Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:34

Деҳқонлар Қозоғистонга кетмоқчи


Турсунбек Тўразода Сирдарё туманидаги “Малик” хўжалигида истиқомат қилувчи оилавий пудратлар аъзоларининг ерлари туман ҳокими қарори билан 2003 йилнинг 27 ноябрида фермерларга бўлиб берилди. Бундан норози бўлган деҳқонлар Қозоғистонга бориб ишлашни эълон қилди. 14 апрель куни хўжаликнинг собиқ пудратчилари хўжалик марказида тўпланди. Бироқ туман ҳокимлиги ва фермерлар уюшмасидан таклиф этилган вакиллар бу ерга келмади.

Деҳқонларнинг айтишича, ҳокимлик ғалла экилган тайёр экин майдонларни ўзларидан тортиб олган.

“Малик” собиқ иттифоқда ҳам донғи кетган илғор хўжалик эди. Раҳбарлар бу ердаги техникани Қозоғистонга сотиб йўқ қилди. Энди ерларимизни ҳам пулдорларга сотиб юборишди”, дейди улар.

Деҳқонларнинг таъкидлашича, Сирдарё тумани ҳокими Ҳамроқул Раззоқов фақат техникаси бор кишиларга ер ажратилиши айтган. Тендерда ютиб чиққан фермерлар эса комиссияга сохта маълумотлар тақдим этган.

Еридан ажралган оилавий пудратчилар жуда кўп ташкилотларга мурожаат қилган. Лекин ўзларини қониқтирадиган жавоб олмаган.

Деҳқонлар фермерлар қўлида ишлагандан кўра Қозоғистонга бориб меҳнат қилишини эълон қилди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Карим Бозорбоевнинг таъкидлашича, оилавий пудрат аъзоларининг белгилангандек 50 гектаргача ер олиш имконияти йўқ. Бу эса амалдорларнинг қариндош-уруғи ва яқинларига ноқонуний равишда ер ажратиб беришига йўл очган.

Сирдарё тумани тендер комиссияси аъзоси Алишер Уришев оилавий пудратчиларнинг талабини тўғри тушунишини маълум қилди.

“Мен ҳам тендерда ютқизсам, кўнглимда армон қоларди. Ҳаммага бўлиб беришга ер етмайди”, деди у.

Сирдарё вилояти меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси ходими Мурод Муҳаммадиевнинг сўзларига қараганда, зарар кўриб ишлаётган хўжаликларни фермер хўжаликларига айлантириш натижасида ишсиз қолганларни иш билан таъминлаш муаммоси йирик йиғилишларда кўриб чиқилмоқда. Оилавий пудратда ишлаётганларни фермер хўжаликларига бириктириш режалаштирилган. Бироқ буни мажбурий тарзда амалга ошириб бўлмайди. Бошқарма ишсиз қолганларни иш билан таъминлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш дастурини ишлаб чиққан. Дастурга асосан ишсизларни янги ташкил этилган иш ўринларига жалб қилиш мўлжалланган.
XS
SM
MD
LG