Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:05

Асоссиз қамашлар борми?


Шайбон Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари сўнгги кунларда мамлакатда рўй берган нохуш воқеаларга алоқадорликда гумон қилиниб, кўплаб диндорлар ҳибсга олинаётгани ҳақида бонг урмоқдалар.

Айрим манбаларда ҳибсга олинганлар сони 40 дан ошгани айтилса, баъзиларида юзга яқинлашиб қолганини таъкидланади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу ҳақдаги аниқ маълумотлар “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида йиғилаётганини айтмоқда. Ваколатхона вакиласи Алисон Гилл хоним ташкилот ҳақиқатан ҳам ҳибсга олинган шахслар хусусида мониторинг олиб бораётганини маълум қилди.

“Аниқ маълумотларга кўра, Марғилон ва Фарғонада 13 киши, Тошкентда эса 15 дан ортиқ одам ҳибсга олинган. Бу маълумотлар бизгача етиб келаётган шикоятлар асосида йиғилган. Аммо бизнингча ҳибсга олинганлар сони анча кўпроқ. Уларнинг аксарияти бир пайтлар диний эътиқоди учун қамалиб чиққан шахслардир”, - деди А.Гилл.

А.Гилл аксарият ҳибсга олинган мутлақо асоссиз равишда ушлаб турилганини билдирди. Унинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот органларида бу кишиларнинг мамлакатда содир этилган воқеаларга қандайдир алоқаси борлигини исботловчи далиллар мавжуд эмас.

“Бу ҳолат бизда кучли хавотир уйғотмоқда. Чунки биз керакли далиллар одатда қандай усуллар билан қўлга киритилишини яхши биламиз”, - деди халқаро ташкилот вакиласи.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Азиз Эрназаров “Озодик” мухбири билан суҳбат чоғида асоссиз ҳибсга олишлар ҳақидаги эътирозларни буткул инкор этган эди.

Аммо А.Гилл бу инкорни инкор қилувчи далил сифатида 30 март куни ҳибсга олинган Бобур Маҳмудов тақдирини эслатиб ўтди.

- Ҳанузгача унинг терговчиси маълум эмас, - деди А.Гилл. - Онасининг менга айтишича, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси вакиллари уларнинг учрашишига рад жавоби бермоқда. Устига устак, милиция ходимлари Бобурнинг қаерда сақланаётганини ҳам айтишни истамаяпти. Бу йигит бир ҳафтадан буён ҳибсда сақланмоқда. Унинг ёнига адвокат қўйилмаётир. Ушлаб турилиши сабаби ҳам айтилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Б.Маҳмудов айни пайтда қамоқ жазосини ўтаётган таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг ўғлидир.

А.Гиллнинг айтишича, ўқ-дори ва қуроллар ташлаб ҳибсга олишлар ҳам учраётирки, бу асоссиз қамашлар мавжудлигини исботлайди. Шу билан бирга, аввал ҳибсга олиниб, кейин қўйиб юборилаётган шахслар ҳам бор. Бироқ улар ушланаётганларга нисбатан камчиликни ташкил этади.

Мамлакатда содир бўлган воқеалар бўйича Бош прокуратура ходимлари тергов олиб бормоқда. “Озодлик” мухбири ҳибсга олинганларнинг аниқ сонини билиш мақсадида прокуратурага мурожаат этганида, ўзини таништиришни истамаган ходимлардан бири бу ҳақда ҳафта сўнггида Бош прокурор ўтказиши мўлжалланган брифингда маълум қилинишини билдирди. У, шунингдек, асоссиз ҳибсга олинган фуқаролар ҳамда Б.Маҳмудов тақдирига аниқлик киритиш тўғрисидаги илтимосга рад жавоби берди.
XS
SM
MD
LG