Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:57

Долли изидан: одам эмбриони клонлаштирилди


Фарангис Саид

Жанубий Кореяда одам эмбриони хужайралари клонлаштирилди. Бу ҳақда сеуллик олимлар пайшанба куни АҚШнинг Сиэтл шаҳрида Илм-фан Тараққиёти Америка Уюшмасининг йиллик йиғинида баёнот бердилар. Улар олиб борган тадқиқот ҳақдаги маълумотлар АҚШда нашр этиладиган ва соҳанинг энг нуфузли журналларидан бири ҳисобланадиган “Сайенс” журналида эълон қилинади.

- Хужайралари клонлаштирилган одам ўсимтасидан одам эмбриони олинганини маълум қилар эканман, мен ўзимни ниҳоятда бахтиёр сезяпман.

Сеул Миллий Университети таҳлилчиси, тадқиқотларни бошқарган доктор Ху Сак Хван шундай дер экан, тадқиқотлардан мақсад чақалоқ ўстириш эмас, балки терапия эканини айтмоқда. Яъни клон хужайралар Альцгеймер ва кўплаб бошқа касалликларни даволаш имконини беради.

Энди эксперимент қандай ўтказилгани ҳақида икки оғиз сўз.

Сеуллик олимлар 16 аёл тухумдонидан хужайралар олиб, улардан 30та шарсимон ўсимта ўстирганлар. Шарсимон ўсимта ичига клонлаштирилган хужайра жойлаштирилган.

Клонлаштирилган эмбрион хужайралари кўпаяр экан, улар ўз шаклини ўзгартиради. Яъни улар нерв, буйрак, юрак, тери хужайраларига ва ҳатто тўла органларга айланиши мумкин. Клондан ўстирилган орган, асл орган ишдан чиққан тақдирда, унинг ўрнини босиши мумкин.

Аммо, “Сайенс” журнали бош муҳаррири Доналд Кеннеди фикрича, беморлар тез орада бу муваффақият натижаларидан фойдалана олмайдилар:

- Бу жуда қизиқарли натижа. У узоқ келажакда жуда катта ва муҳим терапевтик самара бериши мумкин. Қайтариб айтаман, узоқ келажакда.

Демак, тадқиқот натижаларидан фақат узоқ келажакда фойдаланиш мумкин бўлади. Унгача кўплаб эксперимент, изланиш ва тадқиқотлар ўтказиш зарур.

Қўшимча илмий экспериментлардан ташқари, аҳлоқий ва диний нуқтаи назардан ёндашувлар клонлаштиришга оид тадқиқотларга тўсиқ бўлиши мумкин.

- Баа-а-а

Бу инсоният тарихида биринчи клон бўлган Долли қўйи овози эди. 1997 йилда шотландиялик олимлар 6 яшар қўй елини хужайраларини клонлаштириб, улардан Доллини ўстирган эдилар. Бу жуда катта шов-шувга сабаб бўлгани тингловчи ёдида бўлса керак. Аммо Долли 6 ёшида ўлди. Қўйлар, одатда, тахминан 12 йил яшашини билганлар ходисани клонлаштиришнинг хавфли оқибати, дея талқин қилдилар.

Клонлаштиришга қарши чиқаётганлар қўли эгри олимлар одам боласини ҳам клонлаштириши ёки органларни клонлаштириб, буни кенг кўламли ноқонуний бизнесга айлантириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқдалар.

Клонлаштиришни қўллаб-қувватлаётганлар у фақат даволаш мақсадида ривожлантирилиши кераклигини таъкидлаб, соҳа халқаро битим ва шартномалар орқали қаттиқ назорат қилиниши лозимлигини айтмоқдалар.

Диндорларнинг аксарияти клонлаштиришга қарши.

Ҳукуматлар бу масалага турлича ёндашмоқдалар. АҚШ Президенти Жорж Буш маъмурияти клонлаштиришнинг барча шаклига қарши чиқиб, АҚШ Конгресси ва БМТга махсус қонун орқали клонлаштиришни таъқиқлаш борасида босим ўтказмоқда.

Айни вақтда олимлар клонлаштириш ишларини давом эттиряптилар. Шу кунгача қўйдан ташқари, бузоқ, сичқон ва айрим бошқа ҳайвонларнинг клонлаштирилгани ҳақида маълумотлар бор.

Айрим ҳукуматлар бу соҳадаги изланишни қўллаб-қувватлашмоқда. Ноябр ойида Сингапур ҳукумати “Биополис”, деб номланган 287 миллион долларлик клонлаштириш марказини очди.

Хитойда ҳукумат ҳисобидан катта клонлаштириш маркази қурилмоқда. Британия, Исроил ва бошқа қатор мамлакатларда ҳам клонлаштириш тажрибалари учун маблағ ажратилмоқда.
XS
SM
MD
LG