Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:17

Рамсфелднинг Боку сафари


АҚШ Мудофаа вазири бир кунлик сафар билан 3 декабр куни Озарбайжонга келиб кетгандан кейин матбуотда бу воқеага бағишланган қатор мақолалар пайдо бўлди. "Мудофаа вазири Рамсфелднинг Озарбайжоннинг янги президенти Илҳом Алиев ва мудофаа вазири Сафар Абдиев билан мулоқоти, қандай қилиб бу собиқ Совет республикасини АҚШнинг ўзгариб бораëтган халқаро ҳарбий тизимларига киритиш борасида бўлди, деб ëзди Ню-Йорк таймс газетаси.

Айнан шу жиҳат яъни Озарбайжон ва АҚШнинг харбий соҳадаги ҳамкорлиги журналистларнинг алоҳида қизиқишига сабаб бўлди. Бокуда журналистлар саволларига жавоб берар экан Рамсфелд жумладан:

"Америка Қўшма Штатларининг бу мамлакат билан муносабатлари борлигидан яхши ҳабардорсиз, ва бу ҳамкорлик,харбий ҳамда сиëсий ва иқтисодий соҳаларни ўз ичига олади. Албатта биз икки томонлама ҳарбий муносабатларни янги маъмурият билан шу ерда, шу мамлакатда ривожлантиришни кўзламоқдамиз”, - деди.

Журналистларнинг Озарбайжонда АҚШ харбий базалари жойлаштириладими деган саволига Рамсфелд аниқ жавоб бермади. Айни пайтда Озарбайжон президенти маъмурияти вакили Наврўз Мамедов "АҚШ харбий базалари Озарбайжонда жойлаштирилмаслигини, гап Озарбайжоннинг халқаро терроризмга қарши курашда ҳамкорлик ва НАТО доирасидаги тадбирларда иштироки ҳақида бораëтганлигини" таъкидлади. "Турон" ахборот агентлиги эксперти Зафар Гуллиев Озарбайжонда харбий базалар жойлашиши учун қулай ҳуқуқий замин яратилганлигини гапиради.

"Бу кейинги пайтда анча музокараларга сабаб бўлган масаладир. Доналд Рамсфелд ва АҚШнинг Озарбайжондаги элчиси базалар ҳақидаги саволлар юзасидан сукут сақлашди аммо айни вақтда улар инкор ҳам қилишмади. Бу ўринда харбий базалар ҳақидаги музокараларга келажакда яна қайтилиши мумкинлигини таъкидлаш лозим."

Шу ўринда АҚШ мудофаа вазирининг кейингги икки йил ичида иккинчи марта Бокуга сафар қилаëтганлигини эслатиш лозим.2001 йилдаги ташрифдан кейин Озарбайжон ҳукумати каспий қирғоқларида хавфсизликни таъминлаш учун АҚШ дан йилига 3 миллион доллар ëрдам ола бошлаганди. Бу сафар ҳам Каспий ҳавзасидаги барқарорликка тўҳталган Рамсфелд жумладан:

"Каспий денгизи масаласига келсак Озарбайжон денгиз кучларига ҳудудий сув сатҳини ва энергия тизилмаларини террорчилар ҳуружидан ҳимоя қилишига ëрдам бериш масалалари муҳокама қилинди", - деди.

Россиянинг Озарбайжондаги элчиси Николай Рябов "Независимая газета"га берган интервюсида " Каспий минтақа ичкарисидаги денгиз эканлиги ва унинг атрофида ташқи харбий кучларнинг жойлашишига йўл қўйиб бўлмаслигини" таъкидлади. "Турон" ахборот агентлиги эксперти Зафар Гуллиев Озарбайжоннинг мустақил ташқи сиëсати Россияни ташвишлантираëтганлигини айтади:

"Улар Рамсфелднинг минтақага сафарига ташвиш билан қарашмоқда. Шу билан бирга улар АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлнинг минтақадан қўшинлар олиб чиқиб кетилиши ҳақидаги дангал баëнотидан ҳам норози бўлишмоқда. Аммо бу норозиликнинг сиëсий иродага айланиши эҳтимоли жуда узоқ. Россия илгариги мавқеини бой бериб бўлди. Айни вақтда АҚШ минтақада ўз манфаатларига эришиш учун барча имкониятларга эга эканлигини таъкидлаш лозим."

Кузатувчилар Доналд Рамсфелднинг Озарбайжонга ташрифи АҚШ Президенти Жорж Буш тарафидан 25 ноябр куни очиқланган "Қўшинларни қайта глобал гурухлаш" ҳақидаги баëнотдан кейин қўйилган илк қадам эканлигини айтишмоқда. Кузатувчилар Озарбайжоннинг Эрон билан чегарадош эканлиги ҳам АҚШ нинг бу минтақага қизиқиши катта эканлигини изоҳлашмоқда.
XS
SM
MD
LG