Линклар

Шошилинч хабар
03 июн 2020, Тошкент вақти: 22:07

Халқаро хабарлар

Афғонистон пойтахти кобул шаҳрида бугун ҳудудий иқтисодий конференция ўз ишини бошлади.

Конференцияда дунёнинг 10 мамлакатидан вакиллар иштирок этмоқда. Анжуманда Афғонистонга хорижий инвестицияларни жалб қилиш масаласи кўриб чиқилади.

Конференцияда Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Туркия вакиллари иштирок этмоқдалар.

Кун янгиликлари

Хитой босим кўрсатган тақдирда Британия уч миллион нафаргача ҳонконгликни қабул қилишга ваъда берди

Ҳонконгдаги акцияда Британия паспортини кўтариб турган намойишчи, 2019 йил сентябри.

Агар Хитой Ҳонконгга босим ўтказишда давом этаверса, Буюк Британия уч миллион нафаргача ҳонконгликни қабул қилиб олишга тайёр. Бу ҳақда Times газетасида ёйинланган мақолада мамлакат бош вазири Борис Жонсон билдирди. Жонсонга кўра, улар қироллик ватандошлигини олиш имкониятига эга бўлади.

“Зарурат туғилгудек бўлса, Британия ҳукумати бу қадамни қўяди ва бу ишни эзгу ният билан амалга оширади. Ҳонконг турғунларининг кўпи, Пекин ваъдаларига қарамай, ўзларининг ҳаёт тарзлари хатар остида қолганидан хавфсирамоқда. Агар Хитой ўз хатти-ҳаракатлари билан бу хавфсираш асосли эканини намойиш қиладиган бўлса, Британия шунчаки елкасини қисиб, четга ўтиб ололмайди. Биз ўз бурчимизни бажарамиз ва муқобил йўл таклиф этамиз”, деб ёзди Жонсон.

Жонсон қиролликнинг хорижий паспортига эга бўлган ҳонконгликларнинг барчасига Британия ватандошлигини ваъда қилган. Бунақа ҳужжат 350 минг чоғли ҳонконгликда бор, яна 2,6 миллион нафар ҳонконглик ватандошликни Британия собиқ колониясининг турғунлари ўлароқ олиши мумкин. Ҳозирда бундай паспорт Буюк Британияда ишлаш ёки ватандошлик олиш ҳуқуқини бермайди, бироқ бош вазир қироллик виза тизимида кенг кўламли ўзгаришлар ясаб, бу чекловларни бекор қилишга тайёр эканини билдирган.

Ҳонконг шаҳарда махсус маъмурий тартиб-қоидаларни сақлаб қолиш шарти билан 1997 йили Хитойга ўтказиб берилгунига қадар Буюк Британия томонидан бошқариларди. Сўнгги йилларда шаҳар Пекин томонидан босимга учраяпти, Ҳонконг мухолифати Хитойдаги ҳукмрон коммунистик партия шартлашилган “бир мамлакат – икки тизим” тамойилидан узоқлашаётганини билдирмоқда.

Туркманистон пойтахтида велосипедга ҳайкал ўрнатилди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этган велопойгалардан бири, 2018 йил 1 июни.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 3 июнь куни Ашхободда “Велосипед” ҳайкалини очиб берди. “Олтин аср” ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳайкал Жаҳон велосипед куни муносабати билан очилган.

Очилиш маросимидан сўнг президент тадбир иштирокчилари билан биргаликда 12 километрлик велопойгада иштирок этган. Хабар мазмунидан келиб чиқилса, жаҳон бўйлаб коронавирус инфекцияси ёйилаётгани Туркманистон пойтахтида кўп кишилик оммавий тадбир ўтказилишига монеъ бўлолмаган.

Президент Бердимуҳамедов Ашхободдаги марказий майдонлардан бирига велосипедга ҳайкал ўрнатиш ташаббусини 2018 йил ёзида кўтарган эди.

Сўнгги йилларда Туркманистонда Гурбангули Бердимуҳамедов ва ҳукумат аъзолари иштирокида оммавий велопойгалар мунтазам равишда уюштириб келинмоқда. Бу каби тадбирларга давлат хизматчилари, талабалар ва ўрта мактаб ўқувчилари жалб қилинади, улар ўз ҳисобларидан велосипед ва спорт либослари сотиб олишлари керак бўлади.

2021 йили Ашхободдаги Олимпия шаҳарчасида Велотрек бўйича жаҳон чемпионати ўтказилиши кутилмоқда.

Велоспортни оммалаштиргани учун Г. Бердимуҳамедов Халқаро велоспортчилар уюшмасининг (UCI) олий мукофоти билан тақдирланган.

AI Россия расмийларидан бир кишилик пикет иштирокчилари таъқибини тўхтатишни талаб қилди

Полициячилар бир кишилик пикет иштирокчиларидан бирини тутиб кетмоқда, Москва, 2020 йил 29 майи.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Москвадаги бир кишилик пикет иштирокчиларини таъқиб қилишни тўхтатиш талаби билан Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцевга очиқ хат йўллади.

Бу акцияга муниципал депутат Илья Азарнинг 15 суткага қамалиши сабаб бўлди. У “Полиция омбудсмени” лойиҳаси муаллифи Владимир Воронцовни қўллаш учун 26 май куни Петровкадаги ИИВ бошқармаси биноси олдида пикет ўтказганидан сўнг ушланган.

Шу куннинг ўзида Москвада депутатни қўллаш мақсадида қатор бир кишилик пикетлар ўтказиш бошланган ва бу жараён 1 июнгача давом этган. Пикет иштирокчилари полиция ходимлари томонидан қўлга олинган. Уларга ўзини ўзи яккалаш тартибини бузганлик айблови ҳам қўйилган.

Аввалроқ ИИВнинг Москва бошқармаси карантин чоғида шаҳарда ҳар қандай норозилик акцияси ўтказиш тақиқланишига оид баёнот тарқатганди.

Amnesty International фаоллар Россиянинг бир кишилик пикетларни расмийлар рухсатисиз ўтказишга изн берувчи қонунини бузмаганини қайд этади. Ҳуқуқ фаоллари бир кишилик акция иштирокчилари ўзини ўзи яккалаш тартибини бузганлиги учун тутиб кетилганини ҳам танқид қилганлар.

AI вакилларига кўра, “бу одамлар кўчада битта-битта бўлиб, бошқа одамлардан мақбул даражада узоқ масофада, амалдаги соғлиқни сақлаш чораларига мувофиқ равишда индивидуал ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда туришган”.

Сўх можароси: Чашмадаги булоқни икки мамлакат ҳарбийлари қўриқламоқда

Боткен вилоятининг Қадамжой туманидаги Чечме (Чашма) чегараолди ҳудудида Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартибот идоралари биргаликда Чашма булоғи ва унинг теграсини назорат қилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати маълумот тарқатди.

Расмий хабарда бу ҳудуддаги чегара ўтказиш пунктларидаги чегарачилар ҳам кучайтирилган тартибда ишлаётгани урғуланди.

Қайд этилишича, икки томон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигидаги чегара назорати давлат чегарасининг бузилиши, яна можаро чиқиши эҳтимоли ва ёйилиши олдини олиш учун кучайтирилган.

Айни пайтда Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудларида вазият барқарор.

31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме қишлоғи аҳолиси ўртасида булоқ суви устидаги тортишув ортидан тўқнашув юз берган.

Ўқотар қуроллар ишлатилган ва тошбўронлар бўлган можаро чоғида Ўзбекистон томонидан 187 киши, Қирғизистон тарафидан эса 25 киши ярадор бўлган.

АҚШдаги намойишларда камида 11 киши қурбон бўлди

Калифорниядаги норозилик намойиши, АҚШ, 2020 йил 2 июни.

АҚШда оммавий намойиш ва тартибсизликлар бошлаган 26 майдан бери камида 11 киши нобуд бўлди. Ўлим ҳолатлари бир неча штатда қайд этилган. Қурбонларнинг кўпчилигини афроамерикаликлар ташкил қилади. Бу ҳақда Associated Press хабар қилди.

Намойишлар чоғида ўнлаб одам жароҳатланган, бироқ уларнинг аниқ сони бўйича ҳозирча маълумот йўқ.

АҚШда оммавий акциялар бошланишига Миннисота штатидаги Миннеаполис шаҳрида полиция томонидан аёвсизларча қўлга олиниши важидан жон таслим қилган афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлими сабаб бўлган. Норозилар мазкур ҳодиса юзасидан тергов ўтказилиб, мамлакатда полиция зўравонлигига барҳам берилишини талаб қилмоқдалар.

Тартибсизликлардан сўнг АҚШнинг ўнлаб шаҳрида комендантлик соати жорий қилинган. Вазиятнинг таранглашиб кетиш эҳтимолини эътиборга олиб, пойтахт Вашингтонга қўшимча 1,5 мингдан зиёд ҳарбий йўлланган. Аввалроқ намойишчилар Оқ уй олдида йиғилган, АҚШ президенти Дональд Трампнинг эса бункерга яширинишига тўғри келганди. Оқ уй раҳбари намойишчиларни тарқатгани ва оммавий ҳибсга олишларни амалга оширгани учун Миллий гвардияга миннатдорчилик билдирган.

АҚШ сенати аввалроқ Трампнинг норозилик намойишлари чоғидаги хатти-ҳаракатини қораловчи резолюцияни ўтказмай қўйган. Демократлар президентни фаолларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқларни ишга солишга рухсат бергани учун танқид қилганлар. Бироқ сенатда кўпчиликни ташкил қилувчи республикачилар бунга қарши чиққанлар.

46 ёшли Жорж Флойд 25 май куни қўлга олинганди. У сохта банкнотадан фойдаланганликда гумонланган. Полициячи Дерек Шовин афроамерикаликни зарарсизлантиришга ҳаракат қилиб, тиззаси билан унинг бўйнини босган ва тутилган шахснинг ҳаво етишмаётганига оид шикоятларига эътибор бермаган. Флойд Миннеаполис касалхонасида жон берган. Ҳодиса акс этган видеоёзув ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқаган.

Миннесота расмийлари суд-тиббий экспертизаси ўтказилганидан кейин Флойд ўлимини “қотиллик” дея эътироф этганлар.

Жорж Флойдни қўлга олишда иштирок этган тўрт полициячининг ҳаммаси хизмат текшируви тугагунига қадар ишдан четлатилган. Шовин ҳибсга олинган.

Парижда минглаб одам полиция зўравонлигига қарши намойишга чиқди

Парижда 2 июнь куни минглаб киши иштирокида 2016 йил қўлга олинганидан кейин оламдан ўтган 24 ёшли қора танли франциялик Адам Траоре хотирасига полиция зўравонлигига қарши норозилик намойиши ўтказилди. Коронавирус пандемияси туфайли оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланганига қарамай, турли ҳисоб-китобларга кўра, намойишда 15 мингдан 20 минг нафаргача одам иштирок этган.

Кўп ўтмай намойиш полиция билан тўқнашувга айланиб кетган. Намойишчилар полициячиларга шиша ва тош отганлар, чиқинди қутиларига ўт қўйганлар. Бунга жавобан полициячилар кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни ишга солганлар. Оммавий намойишлар Лилль, Марсель ва Лионда ҳам бўлиб ўтган.

Бу орада АҚШда 26 майдан буён полиция зўравонлигига қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтмоқда. Норозилик чиқишлари 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойд полиция томонидан қўлга олинганидан кейин оламдан ўтгани ортидан бошланиб кетган. Қатор шаҳарларда намойишлар тартибсизлик ва полиция билан тўқнашувларга айланиб кетган.

Сешанба куни АҚШнинг ўнлаб шаҳрида комендантлик соати жорий қилинди. Президент Дональд Трамп қатор штатлар губернаторларининг ҳаракатсизлигини танқид қилиб, зўравонликка қарши курашда қуролли кучларни ишга солиш билан таҳдид қилди.

АҚШда комендантлик соатига қарамай, норозилик намойишлари давом этди

Вашингтондаги намойишда автомобилларга ўт қўйгани норозиларни полиция таъқиб қилмоқда.

Қўшма Штатлардаги кўпчилик шаҳарларда комендантлик соати жорий этилганига қарамай, 3 июнга ўтар кечаси норозилар саккизинчи тунни кўчада ўтказишди. Норозилик намойишлари тартибсизликларга ва полиция билан тўқнашувларга айланиб кетгани ортидан бир неча кун олдин ўнлаб шаҳарларда комендантлик соати жорий этилганди.

Бир неча кун олдин Миннеаполис, Атланта, Лос-Анжелес, Сиэтл, Чикаго, Филадельфия, Питтсбург, Денвер, Майами ва бошқа шаҳарларда Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта Миллий Гвардия намойишларни бостириш учун жалб қилинди.

Президент Дональд Трамп штатларнинг губернаторларидан тартибни сақлаш учун кўчаларга Миллий Гвардия аскарларини кўпроқ сафарбар қилишни талаб этмоқда. Икки кун аввал Трамп агар губернаторлар тартиб ўрнатиш учун Миллий Гвардияни сафарбар этмаса, у ҳолда намойишларни ҳарбий куч билан бостиришга ваъда берган эди.

Вашингтонда зирҳли арбий машиналар, ҳарбийлар ва полиция кўчаларни назорат қилмоқда.

АҚШнинг юзлаб шаҳарларида намойишлар 25 май кун Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи камида 20 киши гувоҳлигида афроамерикалик Жорж Флойни бўғиб қўйгани ортидан бошланиб кетди. Тинч намойишлардан ташқари, айрим норозилар биноларга ва автомобилларга ўт қўйди, полицияга қаршилик кўрсатди ва дўконларни талон қилди.

Намойишчилар 25 май куни қўлга олинганидан кейин Миннеаполис касалхонасида жон берган 46 ёшли Флойд ўлимида ўйнаган роли учун оқ танли тўрт нафар полициячи судланишини талаб қилишмоқда.

Трамп 30 май куни Жорж Флойднинг ўлимини мамлакатни ғазабга келтирган ва мусибатга туширган “жиддий фожиа”, деб атаган эди. Трамп норозилик намойишлари “оломоннинг зўравонлигига” айланиб кетишига йўл қўйилмаслигини айтган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси АҚШ ҳукуматини журналистларни “таъқиб қилишни тўхтатиш”га чақирди

Вашингтон. Оқ Уй олдига йиғилган норозилар.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) АҚШ ҳукуматини мамлакатдаги норозилик намойишларини ёритаётган журналистларни “таъқиб қилишни тўхтатиш”га ва комендантлик соатида матбуот ходимлари фаолиятига рухсат беришга чақирди.

Қўмитанинг билдиришича, бир неча кундан бери давом этаётган норозилик намойишлари пайтида Қўшма Штатларда журналистлар “сўз ва матбуот эркинлиги бузилиши”га оид 125 ҳолатни қайд этганлар.

“Биз полициянинг ўз хизмат бурчини бажараётган журналистларга нисбатан ноинсоний ва айрим ҳолатларда ўта зўравон ҳаракатларидан даҳшатга тушмоқдами”, -деб айтди CPJ дастурлар директори Карлос Мартинес де ла Серна.

АҚШнинг юзлаб шаҳарларида намойишлар 25 май кун Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи камида 20 киши гувоҳлигида афроамерикалик Жорж Флойни бўғиб қўйгани ортидан бошланиб кетди. Тинч намойишлардан ташқари, айрим норозилар биноларга ва автомобилларга ўт қўйди, полицияга қаршилик кўрсатди ва дўконларни талон қилди.

Намойишчилар 25 май куни қўлга олинганидан кейин Миннеаполис касалхонасида жон берган 46 ёшли Флойд ўлимида ўйнаган роли учун оқ танли тўрт нафар полициячи судланишини талаб қилишмоқда.

Қирғизистонда бир кунда коронавирусдан уч одам вафот этди

Айни пайтда касалхоналарда 609 бемор даволанмоқда.

Қирғизистонда 3 июнь ҳолатига кўра, коронавирусга чалинган уч бемор вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Нурбўлўт Усўнбаевнинг маълум қилишича, улардан икки нафари Ўш вилоятидан.

“Вафот этганлардан бири Ўш вилоятида ишлаган 59 ёшли фтизиатр врач, иккинчиси Ўшдаги касалхонада даволанаётган 55 ёшли бемор, учинчиси эса Норин вилоят касалхонасида даволанаётган 84 ёшли бемор”, - деди расмий.

Бу билан Қирғизистонда коронавирусдан ўлганлар сони 20 кишига етди.

3 июнь куни яна 26 одамда СOVID-19 топилди. Бу билан коронавирус юққанлар сони 2 380 кишига етди. Улардан 1265 киши соғайди. Айни пайтда касалхоналарда 609 бемор даволанмоқда. Улардан 12 нафарининг аҳволи оғир.

Қозоғистонда коронавирусдан ўлганлар сони 44 кишига етди

Олмаотадаги коронавирусга анализ олувчи марказ.

Қозоғистонда 3 июнь ҳолатига кўра, коронавирусга чалинган 225 янги бемор аниқланди. Бу билан мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони расман 11796 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, ҳозирда касалхоналарда 5 811 бемор даволанмоқда, 5 941 бемор соғайди ва 44 бемор вафот этди.

Расмий маълумотда айтилишича, сўнгги бир кун ичида уч бемор вафот этган. Пойтахт Нур-Султонда 61 ёшли, Чимкентда 64 ёшли, Павлодар вилоятида 85 ёшли бемор жон берган.

Қозоғистонда коронавирус ҳолати илк бор 13 мартда аниқланган эди. Шундан сўнг мамлакатда карантин жорий этилган.

Қозоғистонда 1 июндан карантин чоралари юмшатилди. Ҳукумат савдо марказлари, умумий овқатланиш жойлари, ҳаммомлар ва сауналар фаолиятига рухсат берди.

Қирғиз махсус хизмати: Азаттиқ мухбири журналистик суриштирув учун пул олган, аммо буни тасдиқловчи ҳужжат йўқ

Қирғиз парламенти махсус комиссияси йиғилиши.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирлари божхонадаги пул ювиш схемаси тўғрисида журналистик суриштирув учун “манфаатдор шахслардан 100 минг доллар миқдорида пул олган”, деб иддао қилмоқда.

Бу иддао 2 июнь куни қирғиз парламентининг Туркияда ўлдириб кетилган уйғур ишбилармони Айэркин Саймаити иши юзасидан тузилган махсус комиссияси йиғилишида айтилди. Миллий хавфсизлик хизматига кўра, иккита гувоҳ Саймаити уларга журналистларга пул бергани тўғрисида гапирганини тасдиқлаган. Айни пайтда Миллий хавфсизлик хизмати журналистлар пул олганини тасдиқловчи ва исботловчи ҳеч қандай ҳужжатлар мавжуд эмаслигини тан олди.

Озод Европа-Озодлик радиоси президенти Жейми Флей бу иддаога муносабат билдирар экан: “Журналистларни қоралаш ўз бойлиги ва ҳокимиятини сақлаб қолишга ҳаракат қилаётган коррупциялашган шахсларнинг ўч олиш ҳаракати бўлиши мумкин”, деб билдирди.

Ўтган йили Истанбулда яшаётган Саймаити Озодлик радиоси қирғиз хизмати, OCCRP ва Kloop ўтказган журналистик суриштирувнинг асосий манбаси бўлган эди. У Қирғизистондаги фаолияти давомида божхона хизматидаги коррупция ва камида 700 миллион долларни ноқонуний олиб чиқиб кетгани тўғрисида маълумот берган. Журналистик суриштирувда “коррупциялашган амалдор” қаторида Қирғизистон божхона хизмати раисининг ўша пайтдаги ўринбосари Раимбек Матраимов номи айтилган.

Ўтган йили Саймаити Истанбулда ўлдириб кетилган эди. Шундан сўнг қирғиз парламентида Саймаити ўлимини ўрганиш юзасидан махсус комиссия ташкил этилган.

Мазкур журналистик суриштирув ортидан Қирғизистонда коррупцияга қарши кўп минг кишилик намойишлар бўлиб ўтган.

Толибон лидери Охунзода коронавирусдан ўлгани тўғрисидаги хабарларни рад этди

Толибон ўз лидери Ҳайбатуллоҳ Охунзода коронавирусдан ўлгани тўғрисидаги хабарларни рад этди.

Foreign Policy журнали 1 июнь куни Толибон ҳаракатининг исми айтилмаган расмийларига таянган ҳолда Ҳайбатуллоҳ Охунзода COVID-19га чалингани ва хориж давлатларидан бирида даволанаётган пайтда ўлган бўлиши мумкинлиги тўғрисида хабар берган эди.

Толибон расмийлари Foreign Policy журналига Охунзодани сўнгги уч ой давомида кўрмаганларини ва овозини эшитмаганларини айтганлар. Айрим манбалар эса Охунзода коронавирусдан даволаниш учун Россияга кетганини маълум қилганлар.

2 июнь куни Толибоннинг расмий вакили Забиуллоҳ Мужоҳид ҳаракат раҳбарларидан ҳеч бири коронавирусга чалинмаганини ва Охунзоданинг ўлими ҳақидаги хабарлар асоссиз экани ҳақида билдирди.

Мулла Охунзода 2016 йилнинг майида Покистонда АҚШ учувчисиз самолёти ҳаводан берган зарба пайтида ўлдирилган Ахтар Муҳаммад Мансур ўрнига Толибон қўмондони бўлган эди.

Associated Press: Хитой коронавирус тўғрисидаги маълумотларни атайин яширган

Хитой мутахассислари вируснинг бошқа давлатларга таҳдиди тўғрисидаги маълумотларни ҳам яширганлар.

Хитой ҳукумати коронавирус ҳақида ўз вақтида ва тезкор маълумотларни бермаган. Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг Хитой ҳукумати маълумотларни яширмай ўз вақтида ошкор этгани тўғрисидаги баёноти ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Associated Press ўзининг исми айтилмаган манбаларига таянган ҳолда хабар берди.

Агентликнинг ёзишича, Хитой вирус ҳақидаги маълумотларни ва унинг инсониятга таҳдидини яширган. Бу орада жаҳондаги учта давлат лабораторияларида коронавирус тўлиқ аниқланган.

Хитой давлат лабораторияси бошқа бир лаборатория вирусологияга оид махсус сайтда 11 январь куни коронавирус ҳақидаги маълумотни эълон қилганидан сўнггина бу ҳақда хабар берган. Аммо шундан кейин ҳам Хитой ҳукумати икки ҳафтагача вирус ҳақидаги маълумотларни сир тутиб келган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ёпиқ йиғилишлари баённомаларига қараганда,айни мана шу даврда коронавирусга чалинган беморлар ва коронавирусга чалиниш ҳолатлари бўйича маълумотлар ўта зарур бўлган.

“Агар бу маълумотлар ўз вақтида тақдим этилганида, вирусдан ўлим ҳолатларини сезиларли даражада камайтириш ёки вируснинг тарқалишини сустлаштириш имконияти пайдо бўлар эди”, - деб ёзди Associated Press.

Агентлик манбаларининг айтишларича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмийлари, шунга қарамай, Хитой ҳукуматини тезкор ва ошкора маълумот бераётганини айтиб, мақтаб келган. Бу иш Хитой ҳукуматидан керакли маълумотларни олиш мақсадида амалга оширилган бўлиши мумкин.

Аммо ўша пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг юқори лавозимли расмийлари оғзаки суҳбатларда Хитой ҳукумати вируснинг одамдан одамга юқиши бўйича етарли даражада маълумотларни бермаётганини айтганлар. Хитой мутахассислари вируснинг бошқа давлатларга таҳдиди тўғрисидаги маълумотларни ҳам яширганлар.

Эрон депутати: Норозилик намойишларида 230 одам ўлдирилган

Эронда 2019 йилнинг 15 ноябрида бошланган намойишлар мамлакатнинг юздан ортиқ шаҳарларида 4 кун давом этган.

Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик ва ташқи ишлар қўмитаси раиси Мўжтабо Золнур ўтган йилнинг ноябрида ўтган норозилик намойишларида 230 киши ҳалок бўлганини билдирди. Бу ҳақда 1 июнь куни Эрон ҳукуматига қарашли IRNA агентлиги хабар берди.

Эрон парламенти аъзоси биринчи марта норозилик намойишлари пайтида ўлганлар сони ҳақида расман маълумот берди.

Ўтган йилнинг ноябрида тўрт кун давом этган норозилик Эронда 1979 йилда содир этилган Ислом инқилобидан бери энг йирик намойиш бўлди.

Мўжтабо Золнурга кўра, намойишларда ҳалок бўлган 230 одамнинг бешдан бири ҳуқуқ-тартибот ходимидир. Бундан ташқари ўлганларнинг 25 фоизи намойишларда қатнашмаган йўловчилардир. Улар ўз ишлари билан кўчага чиққанларида бошларига ёки кўкракларига ўқ еб ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлганларнинг 16 фоизи ҳарбий базалар ва полиция участкаларига ҳужум пайтида, 31 фоизи эса савдо марказлари, банклар ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларига қилинган ҳужумлар пайтида ўлдирилган.

Эронда 2019 йилнинг 15 ноябрида бошланган намойишлар мамлакатнинг юздан ортиқ шаҳарларида 4 кун давом этган. Ҳукумат шу кунгача намойишларда ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотларни рад этиб келаётган эди.

Қозоқ-ўзбек чегарасидаги тожикистонликлар юртига қайтолмай сарсон бўлмоқда

Қозоқ-ўзбек чегараси яқинидаги автовокзалда яшаётган тожикистонликлар, Туркистон вилояти, 2020 йил 2 июни.

Қозоғистонда мардикорлик билан кун кўрган юзлаб тожикистонлик 10 ҳафтадан бери Ўзбекистон орқали ватанига ўтиб кетиш илинжида қозоқ-ўзбек чегарасида юрибди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон томони уларни ўз ҳудудига қўймаяпти, Тожикистон расмийлари эса уларни олиб чиқиб кетишга шошилмаяпти.

Ораларида аёллар, қариялар ва болалар бўлган тожикистонликлар Озодликнинг қозоқ хизмати мухбирига Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги “Жибек жўли” божхона маскани яқинида жойлашган автовокзал ҳудудида яшаётганларига 2,5 ойдан ошганини маълум қилганлар.

Чегарада қолиб кетган тожикистонликлар ҳукумат уларни ватанга қайтаролмай, кўчада қолдирганидан норозилик билдирганлар. Бу ерда одамлар озиқ-овқат тақчиллигига дуч келганлар. Ерда ётишга мажбур бўлаётган бу одамларнинг ювинадиган жойлари ҳам йўқ..

Озиқ-овқатни бизга маҳаллий турғунлари олиб келиб бериб турибди. Ухлаш ва ювинишга жой йўқ. Ким нима олиб келса, шуни еяпмиз”, деди исмини айтишни истамаган тожикистонликлардан бири.

“Жибек жўли” қишлоқ округи ҳокими Талгат Азимбердиев автовокзал ҳудудида 260 дан зиёд одам яшаётганини маълум қилди. Унга кўра, Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчихонасига аввалроқ бу одамлар ҳақида хабар берилган, бироқ тожик расмийлари ҳалигача улар учун транзит ташкил қилмаган.

Божхона масканида юрган ва ўзини Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ходими деб таништирган киши вазият бўйича изоҳ беришдан бош тортган.

Озодликнинг қозоқ хизмати мухбири божхона масканида турган пайтида бу ердан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўтаётганини кўрган. Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ходими Бахтиёр Камолов бу ердан ҳар куни Ўзбекистонга мингга яқин одам ўтаётганини айтган. Айни пайтда у юртига ўтиб кетмоқчи бўлган тожикистонликларга Ўзбекистон чегарасидан ўтишга нима учун рухсат берилмаётганини изоҳлай олмаслигини билдирган.

Қозоғистон ва Ўзбекистон коронавирус ёйилишига тўсқинлик қилиш учун март ойида чет элликлар учун ўз чегараларини ёпган. Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига чалинишга оид илк ҳолат 15 март куни қайд этилган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Айбек Смадияров 2 июнь куни ўз мамлакати тожикистонликларнинг чиқиб кетишига тўсқинлик қилмаётгани ва юзага келган вазият ҳақида Тожикистонни хабардор қилганини билдирган. Смадияровга кўра, Тожикистон томони ўз фуқароларини автобусда олиб чиқиб кетиш учун Тошкент билан музокаралар олиб бормоқда ва ҳозирда ўзбек расмийларидан бу борада жавоб кутмоқда.

Ўзбекистон Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида 5 минг кишилик масжид қурмоқда

Туркистонда 5 мингдан зиёд кишига мўлжалланган улкан масжид қуриляпти. Ўтган йили тамал тоши қўйилган масжид, Kazinform ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Туркистонга туҳфасидир.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қўллаб-қувватланаётганини қайд этган агентликнинг ёзишича, Туркистон шаҳрида барпо этилаётган масжиднинг умумий майдони 5 минг квадрат метрни ташкил қилади. Масжид ташқарисида эса яна 3 минг киши намоз ўқиши мумкин.

Архитектура мажмуасидан мусулмон маросимлари ўтказиладиган жойлар, конгресс зали, тўй саройи, 180 ўринли мадраса, кутубхона, ошхона, спорт майдончаси, 500 машинага мўлжалланган автопарк ва фаввора жой олиши режаланган.

АҚШ коронавирусга қарши кураш доирасида Туркманистонга қўшимча 500 минг доллар ажратди

Туркманистондаги шифохоналардан бири.

АҚШ ҳукумати COVID-19 нинг олдини олиш бўйича Туркманистон кўраётган чора-тадбирларни дастаклаш учун бу мамлакатга қўшимча 500 000 доллар маблағ ажратди.

АҚШнинг Туркманистондаги элчихонаси томонидан 1 июнь куни тарқатилган маълумотга кўра, Қўшма Штатлар бу мамлакатдаги барча ҳамкорларига тақдим этган давлат ресурсларининг умумий ҳажми 1 миллион 420 минг долларга етган.

Қўшимча молиялаштириш коронавирус инфекциясининг олдини олиш ва унга қарши курашиш уринишлари ва хатарлари тўғрисида маълумот тарқатиш ишини яхшилаш учун Туркманистондаги ЮНИСЕФ (БМТнинг болалар жамғармаси) ташкилотига тақдим этилади.

Тақдим этилган маблағлар ҳисобидан Туркманистон Таълим вазирлиги гигиена амалиётини олға суради ҳамда мактабларда ва бошқа муассасалардда COVID-19 профилактикаси учун қўшимча материаллар тақдим қилади.

АҚШ элчихонаси қайдича, “Туркманистон ўз ҳудудида COVID-19 билан боғлиқ тасдиқланган бирор-бир ҳолат ҳақида маълум қилган эмас, бироқ COVID-19 ёйилишининг олдини олиш ва келажакдаги муҳтамал ҳолатларга ҳозирлик кўриш бўйича чоралар кўрган”.

Шу йил апрель ойида АҚШ COVID-19 пандемиясидан ҳимояланиш учун тиббий кўмак шаклида Туркманистон учун 920 минг доллар ажратганди.

Жаҳон бўйлаб коронавирус туфайли оламдан ўтганлар сони 375 мингдан ошди

Бразилиялик врачлар коронавирусга чалинган бемор билан, 2020 йил май ойи.

Коронавирус инфекцияси туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони дунё бўйлаб 375 минг нафардан ошиб кетди. Жаҳон бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони эса 6 миллион 300 минг нафарга етиб қолди.

Жонс Хопкинс университети маълумотига кўра, ҳозирда коронавирус қурбонлари сони бўйича АҚШ дунёда биринчи ўринда бормоқда. Қўшма Штатларда бу иллат туфайли қазо қилганлар сони 105 мингдан ошган. Ўлимлар сони бўйича иккинчи ўринни Буюк Британия (39 мингдан кўпроқ ўлим ҳолати), учинчи ўринни эса Италия (қарийб 33 минг ўлим) эгаллаб турибди.

Сўнгги маълумотларга кўра, шу кунда Бразилия пандемиянинг янги марказига айланган. У ерда COVID-19 инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 526 мингдан зиёд ҳолат қайд этилган. Бу мамлакат ҳозирда коронавирусга чалинганлар сони бўйича АҚШдан кейин (1,8 миллиондан кўпроқ бемор) иккинчи ўринга чиқиб олган. Коронавирус юқтириб олганлар сони бўйича дунёда учинчи ўринда Россия (423 мингдан кўпроқ) бормоқда.

Петербурглик тадбиркор ўзбекистонлик муҳожирлар томонидан калтакланганидан шикоят қилди

Петербург полициясига 1 июнь куни бир тадбиркор мурожаат қилиб, ўзини ўзбекистонлик муҳожирлар калтаклаб, фуқаролик никоҳидаги хотинини олиб қочиб кетганини маълум қилган. Бу ҳақда Piter.TV ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Аризачига кўра, 1 июнь оқшомида “Автово” метро станцияси олдида унинг “Лада” автомобилига ўзбекистонлик икки киши ўринган. Улар Тярлево қишлоғигача бирга кетганлар. Ўша ерда ўзбекистонликлар тадбиркорни машинадан тушириб, калтаклашган. Кейин эса улар автомобилга ўтириб, жабрланувчининг хотини билан бирга йўлда давом этганлар.

Жиноят қидурув бўлими ходимлари тез орада машина билан аёлни топганлар. Аёл талончилар унга пичоқ ўқталиб, ёнидаги 3 минг рублни олиб қўйганларини айтган. Шундан сўнг улар ҳодиса жойидан ғойиб бўлганлар.

Қирғиз расмийси Ўзбекистон билан Сўх-Риштон йўли масаласи муҳокама қилинмаганини айтмоқда

2019 йили бир муддатга очилган Сўх-Риштон йўли.

Қирғизистон билан Ўзбекистон расмийлари Сўх-Риштон йўлини очишга оид масалани муҳокама қилганлари йўқ.

Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига бош вазир ўринбосари Акрам Мадумаров 2 июнь куни билдирган.

Ҳукумат мулозими чегарадаги можаронинг келиб чиқишига аввало чегарада аниқланмаган участкалар борлиги, яйлов ва сувдан фойдаланиш масалалари сабаб бўлганини айтаркан, Сўх-Риштон йўлини очиш учун икки томоннинг розилиги билан бир қаторда бунинг Евросиё Иқтисодий Иттифоқи тартиб-қоидаларига тўғри келиши талаб қилинишини айтди.

“Йўлни очиш масаласи ҳеч қачон бир томонлама ҳал бўлмайди. Албатта иккинчи томоннинг розилиги лозим. Агар сўхликлар Ўзбекистон бош вазири олдига масала қўяётган бўлса, бу ҳукумат даражасида ҳал қилиниши шарт. Ҳал қилинганда ҳам икки томоннинг манфаатларини эътиборга олиш билан ҳал этилиши керак. Шу сабабли бу масала ҳал бўлди, дейишдан йироқмиз. Бу музокараларнинг асосий кун тартибига киритиладиган масаладир. Қирғизистон ЕОИИ аъзоси, Ўзбекистон эса бу ташкилотга аъзо эмас. Шу важдан чегара ҳудудлари, савдо-сотиқ масаласи ЕОИИ низоми ва халқаро шартномалар асосида кўриб чиқилади. Бугунги кунда бу масала муҳокама қилингани йўқ”, деди А. Мадумаров.

Шу йил 31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани турғунлари орасида жанжал юз бериб, икки мамлакат фуқаролари бир-бирларини тошбўрон қилди.

Чегарадаги можаро ортидан 1 июнь куни сўхликлар билан шахсан учрашган бош вазир Абдулла Арипов қирғиз расмийлари билан Сўх-Риштон йўлини очиш тўғрисида гаплашганини айтган ва уларга йўл масаласида талаб қўйганини билдирган эди.

31 май кунги можаро оқибатида, қирғиз расмийлари маълумотига кўра, 25 нафар қирғизистонлик тан жароҳати олган.

Айни пайтда Сўх тумани ҳокимлиги 31 майдаги можаро ортидан туман шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилгани, 15 нафари вертолётда вилоят шифохоналарига олиб кетилганини расман маълум қилган.

Сўх тумани тиббиёт бирлашмасидан олинган маълумотга кўра, яраланганлардан 13 нафари ўқ еган, айримларининг жароҳати оғир.

2 июнь куни Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов 3 киши ов милтиғидан яраланганини расман маълум қилди.

Бу ярадорлар ҳолидан 1 июнь куни Сўх туманига борган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳам хабар олди.

Ўзбекистонга қарашли Сўх тумани Қирғизистон ҳудудидаги эксклав бўлиб ҳисобланади. 2013 йили қирғиз-ўзбек чегарасидаги можародан кейин Сўх-Риштон йўли ёпиб қўйилган. 2019 йилда бу йўл 2 кунга очилиб, кейин яна ёпилган.

Қирғиз чегарачилари тожикистонликларни ўқотар қурол қўллаганликда айбламоқда

Қирғиз-тожик чегараси яқинидаги йўл.

Қирғизистон Чегара хизмати 2 июнь куни қирғиз-тожик чегарасида ўқотар қурол қўллаш билан боғлиқ можаро содир бўлганини маълум қилди.

Қирғиз чегарачилари тарқатган маълумотда Боткен туманининг Эки-Таш деган жойида ўтган тун соат 01:20 ларда Тожикистон томонидан номаълум кишилар Ўш-Исфана автойўли бўйлаб кетаётган қирғизистонлик Б.Б.нинг машинасига қарата ов милтиғидан бир неча бор ўқ узгани қайд этилади.

“Ҳайдовчи ўқотар қуролдан енгил тан жароҳати олган ва Самарқандек қишлоғи касалхонасига етказилган. Тунда икки томони ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди. Айни пайтда воқеа жойида милиция ходимлари ишламоқда, улар ҳодиса юз берган жойни ва автомашинани кўздан кечириб, бошқа тергов тадбирларини олиб боряптилар”, дейилади Қирғизистон Чегара хизмати хабарномасида.

Тожикистон томони ҳали мазкур ҳодиса юзасидан изоҳ берганича йўқ.

Бу сўнгги ойда қирғиз-тожик чегарасида ўқотар қурол қўллаш билан боғлиқ можароларнинг тўртинчисидир. 27 май куни Қирғизистоннинг Кўктош қишлоғи турғуни Исфаранинг Чоркўҳ қишлоғида яшайдиган Шукрона Шаропова томонга қарата ўт очган, натижада у ўнг билагидан яраланган. 24 май куни тожик-қирғиз чегарасидаги отишмада Тожикистон Чегара қўшинларининг 19 ёшли ҳарбийси жароҳатланган. 8 май куни эса Қирғизистон билан Тожикистон чегараолди ҳудудлари аҳолиси ўртасида можаро юз бериб, у ерда ов милтиғи ва миномет ишга солинган. Ўшанда Қирғизистон томонидан уч чегарачи, Тожикистон томонидан икки маҳаллий турғун тан жароҳати олган.

Тожикистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегара 970 километрга узанган. Ундан 519 километри аниқланган, қолган қисми эса баҳсли участка бўлиб ҳисобланади.

Россия Мудофаа вазирлиги коронавирусга қарши вакцинани одамларда синашни бошлади

Мудофаа вазирлиги коронавирусга қарши вакцина излаб топиш лойиҳасида иштирок этаётгани апрель ойида маълум қилинган эди.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилар орасида COVID-19 вакцинасини синаб кўриш учун 50 нафар ихтиёрчини танлаб олди. Бу ҳақда вазирликка таянган ҳолда ахборот агентликлари хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳарбий хизматчиларда Мудофаа вазирлигига қарашли 48-Марказий илмий-тадқиқот институти ўйлаб топган вакцина синалади. Ихтиёрчиларнинг биринчи гуруҳи институтга 3 июнь куни олиб келинади.

Мудофаа вазирлиги коронавирусга қарши вакцина излаб топиш лойиҳасида иштирок этаётгани апрель ойида маълум қилинган эди.

Бош вазир ўринбосари Татьяна Голиковага кўра, айни пайтда Россия мутахассислари томонидан COVID-19га қарши вакцина ўйлаб топиш бўйича 47 лойиҳани амалга оширмоқда.

Британия собиқ ташқи ишлар вазирлари Ҳонконг халқаро мониторинг гуруҳи ташкил этишни таклиф қилмоқда

Ҳонконгда ўтган йили Хитойга қарши 7 ой намойишлар бўлган эди.

Британиянинг етти нафар собиқ ташқи ишлар вазири Бош вазир Борис Жонсонга Ҳонконг бўйича халқаро экспертлардан иборат мониторинг гуруҳини ташкил этиш таклифи билан мурожаат йўллади.

Мурожаатни Малькольм Рифкинд, Маргарет Бекетт, Уильям Хейг, Жереми Хант, Дэвид Милибэнд, Дэвид Оуэн ва Джек Стро имзолаган. Муаллифлар Британия “Катта еттилик” давлатларини халқаро мониторинг гуруҳини ташкил этишга жалб қилиши зарур, деб ҳисоблайдилар.

Уларга кўра, халқаро мониторинг гуруҳи 1990 йилларда Болқон инқирозини мувофиқлаштириш учун ташкил этилган ташкилот принциплари асосида иш олиб бориши мумкинлигини айтмоқдалар. Бу ташкилотга АҚШ, Британия,Франция, Германия, Италия ва Россия бирлашган эди.

1997 йилгача Британия тасарруфида бўлган Ҳонконг Хитой ҳукумати қабул қилишни режалаштираётган “Миллий хавфсизлик” тўғрисидаги қонун ортидан мухторият ҳуқуқини йўқотиши мумкин.

Хитой Ҳонконгни “Бир давлат-икки тузим” принципи асосида бошқаришга ваъда берган эди. Бироқ янги қонун қабул қилиниши билан Хитой Ҳонконгда сўз эркинлиги ва демократияни бостириш имкониятига эга бўлади.

Хитой ҳукумати мазкур қонун ўтган йили Ҳонконгда 7 ой давом этган норозлик намойишларидан сўнг минтақада “террорчилик ва экстремистликка барҳам беришиши”ни таъкидламоқда. Мазкур намойишларда иштирок этган миллионлаб ҳонконгликлар жиноятларда гумонланганларни Хитойга топшириш тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши чиққан эди. Оқибатда Ҳонконг ҳукумати бу қонунни муҳокама қилишни тўхтатган.

“Миллий хавфсизлик” тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳам Ҳонконгда минглаб одамлар иштирок этган норозилик намойишларига сабаб бўлди.

Бунга қадар Хитойнинг Ҳонконгга нисбатан сиёсатини Британия, АҚШ, Австралия ва Канада танқид қилиб чиққан эди.

Канада ва Британия Россиянинг "Катта еттилик" саммитига таклиф қилинишига қарши

Канада Бош вазири Жастин Трюдо.

Канада Бош вазири Жастин Трюдо 1 июнь куни Оттавада ўтган йиллик анъанавий матбуот анжуманида Россиянинг “Катта еттилик” саммитига таклиф қилинишига қарши эканини билдирди.

“Россия “Катта саккизлик”дан Қримга бостириб кирганидан сўнг чиқарилган эди. Россия ҳозир ҳам халқаро тартиб-қоидаларга ҳурматсизлик қилишда давом этмоқда. У “Катта еттилик”дан ташқарида ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолаверади”,- деди Трюдо.

Аввалроқ Британия ҳам Россиянинг “Катта еттилик” саммитига таклиф қилинишига қарши эканини билдирган эди.

31 май куни АҚШ президенти Дональд Трамп июнь ойида ўтказилиши режалаштирилган “Каитта еттилик” саммитини сентябрга қолдирмоқчи экани ва унга Россия, Австралия, Ҳиндистон ҳамда Жанубий Кореяни таклиф қилмоқчилигини айтганди.

Трамп АҚШ, Канада, Германия, Британия, Япония, Италия ва Франциядан иборат “Катта еттилик”ни “Жуда эскирган давлатлар гуруҳи”, деб атади.

1 июнда Трамп президент Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотда Россиянинг саммитдаги иштирокини муҳокама қилгани айтилди.

Ўша куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳозирча Трамп Россияни қандай шартлар асосида “Катта еттилик” саммитига таклиф қилиши номаълум эканини билдирди.

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 11,5 мингдан ошди

Қозоғистонда 1 июндан карантин чоралари юмшатилди.

Қозоғистонда расмий маълумотларга қараганда, 1 июнь ҳолатига кўра, 263 одамда коронавирус аниқланди. Беморлар сонининг ўсиш кўрсаткичи 2,3 фоизни ташкил қилди.

Коронавирус билан касалланиш ҳолатлари авваллари Қозоғистоннинг барча ҳудудларида кузатилган бўлса, 1 июнь куни Оқмўла, Шимолий Қозоғистон ва Қўстанай вилоятларида коронавирусга чалинган бирорта одам аниқланмади.

Сўнгги бир сутка ичида 183 бемор соғайди. Бу билан соғайганлар сони расман 5 587 киишга етди.

Қорзоғистонда коронавирус ҳолати илк бор аниқланган 13 мартдан бери 11 571 бемор аниқланди. Улардан 41 нафари вафот этди.

Қозоғистонда 1 июндан карантин чоралари юмшатилди. Ҳукумат савдо марказлари, умумий овқатланиш жойлари, ҳаммомлар ва сауналар фаолиятига рухсат берди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG