Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:42

Давра кенгашида бош масала – бўлажак сайлов


Фарғона водийсида фаолият олиб бораётган мухолифатдаги партиялар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан яқинда ташкил этилган Давра кенгашининг навбатдаги йиғилиши куни-кеча Наманган шаҳрида ўтказилди.

Йиғилишда “Эрк”, “Бирлик халқ ҳаракати”, “Озод деҳқонлар” партиялари, инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотларнинг вакиллари иштирок этди. Тадбир қатнашчилари йил охирида мамлакат парламентига бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик масаласини кенг муҳокама қилди. “Бирлик” партияси раиси ўринбосари Ҳамдам Сулаймонов Ўзбекистонда сайлов тўғрисидаги қонунчилик юзасидан маъруза қилди.

Давра кенгаши қатнашчиларининг фикрича, Президентга Олий Мажлиснинг юқори палатаси – Сенатга 16 кишини тайинлаш ҳуқуқи берилгани катта хатодир.

Тадбирда иштирок этганлардан баъзилари бўлажак сайловни байкот қилиш таклифини илгари сурди. Улардан бири, “Бирлик” партиясининг Уйчи тумани бўлими раҳбари Олимжон Юнусовнинг мулоҳазасига кўра, “Бирлик”ни рўйхатдан ўтказиш учун имзо йиғиш зарур бўлганда партия бор-йўғи 5800 та тарафдор топа олган. Шундай экан, депутатликка мустақил номзод кўрсатиш учун 80 минг сайловчи ичидан 8 минг имзо йиғиш талабини бажариш жуда мушкул.

Тадбирда қатнашганларнинг аксарияти сайловни байкот қилиш таклифига қарши фикр билдирди. Уларнинг фикрича, ҳукумат мухолифатдаги партияларга сайловда иштирок этиш учун ҳеч қачон қулай шароит яратиб бермайди. Шу боис, айни пайтда мавжуд имкониятларни ишга солиб, сайловда қатнашиш ҳаракатини қилиш даркор. Бундан ташқари, амалдаги сайлов тўғрисидаги қонунларни ўзгартиришга эришиш учун жуда кўп вақт керак. Айни пайтда фаолият кўрсатаётган депутатлар бу қонунларга ўзгартириш киритишга ботина олмайди.

Ҳ.Сулаймоновнинг айтишича, агар ҳукумат демократик кучларнинг ташаббус гуруҳлари томонидан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олишга тўсқинлик қилса, бундай ҳолатда қонун асосида судга ёки марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилинади.
XS
SM
MD
LG