Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:11

Ўзбек матбуоти тарозисида мувозанат борми?


Феруза Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистон матбуотида баланс, яъни мувозанатга эътибор қаратилмайди. Яъни мавзуни бир ёқлама ёритиш, иккинчи томоннинг фикрини ўрганмаслик иллати мавжуд.

“Моҳият” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Дамин Жумақуловнинг айтишича, мақолаларда мувозанат муаммоси, аввало, муаллифлар малакаси билан боғлиқ. Баъзи мухбирлар мавзуни чала-чулпа ёритади. Лекин айримлари кўтарилаётган масалани чуқур ўрганишга ҳаракат қилади.

Д.Жумақулов газета кўп ҳолларда Ўзбекистонда кечаётган барча воқеа-ҳодисалар, халқаро ташкилотлар билан боғлиқ мавзулар ҳақида тўлиқ маълумот бериш имкониятига эга эмаслигини билдирди. Унинг таъкидлашича, бунга сабаб таҳририятнинг Интернетдан фойдаланиш имконияти чекланганидадир.

“Тошкент ҳақиқати” ва “Ташкентская правда” газеталари бош муҳаррири Фатҳиддин Муҳидинов ўзи раҳбарлик қилаётган нашрда томонлар фикрини бериш халқаро стандартларга тўлиқ жавоб бермасада, бу борада ҳаракатлар бошланганини маълум қилди.

“Озодлик” мухбири маҳаллий таҳририятларга мурожаат қилиб, ёзилаётган мақолаларда мувозанатнинг сақланиши, томонлар фикри қай даражада ўрганилиши билан қизиқди. Аксар маҳаллий журналистлар мавзуни ёритиш асносида томонлар фикри ва муносабатини ўрганишини билдирди. Бироқ қайси мақолаларида шундай ёндашув борлигини аниқ айта олмади.

Маҳаллий кузатувчилардан бирининг фикрича, ўзбек матбуоти халқаро стандартлар даражасига чиқиб улгургани йўқ. Шунга қарамай, шикоятлар бўйича тайёрланган айрим материалларда мувозанат борлигини кузатиш мумкин. Лекин бу барча газеталар ва мақолалар учун хос, деб айтиб бўлмайди. Бунинг сабаблари шундаки, биринчидан, томонлардан биридан ахборот олиш имконияти йўқ. Чунки улар ўзини оқлашга ҳаракат қилмайди. (Балки уларнинг қандайдир суянчиғи бордир). Иккинчидан, қарама-қарши томонлар фикрини бир хил, холис ўрганишга журналистнинг ёки таҳририятнинг молиявий имкониятлари йўл бермайди.

Яна бир кузатувчи эса журналистнинг мавзуни ёритиш имконияти чекланганини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, журналистнинг қайси мавзуни ва кимнинг манфаатини кўзлаб ёритиши бирор мутасадди ташкилот ёки мансабдор шахсга боғлиқ.
XS
SM
MD
LG