Линклар

Шошилинч хабар
24 феврал 2021, Тошкент вақти: 23:07

Халқаро хабарлар

Ироқда жамоат ишлари бўйича вазирлик мамлакатни аҳлатдан тозалаш бўйича икки ойлик дастурини бошлайди.

АҚШ томонидан ҳомийлик қилинаëтган бу лойиҳанинг 100мингга яқин Ироқ фуқаросини вақтинчалик иш билан таъминлаши кутилмоқда. Вазирликнинг хабар беришича ҳар бир ишчи кунига икки Америка доллари олади.
Мазкур идора раҳбари Мустафо ал- Баруарининг сўзларига қараганда, Ироқда ишсизлар сони камайиши учун узоқ ва кенг кўламли кампания олиб борилади.

Кун янгиликлари

Ўшдаги Қирғиз-Ўзбек университетига халқаро мақоми берилди

Ўшдаги Қирғиз-Ўзбек универистети биноси.

Ўшдаги Қирғиз-Ўзбек университети номи ўзгартирилди. 24 февралда расман билдирилишича, эндиликда университет Ботирали Сидиқов номидаги Қирғиз-Ўзбек халқаро университети деб аталади.

Таълим ва фан вазирлигининг билдирилишича, бу борадаги қарор 15 январда маҳаллий аҳолининг кўп сонли мурожаатлари ортидан қабул қилинган.

Давлат ва жамоат арбоби, фалсафа фанлари доктори Ботирали Сидиқов Қирғизистон мустақиликка эришганидан сўнг энг биринчи “афсонавий” парламент депутати бўлган. У Ўзбекистон Файласуфлар жамиятининг фахрий аъзоси, Қозоғистон Фанлар Академияси ва Қирғизистон Фанлар Академиясининг фахрий профессори бўлган.

Қирғизистон Инженерлик академияси ҳақиқий аъзоси Ботирали Сидиқов 3 монография ва 35та илмий тадқиқот муаллифи.

Университет 2010 йилдаги Ўш воқеаларига қадар Қирғиз-Ўзбек университети деб номланган. Ўш воқеаларидан сўнг унинг номи Давлат ижтимоий университети деб ўзгартирилган. Орадан бир неча йил ўтгач, таълим даргоҳи номи яна Қирғиз-Ўзбек университети деб ўзгартирилган эди.

Amnesty International Навальнийни “виждон тутқуни” деб аташдан бош тортди

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳозирда қамоқда бўлган россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни “виждон тутқуни” деб топишга оид қарорини бекор қилди.

Alнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича менежери Александр Артемьевнинг “Медиазона” нашрига айтишича, мазкур қарор ташкилотнинг юридик ва сиёсий департаменти Навальнийнинг 2000-йиллар ўрталарида қилган чиқишлари ўрганиб чиқиб, уларда “нафрат риторикаси”ни топганидан кейин қабул қилинган. Бу ерда Навальнийнинг айнан қайси чиқишлари ҳақида гап бораётганига Артемьев аниқлик киритган эмас.

Айни пайтда у ҳуқуқ фаолларида Навальний айтган гаплар бўйича текшириш ўтказиш ҳақида ёппасига мулоҳазалар мухолифатчини хорижда обрўсизлантириш учун мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилган кампания бўлиши мумкин, деган таассурот уйғотган. Артемьев бундай мулоҳазалар қаердан келиб тушаётганини айтмаган, бироқ “Навальнийни зудлик билан озод қилиш талаби ўз кучида қолиши”, чунки мухолифатчи мутлақо сиёсий мотивлар асосида таъқиб қилинаётганини урғулаган.

Amnesty International ташкилоти Алексей Навальний бир ой муқаддам Москва аэропортида қўлга олингани ортидан мухолифатчини “виждон тутқуни” деб топганди. Ўша пайтда Al “Навальнийнинг қўлга олиниши Россия расмийларининг мухолифатчи овозини ўчиришга галдаги уриниши” ўлароқ баҳолаганди.

Кейинроқ инсон ҳуқуқлари ташкилотига бу қарор юзасидан ёппасига шикоят хатлари кела бошлаган. Amnesty International’даги аноним манба “Медиазона” нашрига бу хатлар ортида Кремль томонидан молиялаштирилувчи Russia Today медиахолдинги турган бўлиши мумкин, деган тахминни айтган.

Microsoft раҳбари АҚШ тарихидаги энг хавфли киберҳужумда Россия разведкасини айблади

Microsoft корпорацияси раҳбари Брэд Смит SolarWinds ширкатига уюштирилган ҳакерлик ҳужумига Россиянинг алоқаси борлигига оид далиллар мавжудлигини билдирди. Мазкур ҳужум АҚШ тарихидаги энг хавфли киберҳужум экани айтилади.

АҚШ Сенатининг разведка бўйича қўмитасида чиқиш қилган Смитнинг қайд этишича, мутахассислар киберҳужумнинг Россия разведкаси томонидан амалга оширилганига оид асосли далиллар топган, ҳужум бошқалар томонидан амалга оширганига оид эса ҳеч қанақа далил тополмаган.

Смитга кўра, Техасда жойлашган SolarWinds ширкати тизимига киришга имкон берувчи код шу қадар мураккабки, унинг устида камида минг нафар юқори малакали дастурчи ишлаган.

“Бу кўлаб давлат тузилмалари иштирокига ишора қилмоқда”, деган Microsoft раҳбари.

Сенатдаги тингловда иштирок этган FireEye ширкати раҳбари Кевин Мандиа ҳужум чоғида ҳакерлар Россия томонидан қўлланиб келинган воситаларга ўхшаш воситалардан фойдаланганини маълум қилган. Мандиага кўра, улар Хитой, Шимолий Корея ёки Эрон томонидан қўлланиладиган воситаларга ўхшамайди.

Декабрь ойи ўрталарида АҚШдаги қатор давлат идоралари ва хусусий ширкатларга ҳакерлик ҳужуми уюштирилгани хабар қилинганди. Ҳужумга учраганлар орасида Microsoft ширкати ва унинг мижозлари ҳам бўлган. Ҳакерлар серверларга SolarWinds ширкати дастур таъминотига вирус юқтириш орқали ёриб киришга муваффақ бўлишган. Ўшанда Қўшма Штатларда Мудофаа, Савдо, Энергетика, Ички хавфсизлик ва Молия вазирлиги дохил камида тўққизта федерал агентлик ҳамда 100 дан зиёд хусусий ширкат ҳужум нишонига айланганди. Вирусли дастурдан истеъфода этган фойдаланувчиларнинг умумий сони 18 мингга етиши мумкин.

АҚШ нашрлари аввалроқ ҳужум Россия хавфсизлик хизматлари назорати остида бўлган ҳакерлар томонидан уюштирилганини иддао қилиб чиққан.

Бироқ ўша пайтда АҚШ президенти бўлган Дональд Трамп ҳужум учун Россияни айблашдан бош тортган, Оқ уй эса Москванинг айбдорлигига оид расмий баёнот ёйинлаш фикридан сўнгги дақиқада воз кечганди.

Куни кеча Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан АҚШ яқин бир неча ичида SolarWinds ширкатига уюштирилган ҳакерлик ҳужумга жавоб беражагини билдирган. Салливанга кўра, жавоб “кўринадиган ва кўринмайдиган” бир неча воситани ўз ичига олади.

АҚШда коронавирусдан нобуд бўлганлар сони 500 мингдан ошди

АҚШ президенти Жо Байден

Душанба куни АҚШда COVID-19 инфекцияси туфайли нобуд бўлганлар сони ярим миллиондан ошди.

Мамлакат ҳудудида илк коронавирусга чалиниш ҳолати бундан бир йил олдин Калифорния штатида қайд этилган эди.

Президент Жо Байден жума куни қуёш ботгунига қадар жамоат бинолари ва майдонларда АҚШ байроғини марҳумлар хотирасига пастлатиб қўйишни буюрди.

«Ушбу қайғули дамда бизни тарк этганларни ва уларнинг яқинларини ёдга оламиз», дейилади Байден баёнотда.

«Биз миллат сифатида уларни ёдда тутишимиз керак, шунда ярамиз бита бошлаши, бирлашишимиз ва бир миллат ўлароқ ушбу пандемияни енгишимиз мумкин».

Вашингтондаги Миллий собор қўнғироқлари 500 минг ҳалок бўлган америкалик хотирасига 500 марта чалинди.

Қўнғироқ чалиб бўлинганидан кейин, Байден Оқ уй олдида нутқ сўзлаб,

«Америкадаги ушбу оммавий ўлим кўламини тан оламиз, ҳар бир инсонни ва унинг ҳаётини ёдимизда сақлаймиз», - деди.

«Ҳар куни кечқурун онасидан хабар олиш учун қўнғироқ қилган ўғилни. Отани, унинг дунёсини ёритган қизини. Доим ёнида бўлган энг яхши дўстини. … Беморларини яшашга ундаган ҳамширани».

Байден нутқ сўзлаб бўлганидан кейин, вице-президент Камала Харрис ва унинг турмуш ўроғи қора кийим ва қора ниқоб кийган ҳолда пайдо бўлдилар. Улар «Amazing Grace» (Ажойиб марҳамат) насроний мадҳияси янграр экан, сукут сақлаб турдилар.

Мамлакатда бугунга қадар 28 миллиондан ортиқ COVID-19 вирусига чалиниш ҳолати қайд этилди. Аммо касалхонага ётқизилиш ҳолатлари Рождество байрамидан бери энг паст даражага тушди.

Жаҳон бўйлаб коронавирус билан алоқадор кўрилаётган ўлимларнинг тахминан 19 фоизи АҚШда қайд этилди.

АҚШ аҳолиси глобал миқёсда вирусни юқтирганларнинг атиги 4 фоизини ташкил этиши ҳисобга олинса, вирус туфайли нобуд бўлган америкаликлар сони ўта юқоридир.

Канада парламенти Хитойни уйғурларни геноцид қилаётганликда айблади

Хитойдаги мусулмонлар сақланаётган "қайта тарбиялаш лагер"ларидан бири.

Канада парламентининг қуйи палатаси Хитой уйғурларга қарши геноцид содир этмоқда, деб топди.

22 февраль куни Хитойдаги уйғурлар «геноцидга дучор бўлгани ва дучор бўлаётгани» ҳақидаги резолюция бир овоздан қабул қилинди.

Канада парламенти, шунингдек, уйғурларга нисбатан шафқатсиз муносабат ўзгармаса, 2022 йилги қишки Олимпиада ўйинларини Пекиндан бошқа жойга кўчиришни талаб қилувчи резолюцияни ҳам қабул қилди.

Ўтган ҳафтада Канада бош вазири Жастин Трюдо Шинжонда содир этилаётган қонунбузарликлар ҳақида кўплаб хабар келаётганини айтган эди. Шинжонда Хитой ҳукумати камида 1 миллион уйғурни ва бошқа мусулмон халқларни қамоқ-лагерларда ушлаб тургани айтилади.

Январь ойида АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп маъмурияти ҳам Хитой Шинжонда уйғурларга нисбатан «геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар» содир этган, деб топган эди.

Янги президент Жо Байден маъмурияти бу баёнотни қўллаган ва Хитой уйғурларни геноцид қилаётганини тан олишини билдирган.

Хитой бу лагерлар диний экстремизмни йўқ қилиш ва одамларни ҳунарга ўргатиш мақсадида тузилганини иддао қилиб келади.

NASA марсюрарининг қизил сайёрага қўнаётгани акс этган видео эълон қилинди (ВИДЕО)

Марс сайёрасининг кўриниши.

АҚШ аэрокосмик агентлиги (NASA) Марсга ўзининг Perseverance ровери қўнаётгани акс этган тиниқ видеони эълон қилди.

Аппаратни Марсга қўндириш учун масъул бўлган гуруҳ раҳбари Ал Чен ровер томонидан юборилган тасвирларни «биз орзу қилган нарса» деб атади.

Perseverance ровери Марс сатҳига 18 февраль куни қўнган эди. Унга ўрнатилган 6 камера қўниш жараёнини бошдан оёқ ёзиб олган. Қўниш давомида камераларнинг биттаси ва микрофон ишламай қолган.

NASA эълон қилган видеода тўқ сариқ ва оқ рангли парашютнинг очилгани ва Марснинг юзаси тобора яқинлашиб бораётгани, сайёра сатҳига яқин қолганда ракета двигателлари ишга тушиши ортидан қизил чанг кўтарилганини кўриш мумкин.

Марсюрар сайёрада қадимда ҳаёт бўлганига оид аломатларни топишга уринади ҳамда тупроқ намуналарини йиғади. Тўпланган намуналар кейинчалик Ерга етказилади.

Қатарда Толибон билан Афғонистонда тинчлик ўрнатиш музокаралари давом этади

Афғонистон шаҳарларидан биридаги манзара.

Қатарда бир ойдан ошиқ чўзилган танаффус ортидан Толибон ва Афғонистон ҳукумати ўртасида тинчлик музокаралари қайта жонлантириладиган бўлди.

22 февраль куни кечқурун Толибон матбуот котиби Муҳаммад Наим Twitterда музокаралар давом этишини маълум қилди. Музокаралар ўтган ойда тўсатдан тўхтаб қолган эди.

Афғонистон ҳукумати, АҚШ ва НАТО учун Толибон билан тинчлик сулҳи имзоланишидан олдин мамлакатда зўравонлик камайишига эришиш устувор вазифадир. Толибон зўравонликни озайтириш мумкин эканини айтган, аммо экстремистик гуруҳ зудлик билан сулҳ имзолашга қаршилик кўрсатмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 23 февраль куни эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, ўтган йили зўравонликлар туфайли ўлган ва яраланган афғонистонликлар сони 2019 йилга нисбатан 15 фоизга камайган, аммо 2020 йилнинг сўнгги ойларида зўравонлик яна кўпайган.

ЕИ Навальний қамалишига алоқадор Россия амалдорларига қарши санкция жорий қилади

Мухолифатчи Алексей Навальний.

22 февраль куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Россияда мухолифатчи Алексей Навальнийнинг қамоққа йўлланиши ва унинг сафдошларига қарши қатағон уюштирилиши муносабати билан «муайян шахсларга» қарши санкция жорий қилишга келишиб олди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги иттифоқнинг бу қароридан «ҳафсаласи пир бўлганини» билдирди ва блокнинг Ташқи ишлар кенгашини «уйдирмалар» асосида Россия фуқароларига қарши «ноқонуний чекловларни жорий қилишда» айблади.

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жосеп Боррель янги санкциялар билан нишонга олинадиган россияликлар рўйхатини тузишини айтди.

Бир неча ахборот агентлиги аноним дипломатик манбаларга таянган ҳолда ЕИ тўрт нафар юқори лавозимли амалдор, шу жумладан, Россия Федерал Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикинни жазолашга келишиб олгани ҳақида хабар берди.

Ўтган йил октябрида ЕИ Навальнийнинг «Новичок» моддаси билан заҳарланиши важидан россиялик олти нафар мулозимни «қора рўйхат»га киритган эди.

Тихановская беларусликларни 25 март куни кўчага чиқишга чақирди

Светлана Тихановская

Беларус президенти лавозимига собиқ номзод Светлана Тихановская мухолифат тарафдорларини 25 март – мустақиллик кунида ўзлари яшаётган шаҳарлар кўчаларига норозилик билдириб чиқишга чақирди. Тихановская мазкур баёнотни ўз Телеграм-канали орқали ёйинлади.

Мухолифатчи юртдошларини 25 март кунига ҳозирданоқ тайёрланишга чақирган.

Аввалроқ Тихановская Швейцариянинг Le Temps газетасига берган суҳбатида мухолифат кучлари “кўча кураши”ни бой берганини эътироф этиб, Лукашенко режими устидан ғалаба қозониш учун режаланганидан кўра кўпроқ вақт керак бўлишини урғулаганди. Айни пайтда у мамлакатда оммавий норозилик чиқишлари баҳорда давом этиши мумкинлигига умид билдирган.

Тихановскаянинг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Франак Вячорка ҳам Россиянинг The Insider нашри билан суҳбатда кўча намойишлари “кунлар илиши билан” қайта бошланиши ҳақидаги тахмини билан ўртоқлашган. “25 март баҳорги норозилик чиқишлари учун муҳим санага айланиши мумкин”, деган у.

Беларусда оммавий норозилик намойишлари ўтган йил 9 августидаги президент сайлови ортидан мамлакат Марказий сайлов комиссияси Александр Лукашенкони сайлов ғолиби, деб эълон қилганидан кейин бошланиб кетган.

Мазкур сайловда кенг кўламли сохталаштиришларга йўл қўйилганини иддао қилган намойишчилар олти марта президентлик курсисини эгаллаган Лукашенконинг истеъфога кетиши ҳамда қайта сайлов ўтказилишини талаб қилишган.

Беларусдаги хавфсизлик кучлари намойишларни бостириш чоғида камида беш киши нобуд бўлгани, минглаб намойишчини қўлга олгани, юзлаб одам жабрлангани, тергов ҳибсхоналарида қийноққа солингани ва таҳқирлангани айтилади. Ҳуқуқ фаолларига кўра, шу кунгача 30 мингдан зиёд беларуслик қатағонга учраган, мамлакат расмийлари ўз мухолифларига қарши 900 дан зиёд жиноят иши очганлар.

Европа Иттифоқи давлатлари ва АҚШ Беларусдаги президент сайловини “легитим” дея тан олмаган. Европа парламенти мамлакатда тинч намойишларнинг аёвсиз бостирилишини қоралаган резолюцияни қабул қилган, беларуслик қатор амалдорларга қарши санкциялар жорий этилган.

Қирғизистонда Россиянинг коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинаси рўйхатга олинди

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги дори-дармон воситалари ва тиббий жиҳозлар департаменти коронавирусга қарши “Спутник V” препаратини рўйхатга олди.

Департамент матбуот хизмати маълумотига кўра, препаратнинг рўйхатга олиниши Қирғизистонда яқин орада аҳолини эмлашни бошлашга имкон яратади.

Аввалроқ Россия бевосита инвестициялар жамғармаси “Спутник V” вакцинаси самарадорлиги 95 фоиздан ошганини билдирган. Мазкур вакцина Россиядаги Гамалеи номидаги илмий марказ томонидан ишлаб чиқилган.

Қирғизистон ҳукумати ўтган йил ноябрида коронавирусга қарши вакцина сотиб олиш бўйича Россия билан музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган. Шундан сўнг қирғизистонлик мутахассислар “Спутник V” вакцинаси клиник синовлари натижалари билан танишиш учун Москвада бўлиб қайтганлар.

Кейинроқ ҳукумат мулозимлари март ойи бошида Қирғизистонга Британияда ишлаб чиқарилган AstraZeneca вакцинасининг илк партияси олиб келиниши ҳақида билдирган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 86 минг нафардан ошган, пандемия бошидан бери бу мамлакатда COVID-19 важидан 1 минг 460 киши қурбон бўлган.

АҚШда COVID-19 қурбонлари хотирасига беш кун мотам тутилади

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден беш кун мобайнида мамлакатдаги федерал ва ҳарбий объектларда байроқларни бироз тушириб қўйишни буюрган. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки маълум қилди.

Қайд этилишича, 22 февраль куни Байден коронавирус важидан қурбон бўлган 500 минг америкаликни бир дақиқа сукут сақлаш билан ёдга олган, сўнгра юртдошларини ихтилофларни четга суриб, пандемияга қарши биргаликда курашишга чақирган.

АҚШ президенти пандемия чоғида Биринчи, Иккинчи жаҳон урушлари ва Вьетнам урушларида ҳалок бўлган жами америкаликдан кўра кўпроқ одам вафот этганини таассуф билан таъкидлаган.

Байден ҳамюртларини ниқоб тақиб юришга, ижтимоий масофага риоя қилиш ва эмланишга даъват этган.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, Қўшма Штатлар COVID-19 қурбонлари сони бўйича ҳам (500 мингдан зиёд), хасталик юқтириб олганлар сони бўйича ҳам ( 28 миллиондан кўпроқ) ҳалигача жаҳонда 1-ўринда бўлиб турибди.

Ислом уйғониш партияси: Бизнинг ҳарбий қанотимиз йўқ

Ислом уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раҳбарияти Афғонистон махсус хизматларининг Афғонистонда партиянинг қуролланган аъзолари борлиги ҳақидаги баёнотини рад этди.

Аввалроқ Кобул расмийлари мамлакатда 6 мингдан 10 минггача хорижлик жангчилар борлигини, улар орасида Тожикистон фуқаролари ҳам борлигини таъкидлаган эди.

18 февраль куни Афғонистон Миллий хавфсизлик бош бошқармаси раиси Аҳмад Зиё Сараж терроризмга қарши кураш бўйича Кобулда бўлиб ўтган анжуман якунида мамлакатда Ўзбекистон исломий ҳаракати, «Ансоруллоҳ» ҳаракати, Шарқий Туркистон исломий ҳаракати ва Тожикистон Ислом уйғониш партияси жангарилари борлигини таъкидлади.

Сараж ушбу қуролли гуруҳларнинг мақсади Марказий Осиё ва Хитойда уруш келтириб чиқариш эканини қўшимча қилди.

Тожикистонда ман этилган Ислом уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий 19 февраль куни Озодлик радиосининг тожик хизматига берган интервьюсида:

-ТИУПнинг ҳарбий қаноти йўқ, шу жумладан, Афғонистонда ҳам. Ушбу баёнот Афғонистон махсус хизматлари томонидан тожикистонлик ҳамкасблари учун махсус қилинди, - деди.

Тожикистон олий суди 2015 йилда Ислом уйғониш партиясини террор ташкилоти сифатида тан олган. Ўшандан бери партиянинг кўплаб етакчилари ва аъзолари қамоққа олинди, уларнинг айримлари мамлакатни тарк этди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Тожикистонда қирғизлар гаровга олингани ҳақидаги хабарларни рад қилди

Расмийларга кўра, Тожикистондан 9маҳсулотларни ноқонуний олиб чиқишга уринган қирғизистонликлар ҳибсга олинган.

22 февраль куни Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ДМХҚ) Тожикистон хавфсизлик кучлари Қирғизистон фуқароларини гаровга олгани тўғрисида маълумотлар асоссиз эканини билдирди.

ДМХҚга кўра, 16 февраль куни Тожикистондан 900 кг металл, 2 бош қорамол ва 3 бош майда молни ноқонуний равишда олиб чиқишга уринган 5 нафар Қирғизистон фуқароси ҳибсга олинган.

«Ушбу фуқароларга нисбатан Тожикистон томони тергов ҳаракатларини олиб бормоқда. Айни пайтда уларни Қирғизистонга қайтариш масаласида музокаралар олиб борилмоқда», - дейилади ДМХҚ баёнотида.

22 февраль куни Боткен шаҳрида Тожикистонда ҳибсга олинган Қирғизистон фуқароларининг қариндошлари митингга чиққан эди. Улар маҳаллий ҳокимиятдан қариндошларини озод қилишда ёрдам беришни талаб қилганлар.

Қирғизистон ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги вакили Омурбек Суваналиев намойишчилар билан учрашиб, у ҳам Тожикистонда қирғизистонликлар гаровга олингани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Беларусь ва Россия президентлари Ғарб уларга нисбатан янги санкцияларни жорий этиши арафасида учрашди

Россия президенти Владимир Путин ва Беларусь президенти Александр Лукашенко Сочида 2021 йилнинг 22 февралида учрашди.

Беларусь президенти Александр Лукашенко россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан Сочида 22 февраль куни учрашмоқда. Иккиси ҳам мамлакат ичкарисидаги намойишлардан оз-моз қутилган бўлса-да, Ғарбнинг тобора кучаётган босимига учрамоқда.

Президентлар Қора денгиз бўйидаги оромгоҳда иқтисодиёт, энергетика, хавфсизлик ва интеграция масалалари бўйича музокаралар олиб боради, деб хабар берган Владимир Путиннинг матбуот хизмати.

Бу учрашув Европа Иттифоқи Россия ва Беларусга қарши навбатдаги санкцияларни жорий этиши кутилаётган бир пайтда ўтмоқда.

ЕИ Беларусни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенкони август ойидаги президентлик сайловларда овозларни сохталаштирганликда, бундан норози мухолифат ва намойишчиларга тазйиқ ўтказаётганликда айблайди.

Охирги марта Путин ва Лукашенко 2020 йилнинг сентябрь ойида Сочида учрашганди. Ўшанда Россия оғир аҳволдаги иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун Беларусга 1,5 миллиард доллар қарз берган эди.

Хитой АҚШдан савдо чекловларни бекор қилишни талаб қилмоқда

АҚШ президенти Жо Байден.

Хитой АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятини савдо борасидаги чекловларни бекор қилишга чақирди. Хитой, шунингдек, Тайвань, Ҳонконг, Шинжонь ва Тибет масалаларига АҚШнинг “асоссиз аралашувига” чек қўйишни ҳам талаб қилди.

Хитой ташқи ишлар вазири Ван Иннинг бу изоҳлари 22 февраль куни Пекинда бўлиб ўтган АҚШ-Хитой алоқаларига бағишланган форумда янграган.

Хитой ҳозирда АҚШ янги маъмуриятидан собиқ президент Трамп томонидан жорий қилинган чоралардан воз кечишни сўрамоқда.

Трамп Хитой молларининг импортига тарифларни 2017 йилда ошириб, Хитой технологик компаниялари ва академик алмашинувларга нисбатан чекловларни ўрнатган эди. У, шунингдек, Тайвань билан ҳарбий ва дипломатик муносабатларни жадаллаштириб, Шинжон ва Ҳонконгдаги қатағонлар учун масъулларга қарши санкциялар жорий қилган эди.

“Биз АҚШ маъмурияти ўз ташқи сиёсатини қайта кўриб чиқаётганидан хабардормиз”, - деди Ван И форумга йиғилган дипломат, тадқиқотчилар ҳамда журналистларга.

“АҚШ сиёсатчилари замон билан ҳамнафас яшашидан, дунёдаги трендларни кўра олишидан, асоссиз гумонлардан воз кеча олишидан ҳамда Хитой борасида яна оқил сиёсат тамойилларига қайта олишидан умидвормиз”, - деган Ван.

Байден маъмурияти Вашингтоннинг Хитой борасидаги амалдаги сиёсатини тубдан ўзгартирадими деган саволнинг жавоби ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

IAEA раҳбари Эрон билан келишувга эришганини, фақат Эрон инспекторларга “камроқ ижозат” беришини билдирди

Халқаро атом энергияси агентлиги (IAEA) раҳбари Рафаэль Гросси.

БМТ Халқаро атом энергияси агентлиги (IAEA) раҳбари Теҳрон билан музокараларда икки томон келишувга эришганини, фақат Эрон ҳамкорлик борасидаги муҳим шартномадаги иштирокини вақтинча тўхтатиб туришини ҳамда IAEA инспекторларига “камроқ ижозат” беришини билдирди.

Аввалроқ расмий Теҳрон АҚШ санкцияларни бекор қилмаса Эрон IAEA инспекторларига қисқа муддатли текширувларни ўтказишни тақиқлаши ҳақида маълум қилганди.

Гросси Эрон томонидан белгиланган муддат якунланишига икки кун қолганда Эрон расмийлари билан муросага эришган.

Музокараларда “маъқул натижага” эришилди деб ҳисоблайди Гросси.

Гроссининг айтишича, Теҳрон икки ой олдин қабул қилинган қонунни барибир кучга киритади. Бу қонунда БМТ агентлиги Эрондаги ядровий иншоотларни исталган пайтда текшириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши кўзда тутилган. Лекин, Гроссининг қўшимча қилишича, эронлик расмийлар IAEA назорат ва мониторинг ишлари яна 3 ойгача давом этишига рози бўлган.

Гросси Теҳрон билан музокаралар олиб борар экан, АҚШ ва Эрон расмийлари икки томон ҳам 2015 йилги ядровий келишувни тўлиқ бажаришга қайтишига имкон қолдирганини билдирган. Шу билан бирга, АҚШ ҳам, Эрон ҳам биринчи қадамни ташлашга ундаш мақсадида бир-бирига дипломатик тазйиқни кучайтирган.

Эрон ташқи ишлар вазири Мохаммад Жавад Зарифнинг PressTV телеканалига айтишича, ядровий келишувга имзо чеккан барча томонлар ўз мажбуриятини бажарса, Теҳрон ҳам 2015 йилги ядровий келишувни тўлиқ бажаришга қайтиш ҳақидаги музокараларга тайёрдир.

Ўз навбатида, АҚШ президенти Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ҳам музокараларни давом эттириш ҳақидаги Байден маъмуриятининг таклифига “Эрон ҳали муносабат билдирмаганини” айтган.

Жейк Салливаннинг таъкидлашича, Байден “Эроннинг уранни бойитиш дастурини чеклаш ҳақида эронликлар билан музокара қилишга тайёрдир”.

“Бу таклиф ҳали ҳам кучда, чунки биз дипломатия энг маъқул йўл эканлигига ишонамиз”, деб қўшимча қилган Салливан.

Ҳарбийлар таҳдидидига қарамай Мьянмада йирик намойишлар бўлиб ўтди

Ўн минглаб намойишчилар 22 февраль куни норозилик акцияларини ўтказди.

Таҳдидларга қарамай, Мьянмада ҳарбий тўнтаришга қарши 22 февраль куни бутун мамлакат бўйлаб ўтган норозилик намойишларида ўн минглаб одам қатнашди.

Қуролли куч ишлатиш таҳдиди ўтган ҳафтадаги намойишларда уч нафар иштирокчи ўлдирилиб, яна бир аёл ўқ отар яралардан вафот этганидан сўнг янгради.

Вашингтон 21 февраль куни Мьянма ҳарбийларини қатъий чоралар кўрилишидан огоҳлантирди.

1 февраль куни Мьянма ҳарбийлари давлат тўнтаришини амалга ошириб, сайланган президент Аун Сан Су Чжини ҳибсга олинганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тинчимаяпти.

Фуқаровий бўйсунмаслик кампанияси ҳукумат, тадбиркорлик ва банклар фаолиятини ишдан чиқармоқда.

Ҳарбийлар ҳукумати 21 февраль кечаси ўзининг энг кескин огоҳлантиришини берди

“Намойишчилар фуқароларни, айниқса ёшларни, йўлдан уриб, ўлим билан тугайдиган зиддиятларга сабаб бўлмоқда”, дейилади давлат тасарруфидаги MRTV телеканали орқали билдирилган баёнотда.

Куч ишлатиш таҳдидларига қарамай, ўн минглаб намойишчилар 22 февраль куни мамлакатнинг энг йирик шаҳри ва тижорат маркази бўлмиш Янгонда норозилик акцияларини ўтказган.

Пойтахт бўлмиш Нейпьидода ҳам минглаб одам намойишларга чиққан. Мийтикина ва Дэвей каби шаҳарларда ҳам йирик митинглар бўлиб ўтган.

Эронда қамоқ жазосини ўтаётган гунободий сўфий фаол вафот этди

Беҳнам Маҳжубий касалхонада вафот этгани маълум қилинди.

21 февраль куни Эрон ҳукумати гунободий сўфий диний жамоасининг қамоқдаги фаолларидан бири Беҳнам Маҳжубий касалхонада вафот этганини маълум қилди.

Мамлакат расмийларига кўра, 16 февраль куни гиёҳванд моддаларни истеъмол қилган Маҳжубий заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилган.

Аслида эса гунободий таълимотида гиёҳванд моддаларни қабул қилиш қатъиян ман этилган.

Ўтган ҳафтада Маҳжубийнинг рафиқаси Солиҳ Ҳуссейний эрига ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани, натижада у комага тушиб қолганини айтган эди.

Танқидчиларнинг сўзларига кўра, Эрон раҳбарияти Гунободий дарвешларини ўзининг диний монополиясига таҳдид ўлароқ кўради.

Айрим консерватив руҳонийлар сўфийлар Ислом учун хавфли эканини айтиб келади.

Эрон хавфсизлик кучлари бир неча марта гунободий ибодат уйларини вайрон қилиб, таълимот аъзоларини оммавий равишда ҳибсга олган.

Вашингтон: Россиянинг АҚШ давлат компьютер тизимларига қилган ҳужумига тез орада жавоб қайтарамиз

АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан.

АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан давлат идораларига қилинган йирик киберҳужумга жавобан бир неча ҳафта ичида чора кўришини маълум қилди.

Вашингтонга кўра, АҚШдаги давлат ва хусусий компаниялар тармоқларига қилинган хакерлик ҳужумини Россия амалга оширган.

Йирик ҳужум ўтган йилнинг март ойида бошланган. Хакерлар ҳукумат ва минглаб корхона ва ташкилотлар фойдаланадиган SolarWinds дастурий таъминотининг янги версиясига зарарли кодни киритган, натижада бир неча ой давомида федерал ҳукумат тармоқларидан маълумот ўғирлаган.

Салливан CBS телеканалининг Face the Nation дастури билан суҳбатда АҚШ кўрадиган жавоб чораси «шунчаки санкциялар билан чекланмаслигини» айтди.

Мутахассисларнинг айтишича, SolarWinds ҳужуми тарихдаги энг йирик ва энг мураккаб киберҳужумлардан бири бўлиб, бундай мураккаб ҳужумни давлат идораси амалга оширган бўлиши мумкин.

Москва ҳужум ортидан турганини рад этиб келади. Декабрь ойида Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси киберҳужумларга алоқадорлигини рад этиб, бу айбловларни «асоссиз» деб атади.

Навальний қамоққа йўлланиши ортидан ЕИ Россияга қарши санкциялар киритишни режаламоқда

Мухолифатчи Алексей Навальний суд залида, Москва, 2021 йил 20 феврали

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари 22 февраль куни мухолифатчи Алексей Навальнийнинг қамоққа йўлланиши ва унинг сафдошларига қарши қатағон уюштирилиши муносабати билан Россияга қарши жорий этилажак янги санкцияларни маъқуллаши кутиляпти.

Брюсселда бўлиб ўтадиган учрашувда 27 та давлат дипломатлари россиялик шахслар ва ташкилотларга қарши активларини музлатиб қўйиш ҳамда виза беришни тақиқлаш каби конкрет чораларни кўриши мумкин. Бу қадамга Навальний Германиядан қайтганидан кейин январь ойида қўлга олиниши ортидан ЕИда бошланган ва бир неча ҳафта давом этган дебатлар туртки бўлган.

Навальний ўзининг “Новичок” моддаси воситасида заҳарланиши ортида Россия президенти Владимир Путин ҳамда Федерал хавфсизлик хизмати турганини иддао қилмоқда. Кремль бу айбловни рад этиб келяпти.

Ўтган йил октябрида ЕИ Навальнийнинг заҳарланиши важидан россиялик олти нафар мулозимни “қора рўйхат”га киритган.

Россияга қарши янги жазо чораларининг жорий этилишига оид қарор ташқи ишлар вазирлари ЕИ дипломатик хизматига Навальнийнинг судланишига ва эҳтимолки, унга нисбатан уюштирилган суиқасдга алоқадор шахслар рўйхатини тузишни топширишини англатади.

Алексей Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди. 2 февраль куни суд “Ив Роше” иши бўйича мухолифатчига нисбатан чиқарилган шартли жазони ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштирган. 20 февраль куни суд Навальнийнинг апелляция тартибида берган шикоят аризасини рад қилган. Эндиликда мухолифатчи умрининг икки йилдан кўпроғини колонияда ўтказиши керак бўлади.

АҚШда COVID-19 қурбонлари сони ярим миллионга яқинлашди

Ҳюстондаги касалхонада COVID-19 сабабли вафот этган бемор жасади, Техас, 2020 йил декабри

Америка Қўшма Штатларида коронавирус қурбонлари сони 498 минг 883 нафарга етди.

Айни пайтда эмлаш кампанияси кенгайиб бораётгани ортидан мамлакатда COVID-19 юқтириб олиш ҳолатлари камайиб бораётгани айтилмоқда.

Жонс Ҳопкинс университети (JHU) маълумотига кўра, шу кунда АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 28 миллион 100 минг нафардан ошган.

Бу орада, JHU қайдича, жаҳон бўйлаб коронавирус важидан нобуд бўлган сони 2,5 миллион нафарга етиб қолган, аммо ўлимлар бўйича ҳақиқий кўрсаткич бундан юқори экани тахмин қилинади.

АҚШ аҳолиси ҳозирда коронавируснинг учинчи тўлқинини бошдан кечирмоқда. Хасталик юқтириб олиш ҳолатлари камайгани ва эмлов кампанияси кучайиб бораётганига қарамай, соғлиқни сақлаш тизими мулозимлари пандемия устидан ғалаба қозонилишига ҳали эрта эканини таъкидламоқдалар. Тиббиёт ходимларини коронавируснинг янада юқумли янги штаммлари айниқса қаттиқ хавотирга соляпти.

АҚШ қора рўйхатига киритилган ва Бишкек суди озод қилган "Райим миллион" норозиликлар ортидан қамоққа олинди

Райимбек Матраимов суд залида.

Бишкек суди Райим миллион деган ном билан машҳур бўлган Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовни тергов якунлангунига қадар икки ой ҳибсда сақлаш тўғрисида қарор чиқарди.

АҚШ томонидан йирик коррупционер сифатида 2020 йилнинг 9 декабрида қора рўйхатга тиркалган Райимбек Матраимов 11 февраль куни Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди қарори билан 260 минг сўм (3 минг доллар) миқдорида жаримага тортилиб, суд залидан озод қилинганди.

Суд Бош прокуратура Райимбек Матраимов Қирғизистонга 2 миллиард сўм, тақрибан 25 миллион доллар зарар келтирган деган фаразни илгари суриб, Матраимов бу маблағни тўлиғи билан давлат ҳазинасига қайтарганини тасдиқлагани ортидан юмшоқ ҳукм чиқаргани айтилган эди.

Бироқ 14 февраль куни пойтахт Бишкекда Матраимовнинг озод этилганига қарши оммавий норозилик намойиши бўлиб ўтган.

Шундан сўнг Матраимов 18 февраль куни қайта қўлга олинган эди.

20 февраль куни Биринчи Май туман суди Матраимов тергов ҳибсхонасида камида икки ой қолишини билдирди.

Матраимовнинг адвокати Мадина Ниёзова суд қарори устидан шикоят қилишларини маълум қилди.

18 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Матраимов ноқонуний йўл билан топилган даромадларни қонунийлаштиришда айбланаётганини маълум қилган.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати суриштирувларида Матраимов коррупцион схема асосида Қирғизистондан камида 700 миллион долларни ноқонуний равишда чет элга олиб чиқиб кетгани айтилади.

АҚШ фашист концлагерининг собиқ қўриқчисини Германияга бадарға қилди

Польшадаги фашист Германияси ташкил этган Освенцим лагерининг тиканли симлари.

АҚШ Иккинчи Жаҳон уруши пайтида фашистлар концлагери қўриқчиси бўлиб хизмат қилган 95 ёшли Фридрих Карл Бергерни Германияга бадарға қилди. Бу ҳақда шанба куни АҚШ Адлия департаменти маълум қилди. Собиқ қўриқчи АҚШда 60 йилдан ортиқ яшаган.

Депортация қарорини ўтган йилда Бергер яшаган Теннесси суди чиқарган эди. АҚШ судининг бундай қарор чиқаришига Германия шимолидаги Целле шаҳри прокуратураси Бергер 1945 йилда Гамбург яқинидаги Нойенгамме лагерларидан бирида маҳбусларни ўлдиришда иштирок этганини тергов қила бошлагани туртки бўлган.

Бироқ декабрь ойида Германияда Бергерга қарши иш ёпилди.

Бергернинг ўзи бир неча ҳафта давомида Голландия чегараси яқинидаги Меппен ҳудудида маҳбусларни қўриқлаганини тан олган, аммо у ҳеч қандай қотиллик ёки маҳбусларга нисбатан ёмон муносабатга гувоҳ бўлмаганини айтган.

Аввалроқ АҚШ суди Бергер қўриқлаган лагердаги маҳбуслар «даҳшатли» шароитда сақланганини айтган эди. АҚШ Адлия департаментига кўра, маҳбуслар у ерда «ҳолдан тойгунича ва ўлиб қолгунича» ишлашга мажбурланган.

Бергер самолёт орқали Франкфурт-Майн аэропортига юборилди. Германия ҳукумати у эркин одам эканини ва ҳозирда унга қарши жиноят иши йўқлигини маълум қилди.

Тожикистонда блогерлар ва YouTube каналлари эгалари солиқ органларида рўйхатдан ўтиши шарт

Душанбедаги солиқ бошқармаси

Тожикистон Солиқ қўмитасига кўра, мамлакатдаги блогерлар 2021 йилнинг 1 апрелига қадар солиқ органларида рўйхатдан ўтиши шарт.

Қўмита раҳбари Шамсулло Кабирзода Тожикистон расмийлари 3 миллиондан 19 миллионгача обуначига эга бўлган 29 та саҳифа ва канал аниқланганини айтди.

Унга сўзларига кўра, бу каналлар эгалари ижтимоий тармоқларда ва YouTube платформасида топган даромадлари учун солиқ тўлашлари керак. Акс ҳолда, улар қонун олдида жавоб берадилар.

«Бу нафақат блогерлар, балки бошқа жисмоний шахсларга ҳам тегишли. Адашмасам, ҳозирги кунга келиб тўрт блогер солиқ органларида тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтди», - деди расмий.

Солиқ идоралари томонидан тузилган рўйхатга таниқли тожикистонлик блогерлар Беҳруз Зеваров, Рафаэл Гулов, Орзу Исоев, Диловар Сафаров ва хонандалар Шабнами Сурайё, Фарзонаи Хуршед, Нигина Омонқулова ва Зулайҳо Махмадшоевалар киритилган.

Солиқ қўмитаси YouTube сайтида 867 минг обуначига эга «Tamoshow» канали энг оммабоп канал эканини аниқлаган.

Тожикистонлик блогерларнинг айтишича, уларнинг даромадлари жуда оз бўлиб, солиқ тўлай олмайдилар. Шу сабабдан айрим блогерлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини ёпишга мажбур бўлишларини айтишмоқда.

Россияда H5N8 парранда гриппи вируси илк маротаба одамга юқди

Ўтган йилнинг декабрь ойида гриппнинг янги тури Россия жанубидаги паррандачилик фабрикасида ишлаётган етти нафар ишчига юққан.

Россияда парранда гриппининг H5N8 деб номланувчи штамми одамга юққан илк ҳолат қайд этилди.

Расмийларнинг таъкидлашича, декабрь ойида гриппнинг янги тури Россия жанубидаги паррандачилик фабрикасида ишлаётган етти нафар ишчига юққан.

20 февраль куни Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова бу ҳолат ҳақида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) маълумот берилганини айтди.

Попованинг айтишича, H5N8 вирусини юқтирган етти шахс «айни дамда ўзларини яхши ҳис қилишмоқда».
Попова вирус одамдан одамга юққан ҳолатлар қайд этилмаганини айтди.

ЖССТ Россия ушбу ҳолат тўғрисида маълумот берганини тасдиқлади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG