Линклар

Шошилинч хабар
09 июл 2020, Тошкент вақти: 13:43

Халқаро хабарлар

Туркия Бош Вазири Ражаб Тайип Эрдўған бугун Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва бошқа расмийлар билан мулоқот қилди.

Хабарга кўра, томонлар ўртасида халқаро терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилиш туғрисидаги шартнома имзоланди ҳамда сиëсий ва иқтисодий муносабатларни ривожлантириш хусусида музокаралар олиб борилди.
Пайшанба куни Тошкентга борган Эрдўған шунингдек, Ўзбекистонда фаолият олиб бораëтган турк тадбиркорлари билан ҳам учрашади.

Кун янгиликлари

Хабаровск губернатори буюртма қотилликларни уюштиришда айбланиб қўлга олинди

Сергей Фургал Хабаровск ўлкасига 2018 йилда губернатор этиб сайланган.

Россия Тергов қўмитаси ва Федерал хавфсизлик хизмати 9 июль куни эрталаб Хабаровск ўлкаси губернатори Сергей Фургални қўлга олди. Тергов қўмитаси яқин соатларда унга Хабаровск ўлкаси ва Амурск вилоятида 2004-2005 йилларда бир қатор буюртма қотилликларни уюштирганлик айблови билдирилишини маълум қилди.

Терговнинг билдиришича, жиноят иши уюшган жиноий гуруҳга нисбатан очилган. Фургал жиноят иши доирасида бир неча тадбиркорларни ўлдириш ва ўлдиришга ҳаракат қилиш ташкилотчиси бўлганликда гумонланмоқда.

Губернатор эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиниши кутилмоқда. Бунинг учун уни Москвага жўнатишади. Фургалга эхтиёт чорасини белгилаш масаласи Москва шаҳар Басманний туман судида кўриб чиқилади.

Жиноят иши доирасида Фургалдан ташқари яна 4 киши қамоққа олинган. Улар Фургалга қарши кўрсатма беришган.

2019 йилда Фургалнинг собиқ ҳамкори Николай Мистрюков Москвада қамоққа олинганди. У 2004-2005 йилларда тадбиркорлар Евгений Зори ва Олег Булатовга уюштирилган суиқасдга ҳамда Александр Смольскийни ўлдиришга ҳаракат қилганликда алоқадор деб айбланмоқда.

Сергей Фургал Хабаровск ўлкасига 2018 йилда губернатор этиб сайланган. У ЛДПР партиясидан ўз номзодини кўрсатган ва сайловчиларнинг 70 фоиз овозини олганди.

1990 йилларда Фургал врачлик ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган. 2005 йилда Хабаровск ўлкаси Думасининг депутати, кейинроқ Россия Давлат Думаси депутати бўлган.

Қўшма Штатларда коронавирус юққанлар сони 3 миллиондан ошди

Бир кунда бу мамлакатда 60 минг одамда коронавирус аниқланди.

Қўшма Штатларда коронавирус юққанлар сони 3 миллион 16 минг 515 кишига етди. Беморлардан 131 минг 594 нафари вафот этди. АҚШдаги Жон Хопикнс университети бу ҳақда 8 июль куни хабар берди.

АҚШда бир кунда коронавирусга чалинганлар сони бўйича янги антирекорд қайд этилди. Бир кунда бу мамлакатда 60 минг одамда коронавирус аниқланди ва 1114 киши вафот этди.

АҚШ коронавирусдан ўлим ҳолатлари бўйича дунёда биринчи ўринни эгалламоқда. Бироқ шунга қарамай, президент Дональд Трамп мактаблар тўлақонли тарзда қайта фаолият бошлаши керак, деб ҳисобламоқда. Трамп фикрича, коронавирусга чалинганлар сонининг ортиши, бу касалликка тест топширувчилар сони кўпайгани билан изоҳланади. Лекин мутахассилар АҚШда ҳар куни коронавирусга чалинган янги беморлар аниқланаётганини билдирмоқда.

Айни пайтда Британия ҳукумати коронавирус пандемияси оқибатларини иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш мақсадида 37 миллиард доллар ажратди.

Европанинг айрим давлатларида, жумладан, Болқонда, Руминия ва Молдовада коронавирус билан касалланганлар сони кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Хитойни агрессияда айблади

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 8 июль куни берган баёнотида Хитой Ҳиндистон билан чегарадаги баҳсли ҳудудда “мисли кўрилмаган агрессив ҳаракатларни амалга оширди”, деб айтди.

15 июнь куни сўнгги 45 йилда Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги биринчи отишма содир этилган эди. Галван водийсида Хитой аскарлари билан тўқнашув пайтида Ҳиндистоннинг камида 20 ҳарбийси ҳалок бўлди. Отишмада томонлар бир-бирларини айблаган.

Помпео бу воқеани эслар экан: “Хитой мисли кўрилмаган агрессив ҳаракатларни амалга оширди. Ҳиндистон бунга жавоб ўлароқ барча имкониятларни ишга солди”,-деб билдирди Давлат департаментида ўтган матбуот анжуманида.

Помпеонинг бу баёноти Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар тобора таранглашиб бораётганига яна бир далил сифатида баҳоланмоқда.

Ҳиндистон ва Хитой ўртасида баҳсли Галван водийси учун 1962 йилда уруш бўлган эди. Бу урушда Ҳиндистон мағлуб бўлган. Ҳиндистон Хитойни 38 минг квадрат метр майдонни босиб олганликда айблаб келади.

Ўтган 30 йил давомида бу масалада ўтказилган музокаралар чегарадаги баҳсли ҳудудлар муаммосини ҳал қила олмади.

Россияда COVID-19га чалинганлар сони 700 мингдан ошиб кетди

Россияда беморлардан 10 мингдан кўпроғи вафот этди.

Россияда COVID-19га чалинганлар сони 700 мингдан ошиб кетди. Расмий маълумотда таъкидланишича, сўнгги бир суткада яна 6562 кишида вирус аниқланган. Бу ўтган кунги кўрсаткичдан анча кўпроқдир.

Расмийларга кўра, бир суткада коронавирусдан 173 киши ўлди ва вафот этган беморлар сони 10 667 кишини ташкил қилди.

Социологларнинг билдиришларича, Россия врачларининг 60 фоизи коронавирусдан ўлганлар сони бўйича ҳукумат эълон қилаётган расмий рақамларга ишонмайди. Врачларнинг 50 фоизи эса ўлганлар тўғрисидаги статистика озайтириб кўрсатилаётганига ишонадилар.

Сербия пойтахтида икки кундан бери карантинга қарши норозилик намойишлари давом этмоқда

Намойишлар пайтида 20 норози ва 40 полициячи жабрланган.

Сербия пойтахти Белградда икки кундан бери ҳукумат томонидан коронавирусга қарши қайта карантин ва комендантлик соати жорий этилганига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.

Намойишлар тартибсизликларга айланиб кетди. 8 июль куни полиция парламент биноси олдида йиғилган норозиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади.

Сербиянинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Нови Садда ҳам норозлик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Норозилар маҳаллий телеканаллардан бирининг биносига ҳужум қилиб, уни эгаллаб олмоқчи бўлди. Полиция қаршилигидан сўнг, улар ҳужумни тўхтатиб, мэрия сари йўл олди.

Серб полицияси бошлиғи Владимир Ребич намойишларнинг биринчи куни 20 норози ва 40 полициячи жароҳатланганини, полициянинг беш автомашинаси ёндирилиб борилганини айтди.

Европа Кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дуня Миятович Сербия полицияси норозиларга қарши ҳаддан ташқари куч ишлатганидан ташвиш билдирди. Сербия президенти Александр Вучич ҳаддан ташқари куч қўлланилгани тасдиқланса, полициячилар жазога тортилишини ваъда қилди.

Вучич сербияликларни намойишлардан тийилишга ва коронавирус вазиятини мураккаблаштирмасликка чақирди. Сербияда шу кунгача 17 минг кишига коронавирус юқди ва 340 бемор вафот этди.

Қозоғистон президенти 13 июлни коронавирусдан ўлганлар бўйича мотам куни деб эълон қилди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев халққа мурожаати чоғида 13 июлни коронавирус эпидемиясида қурбон бўлган қозоғистонликлар бўйича миллий мотам куни, деб эълон қилди.

Тоқаев яқинларини йўқотган ватандошларга таъзия изҳор қилди ва қозоғистонликларни халқ бошига тушган синов олдида собит туришга, хотиржам ва масъулиятли бўлишга чақирди.

Унга кўра, ватандошлар ҳафсаласи пир бўлиб, тушкунликка тушмасликлари керак. “Биз ҳеч кимни кулфатга ташлаб қўймаймиз ҳамда ҳар бир қозоғистонликнинг ҳаёти ва соғлиғи учун курашамиз”, деди у.

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда эпидемия бошидан бери 51 мингдан зиёд одам инфекцияга чалинган, 264 киши ҳаётдан кўз юмган. Эпидемиянинг иккинчи тўлқини бошлангани сабабли 5 июлдан мамлакатда карантин чоралари кучайтирилган.

Қозоғистон президенти ўз нутқида коронавируснинг иккинчи тўлқини ва зотилжам хасталигининг кескин кучайиб кетгани гўё Соғлиқни сақлаш вазирлиги собиқ раҳбариятининг “тизимли хатолари” ҳамда мамлакат аҳолиси томонидан карантин чораларига оммавий равишда риоя қилинмагани ва вилоят ҳокимларининг нўноқлиги натижаси бўлганини қайд этди.

Унга кўра, карантин чоралари қайта кучайтирилганидан кейин вазият барқарорлашганининг илк белгилари кўрина бошлаган. Аммо “хотиржам бўлишга ҳали эрта, албатта”, чунки “коронавирус хавфига нисбатан беписандлик қилиб бўлмайди”, “буни оддий тумов деб ўйлашда давом этиш эса хатодир”, дея таъкидлади у.

Тоқаев дори-дармон етишмаслиги билан боғлиқ муаммо яқин кунларда ҳал қилинишига ваъда берди. У ватандошлардан ваҳимага берилмаслик ва керагидан ортиқ дори-дармон ғамлаб олмасликни илтимос қилди. Унга кўра, дори-дармон, сунъий нафас бериш аппаратлари ҳамда тиббиётчиларни рағбатлантириш ва бошқа чоралар учун камида 150 миллиард танга (тақрибан 366,5 миллион доллар) маблағ йўналтирилмоқда, маблағлар сарфи эса алоҳида назорат остида бўлади.

“Айрим виждонсиз ишбилармонлар бу оғир вазиятдан фойдаланиб, пул ишлаб қолмоқчи. Улар сунъий ваҳима кайфиятини яратиб, жуда зарур бўлган тиббий препаратлар нархини атайлаб ошириб юборяптилар. Менинг топшириғим билан ҳуқуқ-тартибот идоралари дори-дармон чайқовчилиги билан шуғулланаётган шахсларни жавобгарликка тортишни бошлаб юборди”, деди Қозоғистон президенти.

Қасим-Жомарт Тоқаев айримлар сиёсий ўйинлар ташкил қилиб, мишмиш тарқатаётгани, турли тахмин ва чақириқлар билан вазиятни оловлантираётгани, жамият ичига нифоқ уруғларини сочишга ҳаракат қилаётганини қўшимча қилди. Тоқаев кимни назарда тутаётганига аниқлик киритмади, бироқ бу каби ҳийла-найранглар ўта хавфли экани, шунинг учун ҳам уларга ҳуқуқий баҳо берилишини урғулади.

Пекин Ҳонконгда разведка хизматининг янги идорасини очди

Миллий хавфсизликни таъминлаш бошқармаси биносининг очилиш маросими, Ҳонконг, 2020 йил 8 июли.

Хитой расмийлари Ҳонконгда ўз разведкачилари учун янги идора биносини очишди. Миллий хавфсизликка оид янги қонунга мувофиқ, хитойлик разведкачилар бу шаҳарда биринчи марта очиқ ишлай бошлайдилар.

Пекин томонидан назорат қилинадиган Миллий хавфсизликни таъминлаш бошқармаси биносининг очилиш маросими 8 июль куни Ҳонконгдаги меҳмонхоналардан бирида кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида бўлиб ўтди. Янги бинонинг муваққат манзили Ҳонконгда узоқ вақт норозилик намойишлари маркази бўлган Виктория боғи яқинидаги тижорат мавзеида жойлашган.

Миллий хавфсизлик тўғрисидаги баҳсли қонун ўтган ҳафтадан кучга кирган. Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши қонун Британия томонидан шаҳар 1997 йилда Хитойга берилганидан кейин сақланиб қолган ҳуқуқ ва эркинликларга путур етказишига оид хавотирлар қабатида халқаро ҳамжамиятнинг ташвишланишига сабаб бўлган.

Хитойлик амалдорлар мазкур қонун Ҳонконгда ўтган йили бошлаган ва айримлари зўравонликка айланиб кетган норозилик чиқишларидан сўнг барқарорликни тиклашини айтмоқдалар.

Пекин расмийлари хавфсизлик хизмати ходимлари янги бинода янги қонун асосида жиноятларни тергов қилиш ҳуқуқига эга бўлишларини маълум қилганлар.

Қирғизистон МСК: Парламент сайловида қатнашиш учун 42 та сиёсий партия ҳужжат топширди

Қирғизистонда 2017 йили бўлиб ўтган президент сайловидаги сайлов участкаларидан бири.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси шу йил кузда бўлиб ўтиши керак бўлган парламент сайловида иштирок этишни истаган партиялардан ҳужжат қабул қилишни якунлади.

МСК раис ўринбосари Абдижапар Бекматовнинг Озодлик қирғиз хизматига маълум қилишича, 8 июль оқшомига бориб 42 партия комиссияга билдирув хати йўллаган.

“Аввалроқ биз 21 партия вакилларини рўйхатга олган эдик. Бошқа партияларнинг ҳужжатлари ҳали ҳам ўрганиляпти”, деган Бекматов.

Жорий йил 20 августигача сиёсий бирлашмалар қурултойлар ўтказиб, номзодлар рўйхатини шакллантиришлари керак бўлади. Коронавирус пандемияси туфайли тадбирларни онлайн шаклда ўтказишга рухсат берилган.

Қирғизистон президентининг фармони билан галдаги парламент сайлови 2020 йил 4 октябрига белгиланган.

2010 йилги парламент сайловида 29 та, 2015 йилги сайловда эса 14 та сиёсий партия иштирок этган.

АҚШ Россия ва Хитойни БМТнинг Сурия бўйича резолюциясига вето қўйгани учун танқид қилди

Туркия-Cурия чегарасидаги назорат-ўтказиш масканларидан бири.

Россия ва Хитой Суриядаги Башар Асаднинг қонхўр режимини дастаклаш учун ҳар қандай имкониятни ишга солмоқда. Бу баёнот АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Келли Крафт тилидан янгради.

Куни кеча Москва ва Пекин Туркиядаги икки ўтказиш маскани орқали Сурияга инсонпарварлик ёрдам етказиб бериш муддатини узайтириш бўйича БМТ резолюциясини блоклаб қўйган. Ҳужжат Германия ва Бельгия вакиллари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, улар муддатни бир йилга чўзишни таклиф қилаётган эдилар. Москва бу муддатни олти ойга узайтириш кифоя эканини, назорат-ўтказиш масканлари сонини эса биттага тушириш лозимлигини таъкидламоқда.

Берлин ва Брюссель мазкур қарордан ҳафсалалари пир бўлганини яширмаган. Айни пайтда резолюция муаллифлари янги ҳужжат устида иш бошлашга тайёр эканларини билдирганлар.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Суриядаги кўплаб ҳудудлар ҳозирда Дамашқ назорати остида экани ва у ерларга инсонпарварлик ёрдамини Асад ҳукумати етказиб бериши мумкинлигини билдирди.

Россия ва Хитой хатти-ҳаракатларини Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам танқид қилди. Ҳуқуқ фаоллари ўз баёнотида миллионлаб сурияликлар учун ёрдам олиш ўта муҳимлигини урғулаганлар.

Аввалроқ БМТ экспертлари Сурия ва Россия ҳарбийларини Идлиб вилоятидаги фуқаролик объектларига зарба берганликда айблаганлар. Бу ҳаракатларни ҳарбий жиноят ўлароқ баҳолаш мумкин.

Россия пала-партиш бомбардимонлар ва тинч аҳоли вакилларига ҳужумларга алоқаси йўқлигини аввал бир неча бор қайд этган. Март ойида Москва ва Дамашқ Вашингтонни гуманитар ёрдам баҳонасида жиҳодчиларни дастаклаганликда айблаб чиққан эди.

Бишкекда бир кунда зотилжамдан 30, коронавирусдан 5 одам вафот этди

Бишкекдаги касалхоналардан бирида коронавирусдан вафот этган беморнинг жасадини олиб чиқаётган тиббиёт ходимлари.

Сўнгги бир сутка ичида Қирғизистонда COVID-19дан 13 одам вафот этди. Улардан икки нафари тиббиёт ходимидир. Бу ҳақда 8 июль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, вафот этганларнинг 5 нафари Бишкекда. Бундан ташқари Ўш ва Жалолободда бир нафардан, Норинда икки нафар, Чуй вилоятида 4 нафар бемор жон берган. Бу билан Қирғизистонда коронавирусдан ўлганлар сони 112 кишига етди.

Бир кеча-кундузда зотилжамга чалинган 44 бемор ҳам вафот этди, уларнинг 30 нафари Бишкекда. Март ойидан бери зотилжамдан ўлганлар сони 268 киши. Уларнинг барчаси COVID-19га анализ топширган, бироқ уларда вирус аниқланмаган эди.

Қирғизистонлик шифокорлар зотилжам коронавирус туфайли авж олганини билдирмоқдалар.

Қирғизистонда шу кунгача 8486 одамда коронавирус аниқланди. Беморларнинг 2983 нафари соғайди.

Бишкекда 1936 киши зотилжам ташҳиси билан касалхоналарда даволанмоқда. Улардан 604 нафарининг аҳволи оғир экани билдирилди.

АҚШ БМТни ЖССТдан чиқиши ҳақида расман огоҳлантирди

АҚШ президенти Дональд Трамп Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини "Хитойнинг қўғирчоғи" сифатида танқид қилиб келади.

Қўшма Штатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аъзолигидан чиқиши ҳақида расман огоҳлантирди.

АҚШ 6 июль куни БМТ Бош котиби Антонио Гутерришга топширган баёнотида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини 2021 йилда тарк этиши билдирилган.

АҚШ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бюджетининг 15 фоизини молиялаштиради. У ташкилотнинг энг йирик донори ҳисобланади.

АҚШ президенти Дональд Трамп ташкилотни коронавирус пандемияси олдини ололмаганликда ва бу ҳақда мамлакатлар ҳукуматларини ўз вақтида огоҳлантирмаганликда айблаб келади.

Дональд Трамп 19 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 30 кун ичида ўз фаолиятини яхшилаш мжбуриятини олмаса, АҚШ бу ташкилотни молиялаштиришни бутунлай тўхтатиши ҳақида билдирганди.

Вашингтон Хитой коронавируснинг тарқалиши юзасидан ҳақиқий маълумотларни халқаро жамоатчиликдан яширган, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса Хитойнинг бу ёлғонларига ишонган, деб ҳисоблайди.

Вашингтонга кўра, бунинг ортидан пандемия ҳолати фақат мартга келиб эълон қилинди, бу даврга келиб эса минглаб одамлар коронавирусдан ўлган эди.

БМТ: Россиянинг Суриядаги ҳаво зарбаларини ҳарбий жиноят деб ҳисоблаш мумкин

Суриянинг Идлиб вилоятидаги манзара.

Россия ва Сурия ҳарбий самолётлари Идлиб вилоятида мактабларни, касалхоналарни ва бозорларни бомбардимон қилган. Бу зарбаларни ҳарбий жиноят сифатида баҳолаш мумкин. 7 июль куни БМТ халқаро комиссияси мана шундай хулосани эълон қилди.

Суриядаги урушни тергов қилган БМТ махсус комиссияси ҳисоботида таъкидланишича, бомбардимонлар оқибатида юзлаб бегуноҳ одамлар ҳалок бўлган, миллионга яқин суриялик ўз уйини ташлаб кетган. Бу эса инсониятга қарши жиноят ҳисобланади.

Ҳисобот 2019 йилнинг ноябридан 2020 йилнинг июнигача бўлган даврни қамраб олган. Ҳисобот ҳарбий самолётлар парвози тўғрисидаги маълумотлар ва гувоҳлар кўрсатмасидан иборат.

Комиссия раҳбари Пауло Пиньейрунинг фикрича, БМТ томонидан террорчи гуруҳ сифатида тан олинган Сурия ҳукуматига мойил жангари гуруҳлар уруш қонун-қоидаларига амал қилмаган ҳолда Сурия тинч аҳолисининг қатор фундаментал ҳуқуқларини бузган.

Сурия шимоли-ғарбига уюштирилган 52та ҳаво ҳужумидан 47таси Россия қўлловида амалга оширилган.

Бразилия президенти Болсонару коронавирусга чалинди

Болсонару бир неча марта коронавирус таҳдидига ишонмаслигини айтганди.

Бразилия президенти Жаир Болсонару 7 июль куни берган телеинтервьюсида ўзининг коронавирусга чалинганини маълум қилди. Бир кун олдин президент иситмаси кўтарилиб кетгани ва коронавирус симптомлари аниқ намоён бўла бошлагани ортидан тўртинчи марта тест топширган эди.

Болсонаруга кўра, у 5 июлдан бошлаб ўзида иситма сеза бошлаган, йўтали кучайиб, саломатлиги ёмонлашган. Бундан аввал Болсонару бир неча марта коронавирус таҳдидига ишонмаслиги ва уни “арзимас шамоллаш” сифатида қабул қилишини билдирганди.

У апрель ойида “Агар коронавирусга чалинсам, уни енгил тарздаги тумов сифатида қабул қиламан”, деган тарздаги баёнотни ҳам берган.

Президент бу баёнотини берган пайтда мамлакатда коронавирусдан уч минг одам ўлган ва 40 минг одам коронавирусга чалинган эди.

Айни пайтда Бразилияда 65 мингдан кўпроқ одам коронавирусдан ҳалок бўлди, 1 миллион 600 мингдан қўпроқ одамга вирус юқди.

Россияда “давлатга ҳиёнат”да айбланган собиқ журналист эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди

Иван Сафронов 20 йилга қамалиши мумкин.

Москва шаҳар Лефортово туман суди “давлатга ҳиёнат”да айбланган “Коммерсант” ва “Ведомости” газетаси собиқ мухбири Иван Сафроновни эҳтиёт чораси сифатида икки ойга ҳибс қилди.

Тергов версиясига кўра, Сафронов Чехия махсус хизматларига Россиянинг Яқин шарқдаги Африка давлатлари билан ҳамкорлиги ҳақидаги махфий маълумотларни етказиб турган.

Тергов Сафронов 2012 йилда Чехия махсус хизматларига ёлланганини ва маълумотларни 2017 йилда берганини иддао қилмоқда. Бу айблов асосида Иван Сафронов 20 йилга қамалиши мумкин.

Иван Сафронов Москвада давлатга хиёнат қилганликда гумонланиб 7 июлда қўлга олинди. Май ойидан бери у Роскосмос раҳбари Дмитрий Рогозиннинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Хабар қилинишича, унинг қўлга олиниши Роскосмосдаги фаолиятига тааллуқли эмас. Иван Сафронов “Коммерсант”нинг 2007 йилда ҳалок бўлган ҳарбий мухбири Иван Сафроновнинг ўғлидир.

Кичик Иван Сафронов 2019 йилнинг майида “Коммерсант” газетасида Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко истеъфо бериши мумкинлиги тўғрисидаги мақоласи чоп этилгани ортидан ишдан бўшатилганди. Ўшанда газета сиёсат бўлимининг барча ходимлари Сафронов ортидан истеъфо берган эдилар.

2019 йилнинг июнида ТАСС Сафронов мақоласи ортидан “Коммерсант”га нисбатан маъмурий иш очилганинини, газета давлат сирига оид маъмулотни ошкор қилишда гумонланаётганини хабар қилганди. Шундан сўнг “Коммерсант” сайтидан Мисрга Су-35 қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича келишувга эришилгани тўғрисидаги мақола олиб ташланган эди.

"Коммерсант" бош директори Владимир Желонкин сўнгги пайтларда бу мақола юзасидан газетага нисбатан ҳеч қандай эътирозлар бўлмаётганини билдирди.

Сўнгги йилда Сафронов “Лошарик” атом сув ости кемасининг ҳалокати, Ростех раҳбари Сергей Чемезовга махфий равишда Россия Қаҳрамони унвони берилгани ва “Гром-2019” стратегик машғулотлари муваффақиятсизликка учрагани ҳақида хабар берганди.

Қозоғистонда COVID-19га чалинганлар сони 50 мингга яқинлашди

Жорий йил бошидан бери Қозоғистонда 98 минг одам зотилжамга чалингани аниқланган.

Қозоғистонда сўнгги бир суткада яна 1109 кишидан вирус топилди ва коронавирус юққанлар сони жами 49 683 кишига етди. Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой коронавирусга чалинганлар сони расмий статистикадан кўпроқ бўлиши мумкинлигини тан олди.

Вазир коронавирусдан ўлганлар сони 264 кишига етганини, улардан 76 нафари сўнгги бир ҳафтада вафот этганини маълум қилди. Унга кўра, яна 110 беморнинг ўлими юзасидан комиссия текширув олиб бормоқда. Комиссия улар коронавирус ёки бошқа касалликдан ўлганини аниқлаши керак.

Расмийнинг маълум қилишича, Қозоғистонда зотилжамга чалинган 28 минг бемор даволанмоқда. Улардан 300га яқинининг аҳволи оғир. Зотилжамдан бу мамлакатда 600дан кўроқ одам кўз юмди.

Жорий йил бошидан бери Қозоғистонда 98 минг одам зотилжамга чалингани аниқланган. Улардан 32 мингига касаллик июнь ойида юққан.

Қирғизистон Бош вазири ватандошларни коронавирус вазияти ўта оғир бўлган пойтахтга келмай туришликка чақирди

Қирғизистон Бош вазири Қубатбек Бўрўнов.

Қирғизистон Бош вазири Қубатбек Бўрўнов 7 июль куни пойтахт Бишкекда вазият оғир эканлигини билдирди. У ўз сўзида бошқа шаҳар ва қишлоқларда яшовчиларни Бишкекка келмай туришликка чақирди.

“Вилоятлардаги фуқароларимизга айтмоқчиманки, ўта муҳим ишингиз бўлмаса Бишкекка келманг! Бугунги кунда Бишкекда вазият бошқа ҳудудларга қараганда анча оғир. Бишкекка келиб, касал юқтириб, бу касални кейин ўз ҳудудларингизда тарқатмаслигингиз учун пойтахтга келмаслигингизни илтимос қиламан”,-деди Бош вазир.

Қирғизистонда шу кунгача 8141 кишида коронавирус аниқланган бўлса, шундан 3434 нафари Бишкекда. Мамлакат бўйича коронавирусга чалинганлардан 99 нафари вафот этди, 2916 одам соғайди.

Айни пайтда Бишкекда зотилжам касаллиги ҳам авж олмоқда. 7 июль ҳолатига кўра, биргина Бишкекда 1936 киши зотилжам ташҳиси билан касалхоналарда даволанмоқда. Улардан 604 нафарининг аҳволи оғир экани билдирилди. Зотилжамдан март ойидан бери 224 киши вафот этди.

Россияда собиқ журналист Иван Сафронов "давлатга хиёнат"да гумонланмоқда

Иван Сафронов “Коммерсант”нинг 2007 йилда ҳалок бўлган ҳарбий мухбири Иван Сафроновнинг ўғлидир.

“Коммерсантъ” ва “Ведомости” газетасининг собиқ журналисти Иван Сафронов Москвада давлатга хиёнат қилганликда гумонланиб қўлга олинди. Май ойидан бери у Роскосмос раҳбари Дмитрий Рогозиннинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган эди. Хабар қилинишича, унинг қўлга олиниши Роскосмосдаги фаолиятига тааллуқли эмас.

Иван Сафронов “Коммерсант”нинг 2007 йилда ҳалок бўлган ҳарбий мухбири Иван Сафроновнинг ўғлидир. Кичик Иван Сафронов 2019 йилнинг майида “Коммерсант” газетасида Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко истеъфо бериши мумкинлиги тўғрисидаги мақоласи чоп этилгани ортидан ишдан бўшатилганди. Ўшанда газета сиёсат бўлимининг барча ходимлари Сафронов ортидан истеъфо берган эдилар.

2019 йилнинг июнида ТАСС Сафронов мақоласи ортидан “Коммерсант”га нисбатан маъмурий иш очилганинини, газета давлат сирига оид маъмулотни ошкор қилишда гумонланаётганини хабар қилганди. Шундан сўнг “Коммерсант” сайтидан Мисрга Су-35 қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича келишувга эришилгани тўғрисидаги мақола олиб ташланган эди.

"Коммерсант" бош директори Владимир Желонкин сўнгги пайтларда бу мақола юзасидан газетага нисбатан ҳеч қандай эътирозлар бўлмаётганини билдирди.

Сўнгги йилда Сафронов “Лошарик” атом сув ости кемасининг ҳалокати, Ростех раҳбари Сергей Чемезовга махфий равишда Россия Қаҳрамони унвони берилгани ва “Гром-2019” стратегик машғулотлари муваффақиятсизликка учрагани ҳақида хабар берганди.

Австрия полицияси чечен блогери сиёсий қотиллик қурбони бўлганини таҳмин қилмоқда

Анзор (Мамихан) Умаров 43 ёшда эди.

Австрия полицияси Вена яқинида чечен блогерининг ўлдирилиши сиёсий қотиллик бўлгани ёки уюшган жиноячилик билан боғлиқлигини аниқлаш мақсадида тергов ўтказмоқда.

Полиция келиб чиқиши чеченистонлик бўлган икки нафар Россия фуқаросини қотилликда гумонлаб қўлга олган эди. Гумонланувчилар 2000 йилда Австриядан бошпана олган шахслардир.

Полиция расмийлари блогернинг ўлдирилишига сиёсий мотивлар сабаб бўлган деган таҳминни билдирган эдилар.

43 ёшли блогер Анзор Умаров 4 июль куни Герасдорф шаҳрида ўқотар қурол воситасида ўлдирилган эди. У Австрияда 2007 йилдан бери Мартин Б.номига берилган паспорт асосида яшаб келган.

Блогер Чеченистон президенти Рамзан Қодировни танқид қилиб келган ва Россия махсус хизматларини Европада собиқ Чечен сепаратчиларининг ўлдирилишида айблаган.

Анзор Умаров Европада ўлдириб кетилган ягона чечен эмас. Жорий йилнинг 30 январь куни Қодировни танқид қилиб келган яна бир чечен блогер Имран Алиев Франциянинг Лилль шаҳрида ўлик ҳолда топилди. Унинг танасига 135 марта ханжар санчилган. Прокурорлар Россияда туғилган шахс гумонланувчи ўлароқ кўрилаётгани, у қотиллик ортидан тезда Чеченистонга қайтиб кетганини маълум қилган.

2019 йилнинг августида эса грузиялик собиқ чечен айирмачи қўмондон Зелимхан Хангошвили Берлинда отиб ўлдирилди. Ушбу ҳолатга алоқадорликда айбланиб, Россия фуқароси қўлга олинган.

ЖССТнинг COVID-19 бўйича миссияси Туркманистонга йўл олди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVID-19 бўйича миссияси 6 июль куни Туркманистонга йўл олган. Бу ҳақда ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге Twitter микроблогидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Туркманистонда бўладиган 10 кун давомида ЖССТ вакиллари соғлиқни сақлаш соҳасидаги юқори лавозимли амалдорлар ва экспертлар билан учрашиб, COVID-19 муаммосини ҳал қилиш учун зарур бўлган жавоб механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда хатарларни баҳолаш бўйича улар билан бирга ишлайди.

ЖССТ экспертлари республика, вилоят ва шаҳар миқёсидаги шифохоналар, соғлиқни сақлаш марказлари, лабораториялар ва бошқа муассасаларга ташриф буюрадилар.

Туркманистон ўз ҳудудида COVID-19 инфекцияси йўқлигини иддао қилаётган жаҳондаги оз сонли мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда. Раҳбариятнинг коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилмаганига оид баёнотлари қабатида мамлакатда ўткир пневмония кенг қулоч ёйиб бораётгани кузатилмоқда.

Туркманистонга ЖССТнинг COVID-19 бўйича миссияси апрель ойи охирида келиши кутилаётганди. Ташкилотнинг Европа минтақавий бюроси раҳбари ташриф 23 апрелга белгиланганини маълум қилган, бироқ сафар амалга ошмай қолган. ЖССТ вакиллари ўшандан бери мамлакатга сафар қилиш имкониятига эга бўлиш мақсадида Туркманистон ҳукумати билан музокаралар олиб борган. Ўтган икки ой мобайнида томонлар ташриф логистикаси билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштирганлар.

Халқаро экспертлар ташрифи яқинлашгани сайин Туркманистонда профилактик тадбирлар ва дезинфекция чоралари кучайтирилган. Аҳолига уюшган ҳолда вирусга қарши ҳапдорилар тарқатилган. Тиббиёт муассасалари ходимлари зиммасига ниқоб ва қўлқоп тақиш, юқумли касалликлар бўлимларида эса ҳимоя костюмлари кийиб юриш мажбурияти юклатилган.

ЖССТ экспертларининг узоқ кутилган бу сафари Туркманистондаги ҳақиқий аҳволга аниқлик киритишига умид қилинмоқда.

Афғонистондаги қуролли ҳужумда аёл сиёсатчи яраланди

Лоғар вилоят кенгаши аъзоси Нафиса Ҳижрон.

Афғонистоннинг Лоғар вилоятида 6 июль куни уюштирилган қуролли ҳужум чоғида аёл сиёсатчи ва унинг ҳайдовчиси тан жароҳати олди.

Лоғар вилоят полицияси матбуот котиби Шоҳпур Аҳмадзайга кўра, ичида вилоят кенгаши аъзоси Нафиса Ҳижрон бўлган автомобилга ҳужумни қуролли шахслар вилоят маъмурий маркази – Пули-Олам шаҳрида содир этганлар.

Полиция матбуот котиби Нафиса Ҳижроннинг аҳволи барқарор экани ва даволаниш учун Кобулга йўлланганини қўшимча қилган. Полиция вакилларига кўра, ҳужум юзасидан суриштирув ишлари бошланган ва бир гумонланувчи қўлга олинган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳали ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ. Афғонистонда (айниқса вилоятларда) уйдан ташқарида ишлайдиган аёллар тез-тез жангарилар ҳужумига учраб туради.

АҚШ ўқиши онлайн тартибга ўтказилган хорижлик талабаларга виза бермайди

АҚШдаги Ҳарвард университети талабалари (иллюстратив сурат).

АҚШ куздан машғулотлари онлайн тартибга ўтказиладиган хорижлик талабаларга виза бермайди. Бу кўрсатма мамлакат миграция расмийлари томонидан 6 июль куни очиқланди.

Мазкур қарор АҚШда ўқийдиган юз минглаб талабаларга дахлдордир. Расмий баёнотда бу талабалар АҚШ ҳудудига қўйилмаслиги ҳам айтилган.

Баёнотда қайд этилишича, ҳозирда АҚШда юрган ва бу каби дастурлар бўйича таълим олаётган талабалар мамлакатни тарк этишлари ёки ўқишини дарсга шахсан қатнашиши лозим бўлган таълим муассасаларига кўчиришлари керак. Акс ҳолда, уларга иммиграцион чоралар хавф солиши мумкин.

Инструкциялар F-1 ва M-1 визаларини олган шахсларга тегишли бўлиб, бу визалар академик ёки касбий таълим олиш учун берилади. 2018-2019 ўқув йилида тақрибан 389 мингта F-1 визаси ва 9,5 мингдан зиёд M-1 визаси берилган. АҚШда жами 1,1 миллион чоғли хорижлик талаба таҳсил олади.

Мазкур баёнот ўқув муассасалари учун кутилмаган бўлди. Мамлакатдаги 1700 га яқин таълим муассасаларини бирлаштирган АҚШ таълим кенгаши янги инструкцияларни “даҳшатга солувчи” деб атади.

Ташкилот вакилларига кўра, бу инструкциялар фойдадан кўра кўпроқ зиён келтиради.

АҚШдаги коллеж ва университетларнинг кўпи ҳали кузга оид режаларини очиқлаганича йўқ. Улардан айримлари ўқишни тўлалигича онлайн тартибга кўчирмоқчи, бошқалари эса онлайн ва аудитория машғулотларини бирга олиб боришни кўзда тутган гибрид моделларни кўриб чиқмоқда.

6 июль куни Ҳарвард университети ўз режаларини эълон қилди. Унга мувофиқ, университет ҳудудида биринчи курс талабалари дохил 40 фоизгача талаба бўлиши мумкин, бироқ машғулотларнинг барчаси онлайн тарзда ўтилади.

Москвада ўтган кеча-кундузда коронавирус важидан 24 киши вафот этди

Коронавирусга чалинган беморларни даволашга ихтисослаштирилган Москвадаги 15-клиник шифохона, 2020 йил 2 июни.

Россия пойтахти Москвада ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган ва пневмония ташхиси қўйилган 24 киши оламдан ўтди. Бу ҳақда Москвада эпидемияга қарши кураш бўйича тезкор штаб Телеграм-канали маълум қилди.

Аввалги суткада COVID-19 инфекцияси юқтириб олиши ортидан вафот этганлар сони 22 нафарни ташкил этган. Эпидемия бошидан бери эса Россия пойтахтида коронавирусга чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 4 минг нафарга етган. Бу кўрсаткич, расмий маълумотларга кўра, бутун мамлакат бўйлаб тақрибан 10 минг 300 нафарни ташкил қилмоқда.

Қайд этилишича, Россияда эпидемия бошидан бери коронавирус юқтириб олганлар сони 700 минг нафарга етиб қолган.

Москва расмийлари ҳисоб-китобига кўра, биргина май ойида коронавирусга чалингани ёки COVID-19 қабатида сурункали хасталиги зўрайиб кетгани туфайли 3,7 минг бемор вафот этган. Коммерсантъ нашрининг ёзишича, коронавирус инфекциясига чалингани тасдиқланган яна 1,5 минг одам бошқа сабаблар туфайли оламдан ўтган.

Британия Саудия Арабистони, Россия ва Шимолий Кореяга қарши санкциялар жорий қилади

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб инсон ҳуқуқларини бузаётган мамлакатлар – Саудия Арабистони, Россия, Мьянма ва Шимолий Кореяга қарши санкциялар жорий этилиши ҳақида эълон қилди.

Британия ҳукумати томонидан душанба куни очиқланган чоралар орасида, жумладан, Британиядан бу мамлакатларга вакиллар боришини тақиқлаш каби чеклов ҳам бор. Шу тариқа, Лондон Брекзитдан кейин илк бор инсон ҳуқуқларини бузган шахслар ёки ташкилотларни жазолаш бўйича ўз мустақил иродасини намойиш қилмоқда, дея қайд этади The Guardian нашри.

“Британия ҳукумати дунёда ўз ролини мустаҳкамлашга мойил”, дея билдирди Рааб парламентда қилган чиқишида. Британия бош дипломатига кўра, инсон ҳуқуқларини ўта қўпол равишда бузаётганлар ўз хатти-ҳаракатлари учун жавоб берадилар.

Санкциялар яшаш ҳуқуқи ва эркинлик ҳуқуқини бузаётганлар, қийноқ қўллаётган ва қулликнинг ҳар қанақа кўринишидан фойдаланаётганларга қарши жорий қилинади. Лондон таъкидига кўра, санкциялар инсон ҳуқуқларини бевосита бузаётганларгагина йўналтирилиб қолмай, мазкур ҳуқуқбузарликлардан манфаат топаётганлар ҳам жазо чораларидан ўз насибаларини оладилар.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб инсон ҳуқуқларини бузаётган мамлакатлар – Саудия Арабистони, Россия, Мьянма ва Шимолий Кореяга қарши санкциялар жорий этилиши ҳақида эълон қилди.

Британия ҳукумати томонидан душанба куни очиқланган чоралар орасида, жумладан, Британиядан бу мамлакатларга вакиллар боришини тақиқлаш каби чеклов ҳам бор. Шу тариқа, Лондон Брекзитдан кейин илк бор инсон ҳуқуқларини бузган шахслар ёки ташкилотларни жазолаш бўйича ўз мустақил иродасини намойиш қилмоқда.

“Британия ҳукумати дунёда ўз ролини мустаҳкамлашга мойил”, дея билдирди Рааб парламентда қилган чиқишида. Британия бош дипломатига кўра, инсон ҳуқуқларини ўта қўпол равишда бузаётганлар ўз хатти-ҳаракатлари учун жавоб берадилар.

Санкциялар яшаш ҳуқуқи ва эркинлик ҳуқуқини бузаётганлар, қийноқ қўллаётган ва қулликнинг ҳар қанақа кўринишидан фойдаланаётганларга қарши жорий қилинади. Лондон таъкидига кўра, санкциялар инсон ҳуқуқларини бевосита бузаётганларгагина йўналтирилиб қолмай, мазкур ҳуқуқбузарликлардан манфаат топаётганлар ҳам жазо чораларидан ўз насибаларини оладилар.

Америкалик расмийлар қатор штатларда касалхоналар тўлиб кетганини айтмоқда

Хьюстонда COVID-19 инфекциясига чалинган бемор "тез ёрдам" машинасидан туширилмоқда, Техас, 2020 йил 28 июни.

АҚШ коронавирус ёйилиши марказида бўлган штатлар расмийлари касалхоналар тўлиб кетганидан баҳс этмоқдалар.

Нью-Йорк каби жойларда таранглик сусайганидан кейин АҚШ мамлакат жануби ва ғарбида COVID-19 ёйилишига қарши курашни давом эттирмоқда. Яқин кунларда бутун мамлакат бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 3 миллиондан ошиши тахмин қилиняпти. Қўшма Штатларда шу кунда коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолатлари 130 мингга яқинлашган.

Карантин чекловлари сусайтирилиши ортидан мамлакатда вирус тез ёйила бошлаган. Соғлиқни сақлаш тизими хасталикка қарши курашда қийинчиликларга дуч кела бошлаганидан кейин бир неча штатда, шу жумладан, Калифорния, Техас ва Флоридада корхоналар очилиши тўхтатилди.

Феникс шаҳри мэри Кейт Гальего 5 июль куни Аризона штати чекловларни энг кейин киритгани ва биринчи бўлиб бекор қилгани учун товон тўлаётганини билдирди. Аризона штати жон бошига коронавирус юқтириб олиш бўйича АҚШда олдинги ўринда бормоқда. Гальего одамларга уйини тарк этишни тақиқлаб қўядиган янги буйруқ чиқаришни таклиф қилди.

Техасда сўнгги кеча-кундузда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 8 минг 258 та ҳолат қайд этилган, штатдаги энг йирик Остин ва Хьюстон шаҳарлари раҳбарлари губернаторни маҳаллий органларга одамларни уйда қолишга мажбурловчи қарорлар чиқариш ваколатини беришга чақирди.

Эронда коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолатлари бўйича янги рекорд кузатилди

Теҳрон кўчаларидан бирида ниқоб тақиб кетаётган одамлар, 2020 йил 5 июли.

Эронда пандемия бошланганидан бери бир кеча-кундузда коронавирусдан ўлганлар сони бўйича энг юқори кўрсаткич кузатилди. 5 июль куни мамлакатда 163 та ўлим ҳолати қайд этилди. Аввалги аксилрекорд 29 июнь куни ўрнатилган бўлиб, ўшанда 162 та ҳолат ҳақида хабар қилинганди.

Расмий маълумотларга кўра, кеча Эронда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 2560 та янги ҳолат аниқланган. Бу мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 240 минг 438 нафарга етган, 11 минг 571 одам қурбон бўлган.

Сўнгги кунларда Эронда апрель ойида киритилган қатор чекловлар бекор қилиниши ортидан коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайган.

Мамлакат президенти Ҳасан Руҳоний 4 июль куни ватандошларга давлат муассасаларига ниқобсиз кириш тақиқланиши ҳақида билдирган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG