Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:43

Ўзбек журналистларини ким ҳимоя қилади?


Шайбон Ўзбек журналистларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси умуман таъминланмагани масаласида маҳаллий қалам аҳли ва кузатувчилар фикри бир жойдан чиқмоқда.

Қаери оғриётганини беморнинг ўзи билганидек, журналистларнинг нечоғлик ҳимоялангани ҳам уларнинг ўзларига кўпроқ маълум. Бу борада фикр юритган маҳаллий журналистлардан бири Абдураҳмон Ташанов оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам аҳолининг бошқа қатламлари сингари ҳимояга муҳтожлигини таъкидлади.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг айтишича, ўзбек журналистлари, энг аввало, ҳуқуқий ҳимояга муҳтож. Чунки уларни ҳимоя қилувчи муайян ташкилот мавжуд эмас.

Ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназаровнинг таъкидлашича, журналистлар ҳуқуқи биринчи галда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан бузилмоқда. Бу органлар вакиллари журналистларнинг фаолиятини чеклаш, дадил чиқишлар уюштирган қалам аҳлини таъқиб қилиш, айрим ҳолларда жиноят ишлари қўзғаш сиёсатини олиб бораётир.

Бунга мисол қилиб, яқиндагина 11 йилга озодликдан маҳрум этилган хоразмлик журналист Шоҳназар Ёрматовнинг тақдирини келтириш мумкин. Айрим маълумотларга қараганда, у айнан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тўқиб чиқарилган айбловлар қурбони бўлган.

Албатта, муаммони ҳал қилиш учун, аввало, мана шу муаммога ечим топилишидан манфаатдор кучларнинг ўзи ҳаракат қилмоғи лозим. Модомики, журналистлар ҳимояга муҳтож экан, бу борада қалам аҳлининг ўзи ташаббус кўрсатиши керак, дейди кузатувчилар.

А.Аннаевнинг таъкидлашича, журналистлар дилига ўрнашиб қолган қўрқув ҳисси уларни бундай ташаббуслар билан чиқишига имкон бермайди.

Ҳуқуқшунос Б.Шоҳназаровнинг маълум қилишича, мамлакатда журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича айрим ҳаракатлар бошланган. Ҳатто, бўлажак ташкилот низоми тасдиқлаш учун Адлия вазирлигига ҳам тақдим этилган. Аммо шу жойга келиб бу борадаги барча ташаббус боши берк кўчага кириб қолган. Адлия вазирлиги мутасаддилари бу ташаббус ҳақида эшитишни ҳам истамади, дейди Б.Шоҳназаров.

“Озодлик” мухбири мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президент девонига мурожаат қилди. Президент девони матбуот хизмати вакили эса бу борада “Озодлик”нинг Тошкентдаги бюросида барча мутасадди раҳбарлар иштирокида очиқ мулоқот уюштиришни таклиф этди. Бу тадбирни ўтказиш вақти ҳозирча белгилангани йўқ.
XS
SM
MD
LG