Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:50

Нишонда яна диндорларми?


Шайбон Турли манбалар шу кунларда Тошкентда содир бўлган воқеалар юзасидан гумондорларни ҳибсга олиш бўйича кенг кўламли кампания олиб борилаётгани таъкидланмоқда.

Норасмий манбаларда айтилишича, айни кампания давомида диний эътиқоди учун қамалиб чиққанлар ёки “Ҳизб ут-таҳрир” оқимига алоқадорликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг оила аъзолари ҳибсга олинмоқда.

Интернетда тарқатилаётган хабарларда ҳибсга олинган гумондорлар сони 30-50 нафар экани айтилаётир. “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Марказий Осиё бўйича раҳбари Акейша Шилдснинг билдиришича, бу ташкилотда 12 кишининг ҳибсга олингани ҳақида маълумот бор. Уларнинг рўй берган воқеаларга қанчалик алоқадорлиги аниқ эмас. Ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги диний эътиқоди учун қамоқ жазосини ўтаган шахслар ва уларнинг яқинларидир.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Азиз Эрназаровнинг таъкидлашича, айни пайтда мазкур воқеаларга алоқадорликда гумон қилинган 20 га яқин шахс ҳибсга олинган.

А.Шилдс мамлакатда гумондорларни аниқлаш операцияси давомида мутлақо асоссиз равишда ҳибсга олишлар ҳам юз бераётганини маълум қилди. Унинг айтишича, милиция рўйхатда турганларни оммавий равишда ҳибсга олишни профилактика ишлари сифатида баҳоламоқда. Бироқ бу профилактика анча хавотир уйғотади.

Аммо А.Эрназаровнинг асоссиз ҳибсга олишлар бўлаётганини рад этди.

А.Шилдс эса ИИВ вакилининг бу инкорига унчалик ишонмаслигини айтди.

“Гап шундаки, милиция ходимлари ҳибсга олинганлар олдига на адвокатларни, на қариндош-уруғларни киритяпти. Бу ўта хавотирли ҳолат. Гумондорлар қандай муомалага дуч келаётганини ким билади? Диндорлар истиқомат қиладиган хонадонларнинг кечаю-кундуз тинимсиз текширилиб борилаётганини айтмаса ҳам бўлади”, деди у.

А.Эрназаровнинг сўзларига қараганда, текширувлар алоҳида хонадонларда эмас, балки барча уйларда ўтказиляпти. Бунинг сабаби айни пайтда вазиятнинг анча кескинлигидир. Бундай текширувлар бутун дунёда қўлланиладиган нормал ҳолат. У бўлиши мумкин бўлган террорчилик ҳаракатларининг олдини олади.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг билдиришича, ҳозир барча маҳаллалар оқсоқолларига ўз ҳудудида истиқомат қиладиган диндорларнинг рўйхатини тузиб, тегишли тузилмаларга топшириш тўғрисида оғзаки кўрсатма берилган. Уларнинг фикрича, бу кўрсатма диндорларнинг ҳукумат томонидан яна бир бор нишонга олинаётганидан далолат беради.
XS
SM
MD
LG