Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:32

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти сифатсиз ва қалбаки тиббий дориларга қарши кураш олиб бормоқда.


Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти Осиёнинг олти давлатида сифатсиз ва қалбаки тиббий дори-дармонларга қарши кураш бошлади. Аввалроқ бундай кураш Африка давлатларида амалга оширилган эди. Камбоджа, Хитой, Лаос, Мянма, Таиланд ва Ветнамни ўз ичига олган кураш дастури мазкур давлатлардаги дори-дармонларнинг сифатини яхшилашга қаратилган. Бу давлатларда, асосан, антибиотик дорилар, шунингдек, минтақада тез-тез учрайдиган сил, безгак, иммун тақчиллиги вируси ва ОИТСга қарши ишлатиладиган қалбаки дориларни ҳар қадамда учратиш мумкин.

АҚШнинг Озиқ-Овқат ва Фармацевтика Агентлиги маълумотига кўра, сифати паст ёки соҳта дорилар дунё бўйлаб сотилаётган дориларнинг 10 фоизини ташкил этади. Камбағал давлатларда эса бу рақам 25 фоизни ташкил этади. Шу манъбага кўра, сифати паст ва қалбаки дорилар савдосидан йилига 32 миллиард доллар даромад олинади.

2001 йилда Камбоджада 2 минг 800 одам ноқонуний дори-дармонлар савдоси билан шуғулланган. Тахминан минг номдаги расмий рўйҳатдан ўтмаган дори савдога чиқарилган.

1995 йилда Нигерияда менингит эпидемияси тарқалганида, 50 минг одам бир давлатдан совға сифатида олинган соҳта дори билан эмланган. Натижада 2минг 500 одам нобуд бўлган. Сўнгги йилларда айрим давлатлар сифатсиз ва соҳта дориларга қарши курашни кучайтирмоқда. Масалан, ўтган йил Хитой ҳукумати 1 минг 300та ноқонуний дори заводини ёпиб қўйди ва 57 млн АҚШ долларига тенг қийматдаги сифатсиз дори ишлаб чиқарилгани юзасидан жиноий иш қўзғади.

Агар сифатсиз ва соҳта дори олиб сотаётган шахслар қўлга тушса, уларга нисбатан қандай чоралар кўрилади, деб сўраганимизда, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти матбуот котиби Даниела Багоззи: “Бундай шахсларни жазолаш ва уларга нисбатан чора кўриш, мазкур давлатлар ихтиёрида. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти ҳеч кимни жазолай олмайди. Чунки ташкилот ҳуқуқ-тартибот органи эмас”, - дея жавоб берди.

Мутахассисларга кўра, наркотиклар яширин савдосидан тушган даромад терроризм ва бошқа кўринишдаги жиноятчиликни қўллаб-қувватлашга сарфланади. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти муаммонинг бошқа жиҳатини ўрганади: “Биз мазкур муаммонинг фақат аҳоли саломатлиги билан боғлиқ жиҳатларини ўрганамиз. Бироқ Интерпол каби ташкилотлар муаммонинг жиноятчилик билан боғлиқ жиҳатини ўрганади”, - дейди Багоззи.

Хўш, Ўзбекистонда сифатсиз ва соҳта дорилар аҳолига сотилишининг олдини олиш борасида қандай чоралар кўрилмоқда? Бу ҳақдаги маълумотлар билан Тошкентдаги ҳамкоримиз Саида йўллаган лавҳада танишасиз.
XS
SM
MD
LG