Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:31

Саудия Арабистонидаги ҳужумлар минтақадаги янги барқарорсизликдан даракчими?


Азизулло Арол Энди эса Саудия Арабистонидаги ҳодисаларга ўтамиз. Кейинги бир неча ҳафта давомида Судия Арабистонида қатор террористик ҳужумлар содир этилди ҳамда шундай ҳужумларни амалга оширишга уринишлар бўлди. Саудия хавфсизлик кучлари чоршанба куни содир этилган портлашга алоқадорликда гумон этилган беш жанггарини отиб ўлдирди. Айни пайтда қўшни Иорданияда бир неча минг одамнинг ҳаëтига зомин бўлиши мумкин бўлган ҳужумнинг олди олинди. Шшбу воқеалар минтақадаги вазиятни издан чиқариши мумкинми? Озодлик радиоси мухбири Брефни О рурк ушбу мавзуни ўрганиш учун таҳлилчиларга мурожаат қилди. Унинг мақоласи мазмуни билан Азизулло Арол таништиради.

Саудия Арабистони қироллиги ошиб бораëтган террор ҳаракатларига қарши фаолиятни кучайтирмоқда. Хабарларга кўра¸ пайшанба куни Жидда шаҳрида Саудия полицияси террор ҳаракатларида гумон қилинган икки жанггарини отиб ўлдирди. Олдинроқ айни шаҳарда полиция билан жанггарилар ўртасида юз берган отишмаларда бошқа уч жанггари ўлдирилган эди. Полициянинг жанггариларга қарши ушбу амалиëтлари 21 апрел куни пойтахт Риëдда машинага ўрнатилган бомба портлатилганидан кейин ўтказмоқда.

Ўзини "Ал-Ҳарамайн Бригадалари" деб атаëтган Саудиянинг маҳаллий гуруҳи чоршанба кунги Риëд портлашларини ўз зиммасига олди.
Воқеа рўй берган айни кунда Саудия Арабистони ҳукумати бомба ўрнатилган бошқа бир неча машиналарни зарарсизлантирганини маълум қилиб¸ шубҳа остида бўлган саккиз жанггари¸ катта миқдорда пул¸ қурол-аслаҳа¸ машина ва портловчи моддаларни қўлга олганини билдирди.

Яқин Шарқ бўйича бриталиялик мутахассис Даниел Нипнинг Озодлик радиосига айтишича¸ Саудия ҳукумати хавфсизлик хизмати биносига ҳужум қилингани янги жараëндир. Чунки шу пайтгача террор ҳужумлари асосан ғарбликларга қарши қаратилган эди.

"Саудия Арабистонидаги ҳодисаларнинг янги жиҳати йўқ¸ ҳужумлар аниқ ҳукумат биноларига қилинди. Бу тактикадаги ўзгартиришдир. Ўтмишда Саудия Арабистонидаги хорижийлар ëки савдо корхоналари нишонга олинган эди. Яъни ҳозирга қадар ҳужумлар ҳукуматга қаратилмаган эди " -дейди британиялик мутахассис.

Саудия Арабистонида террор ҳаракатларининг авж олиши Иорданиядаги шунга ўхшаш ҳодисалар билан бир пайтга тўғри келди. Иордания қироли Абдулланинг ўтган ҳафтада айтишича¸ гумон қилинган бир неча террорчининг қўлга олиниши билан минглаб одамларнинг ўлимига сабабчи бўладиган катта ҳужумнинг олди олинган.

Саудия ҳукумати содир этилаëтган ҳужумлар ортида Саудияда туғилган Усама бин Ладеннинг ал-Қайда террор тармоғи турибди¸ деб билади. Бироқ¸ чоршанба куни Риëдда содир этилган портлашлар учун жавобгарликни ал-Қайда эмас¸ балки "Ал Ҳарамайн Бригадалари" ўз зиммасига олди.

Британиялик мутахассис Нипнинг айтишича¸ Саудия Арабистони анча мураккаб вазиятга тушиб қолган. Бир томондан АҚШ мамлакат раҳбариятидан сиëсий ислоҳотлар ўтказишни талаб қилмоқда. Аммо бошқа томондан Саудия ҳукумати бундай ислоҳотларни террорчилар ўз фаолиятини давом эттирëтган вазиятда ўтказиш қийинлигини баëн қилмоқда.

"Ҳукумат ҳам ички босим¸ ҳам ташқи босимни ҳис этмоқда. Бундай вазиятда муаммога чора топиш анча қийин бўлмоқда" - деб таъкидлайди мутахассис.

Бошқа бир таҳлилчи Жероен Ганнинг Озодлик радиосига айтишича¸ бошқа давлатлар тажрибаси демократик жамият барпо этиш орқали муаммони ҳал этиш мумкинлигини намойиш этмоқда.

"Миср¸ Иордания ëки Туркияга қаранг. Одамларни сиëсий жараëнларга иштироки қанча кенг бўлса¸ иқтисод ўрта синф учун келажак яратувчи тарзида ишласа¸ радикал ғоялар шунча кам одамни ўзига жалб этади" - деб фикр билдиради британиялик таҳлилчи Ганнинг. Унинг таъкидлашича¸ шу билан бирга ҳукумат радикал гуруҳларга нисбатан қаттиқ қўл сиëсатни ҳам давом этдириши керакдир.
XS
SM
MD
LG