийлари Ўзбекистон ва Қозоғистондан электр энергияси импорт қилиш масаласини кўриб чиқяптилар. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қозоғистонга сафари олдидан “Қазинформ” ахборот агентлигига берган интервьюсида билдирган.

Тўқтоғул сув омборидаги аянчли вазиятга эътибор қаратган Жапаровга кўра, Қозоғистон Қирғизистонга 1 миллиард киловаттгача электр энергияси экспорт қилишга ҳозирлигини билдирган, бу борада Ўзбекистон билан ҳам музокаралар олиб борилмоқда.

“Агар ташқаридан электр энергияси етказиб бериш таъминланмаса, биз ўз мамлакатимизни ўзимиз электр энергияси билан таъминлашимизга тўғри келади, бироқ бунинг натижасида суғориш мавсумида ҳеч кимга сув етмайди. Пировардида Тўғтоғул сув омборида сув сатҳи пасайиб кетади. Шунинг учун биз Қозоғистон ва Ўзбекистондан электр энергияси импорт қилишимиз керак. Бу ҳаммамиз учун маъқул бўлади. Бунинг натижасида суғориш мавсумида биз ҳам давлатлараро мажбуриятларимизни бажарамиз, дея умид қиламиз”, деган С. Жапаров.

Қирғизистон президенти 2-3 март кунлари Қозоғистонга сафар қилиб, ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев билан музокаралар олиб бориши кутилмоқда.

Аввалроқ “Миллий энергохолдинг” Тўғтоғул сув омборида сув кескин камайиб кетгани, бунинг натижасида мамлакат электр энергияси танқислиги муаммосига дуч келиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқатган. 24 февраль ҳолатига кўра, сув омборида 9,8 миллиард кубдан кўп бўлмаган сув йиғилган.

Россияда ўзбек муҳожир бир оилани ўлдиргани айтилди. Расмийлар бу маълумотни ҳозирча тасдиқламади

Қотилликда гумон қилинаётган шахс сўроқ қилинаётган пайт. Фотосурат Россия Тергов қўмитасининг Нижегород вилояти бўйича бошқармаси расмий сайтидан олинди.

Россиядаги ва Ўзбекистондаги айрим нашрлар, шунингдек, Би-Би-Си радиоси Нижний Новгород шаҳрида 26 ёшли ўзбекистонлик бир оиланинг 4 аъзосини ўлдирганликда гумонланиб 1 март куни қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Россия Тергов қўмитасининг Нижний Новгород вилояти бўйича бошқармасининг расман билдирилишича, мудҳиш жиноят 28 февраль куни содир этилган.

Терговнинг маълум қилишича, 28 февраль куни Кудьма Приокск посёлкасидаги хонадонлардан бирида қора ишчи бўлиб ишлайдиган шахс 5 ёшли ўғил болани, унинг 41 ёшли онасини, 64 ёшли бобо ва 63 ёшли момони ўлдирган. Шундан сўнг у катта миқдордаги пулни ўғирлаб, қочишга ҳаракат қилган. Аммо полиция ва Тергов қўмитаси уни қўлга олишга муваффақ бўлган.

Россия Тергов қўмитасининг Нижегород вилояти бўйича бошқармасининг бу борада тарқатган тўртта баёнотида қўлга олинган шахснинг ўзбекистонлик экани айтилмаган.

Петербургда ўзбекистонлик муҳожир ишга кириш учун борган жойида вафот этди

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги София кўчасида куни кеча 64 ёшли ўзбекистонлик муҳожир вафот этган. Бу ҳақда 78.ru нашри маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашрнинг ёзишича, муҳожир мазкур манзилга нонвой бўлиб ишга жойлашиш учун келган, бироқ кўп ўтмай у ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва “тез ёрдам” етиб келгунича жон таслим қилган.

Муҳожирнинг жасади ўлим сабабини аниқлаш учун моргга йўлланган. Ҳодиса юзасидан текширув ўтказилмоқда.

Алексей Навальний Борис Немцов фонди мукофотига лойиқ топилди

Борис Немцов ва Алексей Навальний, Москва, 2011 йилнинг 24 декабри

Ҳозирда қамоқда сақланаётган мухолифатчи Алексей Навальний Россияда демократик қадриятларни ҳимоя қилишда кўрсатган жасорати учун Борис Немцов мукофоти лауреатига айланди. Бу ҳақда Борис Немцов фонди маълумот тарқатди. Мукофот лауреатининг исми ҳар йили Немцов ўлдирилган сана – 27 февраль куни очиқланади.

Фонд хабарномасида Навальний “шахсий жасорат намунасини намойиш этибгина қолмай”, Россияда коррупцияни фош қилиш ҳамда мамлакатда сақланиб қолган процедураларда фуқаролар иштироки даражасини оширишга улкан ҳисса қўшгани айтилган.

“Ўз фаолияти мобайнида у Россиядаги энг нуфузли мухолифатчига ҳамда дунёдаги мустабидликка қарши кураш рамзига айланди”, дейилган хабарномада. Фонд Россия расмийларини Навальнийни зудлик билан озод қилишга чақирган.

Алексей Навальнийнинг номзоди мазкур мукофотга аввалги йилларда ҳам бир неча бор кўрсатилган, бироқ мухолифатчи лауреат бўлолмаганди. Ўтган йили Борис Немцов мукофоти ўша пайтда ҳибсда бўлган Константин Котовга топширилганди.

Мухолифатчи Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди. 2 февраль куни суд “Ив Роше” иши бўйича мухолифатчига нисбатан чиқарилган шартли жазони ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштирган. Ўтган ҳафта у Москвадаги тергов ҳибсхонасидан колонияга этап қилинган.

Шанба куни кўп агентликлар “Ярновости” нашрига таянган ҳолда Навальний Владимир вилоятидаги режимининг аёвсизлиги билан ном чиқарган 2-колонияга йўлланиши ҳақида хабар қилишганди. Бироқ бу маълумот расмийлар томонидан ҳам, мухолифатчининг адвокатлари томонидан ҳам тасдиқланган эмас.

Навальний ва Немцов 2011–2012 йиллардаги норозилик акциялари уюштирув қўмитасида, мухолифатнинг мувофиқлаштирувчи кенгашида бирга фаолияти юритишган, Немцов 2015 йили ўлдирилишидан аввалроқ эса улар биргаликда “Баҳор” норозилик юришига ҳозирлик кўраётган эдилар. Борис Немцов мазкур юришга 2 кун қолганида ўлдириб кетилганди.

Туркия Ойга парвоз қилиш учун ракета ишлаб чиқараётганини очиқлади

Туркия саноат ва технология вазири Мустафа Варанк

Туркия Ойга йўлланиши мўлжалланаётган гидрид моторли ракета ишлаб чиқармоқда. Бу ҳақда саноат ва технология вазири Мустафа Варанк Онадўли агентлигига билдирган.

Вазир Варанк Туркия ракетаси Delta V Space Technologies Inc ширкати ишланмаларини ўрганиш асосида қурилаётганини қайд этган, бироқ ракетанинг техник хусусиятларига тўхталган эмас.

Мулозимга кўра, Туркия ўзининг Ой дастурини икки босқичда (2023 ва 2028 йилларда) амалга оширишни режаламоқда. Илк босқичда Ой юзасига учувчисиз аппаратни қўндириш кўзда тутилган.

Варанк шу тариқа ўз мамлакати “космик соҳада олий лигага кириш”га ҳаракат қилаётганини урғулаган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 9 февраль куни миллий космик дастурни эълон қилганди. Дастур доирасида Туркия космодром қуриш, коинотга фазогир йўллаш ҳамда фуқаровий ва ҳарбий эҳтиёжларни қоплаш учун сунъий йўлдош аппаратларини учириш ниятида.

Мьянма полицияси намойишчиларни жанговар қуроллар билан ўққа тутди

Янгон шаҳрида ўтган норозилик намойишидан лавҳа, 2021 йил 22 феврали

Мьянмада шанба ва якшанба кунлари яна норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Янгон, Тавой ва Мандалай шаҳарларида полиция билан тўқнашувлар чоғида камида 18 киши нобуд бўлган, 30 дан зиёд одам яраланган. Полициячилар жанговар ўқлар билан бир қаторда намойишчиларга қарши резина ўқлари ва кўздан ёш сиздирувчи газни ишга солганлар. Бу ҳақда Би-би-си БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Мамлакат мухолифати ҳарбийларни ҳокимиятдан четлатиш, сиёсатчи Аун Сан Су Чжи ва у етакчилик қилган партия раҳбариятини зудлик билан озод қилишга чақиряпти.

Ҳарбий ҳокимиятга бўйсунувчи полиция Мьянманинг феълан лидери бўлган Аун Сан Су Чжи ҳамда президент Вин Мьинни уй қамоғида сақламоқда. Мамлакатда бир йиллик фавқулодда ҳолат тартиби жорий қилинган. Йирик шаҳарларда оқшомги соат 8 дан тонгги соат 4 гача комендантлик соати ўрнатилган.

Ҳибсда тутилаётган Аун Сан Су Чжи рацияларни ноқонуний ташиганлик, сақлаганлик ва улардан фойдаланганлик, импорт тўғрисидаги қонун ва бошқа қонун ҳужжатларини бузганликда айбланмоқда.

Мьянма армияси янги парламент сайлови ўтказилишини ваъда қилаётган бўлса-да, сайлов санасини эълон қилмаяпти. Генераллар Аун Сан Су Чжи етакчилигидаги “Демократия учун миллий лига” партияси ғалаба қозонган аввалги сайловда натижалар сохталаштирилганини иддао қиляпти.

Шанба куни Мьянманинг ҳарбий ҳокимияти қарори билан мамлакатнинг БМТдаги элчиси Чжо Мо Тун вазифасидан озод этилган. Аввалроқ дипломат ўз юртдошларини ҳарбийлар ҳукмронлигини тўхтатиш учун “барча зарур воситаларидан фойдаланиш”га чақирган. Мьянма давлат телевидениеси Чжо Мо Тун “ўз юртини сотган”и ва “элчилик вазифасини суиистеъмол қилган”ини билдирган.

Мьянмани 1962 йилдан бери бошқариб келаётган ҳарбий режим раҳбарлари 2011 йили халқаро босимларга ён бериб, мамлакатни босқичма-босқич демократик бошқарув йўлига ўтишига розилик берганди. Бундай ўтишга ҳарбийлар парламентдаги ўринларнинг 25 фоизини эгаллаш ҳамда куч ишлатар тузилмалар устидан ўз назоратларини сақлаб қолиш шарти билан рози бўлганлар.

Жамиятнинг демократик қадриятларни дастаклаган қатлами лидери бўлган Аун Сан Су Чжи партияси 2011 йилдан кейинги барча сайловларда ғалаба қозонган.

Мазкур партия ўтган йилги сайловда ҳам катта фарқ ғалаба қозонган ҳамда ҳарбийлар иштирокисиз ҳукуматни мустақил равишда шакллантириш имкониятини қўлга киритганди.

АҚШда коронавирусга қарши яна бир вакцина қўллаш учун маъқулланди

АҚШнинг Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон сифати устидан санитар назорат бошқармаси (FDA) мамлакатда коронавирусга қарши Johnson & Johnson ширкати томонидан ишлаб чиқарилган вакцинани ошиғич қўллашни маъқуллади.

Оқ уй томонидан тарқатилган президент баёнотида бунинг “ҳар бир америкаликни тўлқинлантирувчи” ҳодиса бўлгани айтилган. Байденга кўра, қанча кўп одам эмланса, АҚШ шу қадар тез вирусни енгади.

АҚШ президенти COVID-19 устидан ғалаба қозонилишига ҳали узоқлигини айтиб, мамлакат аҳолисини муттасил қўл ювиш, ниқоб тақиб юриш ва ижтимоий масофани сақлашга чақирган.

“Мен вируснинг янги вариантлари тарқалиши қабатида вазият яна ёмонлашиши ва ҳозирги яхшиланиш ҳолати чаппасига кетиши мумкинлиги ҳақида аввал ҳам кўп бор айтганман”, деган Жо Байден.

Президентга кўра, унинг маъмурияти “мазкур хатарга енгилтаклик билан қарамайди”. Байден АҚШга яқин ойларда курашни давом эттиришга имкон берувчи ўз режаси лозимлигини билдирган.

Куни кеча АҚШ конгрессининг Намояндалар палатаси президент Жо Байденнинг коронавирус пандемияси шароитида мамлакат иқтисодиётини қутқариш ҳамда аҳолига ёрдам кўрсатиш режасини қабул қилиш учун овоз берган. Режада бу мақсадлар учун 1,9 триллион доллар маблағ ажратиш кўзда тутилган. Эндиликда мазкур “америкача қутқарув режаси” Сенат томонидан кўриб чиқилиши керак. Ҳужжат маъқулланган тақдирда, у федерал ҳукуматнинг инфекцияга қарши кураш бўйича олтинчи дастурига айланади.

Саудия Арабистони пойтахт Ар Риёдга қилинган ракета ҳужумининг олди олинганини билдирди

Ар Риёд манзараси.

Саудия Арабистони ҳукумати 27 февраль куни пойтахт Ар Риёдга отилган ракета уриб туширилганини билдирди.

Билдирилишича, ракета Ямандаги хусий шиа исёнчилари томонидан отилган.

Ямандаги шиа исёнчиларига қарши курашаётган араб давлатлари ҳарбийларидан иборат коалицияга раҳбарлик қилаётган Саудия ҳукумати баёнотида хусий исёнчилар Ар Риёд ва Жизан вилоятига ракета отгани айтилади.

Хусийлар бу баёнотга ҳозирча муносабат билдирмади. Ракета ҳужумидан жабрланганлар тўғрисида ҳам маълумот йўқ.

Саудия телеканаллари Ар Риёд осмонида портлаш юз бергани тўғрисидаги видеони эфирга узатди. Таҳлилчиларга кўра, ракеталар АҚШнинг Patriot ҳаводан мудофаа тизими ёрдамида уриб туширилган.

Саудиядаги АҚШ элчихонаси мамлакатдаги америкаликларни ҳужумлар давом этиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

2014 йилда хусий шиа исёнчилари Яман пойтахти Сана шаҳрини ва мамлакат шимолидаги катта ҳудудни босиб олган эди. Бунинг ортидан президент Абд Раббу Мансур Ҳодий раҳбарлигидаги суннийлар ҳукумати Саудия Арабистонига қочишга мажбур бўлган.

Саудия 2015 йилда шиа исёнчиларига қарши коалиция тузган ва Абд Раббу Мансур Ҳодий ҳокимиятини тиклаш мақсадида хусийларга уруш очган. Эрон бу урушда хусий шиа исёнчиларни қўллаб келади.

Афғонистон ҳуқуқ ташкилоти Толибон қўмондони журналистнинг оиласини ўлдирганини маълум қилди

Толибон жангарилари.

Афғонистон Инсон ҳуқуқлари мустақил комиссияси -АИҲМК 28 февраль куни Гор вилоятида Толибон қўмондони аввал ўлдириб кетилган журналистнинг оила аъзоларидан уч нафарини ўлдиргани ҳақида маълум қилди.

Вилоятдаги мустақил радиолардан бирининг муҳаррири бўлган Бисмиллоҳ Одил Аймоқ 1 январь куни толиблар томонидан ўлдириб кетилганди.

25 февраль куни жангарилар Аймоқнинг отаси яшайдиган Фироз Коҳ шаҳри четидаги уйга ҳужум қилган. Ҳужум сабаблари ҳозирча маълум эмас.

АИҲМК оила аъзоларидан уч киши ўлдирилгани, тўрт киши яралангани ва оиланинг яна икки аъзосини ўғирлаб кетгани ҳақида билдирди.

Бироқ Толибон расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид 26 февраль куни гуруҳ Аймоқ оиласига қилинган ҳужумга алоқадор эмаслиги ҳақида баёнот берди.

Афғонистонда сўнгги йилда журналистларга нисбатан ҳужумлар кўпайди. 2020 йилда Афғонистонда жангарилар 11 мухбирни ўлдирди.

Навальний жазони Москва яқинидаги колонияда ўтайди

Навальний суд залида.

Россия матбуотининг билдиришича, мухолифатчи Алексей Навальний ўз жазо муддатини Москва яқинидаги Владимир вилоятида ўтайди.

ТАССнинг 27 февралда хабар беришича, Навальнийни Владимир вилояти Покров шаҳридаги колонияга олиб келинади. Мазкур колония Москвадан юз километр узоқликда жойлашган.

ТАСС аноним манбага таянган ҳолда, Навальний колонияга 26 февралда олиб келинишини ва карантинга жойлаштирилишини айтган.

Манба Навальний колонияга олиб келингани ёки олиб келинмагани ҳақида хабар бермади.

Аввалроқ «Ярновости» сайти Навальний Владимир вилоятининг Кольчугино қишлоғидаги изоляторда сақланаётгани ва Покровдаги 2-сонли колонияга кўчирилишини маълум қилганди.

Жазони ўташ федерал хизмати 26 февраль куни Навальний Москвадаги тергов изоляторидан колонияга кўчирилганини маълум қилган. Лкуин хизмат Навальний айни қайси жойда жазони ўташини айтмаган.

Ғарб давлатлари Грузиядаги «беқарорлаштирувчи» ҳодисалардан хавотир изҳор қилди

АҚШ Сенатининг Халқаро алоқалар қўмитаси раиси, сенатор Боб Менендез .

АҚШ Сенатининг Халқаро алоқалар қўмитаси раиси, сенатор Боб Менендез Германия, Литва, Эстония, Латвия, Польша ва Чехия расмийлари билан бир қаторда Грузияда содир бўлаётган «беқарорлаштирувчи ва антидемократик ҳодисалар»дан хавотир билдирди.

Менендез ва юқорида тилга олинган мамлакатлар вакиллари имзолаган баёнотда «Грузиядаги энг йирик мухолифат партияси бўлмиш Бирлашган миллий ҳаракат раиси Ника Мелияни ҳибсга олиш учун партия офисига бостириб кирилгани Грузиядаги демократия ва эркинлик заифлигини фош қилди», дейилади.

23 февраль куни Грузия полицияси Бирлашган миллий ҳаракат офисига бостириб кириб, унинг етакчиси Мелияни қамоққа олган эди.

Натижада минглаб одам пойтахт Тбилисида норозилик намойишига чиқди. Грузия ва НАТО байроқларини кўтариб олган намойишчилар мамлакат парламенти биноси олдида тўпланиб, навбатдан ташқари парламент сайловларини ўтказилишини ва сиёсий маҳбуслар озод этилишини талаб қилдилар.

Мелия 2019 йилдаги аксилҳукумат намойишлар пайти оммавий зўравонликларни уюштиришда айбланмоқда. Унинг ўзи бу айблов ортида сиёсий сабаблар турганини айтиб келади.

Байден: АҚШ Сурияда берган зарбалар Эрон учун огоҳлантирувдир

АҚШ президенти Жой Байден

26 февраль куни АҚШ президенти Жо Байден Сурия шарқида Эрон дастаклаб келган қуролли кучларга берилган ҳаво зарбалари Теҳрон учун огоҳлантириш эканини айтди.

25 февраль куни АҚШ Мудофаа департаменти ой бошида Ироқда АҚШ ва коалиция қўшинлари жойлаштирилган базага қилинган ракета ҳужумларига жавобан жангариларга ҳаводан зарба берилганини маълум қилган эди.

Пентагоннинг маълум қилишича, икки F-14 ҳарбий учоғидан ракета ҳужумини амалга оширгани айтилаётган жангари гуруҳлар объектларига еттита бомба ташланган.

Зарбалар Сурия – Ироқ чегарасида Эрон дастаклаб келаётган қуролли кучлар, шу жумладан, «Каитиб Ҳизбуллоҳ» ва «Каитиб Саййид Ал-Шуҳада» гуруҳлари ишлатадиган «кўплаб объект»ни нишонга олган.

Қароргоҳи Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясига кўра, зарбалар натижасида Миллий мобилизация бўлимининг 17 аъзоси нобуд бўлган.

Россия мухолифати Борис Немцовни хотирлашга ҳозирланмоқда

Борис Немцов 2015 йил, 27 февраль тунда Кремль яқинида отиб ўлдирилган эди.

27 февраль куни Россия мухолифати фаоллари Москва марказида ўлдирилган мухолифатчи сиёсатчи Борис Немцовни хотирлашни режалаштирмоқда.

Немцов бунда роппа-роса олти йил олдин – 2015 йил 27 февраль тунда Кремль яқинида отиб ўлдирилган эди.

Немцовни хотирлаш маросими Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний қамоқда қолаётган ва унинг иттифоқчиларига қарши қатағон кучайган бир пайтга тўғри келди.

Навальний жамоаси унинг тарафдорларини бир дақиқа сукут сақлашга ва Немцов отиб ўлдирилган Большой Москворецкий кўпригида гул қўйишга чақирди.

Россия ҳукумати ўнлаб шаҳарда 10 мингдан зиёд одамни ҳибсга олиб, уларнинг кўпини маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортгани учун Навальний иттифоқчилари норозилик намойишлари баҳорга қадар тўхтатиб турилишини эълон қилдилар.

Ўтган ҳафта Москва суди Навальнийни 2,5 йилга қамаш тўғрисидаги аввалги суд қарорини қонуний деб топди.

Мухолифат 27 февраль куни Немцов хотирасига митинг эмас, балки «хотирлаш тадбири» ўтказиш режалаштирилганини билдирди.

Москва шаҳри мэрияси коронавирус пандемияси туфайли мухолифат тарафдорларининг эсдалик маршини ўтказиш аризасини рад этди.

27 февраль куни Борис Немцов номидаги эркинлик жамғармаси Навальнийни «Жасорат учун Борис Немцов мукофоти» билан тақдирлади.

Жамғарма ушбу муносабат билан эълон қилган баёнотда «Навальний нафақат шахсий жасорат намойиш этди, балки коррупцияни фош этиш ва Россиянинг ҳанузгача мавжуд бўлган сиёсий жараёнларида фуқароларнинг фаоллигини оширишга катта ҳисса қўшди», дейилади.

Жамғарма директори Россия расмийларини Навальнийни «зудлик билан» озодликка чиқаришга чорлади.

Немцов тарафдорлари унинг ўлими ортидан Москворецкий кўпригида гуллар, фотосуратлар ва шамлардан иборат ёдгорликни яратган. Аммо полиция, шаҳар ишчилари ва бошқалар уни мунтазам равишда бузиб келади.

Немцов Борис Ельцин президентлиги йилларида бош вазир биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Владимир Путин ҳокимиятга келганидан кейин унинг ашаддий танқидчисига айланган эди.

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров билан алоқаси бор беш чечен 2015 йил Немцов ўлимида айбланиб, жавобгарликка тортилди.

Қодиров бу ишда қўли борлигини рад этcа ҳам, айбланувчиларнинг бири Заур Дадаевни «чинакам ватанпарвар», деб таърифлаган.

Туркманистонда ит байрами таъсис этилди

Туркманистонда бундан буён алабай ити байрами нишонланади. Янги байрамни таъсис этиш тўғрисидаги фармонни мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов имзолагани ҳақида 25 февралда маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Алабай ити байрами ҳар йили апрелнинг сўнгги якшанбасида, ахалтекин оти куни билан бирга нишонланади.

Ўтган йилнинг ноябрида Бердимуҳаммедов Ашхабодда алабайнинг олтин ёдгорлигини тантанали равишда очиб берганди. Олтин ёдгорлик пойдеворига Led-экран ўрнатилган. Ёдгорликнинг очилиш маросимида алабай итлари акс этган видеороликлар экранда намойиш этилган.

Туркманистон президенти Алабайга олтин ҳайкал ўрнатди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:17 0:00

АҚШ кучлари Суриядаги нишонларга ҳаводан зарба берди

АҚШнинг B-52 бомбардимончилари Яқин Шарқдаги ҳарбий машғулотлар чоғида - 27 январь, 2021

АҚШ кучлари пайшанба куни Эрон дастаклаётган ҳарбийлашган гуруҳларнинг Суриядаги объектларига ҳаводан зарба берди.

Пентагон матбуот котиби Жон Кирбининг билдиришича, ҳужум натижасида Суриянинг Ироқ билан чегарасида жойлашган бир неча бино йўқ қилинган. Пентагондаги аноним манбаларнинг хабар беришича, эронпараст гуруҳлар бу бинолардан контрабанда қуролларни сақлаш учун фойдаланган. CNN маълумотига кўра, бир неча жангари ўлдирилган.

Бу ҳужум Ироқнинг шимолидаги Ирбилдаги ракета зарбаларига жавобан амалга оширилди. Ирбилдаги ҳужумда бир неча АҚШ ҳарбийси яраланган, Пентагон учун ишлаётган бир нафар Филлипин фуқароси вафот этган эди. АҚШ Ирбилдаги ҳужум ортида Эрон турганини айтган.

Пентагон вакили ўз баёнотида таъкидлашича, Суриядаги объектларга зарба «аниқ мужда бермоқда: президент Байден АҚШ ҳарбийлари ҳамда халқаро коалиция аъзоларини ҳимоя қилади». АҚШ президенти Жо Байден иттифоқчилар билан маслаҳатлашувдан сўнг Суриядаги объектларга зарбани шахсан маъқуллаган.

Европа Иттифоқи беларуслик мулозимларга қарши санкция муддатини узайтирди

Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатида Александр Лукашенко ҳам бор

Европа Иттифоқи 1994 йилдан бери ҳокимият тепасида қолаётган авторитар раҳбар Александр Лукашенко дохил беларуслик ўнлаб мансабдорга қарши санкциялар муддатини бир йилга узайтирди.

Европа кенгаши сайти орқали 25 февраль куни ёйинланган хабарномада санкциялар “Беларусда тинч намойишчилар, мухолифатчилар ва журналистларга нисбатан зўравонлик қабатида уюштирилган қатағон учун масъул бўлган мансабдорлар ҳамда сайлов натижалари сохталаштирилгани учун масъул бўлган шахслар”га қарши қаратилгани айтилган.

Санкциялар 2020 йил августида ўтказилган президент сайлови натижаларига қарши бўлиб ўтган намойишлар расмий Минск томонидан шафқатсиз бостирилганидан сўнг жорий этилганди. Мухолифатчилар ва халқаро кузатувчилар мазкур сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб келишади. Лукашенко ғолиб деб эълон қилинган президент сайлови натижалари Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада ва бошқа кўплаб мамлакат томонидан тан олинган эмас.

Ўтган йилнинг октябрь-декабрь ойларида кучга кирган санкциялар беларуслик 88 нафар жисмоний шахс ва еттита юридик шахсга қарши қаратилган. Тақиқ ЕИга сафар қилиш ва активларни музлатиш каби чораларни ўз ичига олади. ЕИ субъектларига санкция рўйхатига киритилган шахслар билан молиявий операциялар ўтказиш тақиқланган.

Санкциялар узайтирилгани беларуслик амалдорларга қарши чоралар йўқ деганда 2022 йил 28 февралигача амалда бўлишини англатади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG