Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:46

Бош айбдор – экипаж


Шайбон 13 январь куни Тошкентда содир бўлган авиаҳалокат сабабларини ўрганган ҳукумат комиссияси фожеани экипаж аъзоларининг масъулиятсизлиги келтириб чиқаргани ҳақида якуний хулосага келди.

Ҳукумат комиссиясининг мазкур авиаҳалокат юзасидан ўтказилган тергов натижаларига асосланиб, 27 январь куни маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган қарорида шундай дейилади: “Борт ускуналарининг ностандарт тартибда ишлаётганидан дарак берувчи аломатлар борлигига қарамасдан, экипаж бу ҳақда диспетчерга хабар қилмаган, самолётнинг қўниш тизимидан нотўғри фойдаланиш билан боғлиқ хатоларни ўз вақтида аниқлай олмаган ва қўнишга қайтадан уриниш учун иккинчи марта айланиш бўйича чоралар кўрмаган. Экипаж рухсат этилган энг қуйи баландликда қўниш йўлагининг ердаги белгиларини аниқламасдан ва ўзининг касб маҳоратига ортиқча баҳо бериб, пасайишни давом эттирган. Натижада бундай вазиятда баландликка кўтарилиб, захира аэродромга кетишни талаб этувчи қоидаларни бузган. Йўл қўйилган хатолар сабабли самолёт қўниш йўлагига белгиланган нормалардан ташқарида тегиб ўтган. Экипаж захира аэродромга кетиш учун баландликка кўтарилиш борасида кечикиб кўрган чораларга қарамай, самолёт аэропорт тўсиғига урилган. Бу ҳаво кемасининг ҳалокатга учраши ва ёнғин чиқишига олиб келган. Экипаж аъзолари ва барча йўловчилар кўплаб жароҳат олиш натижасида ҳалок бўлган”.

Элатиб ўтамиз, Термиз-Тошкент йўналиши бўйича учаётган Як-40 самолётининг ҳалокатга учраши оқибатида 37 киши, жумладан, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ричард Конрой ҳалок бўлган эди.

Ҳисоботни ўқиш жараёнида айрим саволлар пайдо бўлиши табиий. Экипаж парвозга чиқишдан олдин ўрнатилган қоидалар бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Мадомики, авиаҳалокатда экипаж аъзоларининг ўз маҳоратига ортиқча баҳо бериши сабаб бўлган экан, наҳотки парвоздан олдин уларнинг руҳий ҳолати текширилмаган? Соҳа мутахассиси Исмоил Ҳамроқулов бу саволга жавоб берар экан, экипаж аъзоларининг руҳий ҳолати ҳар ярим йилда бир марта текшириб кўрилишини маълум қилди.

Авиаҳалокатдан сўнг ўтказилган дастлабки матбуот анжуманида учувчиларнинг юқори малакага эга бўлгани айтилганди. Бироқ ҳукумат комиссияси хулосасида бу баҳо унчалик тўғри эмаслиги кўриниб турибди. И.Ҳамроқуловнинг айтишича, учувчи норма бўйича бир ойда 60 соат учиши керак. Ҳозир эса авиақатнов камлиги боис улар ойига 2-3 соатгина учмоқда, холос. Малаканинг пасайиши асосида ҳам шу сабаб ётади.

И.Ҳамроқулов ҳалокатга бевосита экипаж аъзоларини айблаш бироз нотўғри эканини таъкидлади. Чунки, унинг айтишича, “инсон омили” жуда мураккаб бўлиб, учувчилар баъзан ўз ҳаракатларини назорат қила олмай қолиши мумкин. Шунинг учун учувчининг хатти-ҳаракатига баҳо бериш қийин.

Маълумотларга кўра, авиаҳалокат борасидаги тергов ишлари ҳамон давом этмоқда. Аммо тергов жараёнининг бориши, сўроқ қилинаётган шахслар ҳақидаги маълумотлар ошкор қилинмаётир.
XS
SM
MD
LG