Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:34

Кабел студиялари бошида “қора булут”


Тўлқин Ўзбекистон матбуотида ёзилишича, сўнгги вақтларда мамлакат ҳукумати хорижий телеканаллар кўрсатувларини узатувчи кабель телестудиялари фаолиятини тартибга солиш масаласини муҳокама қилмоқда.

“Зеркало ХХ1” газетасининг 1 апрель сонида таъкидланишича, кабель телестудиялари орқали олиб берилаётган Россия телеканалларида ўзбек миллий анъаналарида зид ҳолатлар мавжуд. Фарҳод Ҳожиевнинг газетада эълон қилинган мақоласида қуйидаги сўзлар бор: “Кабель телестудиялари орқали эфирга узатиладиган дастурларнинг 95 фоизини Россия телеканаллари ташкил этади. Биз кабель орқали узатилаётган дастурларни томоша қилар эканмиз, кўпинча баъзи кўрсатувлар орқали тарғиб этилаётган бениҳоя тартибсизликларнинг гувоҳи бўламиз. Бу телеканалларда ҳатто ўз мамлакатида ҳам баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган кўрсатувлар бўлиб, улар бизнинг миллий қадриятларимизга мутлақо тўғри келмайди. Бу кўрсатувларни Россиянинг РенТВ, ДТВ ва МТВ каналлари орқали кўриш мумкин”.

Россия телеканалларига нисбатан бу каби айбнома 29 март куни Тошкентдаги Чорсу бозорида бўлиб ўтган воқеалар муносабати билан Ўзбекистон телевидениеси орқали ҳам янграган эди. Ўшанда ўзбек журналистлари хорижий ОАВ, Россия телеканаллари, жумладан, НТВни Чорсу воқеаларини нохолис ёритганликда айблаган эди. Россия телеканалларини эса ўзбекистонликлар, асосан, кабель телестудиялари орқали кўриши мумкин.

“Озодлик” мухбири тошкентликларнинг айримлари билан мулоқотда бўлганида улар, асосан, кабель телестудиялари орқали узатиладиган телеканалларни томоша қилишини билдирди. Уларнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон телеканаллари эҳтиёжни қондирмайди.

“Зеркало ХХ1”да эълон қилинган мақолада кабель телестудияларининг турли қирралари танқид қилинади. Унда ёзилишича, Ўзбекистонда шундай студиялардан 29 таси рўйхатга олинган. Аммо бу студияларнинг Россия телеканалларини уларнинг рухсатисиз мижозларга тақдим этиши Рим конвенциясига зиддир.

Кабель телестудияларидан бирининг ходими ўз телестудияси орқали Россиянинг 15 та, Ўзбекистоннинг 2 та телеканалини томоша қилиш мумкинлигини билдирди. У Россиянинг РенТВ ва ТВЦ каналлари узатилмаслигини билдириб, бунинг сабаби фақат телестудия директорига маълумлигини айтди.

Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг сўзларига қараганда, РенТВ ва ТВЦда кўпинча Ўзбекистон ва унинг Президенти хусусида ҳукуматга ёқмайдиган ахборотлар берилади. Масалан, ТВЦнинг Маркелов фамилияли журналисти Президент Каримовнинг сиёсати ва Муҳаммад Солиҳ (мухолиф партия лидери) ҳақида бир-икки кўрсатув берган. Шунинг учун бу телеканалларни узатмаслик ҳақида кабель телестудиялари раҳбарларига кўрсатма берилган.

Мазкур каналлар ёпилмасдан бурун, яъни 2003 йилнинг 26 сентябрида Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ Бош вазири Ўткир Султонов бу телеканаллар ҳақида шундай деган эди: “Бизни Россиянинг ТВЦ ва РенТВ каби каналлари ҳайрон қолдирмоқда. Уларда берилаётган баъзи кўрсатувлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларининг мустаҳкамланиши учун эмас, заифлашувига хизмат қилади”.

Ў.Султонов бу гаплари Россия ҳукуматининг ўша вақтдаги Бош вазири ўринбосари Б.Алёшин Ўзбекистонга ташриф буюрган чоғда айтилганди.

Б.Абдуллаевнинг таъкидлашича, кабель студиялари танқид қилинаётганининг асл сабаблари улар узатаётган телеканалларда ўзбек миллий қадриятларга мос келмайдиган жиҳатлар борлигида эмас. Бу баҳона, холос. Аслида барча сабаб Россия каналлари Ўзбекистонда сўнгги кунларда юз берган воқеаларни ҳукумат нуқтаи назаридан фарқли равишда ёритганида.
XS
SM
MD
LG