Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:57

ТТЗда отишма бўлди.


Тўлқин 30 март куни Тошкентдаги “Тракторсозлар” шаҳарчаси ҳудудида қуролланган жиноий гуруҳ ва ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасида бир неча соатлик отишма бўлди. Шу ҳудудда яшовчи аҳоли вакилларининг сўзларига қараганда, шу куни эрталабки соат 8-9 оралиғида пойтахтдан Қибрай туманига кетиш йўлида ўрнатилган блок-постда портлаш содир бўлган. Айрим манбалар тарқатган хабарларга кўра, бу ерда машина портлатилган.

“Озодлик” мухбири воқеа жойига етиб борганида шаҳарчадаги “Яланғоч” масжиди жойлашган ҳудуд махсус кучлар томонидан ўраб олинганига гувоҳ бўлди. Бу ерда портлаш ва отишма овозлари эшитилиб турарди. Ўраб олинган ҳудудда бир неча кўп қаватли турар-жойлар жойлашган. Бу уйларнинг эгалари ҳудудга кира олмай турарди. Шунингдек, отишма вақтида ҳудудда бўлганлар ҳам ташқарига чиқарилмади.

Аҳоли вакилларининг сўзларига қараганда, бу ерда 8 марта портлаш овози эшитилган, отишмалар эса бир неча соат давом этган. Ушбу тўқнашувлар натижасида қурбонлар ва жароҳатланганлар бор. Улар орасида тинч аҳоли вакиллари, милиция ходимлари борлигини кўпчилик кўрган.

“Озодлик” мухбири отишма бўлаётган ҳудуд ташқарисида турган фуқароларнинг ваҳимага тушганига гувоҳ бўлмади. Улар гўёки қуролланган гуруҳ ва ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасидаги тўқнашувни бемалол кузатиб тургандек таассурот қолдирарди. Фуқароларнинг айтишича, жиноятчилар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Кишилар бундай воқеаларнинг содир бўлишига мамлакатда иқтисодий аҳволнинг оғирлиги, ишсизлик, маошларнинг камлиги сабаб бўлаётганини тахмин қилмоқда.

Мазкур воқеалар муносабати билан Тошкентга кириш ва чиқиш йўллари, кўп қаватли уйлар, муҳим объектлар, таълим муассасалари кучли назоратга олинди.

Олинган сўнгги маълумотларга қараганда, қуролланган гуруҳ аъзолари бир неча соат давом этган отишмалар натижасида йўқ қилинган. Бир жиноятчи ўзини ва ўрнашиб олган уйни ёқиб юборгани ҳам айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG