Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:48

Ўзбекистондаги портлашлар оқибатида 19 киши ҳалок бўлди


Шайбон 29 март куни Тошкентда содир этилган портлашлар юзасидан мамлакат ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев ва Бош прокурор Рашид Қодиров иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Р.Қодиров келтириб ўтган маълумотларга кўра, дастлаб 28 март куни соат 22:30 да Тошкент шаҳрининг Ҳамза туманида йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан “Жигули” русумли автомобиль тўхтатилган. Машина ичида бўлган икки шахс ҳуқуқ-тартибот ходимларига қаршилик кўрсатган. Сўнг улар қўлларидаги сумкаларини ташлаб қочган. Бири воқеа жойида қўлга олинган. Сумкаларда ўнга яқин портловчи мослама борлиги маълум бўлган. 29 март куни тунги соат 1:40 да Яккасарой туманида жойлашган Тошкент тўқимачилик комбинати яқинида бир гуруҳ яхши қуролланган шахслар икки милиция ходимига ҳужум қилган. Отишма вақтида милиционерлардан бири ҳалок бўлган. Иккинчиси оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Жиноятчилар милиционерларнинг қуролларини олиб, воқеа жойидан ғойиб бўлган. Шу куни тонгги соат бешларда пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Гулсанам” милиция постига номаълум шахслар қуролли ҳужум уюштирган. Натижада милиция ходимларидан икки нафари ҳалок бўлган. 29 март куни эрталабки соат 8 да Чорсу бозори ҳудудидаги “Болалар дунёси” дўкони эшиги ёнида номаълум камикадзе аёл портлаш содир этган. Бунинг оқибатида 21 киши турли даражада тан жароҳати олган. Уларнинг ўн бир нафари милиция ходимидир. Портлаш туфайли камикадзе аёл, икки милиция ходими ва вояга етмаган бир бола қурбон бўлган.

Бош прокурорнинг билдиришича, эрталабки портлашдан бир қанча вақт ўтгач, бозор ҳудудида яна бир камикадзе ўзини портлатиб юборган. Натижада аёлнинг ўзи ҳалок бўлган. Портлаш туфайли оғир жароҳат олган милиция ходими шифохонада жон берган.

Р.Қодиров Бухоро вилоятининг Ромитан туманида 28 март куни содир бўлган портлашга ҳам аниқлик киритди. Унинг айтишича, бу портлаш террорчиларнинг қўлбола портловчи мослама ясаш чоғида юз берган. Портлаш оқибатида 9 киши ҳалок бўлган. Улар орасида янги туғилган чақалоқ ҳам бор. Умуман олганда, содир бўлган ушбу воқеалар натижасида жами 19 киши ҳалок бўлган. Улардан олти нафари милиция ходимларидир.

Бош прокурор террорчилик ҳаракатлари ва қуролли ҳужумлар “Ҳизб ут-таҳрир” ва ваҳҳобийлик оқимларига алоқадор гуруҳлар томонидан содир этилганини таъкидлади. У жиноятга алоқадор бўлган шахслар тез фурсатда қўлга олинишини маълум қилди.

Ташқи ишлар вазири С.Сафоевнинг таъкидлашича, тегишли тузилмалар мамлакатда фаолият кўрсатаётган дипломатик ваколатхоналар вакилларининг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўрган.

“Ишонтириб айтаманки, Тошкент бундан буён ҳам хорижий дипломатлар учун фаолият хавфсизлиги таъминланган шаҳар бўлиб қолади”, деди С.Сафоев.
XS
SM
MD
LG