Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:52

Газ нархи яна оширилди


Зикрилло Ишонч Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан, аҳолига етказиб берилаётган табиий газ баҳоси апрель ойидан бошлаб 15 фоиз оширилди.

Маълумотларга кўра, шу кунгача аҳоли бир куб метр табиий газ учун 6,9 сўм тўлаган бўлса, бундан кейин шунча миқдордаги газни салкам 8 сўмга сотиб олади. Йирик истеъмолчилар учун илгари бир куб метр газ нархи 24,70 сўм бўлган эса, эндиликда бу рақам 26,80 сўмни ташкил этади.

Аҳоли ва корхоналарни газ билан таъминлаш бош бошқармаси бошлиғи Олим Саидов табиий газ нархи ошганини тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, газ нархи улгуржи истеъмолчилар учун 5 апрелдан, аҳоли учун эса 1 апрелдан ошган. Бундай тадбир газ сарфини иқтисод қилиш мақсадида амалга оширилган.

О.Саидовнинг билдиришича, Ўзбекистонда газ баҳоси қўшни давлатлардагига нисбатан 10-15 марта арзон.

Ўзбекистонда 2003 йилда газ нархи камида уч марта оширилгани эътиборга олинса, жорий йилда ҳам бундай ўсиш давом этиши мумкин, демоқда кузатувчилар.

О.Саидовнинг сўзларига қараганда, аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга етказиб берилаётган газ нархларида айни пайтда деярли тўрт баробар фарқ бор. Айни тафовутни босқичма-босқич камайтириб бориш режалаштирилмоқда. Шундан келиб чиқиб, йил охиригача нархлар янада кўтарилиб кетиши эҳтимолдан холи эмас.
XS
SM
MD
LG