Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:29

Фирма бепул хизмат кўрсатади


Тўлқин Тошкентда 7 апрель куни иш бошлаган “Инсон ҳуқуқлари бўйича адвокатлар” юридик фирмаси аҳолига бепул хизмат кўрсатмоқда.

Маълумотларга кўра, фирма АҚШ юристлар уюшмаси ва АҚШ Давлат департаментининг демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бюроси молиявий кўмагида ташкил этилган. Мазкур фирма 2004 йил февраль ойида Тошкент шаҳри адлия бошқармасида рўйхатга олинган.

Фирма ходими Бахтиёр Сулаймоновнинг таъкидлашича, фирма фаолиятининг асосий йўналиши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлиб, бу ерда мижозларга юридик маслаҳатлар берилади, уларнинг ҳуқуқлари фуқаролик ва жиноят ишлари судларида ҳимоя қилинади. Юридик хизмат бўйича барча ишлар бепулдир.

Б.Сулаймонов фирма кўрсатиши мумкин бўлган хизматлар хусусида шундай деди:

“Фуқаролик ишлари йўналишида - сайлов ҳуқуқлари, меҳнат ҳуқуқлари бузилганда, масалан, ишдан ноқонуний бўшатилганда ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, паспорт тизими билан боғлиқ ҳолатлар – ноқонуний равишда доимий рўйхатга олмаслик, фуқаролик, хорижга чиқиш визалари берилмаслиги, уй-жой қонунчилиги бузилиши юзасидан мижозлар ҳимоя қилинади. Жиноят ишлари йўналиши бўйича эса ноқонуний ҳибсга олиниш, маиший жиҳатдан зуғум қилиниши ёки айбланувчига ҳимояланиш ҳуқуқини бермаслик каби ҳолатларда кўмак кўрсатамиз”.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича адвокатлар” фирмасида айни пайтда тўрт адвокат фаолият кўрсатмоқда. Улар Тошкент давлат юридик институти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича юридик клиника битирувчиларидир.

Таъкидлаш керакки, Тошкентда аҳолига бепул хизмат кўрсатувчи бир неча адвокатура ишлаб турибди. Очиқ жамият институти – Кўмак жамғармаси томонидан ташкил этилган “Қўлга олинган пайтдан ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш”, аҳолининг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига хизмат қилувчи “Бепул юридик ёрдам” лойиҳалари шулар жумласидандир.

Бундай адвокатуралар орасида халқаро ташкилотлар молиявий кўмаги, шунингдек, мамлакат ҳукумати қарорига кўра давлат бюджети ҳисобидан фаолият кўрсатувчи фирмалар бор. Мавзуни ўрганиш чоғида “Озодлик” мухбирига маълум бўлдики, фуқароларнинг кўпчилиги бепул хизмат кўрсатувчи юридик фирмалар борлигидан бехабар экан. Қолаверса, давлат бюджетидан маблағ билан таъминланадиган фирмаларнинг ҳам ўз муаммолари борлиги аён бўлди.

Ўзини ошкор этишни истамаган адвокат давлат маблағ билан таъминлайдиган фирмалар иши хусусида шундай деди:

“Фирма адвокатлари қайси шароитда бепул қатнашиши ҳақида ҳокимият қарори бор. Бу қарорга кўра, биз суд ва тергов органи чақиргандагина бепул хизмат кўрсатамиз. Ҳар бир қатнашган кунимиз учун давлат бюджетидан ҳокимликлар орқали бизга маблағ тушириб берилади. Аммо ҳамма вақт ҳам бизни чақиришавермайди. Бунинг устига, ҳокимликлар суд ёки тергов жараёнидаги иштирокимиз учун доим ҳам пул ўтказиб бера олмайди”.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромовнинг билдиришича, халқаро ташкилотлар кўмагида ишлайдиган фирмалар ҳақида фуқаролар маълумотга эга бўлмагани сабабли адвокатлар мижозларга ўз вақтида ёрдам бера олмайди ва натижада иш бесамар кетади.
XS
SM
MD
LG