Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:48

ЕТТБ делегацияси Тошкентда


Тўлқин 2 февраль куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки директорлар кенгаши делегацияси мониторинг ўтказиш мақсадида беш кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди. Тошкент уларни пикет билан кутиб олди.

Банкнинг Тошкентдаги ваколатхонасидан олинган маълумотга қараганда, 10 кишидан иборат делегацияга директорлар кенгаши ташкилий гуруҳи раиси Торстен Герсфельт (Дания) бошчилик қилмоқда. Уларга ЕТТБ бош котиби Жонни Акерҳолм ҳамроҳлик қилмоқда. Делегация таркибида, шунингдек, Сусуму Фужимото (Япония), Саймон Рэй (Буюк Британия), Марк Салливан (АҚШ) ва Лоран Ги (Швейцария) бор.

Маълумотда айтилишича, банк 2003 йил март ойида Ўзбекистон учун ўз стратегиясини ишлаб чиққан. Бу стратегияда ЕТТБ Ўзбекистоннинг давлат ва хусусий секторида қандай шароитда асосий инвестор бўлиши мумкинлиги белгилаб берилган. Банк бир йил давомида Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштирувчи етти бошланғич кўрсаткич бўйича мониторинг ўтказиш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Хабарларга кўра, делегация аъзолари ташриф давомида Ўзбекистонда мазкур кўрсаткичлар бўйича (сиёсий тизимнинг очиқлиги ва матбуот эркинлиги, мустақил нодавлат ташкилотларининг эркинлиги, уларнинг рўйхатдан ўтиш ва фаолият кўрсатиш эркинлиги, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, хусусийлаштириш, шахсий мулк ҳуқуқи ва ҳоказо) ўзгаришларни ўрганади ва баҳо беради. Делегация аъзолари ташриф давомида ҳукумат аъзолари, инсон ҳуқуқлари нодавлат ташкилотлари вакиллари билан учрашади.

ЕТТБ делегацияси ташрифи муносабати билан 2 февраль куни улар жойлашган Интерконтинентал меҳмонхонаси бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан пикет қилинди. Улар ўтган бир йил давомида Ўзбекистонда ҳеч қандай ислоҳот ўтказилмагани ва ЕТТБнинг мамлакатга инвестиция киритишига норозилик билдирди.

Пикет иштирокчиси, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева айтишича, пикетчилар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг бузилаётгани, сўз эркинлиги йўқлиги, коммунал хизмат учун тўловлар ошиб бораётганига банк делегацияси эътиборини жалб этишни мақсад қилган. Бироқ кўпчилик мазкур пикетгача етиб кела олмаган. Уларга номаълум кишилар томонидан тазйиқ уюштирилган.

Пикет иштирокчиси Юрий Коноплёвнинг сўзларига қараганда, норозилик чиқиши қатнашчилари Ички ишлар ва миллий хавфсизлик хизмати ходимлари назорат қилиб турган. Пикет иштирокчиларига улар томонидан ёлланган 10 чоғли йигит ҳужум қилиб, плакатларни йиртиб ташлаган.

Пикет иштирокчиси, иқтисодчи Собир Отамирзаевнинг айтишича, ЕТТБ томонидан ажратиладиган кредитлар оддий халққа ёрдам бермайди.

“Шахсан мен ЕТТБ делегациясининг бугунги ташрифини мутлақо фойдасиз, деб ҳисоблайман. Чунки ҳозирги кунда асосий масала аҳолининг ойлик маошлари, нафақа бўйича қарздорликдир. Банк тизимимизда хўжакўрсинга олиб борилаётган сохта сиёсат шароитида доллар курси банклар томонидан ойлик маошлар берилмаслик йўли билан сунъий равишда ушлаб турилибди”, деди пикет иштирокчиларидан яна бири, иқтисодчи Виктор Ивонин.
XS
SM
MD
LG