Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:55

Тошкент-террорга қарши кураш марказими?


Хитой, Россия ва яна тўртта собиқ совет республикасидан иборат Шанхай ҳамкорлик ташкилоти террорчиликка қарши кураш марказини ташкил қилиш қарорини қабул қилди. Ушбу марказ қароргоҳи Тошкентда, котибияти эса Пекин шаҳрида жойлашадиган бўлди. Марказнинг, олти давлатдаги мусулмон гуруҳлари ўртасидаги алоқаларни назорат қилиш билан шуғулланиши айтилаяпти. Аммо инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар,биринчи навбатда Хитой ва Ўзбекистоннинг терроризмга қарши кураш ниқоби остида, ўзгача фикрловчиларга қарши тазйиқларни яна кучайтиришидан ҳавфсирашмоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо олти давлатнинг терроризмга қарши марказ ташкил қилиши, марказ қароргоҳининг Тошкентда, котибиятнинг эса Пекинда жойлашиши кўпчиликда хавотир уйғотмоқда дейди Москвадаги МДҲ институти таҳлилчиси Андрей Грозин.

"Ўзбекистонда Каримов ҳукумати ўйлаганидан сал бошқачароқ ибодат қилаëтганларнинг ҳам террорчилар гуруҳига қўшиб қўйилаëтганлиги ва бундай маҳкумларнинг Қорақалпоғистондаги канцлагерда жазо ўтаëтганлигини эслаш кифоя. Бу канцлагерда диний эътиқоди учун таъқиб қилинаëтган ва террорист деб айбланган, энг камида бир неча минг маҳкум борлиги айтилмоқда."

Ҳамма гап, ҳозир дунëда урф бўлган терроризмга қарши кураш атамаси тагидаги маънони ким қандай талқин қилишида деб давом этади Москвадаги МДҲ институти таҳлилчиси Андрей Грозин. Ўз юрти мустақиллиги учун курашаëтган чечен ëки уйғурлар Россия ëки Ҳитой нуқтаи назарида террорчи деб ҳисобланади. Хўш мустақиллик курашчиси ëки тинч ибодат билан шуғулланаëтган одам билан террорчи ўртасида фарқ қандай аниқланади? Улар ўртасида чегара чизиғи қаердан ўтади?

Бу саволга жавоб берган Тошкентдаги Озодлик уйи ташкилоти дастур раҳбари Суҳроб Исмоилов умуман террозим калимаси ҳали аниқланишга муҳтож дейди:

"Умуман терроризмга қарши кураш бутун дунë бўйлаб эълон қилинганидан бўлса ҳам, дунë миқëсида бундай чегара ўтказиш қийин. Чунки ҳали террорист тушунчаси умумжаҳон миқëсида ҳам яққол хужжат сифатида ишлаб чиқилгани йўқ.Кимни террорчи дейиш мумкин, кимни йўқ бу ҳали аниқ эмас.БМТ да махсус комиссия бу бўйича ишлаяпти.Лекин терроризмга хилма-хил таъриф бериш ҳали ҳам мавжуд".

Суҳроб Исмоилов ҳар бир мамлакат ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда у ëки бу гуруҳлрарни терорчи деб атамоқда деб шундай мисол келтиради:

"Масалан Ўзбекистон ҳукуматининг ҳам ўз қарашлари мавжуд,ва ҳудди шунингдек Хитой ҳукуматида ҳам.Хитойни оладиган бўлсак уйғурлар билан боғлиқ муаммоларга дуч келамиз.Хитой расмийлари уйғурларнинг мустақиликка интилишларини террорчилик деб баҳолашади.Ўзбекистон ҳукуматида ҳам ўзига ҳос позиция мавжуд. Исломий ибодатларни турлича амалга оширадиган гуруҳларни террорчилар деб аташга Ўзбекистон ҳукуматида мойиллик бор, ва кўпинча қайси гуруҳ нимани хохлаяпти, уларни бир биридан фарқи нима, бунга эътибор берилмайди."

Айни фикрни Москвадаги МДҲ институти таҳлилчиси Абдрей Грозин ҳам таъкидлайди:

"Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг баъзи бирлари терроризмга қарши курашдан ўзгача фикрловчилар ва муҳолифатни бостириш мақсадида фойдаланиши мумкин.Бунга Ўзбекистонни мисол қилсак бўлади.. Айни вақтда расмий Пекин мустақиллик ҳақида орзу қилаëтган уйғурлар ҳаракатини бостириш учун тероризмга қарши курашни ниқоб қилишга уринмоқда."

"Агар Шанхай шартномасида терроризм калимасига ойдинлик киритилмас экан, бу ўз навбатида тазйиқларннг янги тўлқинига олиб келиши тайин",- дейди Андрей Грозин.

Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти терроризмга қарши кураш марказининг иккита асосий идораси Тошкент ва Пекинда жойлашиши аниқ экан, хўш бу борада суистеъмолликларга йўл қўйилмаслиги учун нима қилиш керак? Бу саволга Озодлик уйи дастури раҳбари Суҳроб Исмоилов жавоб беради.

"Агар ҳақиқатданам,ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари қўлига шунақа ваколатлар берилаëтган экан.Қолаверса бу масала ҳалқаро миқëсга кўтарилиб иккита-учта давлат ўртасида ечилаëтганлигини инобатга олиб,масалалар бунақа тус ола бошлаганидан кейин, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳушëрроқ бўлишлари зарур Терроризмга қарши кураш маркази устидан кучли ижтимоий назорат ўрнатилиши керак.Ижтимоий назоратни эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари амалга оширишлари керак."

Тошкентдаги Озодлик уйи дастури раҳбари Сухроб Исмоиловнинг бундай фикрлри ўз навбатида, ҳамма гап Ўзбекистондаги нодавлат ташкилотлари ва оммавий аҳборот воситалари терроризмга қарши кураш маркази фаолиятини назорат қиладиган даражада мустақилми? - деган саволнинг жавобига бориб тақалади.
XS
SM
MD
LG